Абдулла Орипов: Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда…

Абдулла Орипов
ОҚ ЙЎЛ
Сайроқи қушларнинг тинди навоси,
Анвойи гуллар ҳам сўнди боғимда.
Бу ғурбат кунларнинг борми адоси,
Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Олис адирларда туманми, тутун,
Теграмни зулумот қопламиш бутун.
Мени ҳалок этар бу савдо бир кун,
Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Ҳеч ким ҳасратимга қулоқ солмади,
Руҳимни бирор зот англай олмади,
Бунда қиладиган ишим қолмади,
Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Қоғозим қорайди дилдаги зордан,
Бугун айри тушдим дўст ила ёрдан.
Фақат бир илинжим сен – Биру Бордан,
Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Майли , самоларга мени элта қол,
Юмушинг бажарай қаддим эгиб дол.
Сенинг ҳузурингда йўқ ахир завол,
Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
Мана оқшом чўкди. Бўзармоқда ой,
Бошланур юлдузлар базми ҳойнаҳой.
Менга ҳам бахш этгил туморчалик жой,
Оллоҳим, оқ йўл бер, кетар чоғимда.
1996

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан