Умид Холлиев шикояти: “Ислох” қилинган судлар… (Олий суд раиси диққатига)
“Ислох” қилинган судлар.
Судларнинг нохолислиги, оддий фуқароларнинг ишларига нисбатан ўта эътиборсизликлари ҳақида кўп марталаб турли манбалардан ўқиган бўлсамда, ҳали бирор марта уларга ўзимнинг ишим тушиб кўрмагандим.
Тадбиркорман. Асосан маиший техника (Артел) буюмлари билан савдо қиламан. Ўрни келганида нася савдо қилишга ҳам тўғри келади.
Айнан шу нася савдодан муаммо чиққани учун фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро судига мурожаат қилишга мажбур бўлдим. 2020йил 6 май санасидан бошлаб карантин қоидалари юмшатилиб бизга ҳам қоидаларга ривоя қилинган ҳолда савдо қилишга рухсат берилди.
Шундан кейин бир куни ариза топшириш учун туман суд биносига бордим. Аммо мени карантин пайтида ариза олмаймиз деб қайтариб юбордилар.
Орадан бир неча кун ўтиб фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига мурожаат қилиб улар мени алдаб юборганларини тушуниб етдим. Ва яна қайтиб суд биносига бордим. Улар менга яна аввалги ҳунарларини кўрсатишга уриндилар.
Мен ҳам бўш келмай Бухоро вилоят судига телефон қилдим.
Сўнгра улар менга ишингизни кўришимиз учун тўланадиган тўловлар бор деб ҳисоб рақамлар ёзиб бердилар. Мен эртасига банкка бориб айтилган суммани тўлаб яна ариза топшириш учун бордим.
Бу сафар яна янги важ кўрсатдилар. Эмишки, мен олишим кўрсатилган пулнинг тўрт фоизини эмас балки энг камида ўртача иш ҳаққини бир баробари миқдорида тўлов тўлашим керак экан.
Маънавий зарарни ҳам талаб қилсам давлат божи сифатида (446 000) сўм яна тўлашим лозим бўларкан.
Жами ( 223 000 + 446 000 = 669 000) олти юз олтмиш тўққиз минг. Аслида олишим керак бўлган пул (650 000) олти юз эллик минг сўм бўлиб улар айтаётган суммадан камроқ. Мен моддий зарарни қоплатишдан воз кечиб ўртача иш ҳаққини бир баробари миқдорда давлат божини тўладим.
Орага шанба, якшанба тушиб кейинги ҳафта яна суд биносига бордим. (Уйим билан суд биносининг ораси 17 км). Бу сафар улар мени эшикда турган милиция ходими орқали қайтариб юборишга уриндилар.
Мен бўш келмаганимдан кейин бир ходим чиқиб ўзини таништирмасдан яна карантинни пеш қилди. Мен тўловларни тўлаганимни бўлиб ўтган воқеаларни тушунтирганимдан кейин у милиция ходимига ариза нусхасини чиқариб беришини буюрди.
Ва менга аризани шу тарзда тўлдириб келасиз деб айтди. Мен уйга келиб кўзойнагимни тақиб карасам бу ариза никохни бекор қилиш ҳақидаги аризанинг нусхаси экан. Мен яна суд биносига боришга мажбур бўлдим. Нихоят, ўзлари кўрсатганлари тартибида ариза тўлдирдим.
Кейин улар менга сотилган нарсани хужжати, кафолат талонини топиб келтириш каби беъмани талабларни кўя бошладилар. (аслида бу ҳужжатлар қоида бўйича буюм эгасига бериб юборилади).
Мен уларнинг бу иддаоларидан қутилиш учун Туман ИИБ терговчисидан қарздорни ҳақиқатда қарздор экани ҳақидаги қарор нусхасидан келтириб бердим.
Шундай қилиб ниҳоят судя Усмонов Зафарнинг шахсан ўзига 5 август 2020й санасида аризамни топширишга муаффақ бўлдим. Ариза топшириш жараёнида менга маънавий зарарнинг ундирилиши керак эмаслигини тушунтирдим.
Бу учун қарийиб уч ой муҳлат ўтди. Аммо туғриси “Ислох” қилинган бу судлардан ишимни кўрмасдан туриб ҳафсалам бир бўлди. Эндиги навбат аризамни кўриб чиқилиши кутишдан иборат эди. Тўғриси буни ҳам бир ой кутдим.
Ниҳоят 3 сентябр 2020 йил санасида менга маънавий зарарни қоплашда тўланадиган давлат божи ( 446 000) сўм тўланмагани учун аризани қайтариш ҳақидаги суд ажрими етиб келди.
Ҳолибуки, мен шахсан судя Усмоновга маънавий зарар керак эмаслигини айтганман. Ақлим ҳайрону, тилим лол. Қани ким айта олади менга, Қонунлар, қонун ҳимоячилари томонидан ўйинчоқ қилинадиган бундай мамлакатда қандай яшаш мумкин?
Қани бу ерда судлар томонидан фуқароларнинг манфатини ҳимоя қилинишию, қани президентимиз бонг ураётган адолат?
6.09.20й
У. Холлиев.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