Норқобил ЖАЛИЛ: КУТИЛМАГАН АЖР — ЎзА
КУТИЛМАГАН АЖР
…6 август, тонг саҳар. Телефоним жиринглади. Ўзим гувоҳман, ярим тун ёки саҳармардонда келган қўнғироқлар кўпам хайрли бўлмайди. Қишлоқдан, қадрдон устозим, оқибатли инсон Қўчқор домла Номозов экан. Синиқ овозидан сездим, бирор ташвиш тушган бошига. “Узр-а, эрталабдан безовта қилганим учун, уч кундан бери уйқу йўқ, маслаҳат беринг, нима қилайин”, дея содир бўлган кўнгилсиз воқеани айтиб берди.
— Биласиз, кичкина дўкончамиз бор, ҳозирги оғир шароитда ҳамқишлоқлар корига яраб турибмиз. Кеча душанба куни Китобга ул-бул нарса обкелиш учун чиқувдим. Бозорлик қилдим, бир-икки тўловлар учун солиқ идорасигаям кирдим. Кейин ширинликлар цехидан тўрт қути музқаймоқ олдим. Аниқ эсимда 180 минг сўм санаб бердим сотувчига. Йўл-йўлакай Бештерак қишлоғидаги дўкондан, Сирож дейди сотувчисини, таниш бола, ундан йигирматача нон харид қилдим. Уйга келсам, пул солиб юрадиган қопчиқ йўқ. Хотира ўлсин, қаричилик. У ёғини сўраманг, айтиб бўладими, эшитган қулоққа ёмон, ичида бир талай ҳужжатлар, пластик карточка ва олти милёндан ошиқроқ пул бор эди. Кенжа ўғлимга секин айтдим. Аёл кишини биласиз, дунё қоронғу бўлади. Уям эшитди барибир. Борма десам ҳам, фолбингача югурди ўзиям….
Яхши хабарми шу? Шундоғам газета чиққани учун ишдан кеч келувдим. Уйқуям чала бўлди.Табиийки, аввалига озроқ тасалли бердим, ўзи соддадил, камсуқум. Харажатга хасисроқ одамни бундай пайтда қандай тинчлантириш мумкин? Хуллас, у дедим, бу дедим, лекин қулоғига гап кирмади. Охири “Домла, сиз бир умр ҳалол ризқ топиб келган одамсиз, сиқилманг, топилади, топилмаса Худо беради!” дедим қатъий оҳангда.
Гапим таъсир қилди шекилли, бироз тинчланди. Ўзининг изоҳ беришича, ўша куни ортга қайтиб, музқаймоқ цехигаям борибди ва сотувчи билан видеокамерадаги ёзувларни кўришибди. Энг ёмони, кундуз соат 11 ларда камераям ўчиб қолган экан. Битта ускунага сув кириб, куйган эканми, омадсизликни қарангки, айни Қўчқор ака савдо қилган маҳал ишламабди. Ана шуниси шубҳали туюлди. Гумон иймондан айиради, деймизу лекин на илож, мингта тахмин келади каллага. Пешингача шу иш билан машғул бўлдим. Ҳар беш-ўн дақиқада домла безовталаниб, бирор янгилик йўқми, деб сўраб қўяди бу ҳодиса пойтахтда рўй бергандек. Мелисагаям боринг, дедим аввалига. Ҳокисор, бировга ёмонлик соғинмайдиган инсон минг хижолат аралаш: “Йўғ-е, қишлоқда ким деган одам бўламан кейин, шошмайлик Норқобил, сизни кўпчилик танийди, шулардан бир сўраб кўринг”.
Кечгача ўзим билган тадбиркорлар ва айнан ўша музқаймоқ цехи эгаси, яъни “Тошкентликлар” деган номдор дўкон соҳиби Лутфулло деган савобталаб йигит билан ҳам гаплашдим. “Йўқ, ака, бизнинг ишчилар ҳаром луқмадан қўрқади, шу пайтгача қанча мижозларнинг пули, товари қолиб кетган, қайтариб берганмиз, янаям суриштираман”, деб жавоб берди…
Кеча кечқурун яна боғландик. Тинчимабди, йўқолган баъзи ҳужжатларни қайтадан тўғрилаб келибди. Анча ҳовуридан тушибди. Ярим ҳазил аралаш “Бу, домла, ҳайитларда закот-пакот чиқарувдингизми ишқилиб…” десам, “Бўлмасам-чи, ҳар йили имконим борича ажратаман, майли-да, буёғи Худойимга таваккал” деди босиқлик билан.
