"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Қудратилла Рафиқов: Аёл бахти жамиятнинг бахтидир

Бош мақола, Муносабат, Муҳаррир танлови | 07/09/2020 00:23-     11232 марта ўқилди

Аёл бахти жамиятнинг бахтидир

Аёл – авваламбор, она, оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг фариштаси, жамият устуни, ҳаётимиз файзи.

Бу шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас.

Биз аёлни қанчалик улуғласак, унга қанчалик ғамхўрлик қилсак, миллат, давлат, эртанги кун ва келажак авлодга шунчалик ғамхўрлик қилган бўламиз.

Шу боис, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бугунги куннинг долзарб масаласига айланган. Жамиятимизнинг ривожи, нурли истиқболи учун жисмонан, маънан, руҳан кучли аёллар – оналар керак. Зеро, шахсни она яратади, фарзанднинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари она тарбияси билан шаклланади!

Мафкуравий урушлар, маънавиятга таҳдид­лар кучайиб бораётган бугунги кунда жамиятни асрашни оилалардан бошлаш кераклиги ойдинлашиб бормоқда. Шу жиҳатдан, оналаримиз ва аёлларимизни Ватан, миллат ҳимоячилари, десак адашмаган бўламиз. Ҳаё­тидан рози, келажакка умид кўзи билан қараёт­ган аёлларгина Ватанига садоқатли, меҳнаткаш, фидойи фарзандларни тарбия­лай олади.

Ҳеч кимга сир эмас, оиладаги муаммолар юки, асосан, уй бекасининг нозик елкасига тушади. Эр ишсиз, оилада етишмовчилик бўлса, биринчи нав­батда, аёл қийналади. Ота ишда бўлса ҳам болалар тарбия­­си билан она шуғулланади. Боласини боғчага жойлаштира олмаса, мактабдаги таълим-тарбия сифатсиз бўлса, онанинг ташвишига яна бир ташвиш қўшилади. Сув, газ, электр таъминоти яхши бўлмаса, яна қийналадиган – аёл!

Афсуски, узоқ йиллар хотин-қизларнинг қадр-қимматини жойига қўяолмадик, уларнинг жамиятдаги ўрнини ҳис этмадик. Мамлакатимизда, айниқса, қиш­лоқ жойларда яшаётган аксар аёлларимиз ўз муаммо ва ташвишлари билан ёлғиз қолганини, ҳаётнинг моддий ва маънавий қийинчиликлари остида эзилиб кетганини билиб билмасликка, кўриб кўрмасликка олдик. Яширишнинг ҳожати йўқ, мамлакатимизда ишсиз, доимий даромадга эга бўлмаган хотин-қизларнинг дардини эшитиш учун шу чоққача ҳеч ким уларнинг эшигини тақиллатиб келган эмас.

Давлатимиз раҳбарининг ана шу воқеликка теран назар солиб: «Шундай оилалар борки, уйида ўтиришга гилами йўқ, дори-дармон олишга пули йўқ, йиғлашга кўзида ёши йўқ. Бундай шароитда яшаётган аёлларнинг аҳволини ким тасаввур этади? Биз бу йил хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янги босқичга кўтарамиз», деган ташаб­буси бу борадаги барча стереотиплар, қарашлар, ёндашувларга кескин ўзгартириш киритди.

Айнан Президентимизнинг топшириғи билан ташкил этилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш бўйича республика ишчи гуруҳи фаолияти орқали хотин-қизларимизнинг кўпгина муаммолари ўз ечимини топмоқда.

Мазкур ишчи гуруҳ ўз фаолиятини илгариги турли ўхшаш гуруҳлар, комиссиялар, мониторинг, кузатув, назорат жамоаларининг тартиб-тамойилларидан фарқли равишда бевосита ҳаёт реалликларидан келиб чиқиб иш тутишга қаратди.

Бош масала – ишсизлик!

Биз ўзимиз учун биринчи масала сифатида жойларда хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасида ижро механизмини ишлаб чиқишни белгилаб олдик.

Ишчи гуруҳ аъзолари етти ой давомида Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳаллада уйма-уй юриб, муаммоларни аниқлади. Дастлаб ҳар бир ҳудуддан битта туман намуна сифатида олиниб, хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида аниқ манзилли ва муддатли чора-тадбирлар белгилаб олинди ҳамда бу таж­риба ҳар бир туман ва маҳалла кесимида амалга оширилди.

