"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Баҳром РЎЗИМУҲАММАД Тоза бир ёмғирлар ёғса кун бўйи…

Адабиёт, Бош мақола, Ватандан хабарлар | 14/10/2020 22:10-     10788 марта ўқилди

Мунаввара Ойматова

Image may contain: 1 person, hat and closeup
Kitob Dunyosi
Баҳром РЎЗИМУҲАММАД
ТОЗА БИР ЁМҒИРЛАР ЁҒСА КУН БЎЙИ
СЕВГИ САТРЛАРИ
1
Сиз кулсангиз
беғубор куласиз
қарзга бериб туринг хаёлингизни
Сеҳру жоду ичра
қараб қўйсангиз
сирғалиб тушади
бир фасл
нигоҳингиздан
Хаёлимга ботар
киприкларингиз
хаёл сарҳадида
ширин бир оғриқ
Сиз кулсангиз
беғубор куласиз
нурдан ясалганми кулгингиз
Ҳижроннинг қўрғошин дақиқалари
бостириб келаркан
табассум соясин
ҳаво каби асрайман
Шундан чора топаман фақат
ҳавонинг ҳақига
қилиб ибодат
Сиз кулсангиз
беғубор куласиз
шаффоф бир дунёдан биз томон қараб
2
Бир қатра
юлдузни ушатиб
юлдуз оловида исинамиз
келинг
Шаҳло кўзларингиз ила
янада баландроқ ёқинг
оловни
Кенгроқ очинг
кўкрак қафасимиз
тор бу оламни
Оламни унутиб
сиз берган
олам ила яшаймиз кейин
Сиз ёққан оловга
исиниб
покланиб оламиз қайта ва қайта
Юлдуз гулханига
чорланг барчани
Тўрт фасл
тун капалаги каби
гулхан теграсида чир айланади
Бир парча
қор ташлаб ўтади қаҳратон
Кўклам қип-қизил
гулларини
қўшар оловга
олов тилларига акси тушади
Ёз марварид мевасини
оҳиста ташлайди
оловга
Кузак эса
қуп-қуруқ келар
бироз кутиб турар-да
уч фасл ҳадясининг
ифорларига
жийда гулин ҳидини
қўшиб кетади
Сўнг эса бошланар
сармастлар рақси
Биз Дунёни унутамиз
бизни унутиб
жўнаб қолар маст бўлган Дунё
3
Ҳар битта томиримга
зулмингни жо айладинг
менга зулм қилдинг сен
киприклар ҳам киприкмас
кўз нурини
сўрувчи
нозик қаро зулукдир
Бу мўътадил қотиллик
фақат сенга
муносиб
Зулфингдаги тонгларни
маҳбусликда сақлайсан
ҳар битта тонгни таққил
маржон мунчоқ
сафига
Қачонки
“Сочилган сочингдай
сочилса сиринг”1
сен қайтиб
оласан
зулмингни
4
Исрофил сурини
чалгунича то
абадий уйқуда
ётган бандадек
бандиликда зерикдим
Тупроқ бўлсам эди кошки
менга тушсайди изингиз
ҳаво бўлсам эди
нигоҳингиз ила силансам
Майда ташвишларнинг
қуршовида мен
кичрайиб боряпман
шу йўсин тобора
кичраяверсам
ўлиб билмай қолурман ҳатто
Азроил руҳимни
менсимай ўтар
ниҳоятда митти
руҳимни менинг
Ва рўзи маҳшарда
қулоғимга чалинмас
Исрофил сурининг йўғон овози
Шунда шафқат қилинг
менга
яқинроқ келиб
кўзларингиз ила уйғотинг
Минг битта жаннатнинг
фароғати бор
Сиз ташлаган битта нигоҳда
Сизни соғиндим
Кўнгиллар
ва кўзлар
сўзлашадиган шундай кун яқин
Фақат менга аталгандир
сизнинг кўнглингиз
фақат мен учун
нур сочади сизнинг кўзингиз
Сиз яшамоқлик
учунмас
менинг севгим учун
топгансиз таваллуд
Гул баргида ялтиллаб
турган шабнамдек
тоза бир ёмғирлар
ёғсайди кун бўйи
Булбул ноласидек
момоқалдироқ
Адам саҳросига
ҳайдаса бизни
Нотаниш чечаклар ифори
Адам саҳросини
тутиб кетаркан
бизга ёқиб қолар бу алпоз юрмак
Макон йўқ бу ерда
замон йўқ
демак абадият
йўқдир бутунлай
Бироқ соғинч бор
зим-зиёликда
тилларанг нуқтадек
думалоқ соғинч
Мен сизни заминда
соғинган эдим
Адам саҳросида
соғиндим яна
Менда ҳеч нарса йўқ
соғинчдан бошқа
бахтим шудир
бахтсизлигим шу
5
Менга Ёлғизликни раво кўрмагил
шафқатсиз бўлмагил бу қадар
ҳеч қайси маконда
танҳо яшамагай билгин Ёлғизлик
Сарҳадсиз фалакда
бирор сайёра йўқ Ёлғизликка кўнган
олов махлуқларни
ўзида асрайди ҳатто Қуёш ҳам
Кўкдан китоб тушириб
бандаларига
“Иқроъ” деди билгинки Оллоҳ
