Абулқосим МАМАРАСУЛОВ: ДУРДОНА – ЗЎР ШОИРА!
Абулқосим МАМАРАСУЛОВ
ДУРДОНА – ЗЎР ШОИРА!
Мен Дурдона Бобомуродованинг шеърларини фейсбук саҳифаларида 2019 йил ўқиб, ёқтириб қолган, шундан сўнг унинг имзоси билан шеър эълон қилинса, диққат билан кузатадиган бўлдим.
Дастлаб, мен Дурдонани бошидан кўп азобларни, дунё синовларини ўткизган; ўрта ёшлардаги, сабр-бардошли, асаблари темир, оқила бир аёл, деб ўйлагандим.
Аммо кейинчалик у бор йўғи эндигина вояга етган 20 ёшли қизалоқ эканини билиб, ҳайратландим. Негаки, Дурдонанинг шеърлари жудаям баркамол, жудаям ўйга толдиради, фикрлашга мажбурлайди.
Дурдонанинг сатрлари қатлари орасидан: онасидан эрта айрилган, она меҳрига тўймаган, она дийдорига зор мурғак, — ҳа, бугун ҳам шундай! Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади! Бутун умр шундай бўлаверади!!! — қалб фарёди, тубсиз мунг силқиб чиқаверади. Лекин… бу мунг тушкунлик эмас, тарки дунёчилик эмас, ўзи айтмоқчи, этак силкиш ҳам эмас…
Ахир ҳар биримизда ҳам яқин одамимизнинг кўксига бош қўйиб йиғлагимиз келадиган фурсатлар бўлади-ку! Алам ўтган дамларда ҳамиша шунақа бўлади. Ҳаттоки, ўта бахтли дамларда ҳам маза қилиб йиғласанг – ҳордиқ чиқади. Олам кўз ўнгингда қайтадан яшаради ва кўнглингдаги дар-ғуборлар, кинлар кўз ёши билан юзага чиқиб, ичингда эзилиб ётган оғир юклардан халос бўласан, енгил тортасан ва… яна қайтадан, ҳа, ҳа, қайтадан яшагинг кела бошлайди…
Ана шунақа бир мискин, мунис ва ниҳоят жўшқин ҳисларни уйғотади Дурдона Бобомуродованинг шеърлари…
Дурдонанинг шеърларидаги ўхшатишларни, ташбиҳларни бошқа бирон бир шоирда учратмаганман. Улар шунақа кўпки, салкам ҳар бир сатр, ҳар бир жумла шунақа.
Масалан, энг охирги, куни кеча эълон қилгани, дадасига бағишланган шеър:
“Эсим эсин йиғмаса”.
“Қаранг, менинг жонимдан жон чиқади шу кеча”
“Илк бор бешикка эмас бошим ботганди тошга,
Менга дард йўрғагида азоб алла айтганди,
Нафрат елкаларида опичган йўлдан ортга —
Сабрнинг этагига осилганча қайтгандим”.
“Тилим шаталоқ отса, тўхтамасди ҳаё-ҳуй!
Барака топсин ўша қулоқларинг дадажон.
Биз суҳбат қурган маҳал, ухлар эди сахарлар”,
…йўқ, бу кетишда шеърни буткул кўчириб ўткизишимга тўғри келади. Яхшиси, шеърнинг ўзини ўқиб қўя қолган маъқул.
Дурдонанинг шеърлари ўқувчисини ўзига ютиб кетади.
Муаллиф билан бирга мулоҳаза юритасиз, дардга тушасиз, йиғлайсиз, куласиз.
Билсак, Дурдона “шум етим” экан!
Мен, масалан, “гул етим” бўлганман. Отадан эрта айрилганман. Бизни, — уч гўдакни — онам катта қилган. Онам бошқа турмуш қурмаган. Аммо… Дурдонанинг шеъри қаҳрамонини отаси болалар уйига топширган, ўзи бошқа уйланган, кейин… кейин… беихтиёр ўзингнинг ҳам бир умр ота дийдорига, ота меҳрига зор бўлиб ўтганинг, ўтаётганинг ёдингга тушади. Юрагинг ҳаприқиб кетади.
Ҳолбуки, мен энди ёш эмасман, Ўндан зиёд набираларнинг бобосиман. Пайғамбар ёшини уриб қўйдим, аммо… ота меҳрига зор ўтган болалигим, ёшлигим кўз ўнгимда гавдаланганда беихтиёр юрагимдан дард силқиб чиқаверади.
Ҳатто энди ҳам… Ҳатто бугун ҳам…
Дурдона эса… Дурдона ҳали нимани кўрипти. Ва шу ёшида мендек бир бобойни ҳам йиғлатаяптими, йиғлатишга эришдими, демак,
ДУРДОНА – ЗЎР ШОИРА!
Тўғри, Дурдона ҳали ёш, жудаям ёш. Келажаги ҳали олдинда!
Дурдона ҳали ниманиям кўрипти, дейману, шу онда тилимни тишлайман: Ана шу “ёшгина жони билан” Дурдона кўрадиганини кўриб қўйган ва буни ўз сатрларига тинимсиз жойлаб келяпти.
“Илк бор бешикка эмас тошга ботган бошинг” омон бўлсин, Дурдона!
Сен ва сен кабилар Ўзбекистон келажагисизлар!
Ўзбекистон ҳам сизлар каби, бизлар каби вақти келганда, “шум етим” бўлди, “гул етим” бўлди, Хор бўлди! Бир ширин сўзга зор бўлди!
Энди эса мустақилликка эришиб, улғайиб, қаддини ростлаб, кўкрагини кериб, барча тўсиқларни, барча ғам-андуҳларни, дардларни енгиб ўтиб, келажакка караб,режалар тузмоқда.
Албатта, дардлар унутилмайди, юракнинг бир четида силқиб тураверади. Ва айнан ана шу силқиб турадиган дард кишини улғайтиради, мулоҳазага чорлайди, улуғлаштиради…
Ва ана шу ёруғ дардларинг келажакда сени буюк ижодкорга айлантиришига ишонгим келади.
Абулқосим Мамарасулов
Дурдона БОБОМУРОДОВА
* * *
Дада, сўзга зориқдим.
Зориқдим сизга дада.
Уят билманг шу бугун илк бор сизга йиғласам.
Илк бор юрагим ёриб сўрайман сиздан далда,
Айтинг нима йўл қолди?
Эсим эсин йиғмаса.
Мени билармидингиз чиндан ушбу кунгача,
Танитайми мен сизга, асли қандай одамман?
Қаранг, менинг жонимдан жон чиқади шу кеча
Дада, мен хам одамман!
Илк бор бешикка эмас бошим ботганди тошга,
Менга дард йўрғагида азоб алла айтганди,
Нафрат елкаларида опичган йўлдан ортга —
Сабрнинг этагига осилганча қайтгандим.
Ит билмас илинжларда илинган изга маҳтал
Бугун аниқ келасиз! Мен аниқ ўйлар эдим.
Исмингизни ҳарма-ҳарф бармоқда айтган маҳал
Болалар уйи ҳамда болалар ухлар эди.
Қисмат сизни сўққабош, мени шум етим қилди,
Шум етимнинг етини қанча итлар қопмади?!
Вақт нима деган бўлса, деганларини қилди,
Бошингиз икки бўлди.
Менчи? Она топмадим.
Мен ерга бошим қўйиб, осмонга айтар эдим
-Падаримга бахт бергин, Эй, дардларни аритган.
Юрагимга тик қараб, шу сўзни айтавердим —
Дада! Дада кимлигин менга Худо танитган!
Бир қарашда ҳаётдан нолийдиган жойим йўқ,
Мен нимаки сўрасам тўкис берди Худойим.
Фақат чап томонимда на ҳавас на ҳойим йўқ,
Юрагимни қўлимга тўкиб берди Худойим.
Бизни йўл боғламади, бизни боғламади уй,
Фақат сўз бунёд этди исмсиз, ипсиз макон.
Тилим шаталоқ отса, тўхтамасди ҳаё-ҳуй!
Барака топсин ўша қулоқларинг дадажон.
Биз суҳбат қурган маҳал, ухлар эди сахарлар,
Кўзларингиз рангини ўғринча ўйлар эдим.
Журъат топмам ҳеч қачон, тик қарасам агарда
Минг йиллик мунгни кўрсам, мен аниқ ўлар эдим!
Мен ҳамоно ўйлайман, эски каравотларинг
Очиққан қоринларда ғулдираб ғиччилашин.
Баджахл тарбиячи қилган кароматларнинг
Зўрлигидан унимиз чиқмайин пичиллашин.
Бугун чидайин қандай юрак ғирчиллашига,
Кўнглим тўлмай, қорнимни қандай тўйдирай, дада?
Бўғзим тўла ҳайқириқ! Секин пичирлашига
Вужудимни не билан алдай, кўндирай, дада?!
Ҳа, дада, йиғлаяпман. Йиғлоқиман аслида,
Бор ёшимни битта ёр қаршисида тўкканман.
Арши Аълога арзим етиб борса пойидан —
Мен тупроққа бошимни ўша ишқ деб екканман.
Бу дунёда одамни ўлдирмайди дард, дада,
Қизингиз ўз бахтига қўл силтаган — мард, дада.
Падар айтса қизингиз ҳар нимага тахт, дада,
Ҳеч севмади севмади, менгинани — бахт, дада.
Мен сизга жаннатларни қилганманку — ахт, дада!
Дурдона Бобомуродова,
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