Amirkul Karimov: ШОИР МУХТОР КОМИЛ ҚАБРИ ЗИЁРАТИДА — ХОТИРА



ШОИР МУХТОР КОМИЛ ҚАБРИ ЗИЁРАТИДА
16 август куни Тошкентдан Шаҳрисабзга кетаётиб, бажарилмаган бир бурчимни адо этишга жазм этдим. Рости, қиёматлик дўстим Ҳисор тоғларида аянчли қисмат бошига тушган шоир Мухтор Комил жасадини тупроққа қўйишганида боролмагандим.
Тошкентдан тонг саҳарда йўлга чиққанимиз учун Самарқанд шаҳрига етиб келганда соат эрталабки ўнлар бўлганди. Дўстимнинг Китоб туманининг Қайнар қишлоғида яшаётган укаси Муртазога қўнғироқ қилиб, дўстим ва падарлари Аҳадхон эшон бобо қабрини зиёрат қилиш ниятим борлигини айтдим. Муртазо айни чоғда тоғда боғ яратаётгани, қишлоққа тушиш учун камида 2 соат вақт кетишини, аммо қабрларни кўрсатиш учун бирор қариндошни Қайнар йўлига чиқаришга ваъда берди.
Орадан кўп ўтмай бир йигит қўнғироқ қилиб, Муртазонинг топшириғини бажариш учун бир соатларда мени Қайнар қабристони яқинида кутиб туришини айтди.
Кўп ўтмай Тахтиқорача довонидан ўтиб, Қайнар қишлоғига кирдик. Қариндош йигит бизни Мухтор Комил қабри сари бошлади. Мана, ёз иссиғидан умр каби қовжираган майсалар қоплаган қабр. Тиловатга чоғланамиз. Беихтиёр қўзларимга ёш келади. Орадан қарийб 4 йил ўтса ҳам қабрда ҳатто белги ҳам йўқ.
–Узр, ҳали қабртош ҳам қўйишга улгурмагандик. Лекин қабрлари шу, – дейди кўнглимдан кечган гапни пайқагандек, қариндош йигит.
Ўз қисматини билгандек сатрлари ёдимга тушади шоирнинг…
Маҳзун бир қушга айлансам,
Учиб кетсам, учиб кетсам.
Ширин бир тушга айлансам,
Сўнг ёдингдан ўчиб кетсам.
Маҳзун-маҳзун нидо қилсам.
Маҳзун қушлар қаторида
Кета кетгунча йўлларда
Кўз ёшимни ичиб кетсам.
Тиконлар ичра хор ётсам,
Уйғонсам гулнинг ёдида.
Ногоҳ булбуллигим англаб
Фиғон қилсам, чўчиб кетсам.
Хаёл ёлғон муҳаббат рост,
Менинг чеккан азобим рост,
Ўзимни сенда топдимку
Наҳот сендан кечиб кетсам….
Аҳадхон эшон бобо ва шу қабристонда макон топган марҳум биродарларимиз ҳақига дуо қилиб, яна йўлга отландик.
Энди Мухтор Комилнинг фарзанди, оиласи билан учрашиб, дўстим қолдирган қўлёзмаларни олиш ва нашр қилиш ниятини дилга тугдик…
Суратда: Шоир Мухтор Комил (1960-2016) қабри қошида.
2020 йил 17
август.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан