Искандар Маҳмадалиев: Дўғдонада бир тош — «мошин» етим қолди…
Дўғдонада бир тош — «мошин» етим қолди!..
Ёхуд Тожикистон ўзбек адабиётининг йирик вакили, атоқли ёзувчи, маҳоратли журналист, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг аъзоси, «Халқ овози» газетасининг собиқ Бош муҳаррир ўринбосари Эшмуҳаммад Донохоновнинг ёрқин хотирасига…
Эссе
Инсон ғанимат…
Одамнинг дийдори ғанимат…
Бу олам – ўткинчи…
Ҳар бор яна бир яқинимиздан айрилганимизда, бу чўнг ҳақиқатни теранроқ англаймиз. Ёки ўзимизни англагандек тутамиз. Инсон ўзи шундай яралган. Бот-бот такрорланмасин, кимнидир йўқотиб қўйганимизда, унинг ўзимиз учун нақадар қадрли эканлигини ҳис этамиз. Йўқлик олами қошида ожизу нотавон эзиламиз. Қайғуга ботамиз. На илож?!.
Ҳожи Собирхон Мақсудовдан Эшмуҳаммад ака Донохоновнинг хасталаниб, беморхонага тушганлигини эшитиб, юрагим сиқилди. Кўп қаватли бинонинг тўртинчи қаватидаги каталакдек уйимга сиғмай қолдим. Вужудимни қамраб олган ҳадик, хавотир ҳисси кучайиб кетаверди…
Биз Абдулло Насриддин билан одамлар гавжум пойтахтда танҳомиз. Тенгқурмиз, кўнгилларимиз яқин, ҳатто, уйларимиз ҳам бир маҳаллада жойлашган. Ҳамиша бир-биримизни эслаймиз. Ёшимиз ўтиб боряптими, билмадим, бир-биримизга сездирмай, ўзаро суянишамиз. Ҳамфикр, қадрдон, кўнгилтортар дўстлар кўп. Аммо улар Душанбеда яшашмайди. Мен Абдуллога суянаман, у эса, менинг кўнглимни кўтарса-да, ўзига мендан суянчиқ излаётганини яширмайди ҳам.
— Искандар дўстим, шунчалик гавжум пойтахтда икковлон ёлғизмизми дейман-а? – дейди менга савол назари билан боқиб Абдулло Эшмуҳаммад аканинг аёдатига бора туриб.
Демак, менинг юрагимдаги ҳадик Абдуллода ҳам бор экан. Устоз акамиз Эшмуҳаммад Донохоновнинг хасталигидан иккаламиз ҳам бирдек қайғураётган бўлсак ҳам, бир-биримизни аяб, хавотиримизни яшираётгандик.
— Умр шундай ўтаверар экан-да, дўстим, — дейди Абдулло жавобсиз қолган саволига нигоҳларимдан жавоб излаб. – Ҳар ҳолда, кишининг яқин елкадошлари бўлгани яхши экан…
Бизнинг келганлигимизни эшитиб, ташқарига чиққан Эшмуҳаммад аканинг тетик ва кўтаринки кайфиятини кўриб, иккаламизнинг ҳам хуфтон дилларимиз яйраб кетди.
— Мени танимай қоласизларми, деб ўйладим, роса семирибманми? – ўзининг хасталик туфайли озиб кетганлигига ҳазил билан изоҳ берган устоз.
Абдуллода ҳам, менда ҳам қишлоқда ўсганлигимиздан, ўзимиздан улуғлар олдида бир оз тортинчоқлик ҳисси ёшимиз бир жойга етганлигига қарамай, устунлик қилади. Устига устак устозда бир салобат бор эди. Ўша салобат қаршисида кўпчилик ўзини йўқотиб қўярди. Биз ҳам бундан мустасно эмасдик. Эшмуҳаммад аканинг ҳазилига ачиниш аралаш мийиғимиздаги кулги билан жавоб қайтардик. Бизларни укаларидек бағрига босди, раҳматли устоз.
