Аҳли Расул Муҳаммад: ХУШБЎЙ ШАМОЛ (Санобар Меҳмон шеърияти ҳақида)
ХУШБЎЙ ШАМОЛ
(Санобар Меҳмон шеърияти ҳақида)
“…мен аниқ биламан, ўз вақтида қилинмаган, кечиккан эътирофлар ҳам сўралмаган узрлар каби аччиқ бўлади. Кейин одамга алам қилади. Шоир, ижодкор ҳамиша руҳан рағбатга, далдага муҳтож. Таъкидлайман, хушомадга эмас, ДАЛДАга муҳтож. Нега шуни ўз вақтида қилмаслик керак. Ахир қанча яшашимизни билмаймиз-ку! Нега айтиш керак бўлган ХОЛИС гапни айтгани истиҳола қиламиз?.. “ ( Санобар Меҳмон)
Абдуғафур Сатимов: Санобарнинг шеърлари машрабона, хайёмона, аммо замонавий, яна аёлга хос руҳияти билан ҳаммани мафтун қиляпти. Санобар ҳали ёш, лекин биз учун кашфиёт. У мафтун қилган мухлислари бундан-да сермаҳсул ва баркамолликни кутадилар ва яна юз йилдан кейин Машраб билан бирга Санобар Меҳмон ижодини ўрганишса ажаб эмас!..
Гулчеҳра Алиқулова: Ё Раббим, бу не нола, бу не фарёд бўлди? Ҳақиқат каби аччиқ, «ёлғони» ҳам мафтункор. Ҳар сатри қалбингизга сингади, ҳар Ашкида ИШҚ кўринади. Аллоҳдан инъом этилган истеъдодингизга кўз тегмасин, Санобархон!
Самад Мурод: Агар сизни ўқимаганимда тилимизнинг бу қадар гўзаллигини, унинг инсоний туйғуларни худди мусиқа каби бу қадар равшан ифода эта олишини билмай ўтиб кетарканман. Қалбимда шундай латиф туйғулар бор экан-у, ҳис этолмай, ҳис этсам-да отини билолмай, ғафлат ичра кечибман! Во ажабо!
Фазлиддин: Шубҳасиз, Санобар Меҳмон буюк шоира! Чинакам илоҳий ишқ шоираси!!! Шеъриятининг тиниқлиги, асллиги одамнинг қалбига инган барча дарду-ғуборларини худди шифобахш оби-ҳаёт каби ювиб юборади! Ҳа, Абдуғофир Сатимов шубҳасиз ҳақ, яна юз йилдан кейин мактабларда Машраб ижоди билан бирга ИЛОҲИЙ шоира Санобар Меҳмон ижоди ҳам дарслик сифатида ўтилади, бунга заррача шубҳаси бўлганлар бу шифобахш Шеърларни такрор-такрор ўқиб кўрсин!!!
Аноним: Мен севган шоирани шеърларини «Хуршид Даврон» кутубхонасида кўриб севиндим. Ҳар бир шеър кишини ўзига ром қилади. Санобар Меҳмонова ижодларига омад, ўзларига саломатлик тилаб қоламан. Биз мухлислар яна янги шеърларингизни кутиб қоламиз.”Хуршид Даврон” кутубхонасига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан.
Yazdon Xamidovich: Faqatgina ilohiy ilhom sohibasigina shunday she’rlarni yoza oladi deb hisoblayman.Tashakkur Sanobar xonim.
Матлюба Юлдашева: Санобархон, Сингилжоним, ижодингизга янада баркамоллик тилайман. Шеърларингизни мутолаа қила кишининг иймони тозара боради, манимча. Сиздан Оллоҳ рози бўлсин!
Марям: Бу шеърларни ўқиган қалб тозаради, Худога янаям яқинлашади ва Санобарга ўхшаб, илми ва аъмоли муштарак бўлган орифона бир файз тотини туяди.
Умида: Санобархонимнинг шеърлари Руҳ учун озуқа. Инсон Руҳи тетиклашади. Ўзга бир оламда сайр қилдиради.
Авазхон: Ҳар бир шоир ўз услубида шеър ёзади. Санобар шеълари одамга бошқача таъсир қилади. Ҳар бир шеъри қайта-қайта ўқилса ҳам янги шеърдай ўқийсан. У бировларнинг дардини ёзгандай, мазза қилиб ўқийсан. Санобарга омад тилаб янги шеърлар кутиб қоламиз
Фазлиддин: Шеърнинг шифобахш бўлишини Санобар Меҳмоннинг чинакамига орифона, Машрабона, Румиёна ва энг-энг муҳими ҳақиқий Санобарона шеърларини ўқигачгина туйдим! Такрор-такрор айтаман, САНОБАР МЕҲМОН шеърияти биз шеърхонлар учун ҳақиқий КАШФИЁТ бўлди! Санобарнинг илоҳий, бетакрор ва безавол шеъриятига Яратгандан янада файз сўраб қоламиз!
