Каримберди Тўрамурод: Адолат чиройли сўз… (Байрамали юртига қайтсин!)
Адолат чиройли сўз
“Ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак”.
Шавкат Мирзиёв,
Ўзбекистон Республикаси президенти.
Шавкат Мирзиёев президент бўлгач, адолат ҳақида жуда чиройли сўзларни кўп айтди. Айниқса, куч ишлатар тизимдаги, прокуратура ва суд идоараларидаги адолатсизликлар, ноҳақликлар, зулмлар ҳақида халқни тўлқинлантирган сўзларни айтди. Хавфсизлик идоралари ҳақидаги “Булар, керак бўлса, столбани ҳам қамади”, деган сўзлари ёз осмонида гумбурлаган момақалдироқдек эшитилди. Суд ва прокуратура идоралари “каттаконлари”ни ўғри, муттаҳам, каламушлар деганида халқ “Ана энди Ўзбекистонда адолат қарор топади”, деб елкасидан нафас олди.
Аммо орадан уч йил ўтди. Энди Мирзиёев президент бўлгунича ёки бўлганидаги гапларни кўп айтмаяпти. Халқ ҳам чиройли сўзлар билан мақсадга эришиб бўлмаслигини англади. Каримов даврида Ватандан қувғин қилинганларни ҳам биров сўрамади.
Бугун ҳам ички ишлар “каттакон”лари ҳар куни ҳар бир ходимига бештадан баённома тўлдиришни, яъни камида ҳар бири кунига бештадан одамни жиноятчи сифатида ушлашини талаб қилаётган Ўзбекистонда 27 йил давомида “план”ни тўлдириш учунгина одамлар қамалди, уларнинг гарданига ўзларининг тушларига ҳам кирмаган айблар илинди.
Бугун мен сизларга ана шундай айбсиз айбдор қилинган минглардан эмас, ўн минглардан, балки юз минглардан бири бўлган оддий бир меҳнаткаш йигит ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман.
Байрамали Юсупов
Юсупов Байрамали Насруллаевич 1979 йилда Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, Бешкент шаҳрида туғилган. 1997 йил Самарқанд Давлат Университетига ўқишга кирган. 2001-2003 йилларда Қашқадарё ва Тошкентдаги, 2003-2007 йилларда Россиядаги чет эл фирмаларида иқтисод соҳаси буйича мутахассис бўлиб ишлаган.
Россияда ишлаб юрган Байрамали Ўзбекистонда унга қарши жиной иш очилгани ва ўзига нисбатан қидирув эълон килинганини билмаган ҳам. Унга нисбатан очилган, бугунги кунда ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси тергов бўлинмаси терговчиси Турғун Умиров иш юритувида бўлган 12-04-627-сонли жиноят иши 2004 йил 24 декабрда қўзғатилган бўлиб, унда санаб ўтилган айбловлар мутлақо асоссиз ва ҳатто кулгули. Байрамали Юсупов Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 159 моддаси 1 қисми, 244-2 моддаси 1 қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган.
Айблов мазмунига кура: Байрамали Юсупов 2001-2002 йилларда фаолияти экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва террористик ҳисобланган “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати” ташкилотига аъзоликка кириб, Шаҳрисабз туманидаги “жамоат”дан “байтулмол” йиғиб, уни Қашқадарё Амирига етказиб бериб, бу жамоатнинг фаолият юритишини фаол таъминлаб, Худойназаров, Розиқов ва бошқаларни “жиҳод” йули билан куч ишлатиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумини ағдаришга даъват килган.
Бунақа айбловдан эси жойида одамнинг эси оғиб қолиши ҳеч гап эмас, Байрамали Юсупов ҳам ёқасини ушлаб қолган.
Жиноят ишида гувоҳ тариқасида жалб қилинган шахсларнинг кўрсатмаларидан ташқари Байрамали Юсуповни айблаш учун умуман асос йўқ. Маълумки, Ўзбекистон Жиноят процессуал қонунчилигига кўра, шахсни айблаш учун гувоҳларнинг кўрсатмалари етарли эмас. Шунингдек, шахсни гумондор ёки айбланувчи тариқасида ишга жалб қилиш учун асослантирувчи маълумотлар бўлиши лозим.
