Исмат Хушев: Умрлар бўладики, ўлигида тирикдир (Қурбон Эшмат хотирасига)
Умрлар бўладики, ўлигида тирикдир…
(Қурбон Эшмат хотирасига)
Оммағонда туғилган Қурбон Эшмат вафот этгани ёлғон. У ҳеч қачон ўлмайди. Ўлиши мумкин эмас унинг…
Хайҳот, илк бор ингради кўнглим,
Бир баргдайин титрадим, толдим.
Мен дўстимдан айрилдим бугун,
Тирик туриб, айрилиб қолдим…
(Абдулла Орипов)
Суратда: Таниқли ўзбек журналисти Қурбон Эшмат (орқа планда) ҳамкасб дўстлари Аҳрор Аҳмедов (чапда) ва Исмат Хушев (ўнгда) билан дам олишда…
1.
Қурбон Эшмат вафотини эшитганимда, юрагимда бир оғриқ турди.
Бир оғриқки, мана неча ойки, ҳануз мени тарк этгани йўқ.
У ҳали вери ўладиган йигит эмас эди.
Умуман, унинг эрта бир кун кутилмаганда вафот этиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмасдим. У ҳали яшаши керак эди.
У ҳеч қачон ўлмайдиган, ўлиши мумкин бўлмаган содда ва самимий, тоза ва оқкўнгил – бир сўз билан айтганда – ҳаммамиз учун суюкли, соғинчли ва афсонавий инсон эди.
Сал кўрмасак – дилкаш суҳбатини қўмсаб, шодон кулгусини соғиниб қолардик…
2.
Қурбон Қашқадарёнинг олис бир қишлоғидан пойтахтга келиб, мана ман деган тошкентлик мулозимларни ҳам ўзига мафтун эта олган нодир табиатли йигит эди.
Бош вазир ўринбосари Алишер Азизхўжаев унинг адабини бериб қўйиш учун ҳузурига чақириб, кутилмаганда у билан яқин дўст бўлиб қолган. Давлат Матбуот Қўмитаси раиси – Ўзбекистоннинг қудратли матбуот вазири Рустам Шоғуломов билан ҳам у худди ака укадек қадрдон эди.
Устозларимиз Аҳмаджон Мелибоев, Сафар Остонов, Жаббор Раззоқов, Абдусаид Кўчимов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аббос Усмонов, Ўткир Рахмат, Фатхиддин Муҳиддиновлар билан ҳам – биз ҳавас қиладиган даражада яқин ва иноқ, ишончли муносабатда эди.
Дўстлари бир дунё – медицина фанлари доктори, профессор Комилжон Йўлдошев, Ички Ишлар тизими полковниги Алижон Муродов, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Жовли Хушбоқ, Анвар Абдувалиев, Қулман Очил, Темур Абдурахмонов, Бахтиёр Асадов, Аҳадулла Остонов, Бахтиёр Соатов, Норқобил Жалил, Азамат Суюнов, Чори Латипов, Салим Ашур, Қўчқор Норқобил, Хусан Эрматов, Сирожиддин Рауф, Ислом Ҳамро, Фарҳод Рўзиев, Рустам Кўчаров, Аҳрор Аҳмедов, Рўзимбой Хасан, Абдурасул Жумақулов, Ибодулла Раҳматов, Барот Ражабов, Мавлон Турсунов, Холиёр Соатов, Жаббор Бердиев, Тонготар полвон…
Рахматли бўлиб кетган азиз инсонлари Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Зайниддин Мамадалиев, Сувонқул Рустамовларни тез тез эслаб турар, уларнинг жуда эрта ва бевақт вафотидан қайғуриб, кўп изтироб чекарди.
Не тонг ва ё не кулфатки, биз бугун Қурбоннинг ўзини ҳам энди “Раҳматли” деб айтишга мажбурмиз.
Тилимиз айланмайди, қийналамиз, лекин мажбурмиз…
Ҳаёт шундай бешафқат экан…
3.
Бугун Ўзбекистонда Қурбонни танимаган ва билмаган арбоб ва мулозимлар, зиёли ва ҳокимлар деярли йўқ эди десам, муболаға бўлмаса керак.
У Ўзбекистон элитаси орасида ҳам жуда машҳур эди. Маданият ва санъат, адабиёт ва ижод, илм фан ва журналистика соҳасида ҳам ўз ўрнига эга бўлган таниқли шахс эди десам, ишонинг.
Унинг қувноқ давраларда: “Қани, отагинам, олдик бўлмаса. Бу ўлар дунёда биздан яна нима қолади?!” деб ҳайқирган содда ва самимий қадаҳ сўзлари қулоқларим остида ҳануз жаранглаб туради.
Рустам ака, Сафар ака, Жаббор ака, Норқобил-у, Абдурасуллардан кўп яхшилик кўрганман, лекин уларга ҳали яхшилик қилолмадим жўра, деб кўп айтарди…
Қурбон бировга ёмонлик қилишни ва бировдан заррача бўлса ҳам хафа бўлишни билмайдиган кўнгли тоза, ўзи тоза, сўзи тоза, юзи тоза йигит эди…
4.
Уни биз аксар ҳолларда Эшматенко деб чақирар эдик.
Унинг бу тахаллуси борлигини билмаганларга билдириб қўймоқчиман.
Совет Армияси сафига хизматга чақирилган Қурбон дўстимиз бир гуруҳ ўзбек, қирғиз ва тожикларни уриб сўкиб ишлатаётган беш олти нафар чеченларнинг қўлига тушиб қолади.
Ротада рус, украин ва белоруслар ҳам бўлиб, лекин ҳеч ким уларга қарши зўравонлик қилолмасди. Боз устига рота командири бўлган полковник Лешшенко – украин миллатига мансуб эди.
Ҳар кун кечқурун “отбой”дан кейин ротадаги энг оғир ишларни қилишга мажбурланаётган Ўрта Осиёликлар қаторига бу гал Қурбонни ҳам қўшиб қўйишади. Лекин дўстимиз бу оғир ишларни қилишдан бош тортади. Уни “жазолаш” учун қўл оёғидан судраб чеченлар мафияси бошлиғи ҳузурига олиб боришади.
“Отинг ким?” деб сўрайди муштумзўр чеченлар бошлиғи. “Коля” яъни “Николай” деб жавоб беради дўстимиз. “Фамилиянг-чи?” деб сўрайди яна ҳайрати ошган атаман. “Эшматенко!” деб жавоб беради Қурбон пинагини бузмай, бамайлихотир.
Ундан узр сўраб қўйиб юборишади.
Шу шу ротада уни ҳамма “Эшматенко!” деб чақирадиган бўлади…
5.
Қурбон бизга бу воқеани ҳикоя қилиб берганида Анвар Абдувалиев, Аҳрор Аҳмедов ва мен Қашқадарёда “ижодий” сафарда эдик.
Аниқроғи – мен дўстларимни “Бир дам олиб келасизлар!” деб Китобга олиб кетган эдим. Шаҳрисабздаги “Заготзерно”да директори бўлиб ишлаётган қайнотам дўстларимни “Бир пиёла чой”га таклиф қиладилар.
Даврада “Китоб” мармар заводи директори Мелик Бурҳонов, “Қишлиқ” совхози директори Зариф Бурҳонов, Китоб район ҳокими Абдурахмон Ашуровлар ҳам бор эди.
Ўшанда Қурбон ўзининг армияда қандай қилиб “Эшматенко” бўлиб қолганини айтиб берганида даврадагиларнинг кула кула кўзлари ёшланганлари ҳали ҳануз эсимда.
У давраларга жон киритишга жуда моҳир, воқеа ва ҳодисаларни ҳикоя қилишга жуда уста, гапга чечан, тили бурро, улфатижон йигит эди…
6.
Китобда бир оқшом қолиб, эртаси куни Шаҳрисабзнинг – Қурбон туғилиб ўсган “Оммағон” қишлоғига бордик.
Бу қишлоқ – тоғлар бағрида, она табиатнинг энг сўлим гўшасида жойлашган жаннатга ўхшайди. Қишлоқдаги катта кичик – Қурбонни худди ўз акаси ё укасидай яхши кўришини, ҳурмат қилишини ўшанда кўрдик.
“Оммағон”га борган кунимиз шу қишлоқлик яна бир таниқли инсон Фарҳод Рўзиевнинг хонадонида тўй бўлаётган экан. Ўшанда Фарҳод – Президент девонида ишлармиди ёки Ўзбекистон телерадиокомпанияси раҳбарларидан бири эдими, ҳозир аниқ эсимда йўқ.
Ҳар қалай у ўшанда Ўзбекистонда таниқли амалдор эди.
