Абдулла Орипов: КУРСДОШЛАРИМГА

Абдулла Орипов
КУРСДОШЛАРИМГА
Тақдир тўплармикан сизларни яна,
Кўзимдан сачраган томчи ёшларим…
Жудолик кутмоқда бизни ҳам , мана,
Тенгқур жўраларим, эй курсдошларим.
Ким қайга шошилар… Не кутар бизни?
Ва қайта тўпланиш бўларми? Қачон?!
Яшнаган базмлар қолди-ку бари,
Қолди тотув беш йил ўтмишда бу он,
Қандай эсланаркан бу йиллар, дўстлар,
Ёки унут бўлар кимга эҳтимол…
Барибир даврамиз тарқалар энди,
Ҳар ён сочилармиз тариқлар мисол.
Ҳар ён сочилармиз, аммо шу зайли
Англармиз дўстликнинг қадрини илк бор.
Дўстларим, дўстларим, қайда бўлмайлик
Муқаддас дўстликка тушмасин ғубор.
Бизни туташтирган нозик ҳисларининг
Барчаси ҳар қайда сақлансин омон.
Дўстларим, дўстларим, қайда бўлмайлик
Пок бўлсин қалбимиз, пок бўлсин виждон.
Ўргатмоқ эмас-ку ўзгага ақл,
Тилак тилар бу дам дўстларга дўстлар:
Дўстларим, неучун дунёга келдик,
О, агар ниятлар унут бўлса, гар –
Бугунги ақлга сал ғубор тушса,
Ортиқ мағрур этса шон-шуҳрат кимни,
Кимнинг орзу этган куни келганда
Ҳасад чулғар бўлса ўзга бир кимни…,
Кимдан оналари рози бўлмаса,
Гар рози бўлмаса кимданки Ватан,
Қайта учрашмайлик у ҳолда рости,
Майлига келмасин ундай бадбахт дам.
Дўстларим, дўстларим, келинг жипсроқ,
Гуркирасин дўстлик номи-ла қасам…
Бор бўлсин яхшилик, соф юрак, ақл,
Бизга илм берган Дорилфунун ҳам!
1963 июль

2 Comments
Like
Comment
Comments
-
Бегали Қосимовми устознинг ёнларидаги? Устозларнинг руҳи шод бўлсин илоҳим.
1
-
Like
- Reply
- 16m
-
Муаззам Иброҳимова
ха, энг якин дустлари.
-