Бунақа нарсаларни Россия Федерацияси қонуншунослари ҳам яхши билишади. Шунинг учун Байрамали Юсуповни ашаддий жиноятчи сифатида Ўзбекистонга бериш ҳақида талаб қилинганида Россия Федерацияси судлов органи Байрамали Юсуповни айблашга асос йўқ эканлиги борасида суд ҳужжжатини тақдим қилди ва уни Ўзбекистонга беришни рад қилди.
Данияда
Аммо шундан кейин жонига хатар аниқ эканини ҳис қилган Байрамали Юсупов чет элдан паноҳ сўрайди ва 2007 йилда вақтинча яшаш учун Дания давлатига келиб қолади.
Туғилганидан бери илм олишга чанқоқ бўлган Байрамали Юсупов Дания Қироллигидаги “VIA University College” ўқув даргоҳида, Value Chain Management факультетида ўқиди. Турли йилларда Германия, Полша ва Даниядаги етакчи фирмаларда ўз соҳаси буйича ишлади. У озиқ-овқат импорти билан шуғулланадиган машҳур “Megafood” компаниясида менежер, Германиядаги саноат машиналарининг олди-сотдиси билан шуғулланадиган “MAS MASCHINEN GmbH” компаниясида консультант, электр эшиклар ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Аssa abloy” (Дания) компаниясида лойиҳа раҳбари бўлиб ишлади. Бугунги кунда ўзи асос солган қурилиш соҳасига ихтисослашган “Dansk parket og gulvafslibning” фирмасини бошқармоқда.
Европа жамиятида ўз ўрнини топиб олган Байрамали Юсупов миллатпарварлигини, ватанпарварлигини йўқотмади. У Данияда Ўзбекистон ва ўзбек халқи маданиятини тарғиб қилиб келаётган “Uzbek forening” жамиятига асос солди. Бу жамият ўз сафига Европада яшаётган ўзбек оилаларини бирлаштириб, Наврўз байрамларини, Сумалак сайлларини, ўзбекча палов байрамларини ташкил қилиб, ўзбекона миллий қадриятимиз анъаналарини олис Европада тарғиб қилмоқда. Бу жамият ташкил қилган ана шундай байрамларда иштирок этган Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси ходимлари ҳам жамият фаолиятига юксак баҳо берди.
Байрамали Юсупов сарсон-саргардонликлар ичида уйланди, беш нафар фарзандларини ўзбек урф-одатлари асосида тарбияламоқда. Ўзи ҳам рус, инглиз, турк ва дат тилларини мукаммал биладиган Байрамали Юсупов ўғил-қизлари ҳам кўп тилларни ўрганишига, илғор фан ва техниканинг ютуқларини ўзлаштиришига, жисмонан ҳам соғлом бўлишига катта эътибор қаратади. Унинг ўғли Муҳаммаджон математика бўйича ўтказилган, мингдан ортиқ ўқувчи қатнашган мусобақада мамлакат миқёсида ғолиб бўлди. Спортнинг карате тури бўйича тенгдошлари орасида Данияда иккинчи бўлди.
Ўзбекистонда
Байрамали Юсуповнинг ҳуқуқларини қонуний ҳимоя қилаётган Қашқадарё вилояти “ЭРГАШ МАҚСАДЛИ ҲИМОЯ” адвокатлик бюроси адвокати Эргаш Ишмурадов 2018 йил декабр ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига қилган мурожатига ҳали ҳам жавоб хати ололмади. Унга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар Байрамали Юсуповнинг иши билан танишишга рухсат бермаяпти.
Ўзбекистонда Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи «Эзгулик» жамияти ҳам мазкур жиноий ишга қизиқиш билдириб, Бош прокурор номига 2018 йил 20 ноябрда мактуб йўллаган, афсуски, жавобдан дарак йўқ.
