Дадахон ЁҚУБОВ: БЕБАҲО МАЪНАВИЙ БОЙЛИК ҲАҚИДА
БЕБАҲО МАЪНАВИЙ БОЙЛИК
“Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир”, –дейилади Ўзбекистон Республикасининг ”Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилганининг 30 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида.
Ўзбекистон тараққиётининг бугунги янги босқичи – миллий юксалиш даври талабларидан келиб чиқиб, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.
Давлатимиз раҳбари йиғилишлардан бирида:” Миллий ғояни шакллантирайлик, болаларимиз миллий руҳда камол топсин, Президент мактабида ўқиётган фарзандларимиз давлат тилини билишлари шарт, шундагина биз ривожланамиз, юксакликка эришамиз”-, деди ва бунга барчани жалб қилди.
Дарҳақиқат, мана шу 30 йил давомида давлат тили ҳақидаги қонун талаблари тўлалигича бажарилмади.Лотин алифбосига ўтишда ҳам чала ишлар натижасида ёшлар, бугунги авлод билан ўтган авлодлар ўртасида узулишлар юзага чиқди. Адабий тил ўрнини шевалар, янги иборалар, ҳорижий тил сўзлари қамраб олди. Бунда албатта, биз катта авлоднинг ҳам айби бор. Тўқсонинчи йилларнинг, Мустақилликни олиб келган депутатлар сайри ҳаракати билан, аввал тил ҳақидаги қонунга қўшимча равишда, крилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш ҳақидаги қарор қабул қилинди. Ёшлар, мактаб, коллеж, Олий ўқув юртлари лотин алифбосида таълим ола бошлади. Крилл алифбоси эса амалиёт сифатида қўлланиши давом этди. “
Қолаверса, давлат тилининг софлигини сақлашда, унинг амалда ижросини таъминлашда фуқароларимиз, жамоатчилик ҳам фаол бўлмоғи керак. Ўзингиз ўйланг, олис Зафарободнинг чекка бир овулида иш юритаётган ошхона пештоқига «Мы открылись» деган ёзувни илиб қўйиш кимга керак?! Бу овлоқда ўрис тилини биладиган мардумнинг ўзи бўлмаса, айниқса! Таассуфки, мана шундай бепарволик, тилимизга беписандлик бугун замонавийлик белгиси тусини олган, дейди сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов”. Тошкент ёки бошқа шаҳар кўчаларида ҳам вазият биз кутган даражада эмас.Рус тилида, лотин алифбосида ёзилган битиклардан тортиб, инглиз ва бошқа тиллардаги Брендлар аралаш қуралаш ёзиб ташланган. Маркет, сити, шунга ўхшаган ҳорижий атамалар.
Сиёсатшуноснинг фикрича:”. Шаҳарларимиз бадиий-маънавий ландшафтини яратишда бу ишга жавобгар бўлган ташкилотлар, хусусан, ҳокимликлар, Маданият вазирлиги ва Бадиий академиянинг иштироки умуман сезилмайди. Кейинги вақтларда кентларимиз кўча ва хиёбонларини бизнинг руҳиятимизга бегона бўлган европача безаклар эгаллади. Биргина кейинги йилда пойтахт кўчалари Ғарб сюрреализм ва авангард санъатига тақлидан қилинган иллюстрацияларга тўлиб кетди (Аслида, бу барча катта шаҳарларимизга хос ҳолат).
Бу, аслида миллий руҳиятга таҳдиддир. Қолаверса, чет эллик сайёҳлар юртимизга Шарқ тароватини, ўзбек халқи табиатини билиш ва ундан баҳра олиш учун келади. Шу маънода, мазкур идоралар миллий орнамент (нақш-у нигор)лар коллекциясини яратиши ва бунинг бутун мамлакат бўйлаб унификация қилинишини таъминлаши керакки, юртимизга келган меҳмонлар халқимиз тарихи, санъати, маданияти бебаҳолигини кўрсин, миллатимизнинг буюк ўтмишидан баҳраманд бўлсин!
Бебаҳо маънавий бойлик саналган она тилимизни билиш, албатта ҳақиқий маданият белгисидир. Бизнинг фарзандларимиз, инглиз, хитой, корейс, япон, европа тилларини яхши билишади. Баъзилар тил эгалари вакилларидан ҳам тозароқ сўзлай оладилар. Аммо ўзбек тилига, ўз тилларига беписандлик билан ёндошадилар. Адабий тил меъёрларида бутунлай гапира олмайдилар. Интернет деб аталмиш дастурларда ана шундай мутахассисларнинг чиқишлари кўпчилик онгини заҳарлаши табиий. Шуни инобатга олиб, Республика талабалар фестивали доирасида Медиа марказда ўтказилган блогерлар билан учрашувда қатнашдим. Уларни интернетдаги чиқишларида ўзбек адабий тили софлигини таъминлаган ҳолда, ёзувлар, титрлар, дизайн тасвирлар ва мақолаларида имло хатоларига йўл йўймасликка ва ўзбек тилини доимо қўллаб қувватлаш учун чуқур ўрганишга даъват этдим.