Қийин аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар билан юзма-юз мулоқотлар чоғида уларнинг 200 мингдан ортиқ муаммоси рўйхатга олинди.

Ўрганишлар якуни бўйича барча вилоятларнинг туман ва шаҳарлари кесимида 7 йўналишдаги чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилди, сектор раҳбарлари томонидан имзоланди ҳамда вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раислари томонидан тасдиқланди ва ижрога йўналтирилди.

Таҳлиллар, энг аввало, оиланинг моддий аҳволи кўп нарсани белгилашини кўрсатмоқда. Дарҳақиқат, бош масала — ишсизлик! Ишчи гуруҳ жойларда аёлларнинг иш билан таъминланиш даражаси ва бу кўрсаткичларни яхшилаш истиқболларини таҳлил қилди. Нафсиламб­рини айтганда, менга иш беринг, мен тадбиркорлик қила оламан, менинг ҳунарим бор, озгина оёққа туришимга кўмак керак, дейдиган хотин-қизларга таъзим қилиш керак.

Негаки, улар жамиятдан кўр-кўрона таъма қилмаяпти, улар бутун оғирлигини давлат зиммасига ортиб қўймоқчи ҳам эмас, қолаверса, жамият боқимандаликдан халос бўла бошлаганининг далили ҳам шу. Шу маънода, ҳар бир ҳудудда бўш турган, ишлаб кетишига банк кредити, ҳокимлик мадади, бошқа яна қайсидир маъмурий тузилманинг бир имдоди етмай турган кўплаб ишлаб чиқариш нуқталари чуқур ўрганилди.

Биласизми, баъзида маҳаллий ҳокимликларнинг бир оғиз сўзига маҳтал бўлиб иш бошлай олмай юрганларни кўриб ачиниб кетасан киши.
Ишчи гуруҳ айни мана шундай объектларни ишга тушириш борасида ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш йўлини тутди. Мана, натижалар…

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида «Касаба ҳамкор» тўқимачилик корхонасининг бизнес лойиҳасини амалга ошириш натижасида ҳар бир сменада 300 нафардан, жами 2 сменада 600 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Мазкур мақсадлар учун 1 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманидаги «Юқориқишлоқ» маҳалласида Хотин-қизларнинг ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил этилди. Бунинг учун 1 та трактор ажратилди, қудуқ, замонавий дала шийпони қуриб берилди. Натижада 40 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Ушбу ишлар учун 700 миллион сўм сарфланди.

Қорақалпоғис­тон Республикасининг Бўзатов туманида «Дока нон» цехи, Шуманай туманида «Шоманай Шаменай» ва «Ишбилармон хотин-қиз» масъулияти чекланган жамиятлари ташкил этилди. Натижада 55 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланди. Шунингдек, Мўйноқ туманида замонавий иссиқхона қурилиб, 110 та оиланинг уй шароитида бандлиги таъминланди. Ушбу мақсадлар учун 1 миллиард 400 миллион сўм маблағ йўналтирилди.

Навоий вилояти Навбаҳор тумани «Кўҳрон» маҳалласида «Имаха касаба гранд АРТ» чинни буюмлар цехи бизнес лойиҳаси орқали ижтимоий ёрдамга муҳтож 100 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Мазкур бизнес лойиҳага 1 миллиард сўм маблағ сарфланди.

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида «Зиф текстиль» корхонасига 100 та ишлаб чиқариш дастгоҳи олиб берилди ва 300 та янги иш ўрни яратилди. Мазкур мақсадлар учун 1 миллиард 500 миллион сўм сарф этилди.

Эътиборли жиҳати, юқоридаги мақсадлар учун йўналтирилган маблағлар тадбиркорлар томонидан қарз сифатида олинди, яъни муайян вақт ўтгач, даромадлар эвазига бу маблағлар қайтарилади.

Реал ёрдамлар…

Юқоридаги ўрганишлар, қолаверса, ҳокимликлар билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида бугунги кунгача 117 минг 306 нафар аёлнинг бандлиги таъминланди. Шунда 94 минг 150 нафари бандлик дастурлари, 17 минг 628 нафари банк кредитлари, 5 минг 528 нафари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лойиҳалари асосида ишли бўлди.

Ишчи гуруҳ ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил охирига қадар республикамиз бўйича жами 149 минг нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланади.