— Бу дейман, Абдулла Зуҳур Машҳаддан хавотир билан телефон қилади, — деди кулиб Эшмуҳаммад ака. – Садриддин Ашурнинг овози ҳам илгаригидек ўктам чиқмади. Ҳатто, Садриддинни койидим ҳам. Нега бунчалик тушкунликка тушасизлар, ахир. Мен — яхшиман. Айтишларича, бу беморхонада малакали мутахассислар ишлар экан. Тўрт ойдан бери касалликнинг сабабини бошқа дўхтирхоналарда аниқлашолмади, булар эса, дарҳол топишди. Ўн икки бармоқли ичак хасталанган экан.
— Дардини берган Аллоҳ шифосини ҳам беради, Эшмуҳаммад ака, иншоолоҳ, тузалиб кетасиз… — ниҳоят Абдулло тилга кирди.
— Қаерингиз оғрийди, Эшмуҳаммад ака? – дейман устознинг хасталик туфайли чинданам озиб, ранги сўлиб кетганлигидан ичим ачишиб.
— Ажойиби шундаки, ҳеч қаерим оғримайди, тўрт ойдан буён бирор нарса еган заҳотим, дарҳол кўнглим айнийди, қайт қилгим келаверади. Шундан бўлса керак, озиб кетдим. Дўхтирлар эса, осма укол қилишади. Ўшанинг кучи билан юрган бўлсам кераг-ов…
— Палатада бир ўзингизми? – қизиқсинади Абдулло.
— Раҳматли устоз Исмоил Муҳсинов айтгандек, «половинка» бирга келган… — дейди кулимсираб Эшмуҳаммад ака.
Кўнглим хотиржам тортди. Эркак кишининг аёли ёнида бўлса яхши-да. Айниқса, кексайганда, хасталик пайти аёл кишининг меҳрибончилиги одамга далда бўлса керак…
Суҳбатимиз қўр олиб кетди. Ижодкорлар даврасида ғийбат, фисқу фужур бўлмайди чинданам. Эшмуҳаммад ака «Совет Тожикистони» (бугунги «Халқ овози») газетаси редакциясидаги кизиқарли воқеалардан сўзлаб берди. Яқинда бу дунёни тарк айлаган Санобар Аллаева, Ибод Саъдулла, Тўтинисо Юсуфбекова, домла Юсуфали Шоназаровларнинг ҳар бири ҳақида у киши фақат илиқ фикрлар билдирди.
— Тўтинисодаги ғайрат-шижоат айрим эркакларда ҳам бўлмаган, — деди Эшмуҳаммад ака. – Аёл боши билан жуда кўп ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаганлигига ўзим гувоҳ бўлганман. Яхши аёл эди…
Бу дунёдан ўтиб кетган устозлар, ҳозирги ижодкорлар ҳақида яқин бир ярим соатдан кўпроқ суҳбатлашибмиз. Абдуллонинг яширин нигоҳларидан: — «Акани толиқтириб қўймадикмикан?», — деган хавотирни туйдим. Ички бир сезги билан бу охирги суҳбатимиз эканлигини сезганмикан, Эшмуҳаммад ака бизга ҳеч жавоб беришни истамасди.
Душанбеда куз бошланган бўлса-да, ҳалиям ҳаво жуда иссиқ эди. Ботиб бораётган қуёш «Гастроэнтрология» беморхонасининг ҳовлисига мўл-кўл нур сочар, иссиқнинг тафти пасаймасди.
Зимдан Эшмуҳаммад аканинг суҳбатларини тинглаб, беихтиёр ўтган йили саратон пайтида беморхонада даволанаётган, жарроҳликни бошдан кечирган устозимиз, ориф шоир Саййид Неъматуллоҳ Иброҳимнинг аёдатига борганлигим хотирамда жонланди.