Тўйда менга ҳам сўз берилди. Шеър ўқиб, чиройли табрик айтдим. Фарҳоднинг отаси даврага чиқиб, менга чопон ёпгани ёдимда. Худди шундай мен билан бирга борган бошқа дўстларимизга ҳам чопон кийдирилди, дўппи совға қилинди, белимизга белбоғ бойланди.
То тонггача тўй давом этди. То тонггача биз – Тошкентдан борган тўрт журналист, тўрт оға ини Оммағон тўйлари қанақа бўлишини кўриб, бир олам завқ шавқ билан хонадоннинг энг азиз меҳмони бўлдик.
Тўйда энг асосий диққат эътибор – Қурбонга ва унинг Тошкентдан ташриф буюрган дўстларига қаратилди.
Биз ўшанда Қурбондай дўстимиз борлигидан, у оммағонлик эканидан қалбимизда ажиб бир фахр ва ифтихор туйганимиз ҳам бор гап…
7.
Тошкентда ҳам биз тўртовлон тез тез учрашиб, кўришиб турардик.
Кўпинча якшанба кунлари Қурбоннинг Чилонзордаги “Доми”га боришни одат қилгандик.
Мен ҳар гал “Фархадский” атрофидаги бозорчадан тўрт дона иссиқ нон ва чим чим олишни яхши кўрардим. Шу одатимни сира канда қилмасдим. Чунки Қурбоннинг уйида ичимлик ва гўшт доим бор эди, қишлоқдан келиб турарди, буни яхши билардик.
Лекин нон ҳеч қачон бўлмасди. Уйида одам жуда кўп эди.
Ўзининг олтита боласидан ташқари икки хоналик шу мўъжаз “Дом”да Тошкентга келган барча оммағонликлар “ижрада” турарди десак, муболаға бўлмаса керак.
Кейинчалик Қурбон шу подъезддан яна икки хонали квартирани сотиб олади. Лекин барибир бу квартира ҳам унинг бир вагон болалари ва оммағондан келадиган сон-саноқсиз “квартирантлари” учун торлик қиларди…
Биз ҳар якшанба эрталаб “Дом”га борганда олтинчи қаватдаги Қурбоннинг эшиги олдида ўнлаб сон саноқсиз оёқ кийимлари қаторлашиб турар, биз то меҳмонхонага кириб, ўз доимий ўрнимизга ўрнашиб олгунча Қурбон “Рота, подём!” деб, болалари ва қишлоқдан келганларни уйғотиб, то биз ўтиб кетгунча узун коридорда йўл очиб турар эди.
Бугун бу гаплар ким учундир эҳтимол эриш ва ҳазил туюлар. Лекин аслида ҳам бор гап шу: Қурбоннинг уйи ҳамиша одамлар билан, оммағонликлар билан гавжум бўларди…
8.
Қурбон одамгарчилик ва меҳр оқибатда беназир инсон эди.
Ҳеч кими йўқ, ночор ва ҳимоясиз инсонларга ҳамиша ёрдам қўлини чўзар, уларнинг оғирини енгил қилишга уринар эди.
У журналист сифатида умр бўйи қийналган ва ноҳақликка учраганларни – бева бечора ва етим есирларни ҳимоя қилиб келди. Лекин реал ҳаётда баъзан ўзи ҳимоясиз ва меҳрга зор қолди.
У китоблари чоп этилишини орзу қилиб яшади. Лекин тириклигида ўз асарини кўриш ва қувониш бахти унга насиб этмади.
Баъзи саховатпеша, иймон эътиқодли инсонлар ёрдами билан вафотидан кейин унинг янги асари дунё юзини кўрганини менга айтишди.
Хусусан, “Ҳуррият” газетаси Бош муҳаррири Абдурасул Жумақуловга минг рахмат…
9.
Қурбон – меҳр оқибатли, қўли очиқ, сахий ва бағри кенг йигит эди.
Пули бўлмаса – пул сўрар, пули бўлса – пул берарди.
Мен уни ҳеч қачон асабий ва жаҳли чиққан ҳолда кўрмаганман. Уни биров билан уришган ва ё ёқалашганини ҳам эслолмайман.
Ҳамма билан одоб ва ахлоқ доирасида суҳбатлашар ва айнан шу – юксак одоби ва хушмуомиласи билан одамларни ўзига мафтун эта оладиган ноёб фазилатга эга эди.
У доим хушчақчақ, руҳи тетик, қўли очиқ, улфатижон йигит эди. Давраларнинг – гули эди. Йигитларнинг – зўри эди.
Биз у билан оилавий яқин эдик. Қайнонам вафот этганида оиласи Мавлуда билан Китобга – Наргизларникига келиб, таъзия билдирган эди. Унинг 92 яшар онаси вафот этганида биз ҳам Наргиз билан Оммағонга бориб, кўнгил сўраган эдик…
Олтмиш йиллик юбилейимни Канададан Ўзбекистонга бориб, Китобдаги “Минг чинор” ресторанида нишонлайдиган бўлдик. “Бизга нима хизмат, жўра?” деб сўради бир кун. “Сиз Тошкентдаги барча улфатларни йиғиб, Китобга олиб борасиз ва даврага раҳбарлик қиласиз”, дедим.
“Хўп, жўра, бажараман!” деди ҳарбийларга хос “честь” бериб.
Айтганимдай ҳаммани йиғиб борди ва даврага раҳбарлик қилди. Даврани шундай олиб бордики, мени Ўзбекистондаги энг машҳур ва таниқли журналистга чиқариб қўйди.
Ушбу хотираларни ёзишдан олдин Канаданинг қорли ва қировли оқшомида Қурбон дўстим раислик қилган ўша юбилей видеолавҳаларини томошо қилиб, юрагим эзилди.
Йиғладим….
10.
Қурбон кўп болали оилада туғилиб ўсган.
Онаси – Тошмуқум момо 1906 йилда туғилган бўлиб, халқ оғзаки достонлари ва термаларини яхши билар ва болаларига тез тез айтиб берарди. Қурбоннинг ҳам қалбида адабиётга, ижодга бўлган ҳавас – онасининг достон ва эртаклари боис туғилган бўлса, не ажаб.
Отаси – Алиқул ака иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. 1946 йил урушдан қайтиб, ўттиз йил умр кўради. 1975 йилда вафот этади.
1998 йил – урилиб, сурилиб, қамалиб чиқиб, қирққа тўлганимда фалак гардиши билан яна Бош муҳаррир этиб тайинландим. Ана шунда Қурбон мени яна Оммағонга таклиф этди. “Онамнинг дуосини олиб келамиз, кейин урилмай сурилмай узоқ ишлайсан, жўра!” деб айтди.
Шанба, якшанбани мўлжаллаб, яна Шаҳрисабзга жўнадик.
Машинада кетарканмиз, Самарқанднинг Тахтиқорача довонидан ўтгач, Ҳисор тоғ тизмалари бўйлаб секин аста Китобга пастлай бошладик. “Минг чинор”га етаверишдаги “Роҳат булоқ” номли зилол чашма олдида тўхтадик. Муздек тоза тоғ сувидан ҳовучлаб ичаркан, Қурбон беихтиёр юрагини ёрди: “Жўра, сан уч марта қамалиб, мана учинчи марта яна Бош муҳаррир бўлдинг. Бунинг йўлини менга ҳам ўргат. Мен ҳеч бўлмаса бир мартагина шу дунёда Бош муҳаррир бўлай. Ёки бунинг учун мен ҳам қамалишим керакми?” деб сўраб қолди…
У ҳеч кимнинг хаёлига келмаган гап ва мавзуларни ўйлаб топишга, теша тегмаган саволлар беришга жуда уста, сиёсатнинг нозик томонларини ҳам яхши тушунадиган донишманд йигит эди…
Бир кеча Китобда – бизникида меҳмон бўлиб, эртасига Қурбонникига бордик. Онаси Тошмуқум момо бизларни одатдагидек илиқ кутиб олди. Тоққа қараб, “Бошинг тошдан бўлсин, болам. Сенга қасд қилганлар – паст бўлсин!” деб узоқ дуо қилди.
Сўнг акалари келиб, етилган бир қўйни сўйиб, қон чиқаришди…
11.
Дарвоқе, Қурбоннинг акалари ва туғилиб ўсган оиласи ҳақида.
Улар ота онадан беш фарзанд бўлишган. Бир опаси ва акаси ёшлигида вафот этган.
Ҳозир етмишларни қоралаб қолган Йўлдош ва Бухор исмли акалари бор.
“Онам юзга киради, жўра. Мен ҳам юзга кирсам керак!” дерди Қурбон.
Қурбоннинг онаси Тошмуқум момо 1999 йил – 93 ёшида дунёдан ўтди.
Ўзи ҳатто онасининг ўша 93 ёшига ҳам етмади. 63 да – жуда эрта вафот этди…
Мен унинг бу ҳаётдан жуда тез кетганидан қайғураман, эзиламан, хафа бўламан.
Номард табиатнинг бу ноҳақлигидан юрагимда такрор ва такрор афсус ва надомат туяман…
12.
Ўтган йили Тошкентга борганимда Анвар ака, Аҳрор ва Қурбонлар билан яна “бир пиёла чой” баҳонасида учрашишга келишдик.
“Бодомзор” атрофидаги ошхонаси бор сўлим ҳовлиларнинг бирида кўришдик. Чорпоядаги – атлас кўрпачалар солиб, пар ёстиқлар тахлаб қўйилган жойни танладик. “Официантка” қизга буюртмаларни бериб, чорпояда ёнбошладик.
Атрофга сувлар сепилган, салқин ва сўлим ёз оқшоми эди. Худди Оммағонда ўтиргандай бўлдик.
Ана шу даврада Аҳрор айтиб қолди. Мен Канадага кўчиб кетганимдан кейин одатдагидек якшанба кунларида яна Қурбонникига боришганларида унинг оиласи Мавлудахон дастурхон ёза туриб, мени сўраб суриштириб, “Исмат ака барибир бошқача одам эдилар, салом айтинглар…” деб чиқиб кетади.
Буни тушунмаган дўстларимга Қурбон тушунтириб берган экан: Исмат ҳар келганида доим тўртта иссиқ нон олиб келарди. Чим чими билан. Хотин ана шунга ишора қиляпти, санлар доим қуруқ келасанлар…
Унинг бу содда ва самимий “тушунтириши”ни эшитиб, даврада шунақа кулги кўтарилдики, ҳозир эсласам, кўзларимга ёш қуйилиб келаверади…
13.
Қурбон Эшмат оиласи Мавлуда билан олти нафар фанзандни тарбиялаб вояга етказишди. Тўрт қиз , икки ўғил…
Арофат исмли қизини мен – Президентга яқин бўлиб, гуриллаб юрган пайтимдан фойдаланиб, ўқишга киришида ёрдамлашган эдим.
Ўзбекистон Олий таълим вазири, академик Саидаҳрор Ғуломов ҳузурига Қурбон билан бирга кириб, “Мана шу менинг энг яқин дўстим бўлади. Унинг қизини мана шу даргоҳга ўқишга киритишимиз керак!” деб дадил айтганман.
Мени яхши билган ва ҳурмат қилган Саидаҳрор Саидаҳмедович ўша заҳотиёқ керакли жойга телефон қилиб, керакли топшириқлар берган ва Қурбоннинг ўша қизи ўша заҳотиёқ ўша ўқишга қабул қилинган.
Давр шунақа эди. Қудратли министрнинг бир оғиз телефон қўнғироғи қонундан ҳам устун даврлар эди.
Орадан йиллар ўтди.
Тақдир экан, Қурбоннинг ўша Арофат исмли қизи ўқишини битириб, турмушга чиқади.
Каттакон ҳаётга йўлланма олган бахтли, саодатли иқбол унга ёр бўлган муборак бир пайтда, фарзанд кўриш арафасида туғруқхонада фожеа рўй беради.
2012 йилнинг 9 февраль куни Қурбоннинг суюкли қизи Арофат бу ёруғ дунёни тарк этади.
Ҳомиладор қизининг кўзи ёриши Қурбон учун қанчалар қувонч келтирса, унинг операция столида кутилмаган ўлими дўстимни адойи тамом қилди.
У шу ўлган қизини бошқача меҳр билан яхши кўрарди.
Ва эрта бир кун мен ҳам ўлсам, шу қизимнинг ёнига қўясан деб оиласи Мавлудага айтган экан…
14.
Суюкли қизи Арофатдан ёдгорлик бўлиб қолган қизалоққа Гавҳар деб исм қўйишди.
Арофатнинг ўлимидан уч йил ўтиб, Қурбоннинг ўзи бош қош бўлиб, куёвини – қайнсинглисининг қизига уйлантириб қўяди.
Қурбон тўйдан аввал қизи дафн этилган қабристонга бориб, ундан розилик сўрайди.
Кейин эшитса куёви ҳам бир кун аввал суюкли ёри қабри бошига бориб розилик сўраган экан.
Ҳозир ана шу куёвининг Эъзоза деган қиз фарзанди опаси Гавҳар билан бирга ўсиб улғаймоқда…
Улар оталарининг бошидан қандай мусибат ва айрилиқлар ўтганини ҳали билишмайди.
