Норқобил Жалил дилрози: МЕНИНГ РОҲАТОЙ ОНАМ-A!
МЕНИНГ РОҲАТОЙ ОНАМ-А!
УРГУТ десангиз дунёнинг нариги бурчагидагилар ҳам бир хўрсиниб қўяди.
Америка ё Япония, у ёғи Германия, Англия, бу ёғи Осиёда ҳам маълуму машҳур манзил бу. Уч тарафини тоғлар ўраб турган бу жаннатмонанд гўшанинг тўпори, содда ва илму маърифат, савдо ва саноатчилик бобида довруғ таратган одамларини қандай таърифлашни билмайман.
Ана шундай дарёдил инсонлар орасида мени сал кам 20 йилдан бери ўзининг бир этак фарзандлари қаторига қўшиб, онагинанг ўргилсин сендан, қобил ўғлим, шоир болам, деб юз-кўзларимни силаб-сийпалаб, пешонамдан ўпиб эркалагувчи мунис ва муштипар Роҳатой ҳожи онамиз бугун 15 октябрь куни дунёни тарк этиб, Улуғ Оллоҳ ҳузурига йўл олибдилар.
Эрталаб боғбон ўғилларидан бири Луқмонжондан келган бу нохуш хабарни эшитиб, юрагимда оғриқ сездим. Саксон уч ёшга кирган бўлсалар-да, руҳан тетик эдилар. Ҳар байрамда йўқлаб қўяр, дуоларини эшитиб кўзларимга ёш келарди.
Парвардигор, илоҳим, дуогўй онахонимизни ўзининг раҳмати, мағфирати ва жаннати билан сийласин! Жигаргўшаларига, ўз ҳалол меҳнати билан танилган фарзанду аржумандларига Худойим чиройли сабр бергин.
Бундан 11 йил аввал бир дунё савоб ишларга ўзлари бош-қош бўлган Ургутнинг Сўпиён қишлоғида умргузаронлик қилиб келган фидойи аёл Роҳатой Қўйсунова ҳақида «Даракчи» газетасида босилган миттигина мақолам билан танишсангиз, у киши ҳақида баҳоли қудрат тасаввурга эга бўласиз деган умиддаман.
Дуо қилинг азизлар, умрининг сўнгги нафасига қадар боғу роғлаб яратиб, эл-улус дуосини олишдек шарафли эҳтиромга муносиб бўлган онажонимизнинг охиратлари ҳам обод бўлсин!
ТЎПХОНАДАН ТИЛЛА ТОПГАН МОМО
…Роҳат момомиз Ургутнинг Сўпиён маҳалласида яшайди. Худонинг берган куни пойи-пиёда ўша машҳур Тўпхонадан бери келмайди. Айримлар, ҳатто, ярим чин, ярим ҳазил аралаш “Бу кампири тушмагур, Тўпхонадан тилла топган-ов, бўлмаса мунча гап-сўзлари бурро бўп қолмасди”, деб қўяди.
Ким нима деса десин, лекин чинданам момомиз етмиш икки баҳорни қаршилаяптилар-у, ҳеч чарчадим, демайди. Тўрт йилча бурун у кишининг савобли ишлари ҳақида эшитиб, пойтахтдан излаб борганмиз. Сўраб-суриштириб, зўрға уйларини топганимизда, неваралари “тоққа чиқиб кетган” деб жавоб бергач, бир қўшниси ҳамроҳлигида тоғ бағрига йўл олгандик. Шунда ҳар қандай тасодиф воқеа-ҳодисалардан “Оддий ҳақиқатлар”ни изловчи ҳамкасбим Гулмира Мусажонова “Қаҳрамоним кампир девдингиз-ку, у киши бу баланд тепаликка қандай тушиб чиқаркан? Шуни ўйлаяпман нуқул”, деганида кулиб қўя қолгандим.
Деярли ҳаммамиз катта шаҳарда кам юрганимиз боис, бир пасда терга ботгандик.
Узоқдан танидим момони. Айтганларича бор экан, кетмонни тўлатиб токларига тупроқ тортаётган Роҳат момо бизларни кўрди-ю, сал истиҳолага борди, шекилли, бирданига невараларидан бирини ёнига чақириб, “Аввал шохларини авайлаб, бирма-бир кўмгин-да, кейин очиқ жой қолдирмай тупроқ торт, шунда совуқ урмайди, болам”, деб тушунтира кетди.