— Умримда укол қабул қилмаган эдим, — деганди ўшанда ўзига хос майин овозда юзидаги табассум билан Эшон бобо. – Кулгили бўлса-да, уколдан шу пайтгача қўрқардим. Энди уколларига ҳам бироз ўрганиб қолдим.
Жарроҳликдан сўнг борганимда, Эшон бобо анчайин чўкиб қолгандек кўринди назаримда. Илгари ҳам жуда майин ва паст овозда сўзлайдиган устознинг ётган жойида нималар деяётганлигини англаш қийин эди.
Чўккалаб ёнларига ўтирдим. Хаста овозда ҳол-аҳволимни сўради. «Халқ овози» газетаси ходимларини бирма-бир сўраб чиқди. Ўзининг аҳволи яхши эканлигини, дўстлар хавотир бўлмаслигини таъкидлади.
Гўдакликда бизга катталар айтган ўгитларга ҳаётим давомида амал қилиш менга одат тусига кирган. Момоларимиз, боболаримиздан: — «Беморнинг аёдатига борганда, тезроқ туриб кетишга ҳаракат қилгин, оёғинг енгил кечади» — деган насиҳатни кўп эшитганман. Эшон бобонинг ёнида шу ўгит эсимга келди. Тараддудланаётганлигимни сезган Эшон бобо қўли билан: — «Энгашинг» — дегандек ишора қилди.
Ўзидан кичикларни ҳам «сиз»лаб гапирадиган Эшон бобо паст овозда, қулоғимга пичирлади:
— Искандаржон, менга дуо беринг!..
Мен жуда кўнгли бўш одамман. Устига устак журъатсизман. Мен – шундайман. Ва бошқача бўлолмайман ҳам. Кўнгил бўшлигим ўзимга маъқул эмас. Лекин иложим йўқ…
Эшон бобонинг бу илтимосидан кўзларимга ёш қалқди. Кейинги пайтлар кўзайнакка ўрганганлигим менга қўл келди. Кўз ёшларимни Эшон бобо кўрмади. Ўзимни тутиб, Худодан Эшон бобомизга шифо ато этишни сўраб дуо қилдим. Неъматулло ака мамнун жилмайди.
— Менга ҳам дуо беринг, Эшон бобо! – ўз навбатида устозга юзландим.
Эшон бобо ҳолсиз қўлини (иккинчи қўллари ётган ҳолатда тагида эди) кўтариб, пичирлаб, юзига тортди…
Беморхона ҳовлисида четдаги скамейкага ўтириб, ўксиб-ўксиб йиғладим. Енгил тортдим. Бу устозим, ориф шоир, пийримиз Эшони Саййид Неъматуллоҳ Иброҳим билан сўнгги дийдорлашувимиз экан. Во дариғ!..
…Эшмуҳаммад аканинг тетик нигоҳига боқиб, ич-ичимдан устозга Худодан шифо тилаб, у кишини тинглаб ўтирдим. У дардга бўйин эгишни истамасди. Шом ҳам яқинлашиб қолаётганди. Биз беморхонанинг учинчи қаватида, шундайгина зиналар тугаган майдончада қўйилган ўриндиқда ўтириб суҳбатлашардик. Шу пайт зиналарни бир-бир босиб, Эшмуҳаммад аканинг яқин ижодкор дўсти, Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси, зукко адиб Абдурофеъ Рабиев чиқиб келди. Икки забардаст қалам соҳиби, Тожикистоннинг икки дўст ва қардош миллатлари – тожик ва ўзбек адабиётларининг йирик вакиллари – Абдурофеъ Рабиев ва Эшмуҳаммад Донохонов бир-бирларини бағирларига босишди.
Энди ҳақиқий ижодкорлар суҳбати қўр олганди.
— Қавм етакчиси, сизга нима бўлди, — деди кулиб Абдурофеъ Рабиев.
— Қани, бир оз эркаланай-чи, нима бўларкан? – ҳазилга ҳазил билан жавоб берди Эшмуҳаммад ака.
— Телефонни нима кўтармайсиз? – ажабланиб сўради Абдурофеъ ака.
— Бугун дўстлар билан беморхона ҳовлисида ўтириб, ўша скамейкада унутиб қолдирибман. Хайрият, инсофли одам қўлига тушган экан, «Эртага ёқаман, бирор киши телефон қилсин, телефонингизни қайтараман», — деди. Бу дунёда яхши, инсофли, диёнатли одамлар ҳам кўп-да, — деди бизга юзланиб Эшмуҳаммад ака.
Туйқус эсимга ижодкор дўстим ҳожи Ёқубжоннинг бир гапи келди:
— Киши ўзи қандай бўлса, бошқаларни ҳам шундай одам, деб ўйлайди. Эшмуҳаммад ака, ўзи ҳалол, диёнатли одам, шунинг учун ҳам, тўғрисиз, пок ниятли, тилёғмаликни билмайдиган кишиларни ёқтиради. У киши бир гапни кўп такрорлаганининг гувоҳи бўлганман. «Искандар ҳалол бола, шунинг учун менга ёқади»…
Ёқубжон дўстим таъкидлаганидек, телефонини олиб кетган кишини ҳам Эшмуҳаммад ака инсофли деяётганлигига қойил қолдим…
— Яна келамиз, Эшмуҳаммад ака, сиз ҳам толиқиб қолдингиз, борайлик энди…
— Толиқмайман, суҳбатларингдан баҳра оламан. Майли, эртага овора бўлиб юрманглар, жарроҳлик узоқроқ чўзилади, шекилли. Фақат эрталаб аввал кардиограмма қилиб, юрагингизни текширамиз, сўнгра жарроҳлик амалиёти ўтказамиз, деди дўхтирлар.
…Устознинг ширин суҳбатларини ноилож тарк этиб, хайрлашдик. Эшмуҳаммад аканинг руҳияти тетиклигидан Абдулло икковимиз қувондик. Шом аралаш уйга қайтдик.
Менинг хаёлим паришон эди. Кексайганлигини тан олмаса-да, бир оз ёши ўтиб қолган Эшмуҳаммад аканинг организми саккиз соатлик жарроҳликка тоқат қилармикан? Фақат бир нарса кўнглимга таскин бағишларди: бундан 22 йил бурун Москва шаҳрида ўн икки бармоқли ичагимдаги яра очилиб, мен ҳам оғир жарроҳликни бошдан кечиргандим. Худога шукур, тузалиб кетдим. Иншооллоҳ, устоз Эшмуҳаммад акаям тузалиб кетади…
Жарроҳликдан сўнг Эшмуҳаммад ака беморхонанинг реанимация бўлимида яқин ўн кун ётди. Ҳар кун ишдан сўнг ўтиб турдим. Лекин дўхтирлар эпидемия шароитида у кишининг аёдатига ҳеч кимни киритишмасди. Бир кунда фақат бир ёки икки марта ўғли Равшанбек ёки укалари ҳожи Ҳайдарали кириб, Эшмуҳаммад аканинг ҳолидан хабар оларди. Бизнинг келиб-кетганлигимизни эшитган устоз ҳар сафар ўғлига телефонимни олиб келинглар, мен улар билан гаплашайин дер экан. Буни менга Равшанбек айтарди.
Ҳар куни Воседан ижодкор акамиз, устозим, ёзувчи Жўрақул Ажиб сим қоқарди.
— Искандар, борсам Эшмуҳаммадни кўра оламанми? – дерди безовталаниб устозим.
— Бироз сабр қилинг, ака, реанимация бўлимидан палатага чиқарсинлар, ана унда келаверинг, ҳозирча ёнига ҳеч кимни қўйишмайди.
— Аҳволи қандай экан? – яна хавотир аралаш сўрайди устоз.