Илоҳим бахтли саодатли бўлишсин.
Онаси яшолмаган умрни ҳам Гавҳаройга қўшиб берган бўлсин Яратган Эгам…
15.
Қурбон ҳали вери ўладиган йигит эмас эди.
Редациядаги бир хил ҳаёт тарзидан зерикиб, ёзги таътилга чиққан дўстим Шахризасбзга бориб, тоғлар бағридаги она қишлоғи Оммағонда бир муддат дам олишни ният қилади.
Юқорида айтганимдек, Оммағонга кўп борганман. Бош муҳаррир бўлиб гуриллаб юрган пайтларимда шофёрим билан бир неча маротаба унинг қишлоғида меҳмон бўлиб, ҳатто онасининг тўқсон йиллик тўйларида ҳам иштирок этган эдим.
Кўпинча Тошкентдан Қашқадарёга менинг хизмат машинамда Қурбон билан бирга кетардик. У йўлма йўл шофёримга раҳбарлик қилиб кетарди. Қандай қилиб хўжайиннинг кўнглини қолдирмай, шофёрлик қилиш “сир”ларини ҳайдовчимга айтиб, у билан бир пасда яхшигина тил топишиб оларди.
Қурбон дўстимнинг тўқсонга кирган мушфиқ онаизори дуосини олиб, қўлидан заррин чопон кийган бахтли инсонман…
“Қурбон ҳали вери ўладиган йигит эмас эди” дедим юқорида.
Отпускага чиқиб, Шахрисабзга борган дўстимни – юраги оғриётганини айтганидан сўнг, тезда касалхонага ётқизишади. “Ковуд 19” номли лаънати коронавирусга тест олмай туриб, сўраб суриштирмай, осма укол билан даволай бошлашади. Сўнг аҳволи оғирлашгач, Қаршига кўчиришади.
Шошилинч кўрилган барча саъйи ҳаракатларга қарамай, Қурбон вафот этади.
Уни ўз она қишлоғи Оммағонга олиб кетмоқчи бўлишади.
Лекин васиятини эслаб, уни Тошкентга – ўша суюкли қизи ётган қабристонда, унинг шундоққина ёнгинасида дафн этишади…
16.
Эшматовнинг икки ўғли бор: каттаси – Масрур, кичиги – Муҳиддин.
Масрур – “Микрокредитбанк”да ички аудит департаменти директори, кенжаси – Халқ банки Тошкент шаҳар филиалида ишлайди. Айни пайтда олий ўқув юрти талабаси. Ҳали уйланмаган.
Жуда эрта вафот этган Аросатдан бошқа қизлари уйли жойли бўлиб кетишган.
Қурбон фарзандларини журналистиканинг қаттиқ ва зоғора нони билан ўсиб улғайтирди, ўқитди.
Бугун уларга, Мавлудага – Қурбонсиз жуда оғир ва аламли эканини яхши биламан. Лекин на чора, ўлим ҳақ. Ҳаёт эса давом этаверади.
Улар Қурбон билан ҳақли равишда фахрлансалар арзийди.
Уларнинг оталаридай ажойиб ва ғаройиб, ҳеч кимга ўхшамайдиган, тоза ва бегидир инсон бу дунёда, минг афсуски, жуда кам экан…
17.
Канададан ҳар гал Ўзбекистонга борсам, азиз устозларим Муҳаммад Раҳмон ва Маҳмуд Сатторовлар қабрини зиёрат қилардим.
Кейин уларнинг қаторига Абдулла Орипов ва Ҳалима Худойбердиевалар ҳам қўшилди.
Мана энди азиз ва бебаҳо дўстим Қурбон Эшматовнинг ҳам қабрига боришим керак.
Инсон мана шундай қилиб секин аста ўзи ҳам ўша қабристонларда абадул абад қолиб кетаркан…
Зотан, Абдулла Орипов айтганидек:
Менинг ер устида танишларим кам
Менинг ер остида дўстларим кўпроқ…
Бугун не тонг ва ё не кулфатки, менинг ҳам ер устидаги танишларим камайиб, ер остидаги дўстларим кўпайиб кетди…
Исмат Хушев
“Дунё ўзбеклари” Бош муҳаррири,
12 январь, 2021 йил, Торонто шаҳри, Канада…
“Дунё ўзбеклари” редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ
Мароқ билан ўқидим! Қурбоннинг охирати обод бўлсин!
Жуда яхши эсдалик асар. Марок билан укидим.