Бугун соат ўн бирларда Қўчқор ака қўнғироқ қилиб қолди. “Китобингизда билиб ёзиб қўйган экансиз-да, яхшиликниям, ёмонликниям мукофоти бор, деб. Сумкача топилди. Айтсам, сўкмайсизми акангизни”…
Домламиз охирги кирган дўкондан нон сотиб олгану машинага жойлаётиб, ҳалиги қуриб кетгур кармон-сумкачани капот устига қўйгану шартта рулга ўтириб кетворган. Икки юз метрча юрилгач, қопчиқ катта йўл устига тушиб қолган экан…
Ҳадеб нолийвермайлик, инсофини бўри емаган одамларам орамизда кўп ҳали.
Мана сизга исботи:
Китоб туманидаги Парчакент қишлоғилик Баҳром Пўлатов кўп йиллар пойтахтда ички ишлар соҳасида ишлаб пенсияга чиққанидан кейин ўзи туғилиб ўсган гўшада ватан қуришга бел боғлаган экан. Ўғли Ўлмасбек усталарга майда-чуйда нарса обкеламан деб машинада кетаётса, йўл устида бир целлофан сумкани кўриб қолибди. Бошқалар босиб ўтиб кетган экан. У ҳам устидан ўтиб тўхтабди-да, бир чеккага ташлай деб қараса, ичида сумкача, ҳужжатлар, кўзойнак синиқлари бор эмиш. Тўғри уйларига элтиб, отасига кўрсатибди. Баҳром аканинг кекса онаси кўриб, болам, бояқиш сарсон бўлиб излаб юргандир, кам пул эмасакан, менга ўхшаган пенсионер бир йил ётиб еса етаркан, бировнинг ризқи бошқага буюрмайди, суриштириб эгасини топинглар, деб қаттиқ тайинлабди. Ота-бола ҳужжатларни варақлаб, аниқлагач, икки кун деганда манзилни топиб келибди…
— Кайфиятим бўлмай, дўконниям очмовдим бугун, — деб ҳикоя қилади Қўчқор ака. — Бир маҳал телефоним жиринглади. Нотаниш одам. Фалончи сизмисиз, деб сўради, ҳа, дедим. Дўкон эшигида рақамим ёзиб қўйилганди. Ўзини таништирди. Қўлидаги сумкани очиб, аввал нималар йўқолганини бирма-бир сўраб олди. Кейин “Энди ишондим, ака, мана қоғоз-чекларингиз ва 6 миллион 600 минг сўм пулингиз, санаб олинг”, деб узатди. Хурсандчилигимдан кўзларимга ёш келди. Йўғ-е, ўзимни пулимни ўзим санайманми энди, отангизга раҳмат, қани уйга кирамиз, деб қўлидан маҳкам ушлаб олганман. Узрини айтди, усталар ишлаяпти, насиб этса келамиз яна, энди ҳушёр бўласиз, дея кетмоққа чоғланди. Суюнчини олинг, деб қўярда қўймай, бир даста пулни ўғлининг чўнтагига солдим. Баҳромжон бўлса ортига қайрилиб: “Қизиқ экансиз-ку, ака, бу нима қилганингиз, уялтиряпсиз, биздан бошқаям худди шундай йўл тутган бўларди-да, яхшиси, шу неварангизга дуо беринг” дея қучоқлаб хайрлашди…
Яхшилик барибир изсиз қолмас экан. Бу дунё Баҳром Пўлатовга ўхшаган савобталаб юртдошларимиз борлиги учун ҳам гўзал ва фарахбахш. Бир умр мактабда дарс бериб, пенсияга чиққан бўлса ҳам ҳамон элдошларига беминнат хизмат қилиб юрган Қўчқор Номозов ҳам, муболағаси йўқ, қўлидан келгунича яхшилик, хайрли ишларга бош-қош бўлгани учун балки кутилмаган шундай йўллар орқали ўзининг эзгу ишларига Аллоҳдан ажр олаётган бўлса не ажаб!
Бу воқеани ҳаммамизга ибрат бўлсин, деган эзгу ниятда сизларга илиндим.
Норқобил ЖАЛИЛ