— Ўғлининг айтишича, анча дуруст, фақат жарроҳлик оғирроқ кечган экан, шунга бироз ўзига келгач, палатага чиқаришади, — деб тинчлантирардим Жўрақул акани.
Жума куни эрталаб Эшмуҳаммад аканинг ёнига кириш илинжида эрталаб касалхонага бордим. Беморхона эшиги олдида устознинг болалик дўстлари, Қўрғонтепадан келган «Дўстлик» газетаси Бош муҳаррири Тошмат Темиров, ёзувчи Довуд Холбобоев ва гўдакликдан Эшмуҳаммад ака билан тепишиб катта бўлган Тошмуҳаммад Зулфалиевларни учратдим. Улар ҳам дўстлари аёдатига ошиқишаётганди.
Бу сафар ҳам урунишимиз бекор кетди. Ҳатто беморхона Бош врачига қилган мурожаатимиз ҳам иш бермади. Биз Эшмуҳаммад аканинг ёнига киролмадик. Яқин бир ҳафтадан буён касалхона ҳовлисида яшаб турган устознинг укаси ҳожи Ҳайдарали, ўғли Равшанбек, Эшмуҳаммад аканинг умр йўлдоши ва қизларидан ҳол-аҳвол сўрашдик. Уларга тасалли бердик.
Узоқ йиллар халқ хўжалигининг масъул вазифаларида ишлаб келган Эшмуҳаммад аканинг болалик дўсти Тошмуҳаммад Зулфалиев яхши хотираларидан сўзлаб берди:
— Ёвон ноҳиясининг Дўғдона қишлоғида туғилганмиз. Шунинг учун ҳам, Эшмуҳаммаднинг барча асарларида Дўғдона қишлоғи тилга олинган. Болалигимиз бирга кечган. Қишлоқнинг номи Дўғдона деб аталиши унинг этагида катта дўғдона дарахти ўсиб турганлигидан олинган. Гўдаклигимизда Эшмуҳаммад ҳеч кимга бўйин бермасди. Лекин кўнгли очиқ, ҳамиша ожиз болаларнинг ёнини оларди. Ўзи ҳам полвон келбатли, кўпчилигимиз ундан ҳайиқардик. Қишлоғимизнинг тегирмонидан унча узоқ бўлмаган жойда отларни суғорадиган тошохур бўларди. Тошохурдан сал юқорироқда иккита катта тош бағрини ерга бериб ётарди ва улар ҳозир ҳам ўша ерда турибди. Олдиндаги тошни Эшмуҳаммад ўзининг «мошин»и дерди ва орқадаги тошни мен «мошин» қилардим. Тошларга ўтириб, «мошин-мошин» ўйнардик.
— Тошмуҳаммад, газни бос, газни бос, — деб бақирарди менга Эшмуҳаммад.
Мен қанчалик чираниб, овозим борича «газ»ни боссам-да, ҳеч қачон уни қувиб етолмасдим. Бундан Эшмуҳаммад ғолиблик нашидасини суриб, қувониб қийқарарди. Қанчалик олисларда қолиб кетди-я, болалигимиз ҳам…
Мен олисларда қолиб кетган болалигини эслаб, маҳзун тортган Тошмуҳаммад аканинг юзига тикилиб, соғинч ва изтиробнинг қоришиқ ҳиссини туйдим.
— Ҳозир ҳам «мошин»ларингизни кўргани бориб турасизларми? – ўсмоқчилайман суҳбатни давом эттириш илинжида.
