Абдулла ОРИПОВ: ЎЗБЕКИСТОНДА КУЗ…
ЎЗБЕКИСТОНДА КУЗ
Юргил, далаларга кетайлик, дўстим,
Диққинафас уйда ётмоқ пайтимас.
Олтин Ўзбекистон тупроғи бу кун
Бир пари фаслнинг оғушида маст.
Шабнам шовуллайди боғлар қўйнида,
Салқин туман ичра бўзарар тонглар.
Қуёшнинг эринчоқ ёғдуларида
Нафис ялтирайди барги хазонлар.
Ҳар ёнда тўкинлик…
Куздан нишона…
Ҳар ёнда гўзаллик ёймиш дафтарин.
Сонсиз эгатларга сочилмиш, ана,
Менинг шодликларим, эзгу дардларим, —
Менинг она халқим…
Эй қадим, ҳалол,
Ризқи она ерга сепилган халқим,
Ушоқ чигитни ҳам этмай деб увол,
Миллион эгатларга эгилган халқим!
Бир нафас бошингни кўтаргин-у, боқ
Ер юзида ажиб виқор ва нуфуз.
Сенинг ўзинг каби ўйчан ва қувноқ
Хушфеъл бўлиб келмиш тупроғингга куз.
Улуғ Алишернинг соч оқин кўриб,
Оғир хаёлларга чўмган бу фасл,
Қайрағоч ёнида ғамгин ўтириб,
Чолларга ҳассалар йўнган бу фасл,
Азалий кўркини қилади кўз-кўз…
Наҳотки шунча тез айланар дунё?!
Бахтли кексаликни ёдга олар куз.
Сокин хилватларга чорлайди , аммо,
Дўстгинам, пайтимас, айлаб сайрибоғ,
Хилватда ўй суриш ярашмас бугун.
Заҳматкаш ўзбекнинг ҳосили қандоқ?!
Кузнинг фалсафаси шудир биз учун.
Улуғ меҳнат кезар шан далаларда,
Ҳар ёнда ҳоким бир ташвишли илҳом.
Қуёш бота бошлар… гавжум қирларга
Қорая-қорая тўшалар оқшом.
Эҳ, кузги оқшомлар…
Дилимда менинг
Теран туйғуларим қўзғалар жўшиб.
Қўзғалар-у, шу дам қалбимдан секин
Тўкила бошлайди ойдин бир қўшиқ.
1964
Абдулла Орипов
Ўзбекистон Қахрамони, Халқ шоири
@Abdulla_Oripov_sherlari

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан