Норқобил ЖАЛИЛ: БИР БАХШИ ЎТДИ, ЗЎР БАХШИ ЎТДИ (Таъзия ўрнида)
БИР БАХШИ ЎТДИ,
ЗЎР БАХШИ ЎТДИ
Қодир бахшидан кейин Шомурод бахшидай
одамни сел қиладиганини эшитмадим. Зўр
бахшида қурғур, ҳар ноласида дард бор, алам бор,
армон бор…
Қаландар полвон Аъламхонов,
Файласуф шоир Ўроз Ҳайдар кеча қўнғироқ қилиб «Жигарим, Шомурод бахши дунёдан ўтди, Осиё булбули кетди оламдан, энди кимни эшитамиз, бундай бахши юз йилдаям келмас-ов» деди мунгли овозда.
Нохуш хабарни эшитдиму Ўроз шоирнинг Ўзбекистон халқ бахшиси Шомурод Тоғаевнинг умр йўллари ҳақида битган «Оловда ўсган гул» эссесини эсладим. Асар ўзининг соҳир овози билан милёнлаб юракларни титратган ушбу машҳур терма билан бошланади:
***
Жигит ўлгур Меккам чол,
Летибамни синдирдинг.
Отам олиб бериб эди,
Насибамдан айирдинг.
Билмаганни билдирдинг,
Ажал бўлиб паймонамни тўлдирдинг,
Учар эдим қанотимни қайирдинг,
Юрар эдим, оёғимдан тойдирдинг.
Бийигул, Бийигул,
Рангсангул, рангсангул.
Пуфаклари қирқтан гул,
Ҳай-ҳаё, раббимо, Оллоё,
Муллатўрғай тонг саҳарда сайрайди,
Нега менинг отажоним келмайди?
Ростин айтгин, энажон, эна-ёв,
Менинг отам ўзи қачон келгайди?
Карвон ўтиб боради,
Икки ўғлон карвонларга чопади.
Отасини кўролмаган болалар,
Энасига келиб, дўстлар, сўрайди.
Энажон, жон эна, эна-ёв,
Айтгин отам ўзи қачон келгайди?
Эна жотиб жилайди,
Ёр келмасин билади,
Билса, қандоқ қилади,
Олло-ё, отам-а, жонима,
Бийигул, Бийигул, Бийигул…
Таржимаи ҳолини ўқийман: «Шомурод бахши Маҳман ўғли 1932 йил 3 март куни Чироқчи туманидаги Араббанди қишлоғида таваллуд топган. 2000 йилда «Ўзбекистон халқ бахшиси» унвони билан тақдирланган»…
Тўқсонни қоралаб чин дунёга рихлат қилган бетакрор бахшидан бир дунё халқона асарлар мерос бўлиб қолди. Ҳали-ҳали ёдимда, дарёдил инсон, умрининг сўнгги лаҳзасига қадар ўзбек адабиёти, фолькорини тарғиб этиш йўлида фидокорона хизмат қилган ижодкор Ўрол Ўтаев ўтган асрнинг 70-80 йилларидаёқ Шомурод бахши деган афсонавий тақдир соҳиби Қашқадарёнинг чекка бир қишлоғида дўмбира чертиб, достону лапарларни куйлаб халқ қалбидан жой олганини Ўзбекистон телевидениеси орқали баралла овоза қилган эди.
Шундан бери қанча дарёлар оқиб кетди. Сайллар, байрам тадбирлари Шомурод бахшисиз ўтмайдиган бўлди. Шу орада бахши бобомиз репертуаридаги халқчил, гўзал термаларни куйлаган(балки ўзлари изн бергандир, у ёғи менга қоронғу) қанча хонандалар эл орасида обрў топди. Лекин Шомурод бахши барибир ҳақиқий туғма истеъдод соҳиби бўлганлиги боис, аввало, Худойим қўллади — умр берди, илҳом берди, қолаверса, эл-улус бошига кўтарди.
Бу даражада обрў-эътибор, эъзозу эҳтиром қозонган бахшилар минтақада жудаям кўп эмас, десам муболаға бўлмас.
Яна Ўроз Ҳайдар эссесини ўқийман:
«Шомурод шоир “бахши” сўзини кўп ёқтирмайди. Бу луқмани фолбинларга бориб тақайди. Ромчи деб тушунади. Бахши десангиз сапчиб тушади. “Ҳов, шоир бува, битта терма айтиб жуборинг” денг, бармоғи учи куйгунча тўкилиб-сочилиб куйлайди. Шўро даврида Москвада ўтказилган халқ ижодиёти фестивалида “Катюша”ни куйлаб, йиғламаганни йиғлатган. Русларнинг шевасидаям турли ўрисча термалар айтиб, русийзабонларнинг ҳайратдан нафасини қайтарган. Гоҳо украинча, гоҳо японча, гоҳо эса немисчаям куйлай олади. Талаффузда манқаланмайди, сўз шаффоф шабнамдай жаранглайди»…
2005 йил март ойи бошлари эди. Телевидениенинг энг номдор «Маънавият» студиясида ишлардим. Аввал Тахтиқорача довонига туташ Китоб тумани Қайнарбулоқ қишлоғи этакларида ўтказилган Наврўз байрами тантаналарида қатнашдик.
Кейин чироқчилик доврўғли полвон, ҳам дзюдо, ҳам ўзбек кураши бўйича спорт устаси бўлмиш Қаландар полвон Аъламхонов хонадонида Йилбошига бағишлаб уюштирилган сумалак сайлини тасвирга олдик.
Бир маҳал Шомурод бахши қозон ковлаётган момолар ёнида терма бошлаб юборди. Ҳамма ўраб олди уни. Тонгга қадар нола қилди у…

Алмаштириб бўлмайдиган одам йўқ, дейишади. Бундай инсонларни такрорлаб бўларканми? Қашқадарё тожидаги дурлардан бири эди бахшимиз…Аллоҳ раҳмат қилсин!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан