ШАКАР: Халқни азоблаётган шафқатсиз бизнeсга депутатлар ҳам қўшилди
ШАКАР: Халқни азоблаётган шафқатсиз бизнeсга депутатлар ҳам қўшилди
Куни кеча Президентимиз Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Унда озиқ-овқат маҳсулотларининг нарх-навоси кўтарилиб кетиши кескин танқид қилинди.
Йиғилишда ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этилиши белгиланди. Йирик хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳаллий биржадаги иштирокини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Пандемия шароитида қийналган халқ учун бу чоралар албатта зарурдир. Президентимизнинг ўз вақтида халқни ўйлаб кўраётган ушбу чоралари ҳар қанча таҳсинга лойиқ десак ҳам муболаға қилмаган бўламиз.
Доимий истеъмолдаги озиқ-овқатлар ичидаги биргина шакар маҳсулотини олиб қарайдиган бўлсак, унинг ҳам нархи халқни ўйлантирадиган даражада кўтарилди. Шакар нархининг кўтарилишида ўзига хос сабаблари бор, албатта. Чунки халқ асосан харид қиладиган бозорлардаги шакар реализациясини импортёрлар қўлга олган эди. фақат биржа орқали аҳолига етиб борадиган маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари эса бизнеснинг қудратли кучлари томонидан бозор расталардан сиқиб чиқарилди.
Яқин ўтмишга назар
Айни кунларда Ўзбекистон бозорларида шакар нархи бироз кўтарилган. Аммо бу ҳали бошланиши. Агар шу аҳволда кетаверса, шакар нархи бундан ҳам юқорига сакраши аниқ. Бундай ҳодиса ўтмишда икки марта исботини топган.
Яқин ўтмишга назар ташлайдиган бўлсак, мустақиллик бошларида ва 2017 йилда шакар нархи одамларни шок ҳолатига тушириб қўйган эди.
Энди эътибор қилсангиз, Мустақиллик бошларидаги ҳолатни тушунса бўлади. Чунки у вақтларда шакар бўйича ўзга давлатларга қарам эдик. 2017 йилдачи, бу даврда бизнинг иккита шакар заводимиз бор эдику, деган ҳақли савол туғилади. Тўғри. Аммо маълум бир шахслар чўнтагини тўлдиришга ихтисослашган импортёрларимиз мавжуд иккита корхонани вақтинчага тўхтатишга муваффақ бўлган эди.
2018 йилда Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг шахсан ўзи қўллаб-қувватлаши ортидан заводларимиз оёққа туриб олди. Натижада эса Ўзбекистондаги шакар нархининг барқарорлашувига эришилди.
Яқин ўтмишдаги сценарий такрорланди
Маълумки, жорий йилнинг 3 апрель куни Президентимиз «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди. Унда бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларига 2020 йил 31 декабрга қадар Ўзбекистонга олиб киришда божхона божи ва акциз солиғининг ноль ставкалари белгиланган.
Фармонда имтиёзлар берилган озиқ-овқатлар рўйхатида тайёр шакар ҳам киритилган. Аммо шакар хом-ашёси киритилмай қолган. Импорт шакарга барча имтиёзларнинг қўш-қўллаб топширилиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни бозордан осонгина сиқиб чиқаришга кўмак бўлди. Натижада эса ўзимизнинг иккита шакар заводимиз ишлаб чиқаришни тўхтатишга мажбур бўлишди. Аниқроғи ўтмишдаги хатолар яна такрорланди.
Ҳолвани бошқалар ейди, калтакни еганлар бошқа
Импортёрларимиз барча имкониятларни қўлга киритгандан кейин ҳеч қандай тўловларсиз маза қилиб бизнес қилишди. Ўзбекистон бозорларини Россиянинг муддати ўтиб бўлган шакарлари билан тўлдиришди. Европа Россияга сангкция эълон қилгандан кейин омборлари шакарга тўлиб бўлган эди. Бизнинг тадбиркорларимиз эса ушбу эски шакарларни ҳам 100 фоизлик имконият билан, ҳеч қандай тўлов ва тўсиқларсиз Ўзбекистонга олиб келишди.
Россиянинг текиндан озгина қиммат шакарлари юртимизга кириб келаётганда Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси эса иккита шакар заводларимизда ойлаб аудит текшируви ўтказиш билан машғул бўлди. Албатта буни сирли буюртмага асосан ўтказишгани аниқ эди. Ваҳоланки Монополияга қарши курашиш қўмитаси импортёрларга рақобат қила олмай банкротлик ёқасида турган иккита корхонани янада баттар синдириш эвазига импортёрларга монополия эшикларини очиб бераётган эди.
Импортёрларимиз муроду-мақсадига эришиб бўлди. Ўзбекистонда шакар бўйича якка ҳоким бўлган импортёрларимиз энди хоҳлаган нархини қўйишади. Улар бунга ҳақли ҳамдир. Чунки улар шу кунларга етиб келгунларича қанча харажат қилишмади, қанчада-қанча амалдорлар чўнтагига долларларни тиқмади дейсиз…
Бизнес найрангларига депутатларимиз ҳам аралашиб қолмоқда
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 15 октябридан 2021 йилнинг 1 январигача тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб кириш, шунингдек, уни реализация қилишда Қўшилган қиймат солиғидан озод этилиши мумкин экан.
Мазкур қонун лойиҳаси депутатлар К.Эрназаров, М.Қурбонбоев ва А.Умиров ташаббуси билан ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда депутатларда томонидан қабул қилиниб, тасдиқлаш учун Олий Мажлис Сенатига юборилган. Бу ҳақда депутат Расул Кушербаев маълум қилган.
Қонунда фақат тайёр импорт маҳсулотларига имтиёз берилиб, улар ҚҚСдан озод этилмоқда. Аммо, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар олиб келадиган хомашёларга ҚҚС сақланиб қолмоқда. Бу эса импорт маҳсулотнинг нархи маҳаллий ишлаб чиқарувчиникидан паст бўлишига, маҳаллий заводлар банкротликка юз тутишига ва минглаб ишчи кучидан воз кечишига сабаб бўлиши мумкин.
Шу ўринда айтиш жоизки, шакар импортёрларига савдо-сотиқда нимаики имтиёз бўлса барчасини қўш-қўллаб топшириб бўлдик. Энди уларга берилмаган нима қолди? Балким давлат бюджетидан еб кетарга пул ажратилар…
Яна бир мисол: Импорт қилишда фақат Россиядан олиб келинаётган шакарлар учун Божхона божи ва Акциз солиғи қўлланилмайди. Покистондан кириб келадиган шакарларга эса қўлланилар экан.
Қисқаси, Қудратли кучлар импортёрларни қўллаб-қувватлаш орқали «Ангрен шакар» ва «Хоразм шакар» МЧЖларни синдириб, тортиб олиш чораларини кўришмоқда. Аммо бу жараён охирига етгунича 35 миллион халқ йиллаб азоб тортишига мажбур бўлади.
Бугун қўлида ваколати бор амалдорларимиз нафсини ўйлаб Россиянинг ишлаб чиқаришига кўмаклашмоқда. Бошида импортёрларимизни қўллаб-қувватлашда Ўзбекистонда шакар монополиясига барҳам бериш важини буюк бир ғоя сифатида байроқ қилишган эди. Бугун эса ўша ғоянинг жабрини халқ тортмоқда.
Султон ОРТИҚОВ,
журналист
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