Файзулло: Санобар Меҳмонованинг тил ҳақидаги бу мақоласи менга ёқди. Долзарб мавзу. Дарсликларда қўлланма сифатида ҳам бемалол фойдаланиш мумкин экан. Мақолага танқидий руҳда ёндошгани, мақоланинг ўқимишлилигини янаям оширган.Тил ҳақида мақолалардан, Н.Афоқова ва номи эсида қолмаган яна бир ижодкорнинг ёзганларини ўқидим. Бироқ бирисиники зерикарли, иккинчисига эса очиғи, унча тушунмадим. Она Тилимиз ҳақида гапирганда мана шундай, С. Меҳмоновага ўхшаб оддий ва самимий фикрламоқ керак деб ўйлайман. Бу кишининг мақолаларидан қўйиб борсангизлар хурсанд бўлардим. Раҳмат.
Ушбу чин дилдан самимона изҳор этилган эътирофлар шоира Санобар Меҳмоннинг “Зиё.ўз”, “Хуршид Даврон кутубхонаси”, “Дунё ўзбеклари” веб-сайтларида эълон қилинган шеърлари, мақолалари остида қолдирилган изоҳлардир. Улар гўё Санобарнинг юқорида келтирганим ХОЛИС ЭЪТИРОФ ҳақидаги фикрларига жавоб тарзида жаранглайди.
Дарҳақиқат, мис ҳамиша мис, олтин ҳамиша олтиндир. Уларнинг ранги бир хил – сариқ бўлгани билан, мис ҳеч қачон олтин, олтин эса асло мис бўлиб қолмайди.
Миттигина шар қанчалик пуфлангани сайин унинг ёрилиб кетиш эҳтимоли шунчалик ортиб боргани сингари, қуйи ё-да ўртамиёна шоирни минг мақтаган билан буюкка айлантириб бўлмайди, аксинча ўша беҳуда мақталган шоирнинг ҳеч кимга маълум бўлмаган увада-питиғи чиқиб, у шеърхон-мухлис қошида мулзам бўлиб қолади. Агар мақтов ҳалол-ҳаққоний ва инсоф юзасидан бўлса, бундай хавф-хатар келиб чиқмайди, албатта.
Шу ўринда бир ҳолатни келтириб ўтай: Яқинда “Маданият ва маърифат” телеканалида шоира Ҳалима Худойбердиеванинг “Буюк қушлар” китобига бағишланган кўрсатув бўлди. Дастурда иштирок этган таниқли адабиётшунос олим, таржимон ва шоиралар, шахсан менинг назаримда, мақтов бўйича ўзаро мусобақа қилишди. “Буюк қушлар” китоби бу – шоиранинг “Хазойин-ул-маоний”дек “Чор девон”и, “Хамса”си, дейилган гаплар, майли, лутф бўла қолсин. Аммо дастур иштирокчиларидан бирининг “Буюк қушлар”ни Ҳалима Худойбердиева эмас, Тангри-таоло ёзган, деган гапи бутун дастурга ўт қўйиб, кул қилиш билан баробар бўлди!.. Агар мақтов мақталаётган нарса билан тенг, мувозанатда бўлмай, чегарадан чиқиб кетса, мана шу каби маънавий-руҳий фожеаларнинг содир этилиши табиийдир.
Келинг, энди Санобар Меҳмонга қайтайлик. Мен Санобар Меҳмон шеърлари билан улар ёзилганидан ўн-беш йигирма йиллар ўтиб, бултур “Дунё ўзбеклари” саҳифасида таниша бошладим. Санобар Меҳмон шеърларини ўқирканман, бир жиҳат мени ҳайратга солди: муаллифнинг аёл киши эканлиги ўз-ўзидан буткул ёдимдан кўтарилди!
Одатда менда бундай ҳол юз бермас эди. Шеър муаллифининг эркак ё-да аёл эканлиги ҳамиша кўз олдимда собит бўлиб тураверарди. Бу гал эса бошқача бўлди: Санобар Меҳмон худонинг ошиқу маъшуқ, худу бехуд, дарвешу девона, ғолибу мағлуб бир бандаси сифатида қаршимда қад ростлади. Санобар Меҳмон ва унинг шеърияти ҳақида айтилган (А. Мамарасулов: “дунё кенгликларига сиғмайди”, М. Аҳмедова: “оламшумул”) фикр-мулоҳазалар, таърифлар чиндан ҳам ҳаққоний эканлигига ишондим. Энг муҳими, менинг кайфиятимда ўзгача бир ҳол, эврилиш юз берди: Санобар Меҳмон шеъриятидан намуналар билан танишгач, менда Зулфиядан бошлаб Ҳалима Худойбердиева дохил “Халқ шоири” унвонига эга барча замонавий ўзбек шоираларини ўқиш иштиёқи сўнаёзгандек бўлди…
Нега шундай? Буни мендан эмас, Санобар Меҳмон шеърларидан кўриш керак. Дарвоқе:
Шеър ғазаб шарҳимас,
Шеър – кўнгил мунги.
Шеър асаб чархимас,
Шеър – нафас, сўнгги… (А. Р. М.)
Демак, Санобар Меҳмон шеърларида айни мана шундай “сўнгги нафас”нинг ранг ва оҳанги, андуҳ ва шукуҳи, алангаси мавжуд эканки, улар менинг шеърхон кайфиятимда ўзгариш ясай олибди…
Чинакам шеър ҳақида гап сотишдан кўра, уни ўқимоқ афзалдир. Яхшиси, келинг дўстлар, шоирамизга эзгу тилаклар тилаб, унинг шеърлари мутолаасига киришайлик:
Шукур деймиз қилча бўлса ҳам,
Хушбўй шамол эсса самода.
Санобар, сиз шундай шамолсиз,
Шиддатингиз бўлсин зиёда!..
(А. Р. М.)
САНОБАР МЕҲМОН ШЕЪРЛАРИДАН
***
Нигоҳлар пичирлар бир қадим зорни,
Эй менинг балокаш ошуфта кезим.
Бизга бу савдолар муборак энди,
Ошиғлиқ муборак, Шамс Табризим.
Дунёни аланга ичига олдик,
На ақл қолдию, на бирор сезим.
Оламга шўришу ғавғолар солдик,
Маъшуғлик муборак, Шамс Табризим.
Кимлардан қолмаган бу қадим жунун,
Бунча жовдирайсан кўкларга кўзим?!
Муборак бўлсин бу ҳол отлиғ фунун,
Қўшиғлик муборак, Шамс Табризим.
Биздан қолиб кетар дунёга алам,
Художон бер унга биз учун тўзим.
Тиз чўк пойимизга, эй муқаддас ғам,
Ошиғлик муборак, Шамс Табризим.
Қонларимга ташна қилди бу фироқ,
Келар бўлсанг келгин энди хунрезим.
Бунчалар гўзалсан эй гўзал қийноқ –
Маъшуғлик муборак, Шамс Табризим.
Ҳол билан савдони никоҳлаб қўйдим,
Жунуним бошимга чиққан шу кезим.
Ишқ билан ғавғони никоҳлаб қўйдим –
Ошиғлик муборак, Шамс Табризим.
РУҲИМНИНГ АҲВОЛИ
Тушунди, англади ва ҳис қилди у,
Ўз-ўзига тўлди паймона бўлиб.
Юракнинг қаърига чуқур тўлди у,
Кетди ўшал кундан девона бўлиб.
Пок яшамоқ бўлди фаришталардай,
Эзилди шайтонга ҳамхона бўлиб,
Англади эртакнинг эртак эканин –
Кетди ўша кундан афсона бўлиб.
Йиғлади фалакнинг куйига мастон,
Худони излади гирёна бўлиб.
Англади, ноилож, англаёлмасдан –
Кетди ўшал кундан ҳайрона бўлиб.
Нима топдинг, дея ундан сўрдилар.
У деди: “Шам топдим парвона бўлиб”.
Кейин қат-қатларин очиб кўрдилар,
Воҳ-воҳ, куйиб ётар сўзона бўлиб.
Сенгаям қойилман, дунёи қадим,
Барибир, кулдинг-а, ғамхона бўлиб.
Розиман, барибир, гўзал яшадим –
Соғлар орасида девона бўлиб.
Эртакнинг ичида афсона бўлиб.
* * *
Осмонни қўй, ахтарни қўй,
Уммонни қўй, гавҳарни қўй,
Ҳатто оби кавсарни қўй –
Кел, сан мани ишқимни ич!
Бир ишқки қотили жондир,
Ҳамиша хавфи иймондир,
У кофирдир, мусулмондир –
Олгин, мани ишқимни ич!
Буз оламнинг комларини,
Рад эт бор аҳкомларини,
Синдир ҳамма жомларини,
Ол, сан мани ишқимни ич!
Токи паймона тўлгунча,
Азал ҳукми ўқилгунча,
То томгунча, тўкилгунча,
Кел, сан мани ишқимни ич!
Уммон эрсанг, дур бўлурсан,
Зулмат эрсанг, нур бўлурсан,
Ҳур бўлурсан, ҳур бўлурсан –
Ол! Сан мани ишқимни ич!
Кел, сан мани ишқимни ич!
«ФАНО САРҲАДЛАРИ» ТУРКУМИДАН
Айромиз, лек дил зоримиз бирлашадур,
Дийдорида дийдоримиз бирлашадур.
Ер устида Сени топмай, куйдим бироқ,
Ер остида мозоримиз бирлашадур.
***
Севдимми ё ишқдан аломат бўлди,
Улусдан минг карра маломат бўлди.
