Қулман Очил — Ёднома: Қурбон Эшмат хотирасига
ҚУРБОН ЭШМАТ ХОТИРАСИГА
“Кўзим жойида, отам!”
Қурбон Эшматовнинг вафот этгани ҳақидаги нохуш хабарни эшитиб, устозлару шогирдлар оҳ урди: “Эҳ, ёш кетди! Бировга зиёни тегмайдиган, кўнгли тоза йигит эди!”
Биз Қурбон билан ҳозирги Миллий университетнинг кечки бўлимида журналистликка бирга ўқиган, мусофирлик машаққатларини бошимиздан бир пайтда ўтказган эдик. Зорланганини кўрмадим. Доим некбин: “Қўяверинг, отагинам, бу кунлар ҳам ўтиб кетади!”
“Ёш ленинчи” (ҳозирги “Ёшлар овози”) газетасида бирга ишлаган кезларимиз “йўқолиб қолгани” эсимда. Бир соат эмас, бир кун эмас, бир ҳафта эмас, ой яримлаганда ҳам қорасини кўрсатмади.
“Кэзталаг, райкомсомолга телефон қип сўранглар-чи, – дея жаҳли чиққанди бош муҳарриримиз Жаббор Раззоқовнинг. – Қаерда юрган экан?” Ва менга, яъни раҳбарликда ҳали эти қотмаган ёш ўринбосарига, пишанг берган: “Келиши билан аризасини олиб, калишини тўғриланг!”
Сўрадик.
“Она қишлоғи Оммағонда муҳим ишлар билан жуда бандлар, – деган жавоб бўлди Шаҳрисабз музафотидан. – Ҳали-бери бўшашлари гумон!”
Учинчи ҳафтанинг бошида газеталар биносининг бешинчи қаватида эрталабдан ғала-ғовур, ҳа-ҳа, ҳи-ҳи бошланди: “Келдилар! Муборак калишларини тўғрилаш мумкин!”
“Қаерда юрибсиз, ўртоқ Эшматов? – дедим ўзимча жиддий қиёфага кирган бўлиб. – Давлатнинг иши сизга ўйинчоқми?”
“Энамга қарадим, отам! – жавоб қилди у гўё бир дунё ишни қойиллатиб қўйгандай иддао билан. – Момонинг мазаси йўқ. Аввал қишлоқ балнисасига, кейин районга, ундан сўғин областга олиб бордим. Дўхтирларга кўрсатдим, отам. Мана энди, Тошкентга олиб келдим. Иш топилади, эна топилмайди, отам!”
“Отамлайвермай, ишниям сал ўйласангиз-чи!”
“Хўп бўлади, отам!”
Энди фаҳмлаяпман: “Балки Қурбондай меҳрибон ўғли бўлгани учун ҳам момомиз юз ёшга яқинлашиб боргандирлар!..”
“Муборак калиш” омон қолди. Бошқа ходим бўлса, ишга бир соат кечиккани учун дурустгина “ҳақи”ни оларди. Сирасини айтганда, “Газетада ишламасам, ўзимни осаман”, деб турган “калишлилар” ўша пайтларда ҳам кам эди. Ёзишни, таҳрирни, тонг отгунча оч-наҳор сарғайиб ўтиришни – навбатчиликни қотирадиган Қурбонқулларни-ку айтмаса ҳам бўлади.
Унинг, бир миллиондан ортиқ нусхада чоп этилиб, гуриллаб турган нуфузли газетанинг қўли қадоқ корандаси – гуриллаган мухбирининг, суд-ҳуқуқ соҳаси пешволарини “ётқизиб-турғизадиган” Қурбон Эшматовнинг бўсағасига калишини эмин-эркин ечиб кирадиган ўз бошпанаси йўқ эди ўша пайтларда. Кейинчалик теккани ҳам Тошкентнинг овлоқ ҳудудидаги, одмигина “дом”нинг “Худога яқин жойи”дан – энг юқори қаватидан икки хонали ҳужра. У шу ҳужрада олти фарзанди билан борига шукр қилиб яшади. Назари тўқ, қўли қалбидек очиқ, сабри зиёда эди.
Қурбон Эшматовнинг юраги отнинг калласидай эди: ҳали танқидий мақола, ҳали суд очерки, ҳали суҳбат… Аризачилар, судьялар, терговчилар, прокурорлар, гумондорлар, даъвогарлар, “урилган-сурилганлар”, шогирдлари, шогирдкалари ортидан соядек эргашиб юрарди десам, ҳамкасбини осмонга чиқариб қўйибди, деган хаёлга борманг. Қаламининг шарофати билан қанча ноҳақликларнинг олди олинганини, адолатсиз ишлар барҳам топганини, неча одам қамоқдан чиққанини, ишига тикланганини, ўртасига адоват ва нафрат оралаганлар азбаройи опоқ-чапоқ бўлиб кетганини – рўшнолик кўрганини бугун миннатдор бўлиб эсламасак, қачон эслаймиз?..
