Президент Ўктам Барноев хонадонида бўлиб, унинг оиласига таъзия билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев Ўктам Барноевнинг хонадонида бўлиб, унинг оиласига таъзия билдирди
Ўзбекистон бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, сенатор Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этган эди. Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрь куни таъзияли хонадонга ташриф буюрди, Қуръон тиловат қилинди.
Шавкат Мирзиёев марҳумнинг онаси, рафиқаси ва фарзандларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади. Президент марҳумнинг оиласи, фарзандлари доимий эътиборда бўлишини таъкидлаган.
«Ўктам Барноевнинг оила аъзолари давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, халқимизга осойишталик, сиҳат-саломатлик тилаб дуо қилдилар», — дейилади Президент матбуот хизмати ахборотида.
Эслатиб ўтамиз, бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев 20 сентябрь куни вафот этганди. Маълумотларга кўра, Барноев Германияда вафот этган — у хорижий мамлакатга даволаниш учун олиб кетилган бўлган. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Барноевнинг ўлимини Тошкент шаҳридаги коронавирус қурбонлари рўйхатига қўшди. Бош вазир ўринбосарининг коронавирусга чалингани июль ойи охирида маълум бўлган эди.