Қайдан оқиб келдинг дарё кўнглима –
Қиёмат бўлди-ей, қиёмат бўлди!
***
Қанийди дилда бир зор бўлса эди,
Дилимни куйласам, тор бўлса эди.
Ўлардим бегумон, ўлардим бешак,
Шу лаҳза ёнимда Ёр бўлса эди!
***
Япроқ ўзи титраб турса, кузда не айб?
Юрак ўзи қайнаб турса, сўзда не айб?
Момо Ҳаво, хато ўтса, сиздан ўтган,
Ахир, айтинг, бизда не айб, бизда не айб?
***
Қай манзилни кўзладим, манзил йироқ билмайман
Қай соридан юракка тушди фироқ билмайман,
Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ билмайман —
Жон ипларини узмиш жонон бу ҳузун ичра
Кўнглим, қаён кетармиз энди бу жунун ичра.
Бухорода бандим йўқ, Самарқандда қандим йўқ,
ҚАРШИ азалдан «қарши», ҳеч унга монандим йўқ,
Зорим кўпу зўрим йўқ, ҳеч кимсага пандим йўқ —
Жон ипини уздику, жонон бу ҳузун ичра,
Энди қайга борамиз, кўнглим бу жунун ичра?
«Осмон», дедим осмонга: «Куйга сол бу зоримни,
Ёмғирингга айт, ювсин дилда бор ғуборимни,
Қай манзилга боғловдинг«ЖОН»имдаги «ДОР»имни»,
Ахир, жон ипин узди, жонон бу ҳузун ичра,
Қайга юрайлик энди, кўнглим, бу жунун ичра?
Айтинг, магар тугарму, чархнинг бу афсонаси,
Ҳар боби жон офати, биз анинг девонаси,
Ҳар кимсанинг борарға бўлсин бир остонаси.
Йўқса, бир умр сарсон кундуз ичра, тун ичра
Бизлар қаён кетармиз, ё раб, бу жунун ичра?!
Ҳаллож ҳам кетиб бўлди, Машраб ҳам кетиб бўлди,
Биздан кейин чиққанлар манзилга етиб бўлди,
Фурсат ҳам тугаб бўлди, умр ҳам ўтиб бўлди —
Наҳотки, бор нақдимиз насядир бугун ичра,
Айтгин, қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра?!?
Ҳаволаниб кетди дил, ҳавоий бўлмоқчими?
Саболар атрин ҳўплаб, сабоий бўлмоқчими?
Руҳларимиз топишгач, Навоий бўлмоқчими?
Унгача Санобармиз ҳол отлиғ фунун ичра,
Бошла, қаён кетармиз, кўнглим, бу жунун ичра.
Қай манзилни кўзловдим, манзил йироқ, билмасам,
Қай соридан юракка тушган фироқ, билмасам,
Юрак кимнинг йўлида бунча муштоқ, билмасам,
Жон ипин шарт уздику, жонон бу ҳузун ичра,
Кўнглим, қаён кетурмиз, энди бу жунун ичра?!.
***
«Қаро кўзим»ни чорлаб, бахтимни қаро қилдим,
Қаро қошлар заҳмидан бағримни яро қилдим,
Севмасам бўлар экан, бошимга бало қилдим,
Энди шу балоларни аритгувчим, қайдасиз?
Ёш жонимни ҳижронда қаритгувчим, қайдасиз?
Келинг, қайда бўлсангиз, жабримгача севарман,
Йўлингизга энтиккан сабримгача севарман,
Ҳаргиз кўнгил узмоқ йўқ; қабримгача севарман!..
Шунча Ишқни кўнглимдан аритгувчим, қайдасиз?
Мани муҳаббат билан қаритгувчим, қайдасиз?
Самолар паст бўлдилар тушкун-тушкун байт айтсам,
Саболар маст бўлдилар мушкин-мушкин байт айтсам,
Гоҳ вақтида, гоҳида бемаҳал, бевақт айтсам.
Жами йўқловларимни аритгувчим бир келинг!
Битта дийдори учун қаритгувчим бир келинг!
Не бахт кўзларингизда кўзим қолса, ўлмасман,
Ортимдан бир ўғлиму қизим қолса, ўлмасман,
Мани шоир яратди, сўзим қолса, ўлмасман,
Сўзларнинг жамолидан қондиргувчим, қайдасиз
Қабримдаям Ишқ билан ёндиргувчим, қайдасиз?
Йўқ, кетманг, изингиздан ўртанган жоним кетар,
Вовайло, жон надурки, дину иймоним кетар,
Айтинг, қайга борурман, еру осмоним кетар,
Еру осмонларимни бор этмоққа бир келинг,
Дийдорингиз кўрсатиб қаритмоққа бир келинг!
Келинг қайда бўлсангиз…
Дийдорингиз кўрсатиб қаритмоққа бир келинг!!