Буни Қурбон Эшматов турли даврларда ёзган мақолаларнинг сарлавҳалари ҳам айтиб турибди: “Инсон тақдири ўйинчоқ эмас”, “Мажбурий айблов”, “Асоссиз аралашувга – асосли тўсиқ”, “На оқланди, на қамалди ёхуд аросатда қолган инсон тақдири”, “Ҳоким зўрми, қонун?..”
У кел-кели келиб, “Ё раббим!” деб жаҳд қилса, бир тўда ходимнинг ишини пиёладаги чой совигунича дўндириб ташларди. Кам, лекин ўйлаб, михлаб, меҳрини бериб ёзарди. Чумолидек майда ҳарфларда бир текис битилган қўлёзмалари, жўяли таҳрирлари, самимий сатрлари…
Кел-кели келмаса-чи? Ювошдек кўрингани билан кенг пешонасига милтиқ тирасангиз ҳам, қўлини совуқ сувга урмасди: “Ёзамиз, отам, ёзамиз!”
Бандаси дўсту ағёрсиз бўлмайди. Қурбон Эшматовнинг ғаними йўқ эди, деб ўйлайман. Бировдан қаттиқ гинадор бўлганини, таъмагирлик қилганини билмайман. Яратганнинг кечиримли, бағрикенг, дилкаш бандаси эди: “Биздан ўтган бўлса, келинг, отам, орқамга бир-икки тепиб, аламингизни олинг!”
Энди тили чиққан гўдакдан тўқсон яшар чолгача, улай-булайни назарга илмайдиган вазиру вузародан – кетмондан бошқа нарсани кўрмаган деҳқонгача – ҳамма унинг “отаси”, “онаси” эди. Гаплашганнинг кўнгли ёришиб, бир зумда унга эл бўлиб қоларди.
“Халқ сўзи” газетасида ишлаб юрганида Қибрай туманида ер талашаётган икки корчалонга бағишланган танқидий мақола ёзиб, салтанат сараларидан бири – раҳматли, Алишер Азизхўжаевнинг “назарига тушгани” ва ҳузурига чорлангани ҳақида латифанамо гаплар юради.
“Ока, Сиз ўз нима қивоссиз? – дейди Қурбоннинг ўзидек дангал, чапани ва самимий Алишер Аббосович. – Кўзингиз қаерда?”
“Кўзим жойида, отам!”
Даҳанаки тортишув икки чўрткесарнинг ошна тутиниши билан тугагани-ю, ўртада кечган ҳангома Биринчи Президентнинг қулоғигача етиб борганини ва Ислом Каримов маза қилиб кулганини ҳамкасблари то ҳануз ҳузурланиб эслашади. 1999 йили журналистнинг жўмарди ва чечани Қурбон Эшматов одатда ҳарбийларга бериладиган юксак давлат мукофоти – “Жасорат” медалига лойиқ кўрилгани бежиз эмас.
Сўнгги пайтда юрагида безовталик сеза бошлагач, юмуши санжаброқ, даврийлиги сокинроқ нашр – “Фермер” журналида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаётган эди.
Қаламдош дўстлари яхши билишади, Қурбон Эшматов йилнинг, фаслнинг келишига қараб тусланмади, турланмади. Бировни ноҳақ танқид қилиб, кўзини ёшлатмади. Ўзининг севимли мавзусини, айтар сўзини, турмуш тарзини маҳкам тутган камсонли журналистлардан эди.
У кўнгли тусаганини ёзди. Кўнглига келганини айтди. Дасти калтароқ бўлса-да, тили доим узун, эмин-эркин яшади. Биров уни мискин эди дейди, биров – шалдур-шилдир, афандинамо. Қурбон мискинлигини сездирмас, аммо ҳангоманинг кони, давраларнинг файзи эди.
Олтмиш икки ёшли ҳамкасбимиздан газета-журналларнинг сарғайган саҳифаларида ўнлаб мақолалар, жавонларгача етиб борган ва боролмаган икки-уч жилд китоб, солиҳ фарзандлар, ажойиб инсон, деган ном қолди.
Балки инсоннинг буюк шоир таърифлаб кетган улуғлиги шундадир: “Шундай яшар одатда одам!” Балки бандасининг “бу дунё устидан кулиб кетгани” шудир. Балки эл-юртнинг баракаси шундай камсуқум йигитлардадир.
Баландпарвоз гаплардан томири тортишадиган Қурбон Эшматовни, бу дунёда хокисоргина яшаб, қурби етганича ўз сўзини айтиб ўтган заҳматкаш ўзбек журналистини, васиятига биноан, пойтахтда дафн этилган марҳума қизининг ёнига қўйдилар.
Энди биз унинг дилкаш гурунгларини, маъюс нигоҳини, ўйчан мақолаларини соғинамиз ва дуолар қиламиз: “Охиратинг обод бўлсин! Қабрингда тинчгина ором ол, дўстим!”
Шунда самолардан қувноқ садолар келгандай бўлади:
“Хўп бўлади, отам!”
Қулман ОЧИЛ
Манба: «XXI asr” газетаси, 3 сентябрь, 2020
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