Бевосита Президентимиз топшириғига кўра, ушбу йўналишдаги ишларни кучайтириш мақсадлари учун йўналтирган маблағлар ҳисобидан:

оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ночор, ўта муҳтож 74 нафар аёлнинг уй-жойи учун бошланғич тўлови қопланиб берилди;

яшаш шароити оғир, уй-жойи таъмирталаб, авария ҳолатидаги 446 нафар хотин-қизнинг уй-жойлари таъмирланди;

ижтимоий аҳволи оғир ва саломатлигини йўқотган, ногирон, муҳтож оилалардаги 3 минг 235 нафар хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди.

Натижада республика бўйича эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларнинг жами 3 минг 755 нафарига 15 миллиард 342 миллион сўмлик манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.

Тасаввур қилинг, буларнинг барчаси дунёда кечаётган пандемия даврида қудратли давлатларда ҳам иқтисодий танглик бўй кўрсатаётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Бу эса давлатимиз раҳбарининг аҳолининг ёрдамга муҳтож қатлами ҳаётини яхшилашга қаратаётган эътибори, юрт отаси сифатидаги масъулиятининг яққол ифодасидир.

Ҳар бир дастур ва уларнинг ижро механизми ҳар бир ҳудуднинг имкониятидан келиб чиққан ҳолда тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Ижро механизми борми?

Албатта, ишчи гуруҳ республика ҳудудларида биринчи давра ўрганишларни якунлади ва бу мамлакатдаги хотин-қизлар муаммолари бирваракайига ечим топди, дегани эмас.

Очиғини айтиш керакки, ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида бошлаган иш тартибида асосий бўғин сифатида ижро механизмини ҳам йўлга қў­йишни назарда тутган эди. Биз яқин йиллар тажрибаларидан қабул қилинган кўплаб дастурларнинг аксарияти назоратсиз, фақат қоғозлардагина қолиб кетганини ҳам яхши биламиз.

Шу нуқтаи назардан қабул қилинган ҳар бир ҳудудий дастурни туманнинг тўрт сектори раҳбари, вилоят раҳбари, ишчи гуруҳ раҳбари ва Олий Мажлис Сенати раиси томонидан тасдиқлатдик. Бу эса ўрганиб, чора кўриш учун белгилаб олинган ҳар бир масаланинг ўз эгаси борлиги ва масаланинг ечими тегишлича назоратда ушлаб турилишини таъминлайди.

Шундан келиб чиқиб, ишчи гуруҳнинг тезкор гуруҳлари ижро муддати келган ҳар бир масаланинг ҳал этилишини ўрганиб бориши ҳам йўлга қўйилди.

Республика ишчи гуруҳи дастурлар ижроси бўйича ҳар ойлик маълумотларни таҳлил қилмоқда ва улар бўйича юқори идораларга ахборот ҳам киритиб бормоқда. Жамоатчилик назорати шакли сифатида ушбу масалалар ижроси жойларда маҳаллий кенгашлар сессия­лари кун тартибига киритилиб борилиши ҳам йўлга қўйилди.

Ўйлаймизки, бу маҳаллий депутатлар масъулияти ва ватанпарварлигини намоён қилиши учун алоҳида имконият бўлади.

Шунингдек, бир қатор ҳудудларда масалалар ечими ҳокимлик соатларида кўриб борилаётгани ҳам таҳсинга лойиқ.

«Ишонч телефони» ишонч қозонмоқда!

Хотин-қизлар муаммолари билан тизимли шуғулланиш масаласи касаба уюшмалари Федерацияси зиммасига юкланиши баробарида Президентимиз топшириғи Касаба уюшмалари федерацияси қошида хотин-қизларнинг муаммолари бўйича тун-у кун ишлайдиган «1211» қисқа рақамли «Ишонч телефони» ташкил этилди ва юртимиздаги хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва уларни тизимли ҳал этишнинг янги механизмига айланди. «Ишонч телефони»га шу кунга қадар 34 220 та мурожаат келиб тушди.

Жами мурожаатларнинг 11 418 таси, яъни 33,4 фоизи вазирлик ва идораларга, 22 802 таси, яъни 66,6 фоизи ҳудудий ҳокимликлар ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига юборилган.