«ДЕВОНАВОР БИТИКЛАР» ТУРКУМИДАН
Бағрим тўла ташна хунлар,
Ҳалок этгай бу жунунлар,
Жонни ичманг, эй ҳузунлар,
Кўнгил майхона истайди.
Қорачўғи мани дорим,
Шу ишқ йўғим, шу ишқ борим,
Кел, энди ташна хуморим,
Кўнгил майхона истайди.
Бу ғам шаҳрин бузинг энди,
Бир офат кўргузинг энди,
Аё устоз, сузинг энди,
Кўнгил майхона истайди!
Сиз Хайёмсиз, ман — Санобар,
Дил уйинда хор саросар
Қаники жом?
Қани соғар?-
Кўнгил майхона истайди.
Не кўрдик бу хор дунёда,
Мажруҳ, дилафгор дунёда,
Бода, бода дағи бода –
Кўнгил майхона истайди!
Не бахтки, бир зорлиғдамиз,
Йўқлиғдамиз, борлиғдамиз,
Шоир деган хорлиғдамиз —
Кўнгил майхона истайди!
Дил қалъасин бузиб айтдим,
Сўздан лашкар тузиб айтдим,
Қаранг, Жонни сузиб айтдим —
Кўнгил майхона истайди !
Сўз подишоҳ, ман ғуломман,
Анинг куйида мудомман,
Буткул тамомман,тамомман-
Дод, кўнгил майхона истайди!
Кўйида гарди роҳим бор,
Мастман вале; огоҳим бор,
Манинг қандай гуноҳим бор —
Бот кўнгил майхона истайди.
Чархни ишқдан тузинг энди,
Тараҳҳум кўргузинг энди,
Сузинг энди,
Сузинг энди-
Эй, кўнгил майхона истайди!
Ман Хайёмман, сиз — Санобар,
Юракда ишқ отлиғ кадар.
Олиб келинг манга соғар –
Кўнгил майхона истайди!
Баробармиз обу-гилга,
Нечун афсонамиз элга,
Боқинг Румию Бедилга –
Недан, майхона истайди!
Бу дард бирла адо бўлдик,
Маст бўлдик, ҳар бало бўлдик,
Айтинг, кимга фидо бўлдик –
Кўнгил майхона истайди !
Заминман ман, самоман ман,
Ҳаққа етган дуоман ман,
Ишқпараст бир баломан ман –
Кўнгил майхона истайди!
Аё устоз, сузинг энди…
ЎКИНЧ
Гоҳида беҳудман, валек гоҳида
Ҳушёрлиғ ўтида қоврилар дилим.
Қисматнинг бу янглиғ ўйинларида
Андак таассуф бор, андак табассум.
Гоҳ дўст иғво этар, гоҳ фалак ғавғо,
Гоҳ кўзни куйдириб, гоҳ сўнар шамим.
Корингдан ўргилдим, эй маккор дунё,
Андак таассуф бор, андак табассум.
Билмам нима қолар, Севгидан кейин,
Балким пушаймонлиғ: «Негаям севдим?»
Нима бўлганда ҳам қолмишлар аро
Андак таассуф бор, андак табассум.
Манам, анча йўлни босдим, чамамда,
Юр,энди кетмасак бўлмайди, Ўлим.
Ҳеч нарса қолмади.
Фақат дилимда —
Андак таассуф бор, андак табассум…
ЎЛМАСМАН…
Дилимга Ишқингни ёпсанг, ўлмасман,
Шу ишқдан ўзингни топсанг, ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда
Келиб кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!
Бу гулгун туйғудан маст бўлиб келсанг,
Пойимга ерданам паст бўлиб келсанг,
Мен билан ўлмоққа қасд бўлиб келсанг –
Бағримга жон каби тўлсанг ўлмасман!
Самолар азмига сени чорласам,
Саболар назмига сени чорласам,
Лайлолар базмига сени чорласам,
Бормай. кўзларимда қолсанг ўлмасман.
Умр ўтар, ёзу, қишли қировли,
Ҳол борми?
Ҳолинг не? – дея сўровли,
Кўкcимда бир тафт бор ўтдан оловли —
Шу тафтдан бир хикмат топсанг ўлмасман!
Қарорим қолмади тўзимга ҳайда,
Бир сўз айтиб борсам, сўзимга ҳайда,
Ўзимга келайин, ўзимга ҳайда —
Кейин шу жонимни олсанг ўлмасман.
Минг йилки тўкилар ёшим дув мани,
Жин чалдими ёки пари дев мани,
Сев мани, сев мани, яна сев мани —
Сўнг қанча фироққа солсанг ўлмасман!
Кўксимга ҳажрингни ёпсанг ўлмасман,
Унга ажал атрин сепсанг ўлмасман,
Ўларман ва агар ўлар чоғимда —
Келиб, кўзларимдан ўпсанг ўлмасман!!!