китобхон яратди ўз қулларидан
Нуҳ алайҳиссалом
кемасига миндирди иккита Ёлғизликни
Шундай экан эй номеҳрибоним
раво кўрма менга Ёлғизликни сен
Ҳатто Ёлғизликнинг ўзи ҳам
ёлғизликка чидаб билмайди
ломаконда яшаса бўларди-ку
йўқ бундай қилмас
сал фурсат топса борми
бостириб кираверар менинг кулбамга
Кел
кулбамдан
Ёлғизликни қандай қувганингни кўрайин
Айнан сен келсанг
қайта келмоқликка
юраги дов бермас
Ёлғизликнинг
Ёки ўз қавми ила келар
ва ёки келмас
6
Устма-уст чекаман
қанийди нафас ясаб билсам
шу кулранг ҳаводан
Қоп-қоронғи тун
Итлар акиллайди
хирагина нур сочар
ғовак ой
Тўрт ой бўлди
Сизни кўрмадим
бўм-бўш ўтиб кетди тўрт ой ҳам
Олмалар қийғос гулга кирибди
гул ва чечаклар ифорини
ғарч-ғурч босаркан
дайдиб юраман тун бўйи
Бир илиқлик бор ҳавода
кимдир йиғлагандек
тўйиб ва тўйиб
Устма-уст чекаман
тўрт ой бўлди
ўзимни кўрмадим
Хирагина
нур сочади ой
ёлғизлик қаърига чўкаман
итлар ҳам акилламай қўяди
бармоғимни куйдирди чўғ
оғриқ ҳам тинди
Сўнг
тўрт тарафда
ва ичимда жимлик
Ёлғизликка эргашиб
кетар фақат ой
тўрт ой бўлди кўрмадим Сизни
Shahobiddin Aka, [14.10.20 15:54]
7
Оқ толлар куртак чиқарди
қаҳратонни эслатади қора савт2
қушлар пайдо бўлди онда-сонда
кўкламни ҳис этмоқ учун
тошқудуқдан сув олиб ичдим
Кўк қарға қайи
икки фасл аро яна бир фасл
энтиктириб юборар ер ҳиди
Сенсиз баҳорларни қаршилайман
хотира ўт қалайди кўксимга
кўкламни аниқроқ ҳис этмоқ учун
сув олиб ичаман тошқудуқдан
Энди мен нима қилмоғим керак
қимтиниб турибди Бугуним
севилмаган кимсадек худди
Нигоҳимни овутар яшиллик
ҳали ҳамма нарса гуллайди
ўз-ўзича ёнади кўксим
челак тарақлайди
бўм-бўш
сув беринглар менга
тош бўлса-да сувдек ичаман
8
Бир қултум май ичиб
нордон хаёлингиздан
бўса оламан
Яна ичдим
бир тутам кўз нуринггизни тутинг
Уч қултумдан сўнг
кулгинггизга интиламан мен
Энди эса
ер бегона
қушга айландик-ку аллақачон биз
Юлдузни бир ҳидлайман-да
ойда гандираклаб юраман кейин
9
Сенсиз яшаш мумкин
тонг отар чоғи
томоша қилмоқ мумкиндир рангсиз қуёшни
ифорсиз гуллар-ла овунмоқ мумкин
нур сочувчи тошларни кўрмоқ мумкиндир тунда
ва тепадан ёғаётган сувни
ҳовучламоқ мумкин
Қўлларнинг бир маром ҳаракатини
кузатмоқ мумкиндир шунчаки
чўзиб айтилаётган сўзларни тингламоқ мумкин
Ўлим фариштаси келгунга қадар
фароғат нелигин сезмаслик мумкин
Тахтадан мих суғургандек
фаришта суғураркан жонингни
гал келганида жароҳатларга
жаннатга тушгандек роҳатланасан
Шунгача
шу маромда яшамоқ мумкин
“яшамоқ” саналса агар бу
1 Чўлпон сатрлари
2 Қора савт — қора тол

Ўхшаш мақолалар:

  1. Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди
  2. Дадахон Ёқубов: Буюк шоира, давлат арбоби Ҳалима ойим хотирасига
  3. Исмат Хушев: Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга
  4. Гуллаётган Наманган: Вилоят мулозими Раҳимжон Ирисов шеър ўқиганда…
  5. Миллат байроғини кўтаргувчилар — ЎзА
  6. Улуғбек Ҳамдам: «Қисқа умрни савиясиз китоб ўқишга сарфламанг»
  7. ЎзА — Муҳаммад Исмоил: Саҳрода сайраган соз…
  8. Бугун таниқли ўзбек ёзувчиси Улуғбек Ҳамдам туғилган кун. Табриклаймиз!
  9. Abdulla Oripov: «Ona tilim, sen borsan, shaksiz, Bulbul kuyin she’rga solurman…»
  10. Амирқул Карим — 60 ёшда! Юртим қўшиғи — Қашқадарё!
  11. «GM Uzbekistan» Бош директори қамалди, Бош вазир ўринбосари ариза ёзди…
  12. «ДХХнинг ибратли ишлари» туркумидан — 5 мақола
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.