"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Амирқул КАРИМ: УЛҒАЯЁТГАН СОҒИНЧ

Бош мақола, Муносабат, Ўтганлар ёди | 12/08/2020 22:56-     11268 марта ўқилди

УЛҒАЯЁТГАН СОҒИНЧ

Суратда: 2012 йил. Сурхондарёда ҳамкорликда истиқлол байрамига бағишлаб ўтказишган тадбирда вилоят ҳунармандлари, миллий марказлар фаоллари билан.
   Устоз Насриддин Муҳаммадиев  (Носир Муҳаммад)  билан талабалик даврларимдан таниш эдик. У киши Эрондан қайтиб, “Тошкент оқшоми” газетасида   ишлаб юрганларида бир даста шеърларимни кўрсатган эдим.
Санкт Петербург университетининг Журналистика факультетида ўқиб юрган кезларим юрт соғинчига ғарқ сатрларимни ўқиб, хурсанд бўлган эдилар.
  Орадан йиллар ўтиб, “Ёш куч” журналида улуғ устозлар — Худойберди Тўхтабоев, Хуршид Дўстмуҳаммад билан бўлим муҳарири бўлиб ишлаётган кезларим никоҳ тўйимиз бўлди.
Носир ака ўшанда адашмасам “Ёшлик” журналида масъул котиб эдилар. 1992 йилнинг  апрели эди. Носир ака бошқа устоз ва дўстлар қатори Шаҳрисабзга тўйимизга келдилар.
Мен учун қувончлиси тўйга чиройли шеър тўёна қилдилар.
  Орадан ўтган 25 йил ичида биз ЎзАда бирга ишладик. Халқаро ахборот таҳририяти Бош муҳаррири бўлган устозга ўринбосар бўлиб ишладим.
Ҳар гал “ўша шеърни топиб беринг”, десам “Излаяпман, қайсидир қўлёзмалар орасида бўлса керак, топиб олиб келиб бераман”, дердилар. Мен шеър топилишидан умидимни ҳам  узаёзгандим.
Вафотларидан тахминан бир  ярим ой аввалроқ бир тўйда кўришиб қолдик. Ошдан сўнг мени Чилонзорга ишхонамга машиналарида келтириб қўйдилар.
Хайрлашаётганимизда бирдан устоз чарақлаб:
—    Э-эҳ, Амирқул, асосий нарса эсдан чиқай дептику! Шеър топилди!, — дедилар. Бирдан тушундим,  у тўйимизда ўқилган шеър эди.
   Устозга миннатдорлик билдирдим. Уни қўлёзмалар орасига солиб қўйган эдим. Бугун у қўлимда турибди.
                                                    “БАДИҲА ШЕЪР
        Амир Темур диёрида туғилади Амирлар,
               Истеъдоду шижоати боқий қолур асрлар.
        Бу ҳур элнинг ўғлонлари Оқсаройдек бардошли,
Қизларига вафо пеша,  нигоҳлари қуёшли.
Дилингизга чўғ солади ўсма ичган қошлар ҳам,
Бунда ҳатто барг чиқариб, гул ёяди тошлар ҳам.
Шундай ўлка омон бўлсин, бошимизда бор бўлсин,
Шон-шуҳрати кўпайсину бахт- саодат ёр бўлсин!
                                                                     24.IV. 1992 й.
   Амирқул Каримовнинг никоҳ тўйи муносабати билан ёзилган.
Имзо: Носир Муҳаммад.”.
   Бадиҳа ҳар доим ҳам катта адабиёт бўлмаслиги мумкин. Аммо унда ортиқча зўриқиш бўлмайди.
Самимият муҳим аҳамият касб этади .Бадиҳа айниқса, унга бағишланган киши учун  ёқимлидир, азиздир.
   Аслида адабиёт аҳли орасида сўз масъулиятини сезган ижодкорлар ҳар доим мезонларни баланд оладилар.
   Мен қўлёзмада баён қилинган учта сўзнинг тагига чизилганига эътибор бердим. Улардан иккиси менинг, рафиқамнинг исми бўлса, учинчиси “саодат” сўзи эди. Учинчи сўзда устознинг бизга тилаги намоён.
   Маракалари ўтди. Аммо у киши ҳақидаги дўстлар ва танишларнинг эзгу фикрлари тингани йўқ.
Соғинчлар эса тобора улғайиб бораяпти. Бетакрор, беғубор инсон,  устоз Насриддин Муҳаммадни ўзинг  раҳматингга ол, Худойим!
Тирикликларида қилган эзгу ишларини ўзларига йўлдош қил!
Ҳақларига қилинган биз шогирдлар дуосини ҳам ижобат қилгин!
Омин!
Амирқул КАРИМ.
http://muzaffar.uz/

Ўхшаш мақолалар:

  1. Қодиржон Ботиров ҳақидаги мақолага илк муносабат (3)
  2. Ислом Каримовнинг шифокори унинг тоби қочган кунни ёдга олди
  3. Азим Суюн оламдан ўтди… «Ўтганлар ёди» туркумидан
  4. Тупроқни ўрганиб, тупроққа кетган олим ҳақида марсия
  5. Мухтор Алиев: Ёднома — АЗИМЖОННИ ЭСЛАБ…
  6. Мамадали МАҲМУДОВ: АЛВИДО, АБДУРАҲМОН ДЎСТИМ! (ЁДНОМА)
  7. Анвар Шукуров: Исмат Хушевнинг Азизхўжаев ҳақидаги хотирасини тинглаб
  8. Хитой режими туркларнинг буюк қўшиқчиси Абдураҳим Ҳайитни қамоқда ўлдирди…
  9. Дунё Ўзбекларига мактуб: Исмат Хушев атрфида бирлашишимиз керак!
  10. Содиқ Сафоев ҳукуматни нима учун танқид қилди?
  11. ШУ ЁРУҒ ОЛАМНИНГ ТОЖИСАН, АЁЛ! (Мунис оналаримиз байрами)
  12. ИИВ тизимидаги ислоҳотлар — Дунё Ўзбеклари нигоҳида
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.