Норқобил ЖАЛИЛ: ОБИДОВНИНГ ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИ
ОБИДОВНИНГ ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИ
“17 сентябрдан буён пневмония касаллиги билан
шифохонадаман. Бир оз жиддийроқ келди. Ўпканинг 45
фоизи шикастланган. Шуҳрат Ғаниевни кузатиш,
Хайрулло Бозоровни тайинлаш маросимида ҳам
иштирок этолмадим. Врачлар яхши қарашяпти”…
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидовни таништириш шарт эмас, қарийб 70 ёшни қоралаб қолди: 1951 йил 16 апрелда таваллуд топган! 2004 йилдан буён Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раиси. Бир йилдан бери вилоят ҳокими Ахборот хизмати раҳбари эди. Устига устак 2020 йил 22 январдан бери Фарғона вилоят ҳокимлиги муассислигида чиқувчи “Фарғона ҳақиқати” — “Ферганская правда” газеталари бирлашган таҳририятида бош муҳаррирлик қилаётганди.
Муҳаммаджон Обидов, истаймизми, истамаймизми, кимларгадир ёқар ёки ёқмас, аммо Профессионал ЖУРНАЛИСТ!
Тўғри-да, айниқса, журналист халқини ҳеч бир замонда раҳбарият хуш кўрмаган, бу соҳанинг ҳақиқий туғма фидойилари замонасоз, муросагўй бўлолмайди. Айримларини санасам, бошқалари бурнини жийириши аниқ.
Лекин улар орасида Обидов отлиқ ижодкорнинг алоҳида ўрни, салоҳияти, хизмати борки, тан олмасак, нонкўрлик қилган бўламиз. Боиси, у билан тенгдош, тенгқур устозимиз, катта адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг кўп давраларда айтган самимий эътирофларидан ўтказиб бошқа гап айтолмайман.
Хуллас, устозимиз ҳозирча лаънати дардга чалиниб муолажа оляптилар. Кеча ўзлари, яна ўша Обидовчасига хос тарзда кутилмаган баёнотларини интернет тармоқларида сиздирвордилар:
“…янги ҳоким иш бошлади. Шунинг учун бугун бир қарорга келдим: Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбарлигига истеъфо бердим. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров билан илгари ҳам, ҳозир ҳам учрашмаганман. Шундай бўлса-да касаллигимни инобатга олиб, аввал тузалиб чиқсин, ёки телефонда бир сўзлашай демасдан истеъфоимни қабул қилибдилар. Хурсанд бўлдим” …
Бу кўнгилсиз хабар-воқеани эшитиб, ҳаммамиз, Муҳаммаджон акани билган, таниган ва ўз навбатида ғойибона, бир замонлар ҳатто “Ахборот”ниям ўзининг жонли репортажлари билан гуриллатган телеэкран орқали кўрган оддий юртдошларимиз ҳам у кишига Худойим шифои комил беришини чин дилдан тилаб, дуолар қилишди. Илоҳим, ниятларимиз ижобат бўлсин.
Муҳаммаджон Обидовнинг ўткир публицистик мақолалари, айниқса, «Журналист суриштируви» рукни остидаги дадил чиқишлари алоҳида китоб ҳолида чоп этилган ва бугунги кунда бўлғуси журналист талабаларга ўқитиляпти ҳам. Унинг ижодий қирралари алоҳида тадқиқот ва ўрганувга муносиб.
Энди бевосита шу соҳага боғлиқ ташкилотчилик бобидаги хизматини эса Обидовнинг кейинги қарийб 20 йилда водийда кечган залворли ҳаёти исботлаб турибди. Унинг Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилоят бўлими раҳбари сифатида қатор хорижий мамлакатларга қилган ижодий сафарлари, энг хайрли ишларидан бири, умрида водийдан нарини кўрмаган бир неча ўнлаб ҳамкасбларини муборак зиёратларга олиб боргани, ҳатто пойтахтдаги айрим ижодкорларни ҳам (шубҳага бормнаг, шахсан мен улар сафида йўқман) худди шундай гўзал сайру саёҳатларга чорлагани, айтинг, қани кимнинг қўлидан келарди? Ёки Фарғона вилоятида ўтказилган халқаро миқёсдаги тренинг, анжуманлар ўтказиш ташаббуси осмондан тушмаганди-ку! Тошкентдан, энг нуфузли газета-журналлар ва хорижий ахборот воситалари (ВВС, “Дунё ўзбеклари” ва ҳоказо) вакиллари иштирокида бевосита ва онлайн мулоқотлар ўтказишдек машаққатли вазифани қани қай биримиз Обидовчалик эплай оламиз? Ёки шу вақтгача уюшманинг бошқа бирор ҳудудий бўлими ана шундай кенг миқёсда тадбир ўтказа олиш салоҳиятига эга бўлолдими?
Тўғри, Муҳаммаджон Обидов туғма ташкилотчи. Лекин шу одамдан ҳали бирор марта мен анча йиллардан бери шунча иш қилдим, бошқалар нега томошабин бўлиб юрибди, деган бир оғиз миннат гапни эшитмаганман.
Бу билан мен бир журналист ҳамкасбимни бенуқсон, хатолардан холи, фаришта одам демоқчи эмасман. Беайб Парвардигор. Бироқ шундай, оғир ва синовли, бутун дунё пандемия деган балои офатга қарши курашаётган дамларда бир-биримизнинг қадрлашниям ўрганайлик. Бирор маҳкама ё ташкилотга раҳбар топиш анқонинг уруғи эмас. Лекин ИЖОДКОР, шу жумладан ЖУРНАЛИСТ ҳар куни туғилавермайди. Худо юқтирмаса қийин, азоб эканлигини бу заҳматли соҳанинг қаттиқ нонини ҳалоллаб ейдиганлар яхшироқ билади. Шу маънода Муҳаммаджон Обидовнинг куни кеча эълон қилган ва қатор ижтимоий тармоқларда эълон қилинган истеъфосига оид баёноти, менинг назаримда, тушунганлар учун журналистикамиз учун кутил(ма)ган ОГОҲЛИК ҚЎНҒИРОҒИ бўлди!
Нега шундай хулосага келяпман, чунки худди ана шундай аламли қисмат, керак бўлса эртага бизларни ҳам кутаётганини англаб олайлик!
Бу дунёда соғлиқ-саломатликдан бўлак улуғроқ бойлик йўқ аслида. Ижодкор юрак қўри, кўз нурини аямай, ҳар қанча маломату иддаоларга сабр-тоқат қилиб, бутун ҳузур-ҳаловатини унутиб ишлайди. Шу маънода ўйлайманки, Фарғона вилоятига ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинланган, кўп савоб ишларга бош-қош бўлиб келаётган серғайрат Хайрулла Бозоров ҳам довруғли журналист, бир умр Сўзу Қаламга суяниб келаётган Муҳаммаджон Обидовга халқимизга хос меҳр-оқибат кўрсатмоғига ишонгим келади.
Яхши гумонда бўлайлик, Муҳаммаджон ака мансаб ё мартаба қули эмас, унинг шу пайтгача адо этиб келаётган вазифалари ҳам ҳавас қилгуликмас очиқча айтганда. Негаки, бундай оғир масъулиятни зиммага олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмаслигини билганим учун шундай хулосага келяпман. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон қадрланган жойида азиз ва мукаррамдир.
Дуодамиз, муҳтарам Муҳаммаджон ака, илоҳим, Аллоҳ сизни ҳамиша ўз паноҳида асрасин!
Норқобил ЖАЛИЛ
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