"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Дилафрўз Рахмоновадан: Мен сени соғиниб кутгандим болам…

Воқеа ва ҳодисалар, Муносабат, Ўтганлар ёди | 26/09/2020 22:56-     11617 марта ўқилди

Мана ўттиз йил ўтди СССР парчаланиб, давлатлар мустақил бўлганига. Мустақил бўлаётганда республика раҳбарлари: “Мустақил бўлсак, Европа давлатларидек, Америкадек яшаймиз, бойликларимиз ўзимизга қолади” — деб халқни алдаб, лақиллатишган.

Бироқ, ўттиз йил ўтсада, ҳамон давлатларимиз қолоқ, халқимиз камбағал, элнинг деярли ўттиз фоизи чет элларда миграцияда хору-зор бўлиб, меҳнат қилишмоқда, чунки ватанида дипломлик, олий маълумотликларга ҳам иш йўқ. Халққа фаровон турмушни ваъда қилган давлат органларидаги раҳбарларгина яхши яшаб, бойлигини намойиш қилишмоқда ва халқ дарди билан иши йўқ, элдан ўғрилаб, бойлигини ошириш билангина овора.

Шу вақтда Россия ва бошқа чет давлатлардан миграцияга кетган навқирон йигитларимизнинг ўлик тобутлари келишини кети узилмаяпти. Уларнинг кўпчилиги дипломлик, олий маълумотли эди. Афсус, эди…

Бугун уларнинг кўпчилиги орамизда йўқ… Бунга ким айбдор?

Ўз ишини уддасидан чиқмаган, оддий ишчи ўринлар яратиб бера олмаган раҳбарлар айбини тан олиб, лавозимларини четларда ўқиб келган ёшларга бўшатиб берармикин, ёки ўликларнинг келиши яна ўттиз йил кети узилмасмикин…

МЕН СЕНИ СОҒИНИБ КУТГАНДИМ БОЛАМ!..

Россиядан ишлаб уйига етиб келмаган, йўлда автоҳалокатга учраб, вафот этган Ўшлик навқирон йигит Дилрухбек Дилшодович Нурматовнинг онаси Раҳмонова Дилафруз опанинг тилидан ёзилди.

ОНА ФАРЁДИ.

Қалбимнинг меваси фарзандим болам,
Юрагим парчаси райҳоним лолам.
Бугун оҳларимдан ларзада олам,
Беминнат оқ сутим бергандим болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Полвон ўғлим сендан айрилибман мен,
Қаноти сингандай қайрилибман мен.
Муштипар онангни соғиндингми сен?
Йўлингга кўз нурим тўккандим болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Шам ёқса ёришмас дилим коронғу,
Энди ҳеч кетмайди дилимнинг доғи.
Алам изтиробдан чекканим оғу,
Сен учун зардоблар ютгандим болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Иссиқ нонлар ёпгандим дилбандимга деб,
Шириним, шакарим, оқ қандимга деб.
Катта уй солгандим фарзандимга деб,
Сен учун бу жоним фидодир болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Нима қилай ғариб бўлиб қолдим мен,
Мевасиз дарахтдай сўлиб қолдим мен.
Дунёда тириклай ўлиб қолдим мен,
Аллоҳдан умрингни сўргандим болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Мадор йўқ олдингга учиб бормоққа,
Пешонангдан ўпиб қучиб олмоққа.
Онанг ёнган шамдай тугаб бормоқда,
Соғ омон келар деб кутгандим болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Дунёлар кўзимга кўриняпти тор,
Кўзим йўлларингда бўлди интизор.
Мен сени икки йил кутгандим зор-зор,
Оқибат сафарга шайландинг болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Юзинг табассуми мени ийдирар,
Устингга сурпдан либос кийдирар.
Янги сарполаринг мени куйдирар,
Бир кунга уйимга меҳмоним болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Дўстларинг келишди, уйларим тўлди,
Тўйингда келмасму, орзуим ўлди.
Қалбимнинг ғунчаси очилмай сўлди,
Тўйи бўлмай сафарга шошилган болам.
Мен сени тўйингни кутгандим болам.