Руҳимга ишқингни ёпсанг ўлмасман…
Шу ишқдан Худони топсанг ўлмасман…
***
Тили бўлганида сўзлай олганида
Энг зўр шоир бўларди Дарахт
Агар билганида —
Ҳаводан ҳам ўзга дафтар борлигини
Осмондан ҳам оғир залвор борлигини
Қўли бўлганида чизарди дарахт
Йиғлаб ҳаволарга ёзарди Дарахт
Дили бўлганида
Гулламоқ ва хазон бўлмоқнинг оралиғида
Бир улкан муҳаббат улкан айрилиқ
Борлигини билганида билганида эди
Воҳ ақлидан озарди Дарахт
Ҳар бир япроғига ёзарди дарахт
Мен каби тўкилиб, тонарди дарахт
Бу ишқда гуриллаб ёнарди Дарахт
Яхшиям,
Дарахт эмас
Одам этганингга шукр
Худойим!
МУНОЖОТ
Васлингдан мосуво кунларни кечдим,
Э бир хор, бир расво кунларни кечдим,
Ўлимдай бедаво кунларни кечдим,
Кечиб ўтарманми ёдингни, Худо?
Фалак найрангидан руҳим ичмади,
Кўнглимни қуш қилдим барбир учмади,
Бир қошиқ қонимдан дунё кечмади,
Кечиб ўтарманми ишқингни, Эгам?
Фано боғларидан япроқ тўкилар,
Ҳар япроқ бандида бир оҳ тўкилар,
Боқ, жоним шу лаҳза Оллоҳ тўкилар —
Кечиб ўтарманми нурингни, Худо?
Нигоҳ солсам кўзим йўлларга тушди,
Дилин тополмаган, дилларга тушди,
Занжирларга тушди, ғулларга тушди
Кечиб ўтарманми эркингни, Худо —
Ки қандоқ васф этай кўркингни, Худо?
Санобар эдим ман, азал озорлиғ,
Жунун пешонамга битилган ёрлиғ
Буткул девонаман, буткул хумморлиғ —
Қучиб ўтарманми аршингни, Эгам?
Дардимни шеър қилдим кўксимга ёзиб,
Сўрма ҳеч, бир севдим ақлимдан озиб,
Сен берган умрни ошуфта кезиб,
Кечиб ўтарманми ёдингни, Худо,
Сен кечгил мен каби додингни, Худо!
***
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни.
Мирзо Бобур
На васлингни кўйида зорлиғим йўқ,
Не борлиқман, ўзим бор-борлиғим йўқ,
На оҳангким; беҳуд-хумморлиғим йўқ —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни,
Унутмағил бурунғи ёрларни.
Гар осмонсан, осмонинг менга зордир,
Гар подшоҳсан, давронинг менга зордир,
Мендан кетган ҳар онинг менга зордир —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни,
Унутмағил бурунғи ёрларни.
Фалак сори ҳажр оҳи чирмашур,
Тийра ишқнинг тийра моҳи чирмашур,
Бир кўнгилнинг пок гуноҳи чирмашур —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни..
Унутмағил аввалғи ёрларни.
Манам бир гул, жамолим санга зордир,
Манам бир кўк, шамолим санга зордир,
Кеча-кундуз хаёлим санга зордир —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни.
Унутмағил аввалги ёрларни.
Шоҳ Бобурдан қолғон бу ишқ шиддати,
Соғинмоқ ҳам, Яратганнинг неъмати,
Санобардай гулнинг ҳаққи-ҳурмати —
Гаҳе соғин, «На бўлди?», — деб, зорларни.
Унутмағил бурунғи ёрларни.
***
Одам кетиб борар…..
Десанка Максимович
Фалакка ўрларкан руҳнинг қушлари,
Жонким бу танангни тарк этиб борар.
Дунё билан тугаб барча ишлари —
Одам
кетиб
борар…
Ҳар неки қиласан, ҳар не аъмолинг,
Азал котиблари дарж этиб борар.
Наҳотки, сўлади гулдай жамолинг —
(Гулгун мато билан тобут ичида)
Одам
кетиб
борар…
Шундоқ ёнимизда яшар эди у,
Дунёни дунёдай тарк этиб борар.
Ахир, сизу бизга ўхшар эди у —
Энди кетиб борар…
Келмоқлик-кетмоқлик гарчанд эҳтиёж,
Гарчанд у фанодан дарс ўтиб борар.
Боқ жоним, фикр қил, кўзларингни оч —
Одам
кетиб
борар…
Вақтга ўхшаб кетар, сокин ва бедил,
Шу ҳолда Тангрига хуш келар ҳоли.
Ўйла, тафаккур қил, нотавон кўнгил —
Шу ҳолда тугайди тақдир аъмолинг!
Ҳазрати Исодай қазога ризо,
Билмадим, ҳолидан не ўтиб борар.