— Узоқ йиллик масъулиятли вазифада ишлаганлигим боис, нафақага чиққанимда, менга бир юк машинасини совға қилишди. Иттифоқ машиналаридан бўлган улов уйимиз ёнида туриб, секин-аста ишдан чиқиб қолди. Ҳозир унинг чархлари ҳам йўқ, кузовидан омбор сифатида фойдаланамиз, шалағи чиқиб кетган, эҳтимол, товуқларга катак бўлишга ярар. Бирида Эшмуҳаммад туфайли қадрдонга айланган ёзувчи дўстимиз, ҳожи Ҳасан Эрбобоев қўнғироқ қилиб қолди:
— Тошмуҳаммад ака, бир машинангиз бор экан деб эшитдим, сотмайсизми?
— Э-э, Ҳасанжон укам, у бўлмайди, шалағи чиқиб кетган, — дедим. – Харидор ким экан?
— Биз-да, ким бўларди?
— Сизга, умуман, бўлмайди. Энди замонавий машиналардан бирортасини олинг-да, ҳожи ука, — дедим маслаҳатомуз.
— Мен уйингиздаги машинингизга эмас, Дўғдонада отлар сув ичадиган тошохур яқинидаги «мошин»ингизга харидорман, — деди ҳожи кулиб.
Шундагина Эшмуҳаммад Донохонов ижодкор дўсти, укахони, ёзувчи Ҳасан Эрбобоев билан Дўғдонага зиёратга боришганини тушуниб етдим.
— Ҳазилингиз бор бўлсин, у «мошин» сотилмайди, — дедим гўдаклигимизни эслаб. – У «мошин» мен тирик эканман, сотилмайди. У «мошин» — менинг болалигимдан қолган энг ёрқин хотира…
Дарҳақиқат, Дўғдона, у ердаги ҳар бир тош, дарахт, тепалик биз учун жуда ҳам қадрдон эди. Чунки уларда жуда-жуда олисларда қолиб кетган беғубор болалигимиз яшайди. Биламан, Эшмуҳаммад ҳам болалигини соғиниб Дўғдонага бориб турарди. У ерда қолган тегирмон тоши, отлар сув ичадиган тошохур, ўзимиз «мошин» қилиб минган тошлар ҳар биримиз учун қадрдон ва муқаддас. Эшмуҳаммад ёзувчи бўлганлиги учун туйғуларини маҳорат билан асарларида ёритади. Мен эса, унинг ҳали сиёҳ ҳиди кетиб улгурмаган асарларини жону дилим билан берилиб ўқийман ва гўдаклигимига қайтаман…
Эшмуҳаммад ака жарроҳликни ўтказганидан кейин, яқин ўн кун касалхонада эканлигида, у кишининг ёнига кириш насиб этмади. Газета редакцияси котиботида ишлаш — анчайин мушкул юмуш. Устига устак масъул котибликнинг масъулияти янада оғир. Душанба куни газетанинг навбатдаги сонини тайёрлаётган пайтимда, Ҳасан ака Эрбобоев қўнғироқ қилиб қолди. У киши билан мунтазам телефонда алоқада бўлиб, аканинг аҳволидан сўраб турардим.
— Искандар, — деди Ҳасан ака босиқлик билан. – Мен Колхозободга кетгандим. Иложи бўлса, зудлик билан касалхонага боргин. Аканинг тоби қочибди, шекилли. Менга маълум бўлишича, у кишини уйга олиб кетишмоқчи экан. Вазиятни билиб, менга телефон қилгин, етиб келаман…
Ижодкор халқининг тамкинли эканлигига яна бир бор тан бераман. Беморхонанинг реанимация бўлимидаги аканинг аҳволи «оғирлашибди» эмас, балки «тоби қочибди» дейиш ҳожи акамизнинг кўнглидаги истаги эканлигини сезаман. У киши Эшмуҳаммад аканинг оғирлашган бўлишини эмас, сал «тоби қочган» бўлишини чин юрагидан истаётганди.
Зудлик билан Абдуллога қўнғироқ қилдим. Дарҳол етиб бордик. Эшмуҳаммад аканинг укаси ҳожи Ҳайдарали, ўғли Равшан, умр йўлдоши ва қизлари беморни олиб кетишга ҳозирлик кўришаётганди. Дўхтирлар аканинг вазиятини уларга тушунтиргач, яқинлари шундай хулосага келишганди.
