Исматилла Йўлдошев: Яратганинг Ўзи барчангизни ҳифзи ҳимоясида сақласин!
Ассалому алейкум!
Қадрдонлар, замонавий давлатчилигимизнинг тамал тошини қўйиб берган Мустақиллик байрами билан табриклайман.
Гарчи, 29 йил муқаддам мустақиллигимиз эълон қилинган бўлсада жаҳонда глобаллашув шароитида ғоявий ва иқтисодий манфаатлар тўқнашуви кетаётган бир жараёнда мустақиллик ва уни мустаҳкамлаш учун учун кураш ҳамон давом этмоқда.
Миллий қадриятлармиз ва ватанимизнинг улуғ тарихи билан боғлиқ абадий меросга таянган ҳолда жонажон юртимизни буюк давлатлар қаторига киритишга қаратилган эзгу ният ва саъй ҳаракатларда бевосита иштирок этаётган ва юртга фидоий фарзанду набиралар тарбиялаётган Сизларнинг ҳам ҳиссангиз катта.
Бугунги синов кунларида барчангизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр, оилавий бахт, тинчлик, хотиржамлик, фарзанду набиралар камолоти, барча яқинларнинг меҳр ардоғи ва тўрт кўз тугаллигини тилайман.
Ишларингиз ва шахсий ҳаётингиздаги барча режаларингиз амалга ошишига тилакдошман.
Ватан корига яраш бахти ва маъсулияти ҳеч қачон Сизу-бизни тарк этмасин.
Яратганинг Ўзи барчангизни ҳифзи ҳимоясида сақласин!
Бугунги муборак байрам баҳонасида улуғ ўзбек шоири Абдулла Ориповнинг ушбу бетакрор шеърини Сизларга илингим келди…
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Тупроғин кўзимга айлаб тўтиё.
Нечун ватан, дея еру осмонни,
Муқаддас атайман, атайман танҳо.
Аслида дунёда танҳо нима бор?
Пахта ўсмайдими ўзга элда ё?
Ёки қуёшми севгимга сабаб?
Ахир қуёшли-ку, бутун Осиё.
Мен нечун севаман Ўзбекистонни,
Боғларин жаннат, деб кўз-кўз этаман.
Нечун ардоқларкан тупроғини мен,
Ўпаман, тупроғинг бебаҳо, Ватан!
Аслида тупроқни одил табиат,
Тақсим айлаган-ку, ер юзига тенг
Нечун бу тупроқ, деб йиғлади Фурқат,
О, Қашқар тупроғи, қашшоқмидинг сен?
Мен нечун севаман Ўзбекистонни?
Сабабин атгин, десалар менга.
Шоирона, гўзал сўзлардан олдин,
Мен таъзим қиламан она халқимга:
Халқим, тарих ҳукми сени агарда,
Мангу музликларга элтган бўлсайди,
Қорликларни макон этган бўлсайдинг,
Меҳрим бермасмидим ўша музларга?
Ватанлар, Ватанлар,
Майли, гулласин,
Боғ унсин мангулик музда ҳам, аммо,
Юртим, сени фақат бойликларинг чун
Севган фарзанд бўлса, кечирма асло!
Чексиз ҳурмат билан,
Исматилла Йўлдошев,
Самарқанд шаҳри, Ўзбекистон.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