Тил маданий мерос. У аввлоддан авлодга ўтади. Ривожланади, яшайди. Унинг камол топиши ҳам аввало шу халқ авлодларининг унга бўлган муносабатига боғлиқ бўлади. Шу маънода Сиз она тили сифатида таълим олаётган рус тили ҳақида гапиришимиз мумкин. Унинг мукаммаллиги, авлодларнинг унга бўлган муносабатида ўз ифодасини топган. Албатта, рус тили масалаларида ҳам ўз муаммолари етарли. Замонавий ёшларнинг илмий ва ҳорижий атамаларга рўжу қўйишлари, жаргон, яъни кўча тилидаги ибораларининг санъат ва адабиётга кириб келиши ўзининг салбий ҳолатларини кўрсатмоқда. Бизнинг давримиздаги тил салобати анчагина оқсаб бораётганини Оммавий ахборот воситалари ,кино ва санъатда кўриб турибмиз.
Албатта камчиликларни бартараф этиш, уларни ривожлантириш, ҳақиқий меросга айлантириш тилшуносларимизнинг, олимларимизнинг биринчи даражали вазифаси. Бизнинг вазифамиз эса, энг аввало қайси давлатда бўлсак, шу давлат тили ва қадриятларига ҳурмат билан ёндашиш, қунт билан уларни ўрганишдан иборат. Ҳар қандай халқнинг тили учун ҳам бу масалада кўмакка китоблар, адиблар келади. Улар асрлар оша биз билан мулоқатга кирадилар. Китоб шундай коммуникация воситасики,муаллифлар билан тўғридан тўғри мулоқатга кириш имконини беради.
Менга Байрон, бир жаҳону,
Менга Пушкин, бир жаҳон.
Лек Навоийдек бобом бор,
Элга достон ўзбегим.
Ушбу сатрлар учун буюк ўзбек шоири Эркин Воҳидов эски замонларда таъқибга учраган эди. Уни миллатчиликда айиблашган эди.
Для меня Байрон-большой мир,
И Пушкин мир вечный.
Но уменя есть ещё кумир–
Он Наваи–дед мой млечный.
Албатта, рус тили ёки бошқа тиллар каби ўзбек тилининг имкониятлари ҳам анча кенг,–дея суҳбатимни Тошкент шаҳридаги ўқув машғулотлари рус тилида олиб бориладиган “Эврика” хусусий ўрта мактабида давом эттирдим. Ўқувчиларга ўзбек тилида маъруза қилдим.
Ва қизиқарли тажриба ўтказдим. “Камина ёзувчи сифатида “Олтин бешик авлодлари” романини ёзаяпман. Унда буюк маърипатпарвар шоира, давоат арбоби Нодирабегим ҳаёти ва аянчли тақдири ҳақида ҳикоя қилинади. Шу билан биргаликда ҳудди ана шу замонда яшаган, Байрон ва Пушкин ҳаёти ҳам тасвирланади. Ҳудди ана шу даврда А.С.Пушкиннинг «Подражания Корану” Поэмаси, достонидаги «Земля подвижна; неба своды” деб номланган шеъри битилган эди.
Земля подвижна; неба своды,
Творец, поддержаны тобой,
Да не падут на сущь в воды
И не подавят нас собой.
Зажег ты во вселенной,
Да светит небу и земле,
Как лен, елеем напоенный,
В лампадном светит хрустале.
Ер муаллақ, осмон жамланган,
Ўзинг қудрат, ўзинг ал-Қодир.
То қиёмат жилмас ўрнидан,
Сенсиз ҳеч не бўлмагай содир.
Сен оламга қуёшни ёқиб,
Еру кўкни ёритган Эгам.
Биллур қандил ичига солиб,
Асрайсан биз шамларингни ҳам.
А.С. Пушкин
Шарқона сўзларни рус тилида ҳам қўлласа бўларкан, аниқроғи барча аёллар тарифига ҳам Саъдий ва Ҳофиз мисралари монанд. Шеърларимда “ҳур” ва“султон”,”Руслан ва Людмила”да “дарвеш” сўзини қўлладим. Шарқ адабиёти, шарқона шеърий санъатлар билан қизиқиш камина учун ўткинчи ва даврий кайфият эмас.
