Эркин Воҳидов ижодидан: Масканим Фарғонадир…

O’zbekiston Yozuvchilar Uyushmasi
Масканим Фарғонадир
Бу Ватанда бир макон бор, мен учун бир донадир,
Кўҳна Туркистон садаф бўлса, у ер дурдонадир.
Ким парихона деб айтар, ким учун Парконадир,
Аҳли шеър таърифида уйқудаги жононадир,
У менинг уйғоқ диёрим ўктаму мардонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.
Чин парилар маскани, Зуҳрою Тоҳирлар ери,
Олиму шоир, ҳунарманд, фазли нодирлар ери,
Кўп ажиб мўъжиза бунёдига қодирлар ери,
Кифтда тўн, белда қийиқ, марду баҳодирлар ери,
Мақтаниб юрдим жаҳонда, менга бу юрт онадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.
Кечмишинг хобимга кирса, сесканиб уйғонаман,
Сочи қирқилган момом фарёдидан тўлғонаман,
Шоиринг ёзмиш: “Шул айбим – мардуми Фарғонаман”.
Шукрларким, бу алам андуҳига бегонаман,
Эл аро фарғоналикман, деб ғурурим қонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.
Масканим Фарғонаю кўҳна Самарқанд ҳам маним,
Хоразм – фахрим, Наманган меҳриму жоним-таним,
Ёшлигим ардоқлаган Тошкент кўнгулдан севганим,
Андижон, Сурхон, Бухоро, ўз чўлим, ўз гулшаним,
Лек, десам Фарғона, дилда ўзга оташ ёнадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.
Мустақил тинчу омон юртим саодат ўлкаси,
Келмасин бошига ҳеч ранжу балолар кўлкаси,
Ризқи бут бўлсин унинг, ер кўрмасин ҳеч елкаси,
Янграсин оламда мен ҳурман деган озод саси,
Бу замин оби ҳаёт бирла тўлуғ паймонадир,
Масканим Фарғонадир, Фарғонадир, Фарғонадир.

Суратда: севимли шоиримизнинг Фарғонадаги ҳайкали пойида рафиқалари- Гулчеҳра Воҳидова, ўғли- Хуршид Воҳидов, қизлари Нозима, Моҳира ва Фозилахоним.