Отанг ҳам оҳ урар кўзларида нам,
Қалбидан сўндику қувончлари ҳам.
Армонларин ким билан кўрсинлар баҳам,
Отангни дуосин олгандинг болам.
Отанг ҳам соғиниб кутганди болам,

Дунёда ҳар нега бергандим бардош,
Сенинг бу кунингга беролмайман дош.
Ахир онаманда, кўзим тўла ёш,
Меҳрим руҳларингга поёндоз болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Кўз ёшим сой бўлди қалбимда доғлар,
Кўкармай қуриди дилимда боғлар.
Дош бермай йиғлади баланд паст тоғлар,
Ҳаммани йиғлатиб кетдинг сен болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Қабрингга киролмам, ҳар ёнинг тупроқ,
На бир эшиги бор, на бир шамчироқ.
Аҳволинг билолмам, гумоним кўпроқ,
Қаро тупроқларга беланган болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Дардингга бўлмадим наҳотки дармон,
Мени еб битирар оҳ энди армон.
Тушда ҳам кутаман кўзларим гирён,
Олисга йўл олиб шошилган болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Тўйингга боққандик қўчқору қўйлар,
Қилсак бўлмасмиди ҳовлида тўйлар.
Менга армон бўлди бу ширин ўйлар,
Мени бу армонлар куйдирди болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Чимилдиққа кирмай кетдинг сен болам,
Кенг дунёни бузар энди оҳ нолам.
Зор қақшадим қалбим тўла кўп алам,
Аламларга ташлаб кетган жон болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Не курдим ҳаётда мен она бўлиб?
Сен бўтам не курдинг айт бола булиб?
Лол тангмиз иккимиз гул лола бўлиб,
Ҳаммадан ўзгача мулойим болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Яккаю ёлғизим эй Парвардигор,
Ҳеч кимни боладан айирма зинҳор.
Сендан кўп ўтинчим қилма мени зор,
Энди мен расмингни қучаман болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Ўғилни, қизни ҳам бергувчи Аллоҳ,
Тақдирда битилса олгувчи Аллоҳ.
Қисматим оғирдир бергайсан паноҳ,
Ўзинг матонатли, сабр бер Роббим.
Мен ўғлимни жуда соғиндим Роббим.

Аллоҳим ўғлимга сен раҳмат айла,
Ётган жойларини бир жаннат айла.
Менга сабр бергин кўп неъмат айла,
Қазою қадарга розиман болам.
Мен сени соғиниб кутгандим болам.

Дониёрбек Раимжонов, Ўш шаҳри

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳамроқул Асқар: Устоз Абудулла Ориповга ҳамдардлик ва таъзиянома
  2. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Алига таъзия
  3. Ҳолландияда “Замондош” асосчиси Ризо Обидов вафот этган
  4. Гулнора Каримова Беҳзод Аҳмедов ва TeliaSonera ҳақидаги саволларга жавоб берди
  5. Самога сочилган ёрқин юлдузлар… (“Ўтганлар ёди” туркумидан)
  6. Улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповга жияни вафоти муносабати билан таъзия
  7. Самарқандда Каримовнинг акаси вафот этди
  8. 78 ёшга тўлган Каримовга кенжа невараси гулдаста тақдим этди
  9. «Дунё ўзбеклари» тақдимоти: Ўринбой Раҳмонов (Айнил Қамар) шеърларидан намуналар
  10. Хитойнинг уйғурлар бўйича сиёсатига оид ҳужжатлар ОАВга сиздирилди — Кун.ўз
  11. Исмат Хушев билан юзма юз 28 ноябрь 2019 йил — Канада
  12. Отажон Худайшукуров — Жайхун шамоллари — Видео
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.