Байрамали Юсупов, унинг ўғли Муҳаммаджон эришга ютуқлар ҳақида мен 2019 йилнинг ёзида Қашқадарё вилоят ҳокими Зафаржон Рўзиевга мурожаат қилиб, бу оилани Ватанга қайтариш масаласида ёрдам беришини сўрадим. Вилоят ҳокими вилоят прокурори, ИИБ бошлиғи ва МХХ идораси бошлиқларига топшириқ бериб, бу оила Ватанга қайтиши учун барча зарурий чораларни кўришларини буюрди. “Каримберди ака, сиз бориб, Байрамали Юсупов билан учрашиб, уни Ватанга қайтишга даъват қилинг, унгача, насиб бўлса, унинг келиши учун биз ҳамма имкониятларни қиламиз, Байрамали Юсупов ва унинг математик ўғли бизга керак, насиб бўлса, бу бола бир куни бизнинг Қашқадарё номини, Ўзбекистон номини дунёга машҳур қилади”, деди. Ана шу яхши суҳбатдан илҳомланиб, мен Данияга йўл олдим. Байрамали Юсуповнинг оиласида бўлиб, унинг яшаш шароити, оиласи, фарзандлари билан танишдим.
Данияда туғилган, Ўзбекистонни кўрмаган болалар ўзбек тилида Ватан деб соғинч билан ўзбек шоирларининг шеърларини ўқиганларида менинг кўзларим ёшга тўлди. Ўзлари кўрмаган ота юртларини бир кўришга зор бўлган болаларнинг гуноҳи нима? Бу шўхликни билмаган болалар, масъума қизчалар тўккан кўз ёшларнинг уволи кимни тутади?
Даниядан қайтганимда эса, “Байрамали Юсупов бизга керак, унинг фарзандлари Қашқадарёга керак”, деган вилоят ҳокими бошқа ишга ўтказилибди, вилоят прокурори ҳам, ИИБ бошлиғи ҳам ишдан кетибди.
Аммо МХХ ўз вазифасини аъло даражада бажириб қўйибди: Байрамали Юсупов ишига сохта кўрсатмалари тиркалган ўша пайтдаги гувоҳларни топиб, турмада ўтирган йигитларни яна қўрқитиб, қамоқ муддатлари узайтириб қўйиш билан таҳдид қилиб, “Байрамали Юсупов ДЭОга аъзо эди, бизлардан пул йиғар эди, бу пулларни Қашқадарё Амирига етказиб турарди”, деган мазмунда кўрсатмалар ёздириб олишибди. Менимча, “Бир гап бўлса, гап тегиб қолмасин, ишимизнинг сохталиги очилиб кетмсин, ишни пишиқ қилиб қўяйлик”, деб ўзларича ишларини пухта қилиб қўйишган бўлсалар керак.
Идоралараро ҳукумат комиссияси
Бу комиссиянинг ташкил этилганидан кўп одамлар яхшиликларни умид қилди. Шу комиссия тақдим қилган рўйхат асосида Ўзбекистон президенти тарихда бўлмаган яхши ишни қилди, ноҳақ судланганларни афв қилди. Аммо афв қилинганларнинг рўйхати билан яхшироқ танишсангиз, бу рўйхатда ноҳақ қамалиб, турмада ўтирганлар, айниқса, ўқиган икки ракаат намози учун 17-18 ёшида қамалиб кетиб, турмаларда 40 га кириб қўйганлар, “Диний экстеримистик оқимга аъзо”деган “ёпишқоқ” модда билан айбланиб, қамалиб кетганлар, ўша даврдаги сершубҳа сиёсат туфайли Ватандан чиқариб юборилганларни деярли кўрмайсиз. Афв қилинганларнинг аксарияти гумон билан “қора рўйхат”га кириб қолган, назорат остида тутилган, аммо турмага тиқилмаган одамлар.
Байрамали Юсупов ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 сентябрдаги ПФ–5542-сон “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармонидан умидланиб, керакли ҳужжатларни тайёрлаб, Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идораси – Белгиядаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасига 2019 йил 20 сентябрда ариза билан мурожат қилди. Элчихона масъуллари ўз навбатида керакли ҳужжатлар билан бирга унинг аризасини 22.10.2019 да 004/1967 рақам билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига юборишган.
Фармонда аризалар бир ой ичида кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган бўлса-да, Байрамали Юсуповнинг аризаси салкам бир йилдан бери кўриб чиқилмади. Мурожати ҳақида мутасаддилардан олган жавобларнинг айримлари билан танишинг:
-
Қашқадарё вилоят прокурорининг ўринбосари А. Э. Мирзаев:
“Ушбу Фармон талабидан келиб чикиб, Республика идоралараро комиссияга шахсан арз қилиб келганингизда жиноий жавобгарликдан озод этиш масаласи кўриб чиқилиши мумкинлиги маълум килинади”. 09.12. 2019 й.
Қизиқ, шахсан келган одам жавобгарликдан озод қилинмаса-чи? “Э, бўлмади”, деб Данияга қайтиб кетадими? А.Э.Мирзаев самолётгача кузатиб қўядими?
-
Қашқадарё вилоят прокурорининг ўринбосари, А. Э. Мирзаев:
“Мурожаат Республика идоралараро комиссиясида кўриб чиқилиши учун Қашқадарё вилоят ИИБ маъсул ходимлари томонидан ўрганилиб, тўпланган ҳужжатлар комиссиянинг ички органи – Ўзбекистон Республикаси ИИВга тақдим қилинган”. 19.12.2019 й.
-
Қарши тумани прокурори, А. Д. Мирзаев:
“Б.Юсуповни Ўзбекистон Республикасига қайтариш ва уни афв этиш масаласида Идоралараро комиссиясига мурожаат қилишга ҳақли эканлигингиз тушунтирилади”. 20.04.2020 й.
Менимча, бундан бетутуруқроқ жавоб бўлмаса керак, ахир бу шу мурожаатга жавоб тариқасида ёзилаяпти. Бу худди нон сўраб келган одамга “Сизнинг нон сўрашга ҳақингиз бор”, деб тушунтиршга ўхшайди. Латифалар мана шундай яралади аслида!
-
Қашқадарё вилоят прокурорининг ўринбосари, А. Э. Мирзаев:
“Б.Юсупов шахсан Ўзбекистон Республикасининг ваколатли идораларига мурожаат этиши лозим”. 02.06.2020 й.
Шу прокурор нимагадир Байрамали Юсуповнинг “шахсан келиб учрашиши”га жуда ишқибоз…
-
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғи Ш. Маҳмудов:
“Мурожатингиз ПФ – 5542 сон Фармонга мувофиқ Республика идоралараро комиссияси томонидан ўрнатилган тартибда кўриб чиқилмоқда”. 05.07.2020 й.
Аммо узоооқ кўрилди…
-
Ўзбекистон Республикаси ДХХ Қашқадарё вилоят бўйича булим бошлиғи И. Шарипов:
“Фармонига мувофиқ қилган мурожаатингиз Ўзбекистон Республикаси ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича Бошқармасига келмаганлигини маълум киламиз”. 05.07.2020 й.
Ана бу энг “рост” жавоб. Чунки шу бошқарма ходимлари турмадаги гувоҳларни қўрқитиб, таҳдид қилиб, Байрамали Юсуповга қарши ҳужжатларни зил қилиб қўйишган. Бошқатдан Байрамалига қарши кўрсатма берган болаларнинг оналари ўз фарзандларига бўлаётган таҳдиддан хавотирланиб ёзган шикоят хатлари менинг қўлимда. Қизиқ, Байрамалининг мурожаатидан бехабар бўлган Қашқадарё МХХ чилари нимага асосан, яна Байрамалига қарши ҳужжат тўплашди экан?
-
Идоралараро комиссия раисининг ўринбосари, Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Буврабоевич Ёдгоров:
“Афв этиш масаласи юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 8 майдаги ПФ-5439-сонли Фармонига асосан ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигингиз маълум қилинади”.
