"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Амирқул Карим: ҚУРБОН ЭШМАТ ҚЎЙГАН “ЛАҚАБ”

Бош мақола, Муносабат, Редакция почтасидан | 29/08/2020 08:31-     10840 марта ўқилди

Amirkul Karimov
ҚУРБОН ЭШМАТ ҚЎЙГАН “ЛАҚАБ”
Қурбон Эшмат билан ўтган асрнинг 80-йиллари 2-ярмида “Ёш ленинчи” газетасида бирга ишлаганмиз. Бош муҳарриримиз дилбар инсон, устоз Жаббор Раззоқов эдилар. Карим Раҳим, Маҳкам Раҳмон, Муқаддас Абдусаматова, Сафар Остон, Турғун Назаров, Зиёвуддин Ортиқхўжаев, Зайниддин Рихсиев каби тажрибали журналистлар билан бирга Аҳрор Аҳмад, Сахобиддин Сирожиддинов, Қурбон Эшмат, Рўзимбой Ҳасан, Аъзам Ўктам, Тўлқин Ҳайит, Муяссар Исроилова, Гулчеҳра Алибоева, Лола Соатова, Гулнора Мирзаҳошимова, Ҳайдар Акбар, Норқобил Жалил, Меҳрибон Қурбонниёзова, Яшнар Каримова, Қўчқор Норқобил каби иқтидорли ёшлар хизмат қилди.
Ёшлар газетаси бу даврда кўпминг нусхаларда чоп этилар, ҳамкасблар бир-биримиздан ўзишга интилиб, “жавлон уриб” меҳнат қилардик. Бош муҳаррир ўрибосари Қулмон Очил мени ишга таклиф қилганида Қурбон Эшматнинг мен каби шаҳрисабзлик эканини билганман. У барчага “ота”, деб эркалаб мурожаат қилиши, фақат ўзигагина хос бўлган “э, бизга оғайни керак!” ибораси, дангал ва меҳрибонлиги, самимияти билан “душмани йўқ” одамга айланган, жамоамиз қизлари ҳам уни ўз акасидек кўришарди.
Бир гал Шаҳрисабзда тўйда бирга бўлиб қолдик. Қарасам, меҳмон бўлиш ўрнига ўзига хизмат излаяпти.
— Амирқул, юртга бир келиб қолибмиз, тўйни бирга олиб бориб, бир қиздирмаймизми?, — деб қолди. Умримда конфрансьелик қилмагандим. Қурбон Эшматнинг ҳазиллари ва мен ўқиган шеърлар билан тўй жуда файзли ўтди. Тўй эгасининг қувончи бизнинг мукофотимиз бўлган эди.
Болалигимда номимга “лақаб” қўйишларини ёқтирмайман. Шу боис бўлса керак, амакимнинг аёллари Улжон янгам болалигимда сариқ бўлганимдан “малла” деб эркалаганларидан бошқа лақаб номимга ёпишмади. Аммо…
Аммо ҳаётимда қисматимга Қурбон Эшмат билан учрашиш бу борада ҳам ўзгариш ясашини билмагандим.
Хуллас, Сирожиддин Саид ҳазил қилгани каби Қурбон ака аллақайси вилоятга кетиб бир неча кун “йўқолиб” қолар. Бундан Бош муҳарриримиз Жаббор Раззоқнинг жиғибийрони чиқарди. Биз, албатта, у кимнидир ҳимоя қилгани, унинг ҳожатини чиқаримагунча қайтмаслигини билар, ҳар гал вазият қанчалик қалтис бўлмасин, Қурбон Эшмат қайтгач, муҳаррир хонасидан кулиб чиқишини, Жаббор аканинг бирданига ҳовури тушганига гувоҳ бўлардик.
— Қаёқларда юрибсан, Қурбон? деган жаҳлдор товуш “Катта, бир қошиқ қонимдан кечинг, ҳозир айтиб бераман!” деган самимият олдида бир зумда йўқоларди-қўярди.
Шу сафардан Қурбон Эшмат янги сўз билан қайтди. Энди у ҳаммага “катта” деб мурожаат қиладиган бўлди. Мен бор-йўғи Ижодкор ёшлар бўлими ходимиман, холос. Қанақасига “катта” бўлай? Аммо наилож, уч-тўрт бор Қурбон Эшматдан менга нисбатан “катта” атамасини эшитган ўртоқларим ҳам барча қолиб мени “катта” дейдиган бўлишди. Бу ишхонадан кўчага ҳам кўчди. Бир куни Шаҳрисабзга келсам, мендан 13 ёш улуғ Зиёдулла акам ҳам мени “катта” деб чақиряптилар. Ҳалигача “катта”ман.
Ёруғ инсон, қадрдон ака, меҳрибон ҳамкасб Қурбон Эшмат бу ёлғон дунёни тарк этгани ҳақидаги хабар менинг кўзларимни ҳам ёшлантирди. Аллоҳ раҳмат қилсин дўстимизни! Эзгу амалларини ўзига йўлдош қилсин!
Амирқул КАРИМ.
2020 йил 29 август.
Суратда: “Ёш ленинчи” жамоаси ёшлари.
Шу ерда ҳам Қурбон Эшмат камтарлик билан барчадан ортда турибди..
Image may contain: 12 people, including Amirkul Karimov, people standing and indoor
Мехрибон Курбаниязова
Амиркул ака биз бир каттагина ховли болаларимиз…бир мактаб болаларимиз…бу жуда катта мактаб бизга — одамийликни, мехр окибатни, яхшиларни англашни ургатди …
40 йиллар утибди…энди хар биримиз ким каерда, кайси лавозим, кандай турмуш тарзига эга булмасин, ака ука, жигарлар…кадрдонлар риштаси хеч качон узилмайди…яхши кунимизда хам, ёмон кунимизда хам биз хамиша биргамиз…буни бизга устозлар ургатди…
Курбон акани эхтиёт килолмадик… Аллох рахмат килсин. Охиратини обод килсин!
Энди буёгига хар бирингиз узингизни асранг!
Узимизни асрайлик!
Хаммамиз…Хаммангиз АЛЛОХГА ОМОНАТ!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. “Дунё ўзбеклари” Бош муҳарририга Сайрамдан юборилган муборакнома!
  2. Башорат Эшова: Мени шу ёзганларимни илтимос Мавлон Умурзоқовга етказсангиз?
  3. Дадахон Ёқубов: Мен ҳам унутилган ва хўрланган депутатлардан бириман…
  4. «Исмат Хушев билан юзма юз»ни кўриб ёзилган ўнлаб хатлардан саноқли сатрлар…
  5. Бош муҳаррир И.Хушевга: Ҳақиқат қилич каби ўткир, қалампир каби аччиқ бўлади…
  6. Аҳмад Турон: Каримов даврига баҳо бериб, унинг асоратларидан қутулиш керак (3)
  7. Шерали Отабоевнинг ЎзА даги мақоласига шарҳ — Абдусаттор Рахмонов
  8. Исмат Хушевнинг «Шоҳ ва Шайх тўқнашуви» номли мақоласини ўқиб…
  9. Бош муҳаррир И.Хушевга: Самарқанддаги қотилликни эшитиб, жуда ёмон бўлдим
  10. Бош муҳаррир И.Хушевга: Жамшид Васиевга озодлик!
  11. «Дунё ўзбеклари» Бош муҳарририга келган очиқ, лекин аччиқ таъналар…
  12. Бош муҳаррир И.Хушевга: Буни фақат Сиз учун ёздим
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.