Ушбу мурожаатларнинг 11 257 таси ижтимоий масалаларни (32,9 фоиз) 6 636 таси уй-жой (19,4 фоиз), 3 700 таси карантин муносабати билан ёрдам кўрсатиш (10,8 фоиз), 3 307 таси бандлик (9,4 фоиз), 1 616 таси алимент ундириш (4,7 фоиз), 1 587 таси ҳуқуқий масалалар (4,6 фоиз), 1 451 таси оилавий муносабатлар (4,2 фоиз)га тегишли. Қолган мурожаатлар кредит, тадбиркорлик, коммунал хизмат, ер ажратиш ва бошқа йўналиш­ларга тааллуқлидир.

Шуниси эътиборга моликки, бугунги пандемия шароитида давлат у ёки бу тизим орқали ўз аҳолиси, айниқса, хотин-қизларнинг шикоят ва арзлари, муаммоларини эътибордан четда қолдираётгани йўқ. Эътиборли жиҳати, ушбу тармоққа туну кун мурожаатлар тинмайди. Улар орасида бугунги карантин шароитида оғир аҳволда қолганларнинг оддий маиший масалалари ҳам учрайди ва, табиийки, уларнинг бирортаси эътиборсиз қолаётгани йўқ.

Вилоятлар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, Тошкент шаҳри (5 064 та, 14,8 фоиз), Самарқанд (4 046 та, 11,8 фоиз), Қашқадарё (3 757 та, 11 фоиз) ва Тошкент (3 192 та, 9,3 фоиз) вилоятларидан мурожаатлар нисбатан кўпроқ келиб тушмоқда.

Ҳозиргача мурожаатларнинг қарийб 71 фоизи ҳал этилди, 29 фоизга яқини назоратга олинди.

Мазкур тизим мамлакатнинг олис қишлоқларидаги хотин-қизлар учун ҳам қулай эканини инобатга олиб, уни кенгроқ тарғиб қилиш мақсадга мувофиқ деб топилди ва Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон-24» телеканали орқали «Аёл рози бўлса…» кўрсатуви ташкил этилди. Унда «Ишонч телефони»га келиб тушаётган мурожаатларни ҳал этиш билан боғлиқ ишлар, хусусан, намунали ҳудудлар билан бирга масалага панжа орасидан қараётган раҳбарлар фаолияти таҳлил қилинмоқда.

Мисол учун, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Хаджибаев) аҳоли мурожаатларининг 48 фоизи, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ (Б.Эшмуротов) 12 фоизи, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Ҳусанов) 12 фоизи, Хоразм вилояти ҳокимлиги (Ф.Эрманов) 16 фоизи, Тошкент вилояти ҳокимлиги (Р.Холматов) 16 фоизини ўз вақтида ҳал этмагани бизни ташвишга солади. Бу борада изчил назорат йўлга қўйилмоқда.

Мухтасар айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг: «Ҳар биримиз ўз иш услубимизни ўзгартириб, оддий одамларнинг имконияти ва кўникмаларини инобатга олиб, амалий лойиҳаларни амалга оширсаккина, тезроқ натижа бўлиши, қиш­лоқда, маҳаллада ўзгариш бўлса, иқтисодиётнинг ҳам ривожланишига муносиб ҳисса қўшган бўламиз, халқимизнинг бизга бўлган ишончи ортади», деган гап­лари бугун ҳар бир раҳбарнинг дас­туруламалига айланган.

Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш бўйича республика ишчи гуруҳи раҳбари

Асосий

 

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ташпулат Юлдашев: Ислам Каримов на финишной прямой
  2. Юсуф Жумадан Ислом Каримовга: Пойгакдагининг тахтдагига мактуби
  3. ББС -Шароф Убайдуллаев: Букри ҳокимларни сайлов тузатади…
  4. Бердиёр ЖУМАЕВ: 200  МИЛЛИАРД  СЎМЛИК  САФСАТА… 
  5. Исмат Хушевнинг Хайриддин Султонов ҳақидаги танқидий мақоласини ўқиб…
  6. Бахтиёр Шоҳназаров: Яккаҳоким «O’zbekiston havo yo’llari» ҳақида
  7. Карим Баҳриев ижодидан: «Яхши ўғил бошимизни осмон қадар кўтарар …»
  8. Бердиёр Жумаев фикрлари: ОДАМЗОТ ҳамда ОТ ҳақида
  9. Камолиддин Раббимов: Ахборот марказларини давлатда жамлаш вазифаси
  10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга адвокат Эргаш Эшмуродовдан
  11. “Спорт” канали директори Зохид Каримовнинг ножўя ҳатти ҳаракатлари ҳақида
  12. Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов Шавкат Мирзиёев ҳақида… (Видео)
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.