Бу одам зотига илоҳий жазо —
Одам
кетиб
борар…
Гарчанд, кўнглимизда ҳаёт нашъаси,
Ҳамонки, дилда бир севилмоқдай ноз.
Кел, сени сўнгги бор туйсин нафасим —
Кел, мени сўнгги бор бағрингга бир бос.
Сўз ҳам тополмадим, топмадим илож,
Жон қуши Худога не деб ёлборар.
Эй одам, жон одам, кўзларингни оч —
Одам
кетиб
борар…
«Хайёмона хўрсиниқлар» туркумидан
* * *
Мен куйдим, анинг фироқлари куйлатадур,
Қоши-кўзи, қабоқлари куйлатадур.
Куймас эдим; бу куй била англасам эрдим,
Не тонгки, бугун сабоқлари куйлатадур.
* * *
Мен билдим;
Билғулик кор энди йўқдир,
Унингдай ошиқу зор энди йўқдир.
Фидо бўлмоққа-ку бошим шай, аммо
Бошимга арзирлик дор энди йўқдир!..
* * *
Қўҳна дунё йўл бермадинг, бурилиб ўтдик,
Бир бўлмағур савдоларга урилиб ўтдик.
Яссавийдай зот бош эгиб жим ўтганида —
Бизлар қайси коримизга керилиб ўтдик!?.
* * *
Шеър ёзаман, шеъру фунун зор асли қайда?
Шому саҳар, ишқу жунун, ёр асли қайда?
Садо келди: «Бандам мудом уйғоқ ўтгайсан!»
Ғофилларга бундай гўзал кор асли қайда!?!
* * *
Ўз ичимда сокин-сокин жангман мен,
Ҳали ҳеч ким кашф этмаган рангман мен.
Кимлигимни билмоқ бўлсанг, ҳарифим,
Шайх Шиблийнинг пойидаги чангман мен…
Орифона арз
Не тонгким боди-сабо ўз ҳолидан арз этди,
Қайғу келиб, қайғунинг малолидан арз этди.
Ажал қазо фарроши, ёндиму ичу тоши,
Хазон келдию, гулнинг камолидан арз этди.
Боқдим; маъно топмадим, бундоқ савдо топмадим,
Қарилик ёшликнинг гул жамолидан арз этди.
Дедимки:«Чарх зайли бу, Яратганнинг майли бу»,
Ҳаммаси Худойимга заволидан арз этди.
Менким унинг меҳмони, ишқнинг жабрида жони,
Бу тонг фано айвони шамолидан арз этди.
Румийки найга борсин, Санобар қайга борсин,
Гар Хайём тупроғига кулолидан арз этди?!.
* * *
Мавло кўрайлик найлар,
Найларса гўзал айлар!
Шайх Иброҳим Ҳаққий
Гулни хорга қўшган ҳам
Йўқни борга қўшган ҳам
Ёрни-ёрга қўшган ҳам —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Бу на тақвою-тоат,
Бу на кашфу каромат,
Ҳаргиз қилманг маломат —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Надир унга зорлигинг,
На йўқлигинг-борлигинг,
Бир Дилга хумморлигинг —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Тиз чўксанг, тизинг унга,
Ёш тўла кўзинг унга,
Айтгин, пок сўзинг унга —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Ҳайрон бўлинг, оқиллар
Чунон бўлинг орифлар,
Сайрон бўлинг ошиқлар —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Покла, дилнинг сойини,
Чалгин ишқнинг нойини,
Ўп, ғариблар пойини —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!!!
Бу на, малак сифотда,
Бу на, инсон суратда,
Бу на, ажиб фитратда? —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Айт, на савдо бошингда,
Шундай гулгун ёшингда,
Бухоронгда-Шошингда —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
«Хизмат қил»,-деб элингга,
Ҳикмат солиб дилингга,
Қалам бермиш қўлингга —
Ишқ берган оташ айлар
Найларса гўзал айлар!
Ҳолингни билган Ўзи,
Дилингга тўлган Ўзи
Тадбирин қилган Ўзи —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Чайқалган ҳар бир гиёҳ
Ҳар титраса дер: “Оллоҳ!”
Йўқдир, зарра иштибоҳ —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Порлаган қуёш, қамар
Бергай нуридан хабар,
Раббимнинг ўзи чевар —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
Ошиқ қалбларнинг ёди,
Бу бизларга имдоди,
Дунё Унинг ижоди —
Биз бир зарра, У заргар
Найларса гўзал айлар!!!
Зулмат надир, нур бўлинг,
Раббимга манзур бўлинг,
Келинг, Бизга жўр бўлинг —
Мавло кўрайлик найлар
Найларса гўзал айлар!
* * *
Худодан узоқсан дейди ҳар бир тош…
Гарсиа Лорка
«Худога жудаям яқинман,»- дедим,
Гарчанд, тасдиқ этди кўзимдаги ёш.
О, буни қанчалар кечикиб билдим —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Бир кун яшайдиган капалак яқин,
Йўқ унда нафс ғами, на ном, на талош.
«Қандай ўтаяпсан бандалик ҳақин», —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Қумрилар яқиндир нолон куй билан,
Яқиндир беминнат шу сахий қуёш.
Дилингдаги шунча алам, ўй билан —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Сувлар оқиб борар Худога қараб,
Бегидир, бетаъма, сокин ва бебош.
Дор узра шукрона айтади Машраб —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
Гарчанд, яқинликдир руҳ ҳақиқати,
Қолгани шунчаки беҳуда талош.
«Ҳақ», — деб зикр айтган тошлар ҳурмати —
«Худодан узоқсан, — дейди ҳар бир тош…»
О, буни қанчалар кечикиб билдим…
ГА…
Сен қачон келасан
Кўнглим тубига,
Бир чироқ ёқилар Қодир Худодан.
Сен қачон келасан, руҳим қутбига-
БИРгина ёлғизим ИККИ дунёдан.
Сен қачон келасан;
Сен деб қариди,
Дилимнинг тубида энг илоҳий роз.
Эй ишқи махмурим, эй ёри — жоним,
Бу менман гулларнинг бўйидаги ноз!
Сен қачон келасан,
Ёришиб кетар,
Тоғларнинг баҳайбат, залворли руҳи.
Кўнглим сойидаги ғамгин нилуфар —
Ҳамонки, шикаста ҳамон беуйқу!
Сен қачон келасан, беомон ҳислар,
Қачон бу ҳажрга берасан барҳам.
Онамнинг сочида оқарган қайғу —
Даргоҳи-иззатдан энг гўзал карам.
Сен қачон келасан,
Қарочўғимга,
Солиб қароғларинг талвасасини.
Фалак тўнтарибдир қара руҳимга
Муҳаббатнинг чинни паймонасини.
Сен қачон келасан;
Мен шунда пайдо,
Ўзим ўз ҳолимга ҳайрону лолман.
Қалбимда Ишқ деган гўзал илтижо,
Мен Сенсиз ўзимга-ўзим малолман.
Сен қачон келасан, чашми-гирёним
Қадим ғуссалардан тортмишдир қаро.
Эй менинг севгидан ўлмаган жоним,
Кел энди ўзимга, мен сенда пайдо…
Эй менинг севгидан ўлмаган жоним…
«Кузги кайфиятлар» туркумидан
Дилни ишқ сойида юволмаяпман,
Дилим қочиб борар қуволмаяпман.
Кел, агар бор бўлсанг, кўксимга ўт ёқ —
Мен Сенсиз ўзимни севолмаяпман…
* * *
Бунча чайқаласан, паймона каби,
Эй ажал жомига тўладиган жон.
Аслида, не эди умринг матлаби —
Сен кимни яшадинг, ўладиган жон!..
* * *
Ҳуснингни тузи ҳаққи, ўзга юзга боқмасман,
Сочинг дарёси ҳаққи, ўзга мавжда оқмасман.
Кел, хумор айлаганим, эй бемор айлаганим,
Фақат сенга касалман, фақат сенга соғмасман…
* * *
Билки, сен вақти чоғсан, сени деб, абгорлигимдан,
Гул каби яшноқсан, куйингда мен хорлигимдан.
Шодлик бешигида ноз била ухлагайсан ҳар тун,
Ҳажрингда менинг то саҳар бедорлигимдан…
* * *
Дил-о, бугун сабоқ, ҳикматингни ол,
Оламга ўт ёқ-у, шиддатингни ол.
Ахир, келмоқликнинг кетмоғи тайин —
Боқ кузги боғларга, ибратингни ол!!!
* * *
Тонг-саҳар боди-сабо дарс ўтадир,
Моҳга боқким, бир моҳлиқо дарс ўтадир.
Дилим, ўрган!
Баҳору ёз, кузи билан
Бандасига қодир Худо дарс ўтадир!..
* * *
Энг аввало майсаларнинг рангига боқ,
Тириклик деб, тирикларнинг жангига боқ.
Ибодатинг қандоқ қабул бўлсин ахир,
Юрагингнинг кибр отлиғ чангига боқ!?!
* * *
Сенга Худо бердими, кел,сен ҳам бергил,
Дармонин топ, бир маъюсга малҳам бергил.
Кўзингни оч –
То сендан кўз юммасинлар,
Ўзинг хуш бўл, нохушликка барҳам бергил…
* * *
Кузги боғлар дунё билан роз айтарму,
Наҳотки, Ишқ видо билан роз айтарму?!?
Юрагимда бир иштибоҳ, бир ҳузн бор —
Банда шундай Худо билан роз айтарму?!?
Тожикистондан “Дунё ўзбеклари” учун махсус
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