Мен Ҳасан ака Эрбобоевга вазиятни тушунтирдим. Йўлга чиқмай туришни маслаҳат бердим. Ўзим эса, иложи борича дўхтирлар билан гаплашиш иложини ахтардим.
Шу пайт Абдулла Зуҳур қўнғироқ қилди.
— Искандар, шу вазиятда Эшмуҳаммад акани беморхонадан чиқариб бўлмайди, мен Бош врач билан боғландим, иложи бўлса, уни ўша ерда қолдиринглар…
Абдулла ака узоқ гапирди. Овозида изтироб, хавотир, ижодкор акаси, биродари жонига ачиниш – бари-бариси қоришиб кетганди. Тўғри ва жўяли маслаҳатлар берарди.
— Ахир, ўзларингиз ўйлаб кўринглар, Колхозободгача қанча йўл. Аканинг ҳолати оғир бўлса, қандай бўлади?..
Мен Абдулла аканинг овозидан ҳозир қанот чиқарса-ю, Душанбега учишни жуда-жуда истаётганлигини ҳис қилдим.
Дўхтир билан яқин қирқ дақиқалик суҳбатимиз давомида Абдулла ака бир неча марта қўнғироқ қилди. Шифокор билан ўзи узоқ суҳбатлашди. Ҳожи Ҳасан Эрбобоев ҳам биз билан боғланиб турди.
Лекин… Афсус… Аср номози пайтида сал-пал ҳушида бўлган Эшмуҳаммад ака шомдан сўнг ҳушдан кетиб, кома ҳолатига тушиб қолди.
Биз дўхтирлар ҳузуридан чиқиб, Абдулло билан иложсизликдан нима қилишни билмай, Эшмуҳаммад аканинг жигарбандлари ёнида қолдик.
Кечаси соат ўнларга яқин Эшмуҳаммад ака ва яқинларини Колхозободга кузатиб, маҳзун ҳолатда уйга қайтдик…
Кейинги уч кун давомида ҳамиша Эшмуҳаммад аканинг ёнида бўлган ҳожи Ҳасан Эрбобоев билан боғланиб турдим. Аҳволи сал яхшиланганлигини эшитиб, қувониб кетдим…
Аммо… Парвардигорнинг ўлчаб бергани бор экан. Жума куни кечаси соат учда совуқ хабар келди…
Эшмуҳаммад Донохонов саодатли умр кечирди. У кишининг умр мазмуни ёзиб қолдирган ўлмас асарлари, солиҳ ва солиҳа фарзандлари, бир-биридан қувноқ бир этак неваралари, устозлари, шогирдлари ва ижодкор дўстларида мужассам. Яхши инсонларнинг дўсти кўп бўлади. Эшмуҳаммад ака ана шундай фозил киши эди. Шогирдларидаги садоқат у кишининг ўзидан ўтганлигига яна бир марта амин бўламан. Энг яхши инсоний фазилатлар соҳиби бўлган ижодкор учун садоқатли шогирдлари кўп бўлганлигининг ўзи – бахт.
«Янги турмуш» қишлоғи қабристонида акани охират манзилига қўяётган пайтда туйқус шу фикрлар бошимда чарх урди: кимнинг ким эканлиги оғир, синовли дамларда билинади. Эшмуҳаммад ака хасталаниб қолганлигида, у киши ижодкор дўстлари, шогирдлари учун на қадар қадрли эканлигини чин юрагимдан ҳис этдим. Узоқ Машҳаддан туриб Абдулла Зуҳур куюнса, олис Прагада Садриддин Ашур изтироб чекарди. Улар бугунги оғир шароитда устоз ва оиласини ёлғизлатиб қўймай, ҳам моддий ва ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаганликлари биродарлари, ижодкор дўстлари Эшмуҳаммад Донохоновга бўлган беқиёс меҳр, оташин муҳаббат туфайли эканлиги – аниқ. Ҳожи Ҳасан Эрбобоев эса, шу қийин паллада аканинг оиласи, фарзандларига елкадош бўлди. Уларга қайғудошлик қилиб, биродари умрининг охирги лаҳзасигача ёнида бўлди. Эшмуҳаммад аканинг кўплаб шогирдлари акаларига қайғургандек изтироб чекишди, иложи имкони борича у кишининг дардини олишга интилишди. Аканинг дўстлари у кишининг қанотлари эди. Зеро, Эшмуҳаммад ака буюк қалб соҳиби эди, умри азизи давомида дўстларининг қаноти бўлиб келганди. У киши ҳаётида камтаринликни пеша айлаб, атрофдагиларга беғараз ёрдам қўлини чўзишга интиларди. Шогирдларни қўллаб-қувватлаш эса, акага одат тусига кирганди. Айниқса, ёш қаламкашларга беҳад ғамхўрлик зоҳир этарди.
— Дарахт нақадар улкан эканлиги у тик турган пайтда унчалик сезилмайди, — дейди Эшмуҳаммад Донохоновнинг яқин дўстларидан бири, маҳоратли ижодкор ҳожи Жума Жабборов. – Йиқилган пайтида эса, унинг ҳашамати баралла сезилади. Эшмуҳаммад – Тожикистон ўзбек адабиётининг улкан чинори эди. Вафотидан сўнг унинг буюклиги, салобати ва ҳақиқий инсон бўлиб яшаб ўтганлиги янада ёрқинроқ кўзга ташланди, юракларда ҳис этилди.
«Совет Тожикистони» («Халқ овози») газетасининг собиқ масъул котиби, фахрий журналист, таниқли ёзувчи Восит Муҳаммедовнинг ибораси билан айтганда: «Эшмуҳаммад Донохонов шогирдлари ва мухлислари учун отадек улуғ сиймо эди».
Қабристон… Сукунат манзили… Жим-житлик олами… Инсон зотининг охират уйи… Бу манзилда янги қабр пайдо бўлди. Ёзувчи Эшмуҳаммад Донохонов саодатли ҳаёт йўлининг сўнгги бекати…
…Қабристонда зимдан Ҳасан ака Эрбобоевни кузатдим. Атрофга маъносиз боқарди. Биродарини қўлдан бой бериб қўйганлигига ҳалиям ишонмаётганлиги сўлғин нигоҳларидан сезиларди. Четроқда турган ҳожи аканинг елкалари чўккандек кўринди кўзимга. Шундан биродаридан жудолик қайғусининг залвори нақадар оғир эканлигини ҳис этдим…
Акани охират манзилига қўйиб, қабристондан чиқаётганимда, қаршимдан Эшмуҳаммад аканинг болалик дўсти Тошмуҳаммад Зулфалиев чиқди.
Гап-сўзсиз бир-биримизни бағримизга босдик.
— Болалик дўстимдан ажралиб қолдим, укам! – мени бағрига босган Тошмуҳаммад ака унсиз йиғларди.
— Аллоҳ барчамизга сабру бардош берсин, жумладан, сизга ҳам. Аканинг охират сафари бахайр бўлсин, гўрлари нурли, жойлари жаннат бўлсин…
Бир-биримизга тасалли бериб, хайрлашдик. Мен Эшмуҳаммад ака Донохоновнинг болалик дўсти Тошмуҳаммад Зулфалиевнинг эгилган қоматига тикилиб, бошимда бир фикр тинмай чарх урарди:
— «Дўғдонада бир тош — «мошин» етим қолди!..»
Искандар МАҲМАДАЛИЕВ,
«Халқ овози» газетаси масъул котиби.
Душанбе шаҳри.
2020 йил 18 сентябр.
Тожикистон Республикаси.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