Шарқ адабиёти, айниқса, Саъдий ижоди мени доим илҳомлантирган. “Евгений Онегин”да ҳам яна Саъдий сиймосини ёдга олиб мисралар садафини олтин ипларга тизганман”. Романимдан парча ўқиб бергач, ўқувчиларга юзландим.
–Энди болалар Сизларга рус тилида шеърлар бераман. Сиз уларни ёдлаган бўлсангиз, айтиб берасиз. Эсингизда бўлмаса, мана матни ўқиб берасиз. Мен уларнинг таржимасини ўқиб бераман. Келишдикми?
Сергей ЕСЕНИН
ЛЕБЕДУШКА
Из-за леса, леса темного,
Подымалась красна зорюшка,
Рассыпала ясной радугой
Огоньки-лучи багровые.
Загорались ярким пламенем
Сосны старые, могучие,
Наряжали сетки хвойные
В покрывала златотканые.
А кругом роса жемчужная
Отливала блестки алые,
И над озером серебряным
Камыши, склонясь, шепталися.
ОҚҚУШ
Тим қоронғу ўрмон ортидан,
Арғувон нур сочиб отди тонг.
Қуёш табассуми шарофатидан,
Безанди чор атроф ранго ранг.
Улкан қарағайлар интилиб,
Кўк осмонга бошини чўзар.
Нина боглар зардўзлик қилиб,
Либос тикиб, кийганлари зар.
Майсаларнинг юзида шабнам,
Қирмизи ранг уриб ялтирар.
Кумуштус кўл устида шу дам,
Қамишлар шамолда қалтирар.
“Эврика” мактабидаги болаларда бу учрашув ўз изини қолдирган бўлса ажаб эмас. Уларга ўзбек тилининг дунёдаги энг гўзал тиллардан бири экани, унинг имкониятлари ҳам рус тилидек кенг эканлиги тўғрисида мисоллар билан сўзлаб бердим.Ўқувчилар ҳам суҳбат жараёнида фаол иштирок этдилар, саволлар беришди, шеърлар ўқишди. Мен эса учрашувни мактаб ўқувчиларига китоблар совға қилиш билан бирга қуйидаги ғазал билан якунладим.
ҲИКМАТ УЛ ДОСТОНИ БОР
Мискин заиф Ҳожа Аҳмад, етти пуштинга раҳмат,
Форсий тилни билибон, ҳўб айтадир туркийни.
Аҳмад Яссавий.
Ул ломакон ичинда, жумладек макони бор,
Яссавий девонида ҳикмат тўла кони бор.
Ҳўп айтадир туркийни, арабийда табарут,
Малакут, носут, лоҳут, ҳам форсий забони бор.
Одам Ато отамиз, Момо Ҳавво онамиз,
Туркий қавм учун Ҳақдан бешик Туркистони бор.
Дўстларга кўнгли очиқ, меҳмон қиёс отага,
Амир Темурдек қалқон, ёвга ўт вулқони бор.
Мир Алишер яратган шеърият бўстонида,
Гул кўп,чаман кўп аммо,бу мулкнинг султони бор.
Ватан деб жондан кечган қанча ўғил-қизлари,
Зулматларни ёритган юлдузи-Чўлпони бор.
Икки доҳо шоирлар, тенг келдилар– тенг кетди,
Абдулла руҳистони, Эркиннинг бўстони бор.
Ҳар тошда,ҳар гиёҳда, қанча дарду алам бор
Туркистон деб бўзлаган Рауф Парфи жони бор.
Туркий маржон шодаси узилган бўлса ҳамки,
Ўзтурклар томирида симоб каби қони бор.
Пантуркчи деб отмангиз, панисломчи эмасман,
Мен элимнинг зарраси, дилида имони бор.
Саҳарларда тилардим, етти пуштимга бешик,
Ҳақ берди қиз набира, тебратмоқ имкони бор.
Она тилимда уни, Азиза деб номладим,
Дада Зафар халқ азиз, шукронага они бор.
Зурриётлар бахтига Ўзбекистон омон бўл,
Бобо мерос гавҳари, ҳикмат ул достони бор.
Тил байрамингиз муборак бўлсин. Бу хазинани авайлаб асранг, ривожлантиринг, бойитинг. Инсон дунёга келиб, биринчи айтган сўзи она тилида чиқади. У бир умр яқин ҳамроҳ, хазиналар калити , маданият калити бўлади. Сизларга бахтлар ёр бўлсин.


«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан