Абдулла Орипов: Лолазор қирларда чопа билмасман, Ахир у мен учун армон эмасми?

Абдулла Орипов
АРМОН ЭМАСМИ
Лолазор қирларда чопа билмасман,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Болалик йилларим топа билмасман,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Хаёл гулшанида терсам чечаклар,
Жажжи набирамга бўлдим эрмаклар,
Энди онам айтмас менга эртаклар,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Қоронғу тунларда оловлар ёқиб,
Илк шеърим ёзгандим юлдузга боқиб,
Энди ахтараман кўзойнак тақиб,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Қанча зот дунёга келдию кетди,
Бирин душман этса, бирин дўст этди,
Бирининг бошига шон-шуҳрат етди,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Мени алдаб кетди лўттибоз олчоқ,
Ишонган кишим ҳам кўрсатди яроқ,
Уларни Худога топширдим бироқ,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Шукрона айтаман, дўстларим бордир,
Бири балки қўрқоқ, бириси ботир,
Яхшилик қилдимми уларга ахир,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Гоҳо эш бўлсам-да сиёсатларга,
Қалбимни бахш этдим малоҳатларга,
Улар деб қолдим мен маломатларга,
Ахир у мен учун армон эмасми?
Огоҳман ишқ деган кўҳна шевадан,
Муҳаббат аталмиш тансиқ мевадан,
Ортга қарай-қарай қайтдим Хивадан,
Ахир у мен учун армон эмасми?
1995

Muhammad Ismoil, Юлдуз Орипова and 67 others
10 Comments
9 Shares
Like
Comment
Share
Comments
View 8 more comments
-
Эээ.. Абдулла ака, қани ҳаёт бўлганингиздайди… Сал вақтлироқ кетиб қолдингизда…
-
Like
- Reply
- 4h
-