Энди ҳамма умид кўзини тиккан Комиссия раиси ўринбосарининг жавоби шу бўлгач, бошқасидан нима кутасиз? Мурожаат қилиб бўлган одамга мурожаат қилиши мумкинлигини тушунтириш учун Комиссия раиси ўринбосарининг нечта дипломи бўлиши керак, деб ўйлайсиз?
“Байрамали Юсупов МУРОЖААТ қилмаган бўлса, нима учун унга жавоб ёзаяпсиз, муҳтарам Олий суд раиси ўринбосари ё уни туш кўрдингизми?” дегинг келади. Давлатнинг иши, яна Олий суднинг иши шунақа доноларга қолгани миллатнинг фожеаси эмасми? Ана шунинг учун ҳам минглаб жабрдийдаларнинг иши бу Комиссия томонидан кўрилмай ётибди.
Комиссия раисига нима-ю, унинг ўринбосарига нима? Ишлар бугун кўрилмаса, эртага, бу йил кўрилмаса, келаси йил кўрилади. Ўлмаса, кўрилади-да. Улар иссиққина тўшакларида, оиласи бағрида тўқликда, фаровонликда яшаяптилар. Аммо буларнинг қарорига кўз тикиб, 25-27 йиллаб ота-онасидан, ёр-дўстларидан олисда, Ватанни бир кўришга зор бўлиб юрган Байрамали сингари ватандошларимизни ҳам бирор киши ўйлайдими?
Байрамали сингари неча кишилар Ватан томонга қарай-қарай, ёт ўлкаларда жон бердилар!
Байрамали сингариларни кута-кута, эшикка термулиб, неча-неча заҳматкаш оталар, муштипар оналарнинг кўзи очиқ бу дунёдан ўтиб кетди.
Семириб, юзлари йилтиллаб юрган раислар, раис ўринбосарларининг бу нарсалар ҳақида ўйлаб кўришга вақтлари бормикан?
Қорни тўқнинг қорни оч билан қачон иши бўлган?!
Охирги ҳаракатларим
Байрамали Юсуповга оид барча ҳужжатларни МХХ мулозимларига топшириб, шу йигитни Ватанга қайтаришга ёрдам беришларини сўрадим.
“Президентимиз талаблари ҳам шундай-ку, келинглар, шу йигитни қайтарайлик, кейин кўрасизлар, сизларга, давлатга, президентга ишончлари ортиб, юзлаб оилалар Ватанга қайтишади”, дедим.
Уларнинг ҳам ватанпарварлик, инсонпарварлик ҳислари жўш урди ё менга шундай туюлди, ишқилиб, МХХ чилар Байрамали Юсуповни Ватанга қайтаришда ёрдам беришни ваъда қилишди.
Аммо ойлар ўтиб кетди ҳамки, натижа йўқ. Ҳар замонда сўраб қўйишдан мен чарчамайман, “Тепадагилар ўрганишаяпти”, дейишдан улар чарчашмайди.
Ваҳоланки, Байрамали Юсуповнинг ишида ўрганиладиган нарсанинг ўзи йўқ, суриштирадиган нарсанинг ўзи йўқ. Икки оғиз сўз билан айтсак, мана бундай:
Байрамалининг ўзини ҳам кўрмаган ўша замондаги ДХХ ходимлари унга орқаваротдан қидирув эълон қилиб юборишган. Таваккалдан. ДЕО вакилларини ушлаш бўйича йиллик режани бажариш мақсадидагина. Тамом.
Бугунги МХХ раҳбарлари ҳам эски ҳамкасбларининг хатосини тан олишдан ор қилишмасдан бир оғиз “Нотўғри қилишган экан, шу йигитнинг айби йўқ экан”, десалар, олам гулистон.
Байрамали Юсупов ўзига етказилган зарар ёки озорлар учун МХХ дан товон сўрамаяпти, дарбаларликда ўтган 25 йиллик умрига тўлов талаб қилмаяпти. Уй-жой, иш, имтиёз сўрамаяпти. Ватанимга борсам бас, деяпти, холос.
Ваҳоланки, Байрамали Юсуповнинг бугун шароитига ҳам, уй-жойига ҳам, топиш-тутишига ҳам, миниб юрган машинасига ҳам, ақлли, одобли, ютуқлари кўп фарзандларига ҳам ҳар қандай Ўзбекистонлик ҳавас қилади. Байрамалининг бирор ками йўқ. Аммо юраги ҳасратга, изтиробга тўлиб кетган. 25 йил бир йигит умри! Шунча йилдан бери туғилиб ўсган гўшасини бир кўрмади. Ўзи, аёли майли, Ўзбекистонда туғилмаган фарзандлари Ватан деса, кўкраги бир кўтарилиб тушади.
Афсуски, у нарсаларни ҳужжат билангина гаплашадиган Комиссия аъзолари, прокурорлар, МХХ ходимлари, судьялар тушунмайди. Бу гапларни тушуниш учун ҚАЛБ керак. Қалби бор одам эса, анави идораларда ишламайди!
Қашқадарёга тайинланган янги ҳоким Зойир Мирзаев том маънодаги зиёли инсон, адолатли раҳбар. Республика миқёсида ҳам раҳбарлик лавозимларида ишлаган, истаса, гапи анча ерга ўтадиган мулозим.
Мен Қашқадарёга бориб, Зойир Тойирович билан Байрамали Юсупов, унинг оиласи, фарзандлари ҳақида гаплашдим. Ҳоким бобо Байрамалининг исми шарифини сўраб олди. Аммо Қашқадарёда коронавирус хуружининг иккинчи тўлқини шиддатли бўлаётган экан, у кишининг Байрамалининг тақдири билан шуғулланишга яқин-орада вақтлари бўлишига кўзим етмади. Аммо умидим бор, қачондир ташвишлари ариса, Зойир Тойирович менинг илтимосимни ерда қолдирмайди…
Хулоса
Мен Европанинг ўнта давлатида бўлдим. Ҳаммасида юраклари Ватан, Ватан, Ватан деб ураётган инсонлар билан учрашдим. Ҳаммасининг кўзларида соғинч, изтироб ва …озгина умид. Ҳаммаси бугунги президентимиз Шавкат Мирзиёев уларнинг орзуларини рўёбга чиқаришига ишонишади.
Уларнинг ҳар бири менга умид билан термулиб, “Илтимос, бизнинг нолаларимизни давлатимиз каттаконларига етказинг, биз давлатимизга, Ватанимизга, халқимизга хиёнат қилганимиз йўқ, бировдан кечирим сўрайдиган иш қилганимиз йўқ. Аммо кечирим сўрашимиз керак бўлса, минг марта кечирим сўраймиз, биз ҳам Ватанимизга борайлик, ўз Ватанимиздан икки қулоч ер насиб қилсин, ўлигимиз ёт ерларда қолиб кетмасин!” дейишди.
Байрамали Юсуповнинг иши Ўзбекистон Республикаси президентига-ку ҳеч қачон етиб бормайди, аммо анави имиллаб ишлайдиган Комиссия тезроқ кўриб чиқиб, унинг Ватанга қайтишига рухсат берилса, “Байрамалининг иши нима бўлар экан?” деб кутиб турган юзлаб, минглаб ватандошларимиз шиддат билан Ватанга қайтиш ҳаракатига тушар эдилар.
Мен “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқаролари”нинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро Комиссияси” Байрамалининг ишини адолат билан, инсонпарварлик тамойиллари асосида кўриб чиқилишига кўп ҳам ишонмайман, аммо, наиложки, Байрамали Юсуповнинг иши билан шуғулланадиган бошқа идора йўқ!
Шундай экан, ўша Комиссияда ишлайдиганларга ҳам Аллоҳнинг Ўзи иймон берсин, уларнинг ҳам кўнглига Ўзи раҳм-шафқат солсин, ақлларини очсин, дейман.
Байрамали Юсупов ва унга ўхшаб, айби нима эканини ўзи ҳам билмай Ватанга зор бўлиб юрган ватандошларимизга Аллоҳнинг Ўзи меҳрибон бўлсин!
Каримберди Тўрамурод,
журналист.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