Биз зўрға нафасимизни ростлаб олганимиздан кейингина момонинг ёнига бордик. Тўпхона деганларича бор экан. Гўё бутун Самарқандни бор бўйи билан кўриб турасиз. Сабримиз чидамай “Роҳат ая, боғларингиз қаерда сизнинг?” деймиз. Ая секин чап қўлини пешонасига қўйиб “Ҳув, ана, бир бўлак майдонча кўриняпти-ку, кеч келдингиз-да, Сунбулада кўрсангиз кўзларингиз қамашарди бу боғларни. Бир ёқда узумлар, бир ёқда зардолию олмаларим ҳосилини кўтаролмай қолади, болажонларим. Мана, энди токларни кўмдиряпман. Ургутда қиш қаттиқ келади”, дея узумзорларига ишора қилди.
Ўшанда бу фидойи инсон ҳақида махсус телеочерк тайёрлаганимизда юртимизнинг бошқа бурчакларидан бу ташаббускор ва жонкуяр аёлнинг бундан 8 йил аввал салкам 200 метр баландликка сув чиқариб, ажойиб боғ яратганини кўриб, эшитганлар Сўпиёнга Роҳатой момомизни йўқлаб борган экан…
Ўтган тўрт йил орасида ҳам бу тиниб-тинчимас ая билан неча бор кўришдик. Ҳар гал бирор ташвиш билан югуриб юрарди. Икки йилча олдин қизиқ бўлди. Момомиз телефонда йиғламсираб, “Болажоним, сен кўрган боғларгаям кўз олайтирадиганлар топиляпти. Тавба қилдим, болам, айтсам, тилим куяди, нима эмиш, Роҳатнинг боғини қабристон қилсак бўлармиди”, деб қолса, денг.
Ёқамни ушладим. Тасаввур қилинг, бир парча ерингизга не-не умидлар билан кўп эмас, иккитагина олма ё ўрик қадасангиз, у неча йилда ҳосилга киради. Мевасини татиб кўргач, ўзингизни қанчалар бахтиёр сезасиз, тўғрими? Ахир олди-етти йил орасида кам эмас, икки ярим гектарча (Сўпиён тоғли жойлигиниям унутманг) лалми ерга минг азоб билан сув чиқариб, уч мингдан кўпроқ мевали дарахтни кўкартириб, ҳосилга киритиш Роҳатой момога осон кечгани йўқ!
Шу куни онахондан дилни эзадиган хабарни эшитиб, Самарқандга қўнғироқ қилдим. Хайрият, вилоятда ҳам, қолаверса, туманда ҳам Роҳатой аянинг савобли ишларини холисона баҳолаб, қўллаб-қувватлайдиган раҳбарлар кўп экан.
Роҳатой ая Қўйсинованинг ўзлари бу ҳақда шундай дейди:
— Телевизорда Президентимизнинг Янги йил табригини эшитиб, жудаям суюндим. Айниқса, бу йилни “Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили” деб номлаганликлариям бекоргамас. У кишининг “Қишлоқ тараққий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади”, деб айтган гапларининг мағзини чақиб, ўйлаб кўрайлик. Ахир, қишлоқда-ку, ҳамма бойлик, ноз-неъмат. Гоҳи эшитиб қоламан, бировининг боласи ишлайман деб, Россияга кетган экан, тобути келганмиш. Ёқамга туфлайман, ҳой, бандаси тушмагур, ризқинг оёғинг остида ётибди-ку, нега кўрмайсан? Ўзганинг ерида нима қиласан, елкангни қисиб яшаб? Ҳунари бор одам ҳеч қачон хор бўлмайди, ҳалол ишлаган ҳалол яшайди. Биздаям бор, дангасалар, ишёқмаслар. Шундайларни кўрсам, жиним қўзийди. Кун бўйи бекор ётади, кечаси қартадан бўшамайди. Ичкиликка пул топади, лекин боласига, уйига кўзи қиймайди. Белинг оғриб ишла, ётиб еганга тоғ чидамайди, десам мени ёмон кўради.
Мана, ўзимдан қиёс, уйда ётсам, касал бўламан. Беш ўғлим — беш устуним. Шуларга суянаман. Уларниям ҳеч тиндирмайман. Мен тенгиларнинг айримлари гапириб қолади: “Мазза қилиб, дамингни олиб, пенсия пулини еб ётмайсанми, нима қиласан, мунча югуриб?” уларга “Ҳе, сендан қайдан биласан, мен уйимдан кўра, шу боғимда мириқиб дам оламан. Ўзинг эккан дарахтнинг мевасиям, керак бўлса, соясиям ширин ва тотли бўлади”, дейман мақтаниб…
Дарвоқе, ургутлик Роҳатой Қўйсинова икки йилча аввал муборак ҳаж зиёратида бўлиб қайтди.
“Даракчи”,
05.02.2009200

Inna Lillahi va Inna ilayhi roji’un. Alloh g’ariqi rahmat, shohistayi jannat qilsin.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан