"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Аҳли Расул Муҳаммад: ЗЎРНИ ЗЎР, ШОИРНИ ОШИҚ ТАН ОЛАДИ!..

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Хотин-қизлар олами | 19/07/2020 05:09-     13056 марта ўқилди

Аҳли Расул Муҳаммад:

ЗЎРНИ ЗЎР, ШОИРНИ ОШИҚ ТАН ОЛАДИ!..

Ўзбекистонлик шоира Санобар Меҳмон шеърлари билан танишгач, «Дунё ўзбеклари» саҳифаларида «Хушбўй шамол», «Шундай бир шоир бор Ўзбекистонда!», «Ўзбекистонга — Санобар Меҳмонга мактуб» деб сарлавҳалар қўйилган битикларимни чоп эттирдим.

Азбаройи, гўзал шеърларга ташналигим, ошиқлигим боис ёзилган ушмундоқ изҳорларимни кейинчалик ўзим ўқирканман, рости, одамлар менга ишонармикан, фикрларимни самимий қабул қилармикан, деган ўй-андишаларга ҳам бордим.

Тўғри-да, росту ёлғон, табиийлигу сунъийлик, маъсумияту шумлик, мардлигу номардлик аралашиб кетган ҳозирги замонда ким ҳақидадир бир нима дейишнинг ҳам масъулияти ниҳоятда оғир.

Ахир биров бошингга қараса, биров оёғингдан кўз узмайди…

Қуйида «Дунё ўзбеклари» ўқувчилари эътиборига ҳавола қилаётганим дил изҳори менга ҳам жўр овозлар борлигидан, бор бўлганда ҳам, мендан-да баланд пардаларда эканлигидан даракдир.

Келинг, яхшиси, Дилором Йўлдошевага қулоқ тутайлик:

 

***
Шеърларингиз — менинг кўнглим.

Ўйлаб ўзим ҳам охиригача боролмаган туйғуларим…

Санобар опа, мен Сизнинг шеърингизни ўзингизни танимай туриб танидим…

Лекин ўзингизни танигач, бу шеърлардан юз баравар баланд бир Ҳазрати Инсонни топдим. Ҳа, ишонинг, мен аслида бир Ҳазрати Инсонга муҳтож эдим…

Чунки, яхши шеърлар кўп эди, лекин яхши одам тополмай гирён эдим жудаям…

Одамлардан кўнглим қаттиқ қолган, ўз ичимга қамалиб олган кунларимда Сизнинг нурли остонангизга бордим ва қайтадан ўзимни ва атрофимдаги барча нарсаларни сева бошладим. Чунки, мен кўрган димоғдор шоирларга ўхшамасдингиз, керагидан ортиқ даражада камтар, хокисор, лекин ҳамиша ўз руҳини баланд ушлай оладиган виқорли…

Сиз ҳақингизда кўпинча мен тенги вилоятда яшовчи ёшлар: «Сирли ва илоҳий Шоира», — деб таъриф берадилар… Чунки, ўзингизни ҳар қаерга уриб, тиқиштириб беқадр қилмайсиз. Бирон жойга бирон бир манфаатни кўзлаб суқилиб кирмайсиз, ҳамиша баланд ва ҳамиша сокинсиз. Ўзингизни кўриб, оромбахш суҳбатларингизни тинглаб, сиз билан бир уйда яшаб амин бўлдимки, сиз виқорингиз билан барчамизга суюмли экансиз, чунки таниқли бўлиш бошқаю, суюмли бўлиш бошқа!!!

Опажон!

Сиз айнан ана шундай суюмли бўлганингиз учун ҳам барчамиз сизга талпинамиз!
Ҳозир, машҳур бўлиш, таниқли бўлиш жудаям осон, шу боисдан атрофимизда таниқлилар ғиж-ғиж, аммо-лекин суюмлилар йўқ, чунки суюмли бўлиш одамнинг ўз қўлидаги ўзига боғлиқ бўлган, ими-жимида эпласа бўладиган иш эмас, бу учун инсон танланган бўлиши, Аллоҳнинг ХОС бандаларидан бўлиши керак!

Аллоҳнинг назари тушган, Аллоҳнинг раҳматига йўғрилган хос бандаларгина Суюмли бўладилар!

Мен аввал шеърларингизни ўқиб, сўнгра уйингизда, ҳаётингизда салкам саккиз ой ёнма-ён яшаб бунга минг марталаб иқрор бўлдим, Сизнинг одамга бўлган чексиз илтифотингизни, фидойилигингизни ва ҳамиша хокисор феълингизу покиза кўнглингизни ҳис қилиб, айнан шу маъсумлик Сизни Суюмли қилганига амин бўлдим.

Виқорли руҳингизни ва хокисор феълингизни бир-бирига боғлаб турган маъсум кўнглингиз доимо ўзгаларга яхшиликлар соғинишини кўриб, шеърдан, шоирдан анча совуган кўнглим яна шеърга қайтди…

Опажон!

Ҳамиша саломат бўлинг, сизни яхши кўрадиган синглингиз ва шогирдингиз:

Дилором Йўлдошова,

Фарғона, Ёзявон


Суратда: шоира Санобар Меҳмон

«Дунё ўзбеклари» редакция а почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
  2. 21 март — Севимли шоиримиз Абдулла Орипов туғилган кун: «Биринчи муҳаббатим»
  3. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  4. Баҳром Рўзимуҳаммад: Хосият юмронқозиқ эмас, бахт қуши…
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
  6. Ҳалима Худойбердиева: Бир кун дарвозада беражакман жон…
  7. 22 aprel — O’zbekiston xalq shoirasi Oydin Hojiyeva tavalludi kuni.
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  9. АННА АХМАТОВА: Сен ҳар доим сирли ва янги…
  10. Ҳамроқул Асқардан Ҳалима Худойбердиевага байрам табриги
  11. Ҳамроқул Асқардан Саломат Вафога байрам табриги
  12. Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз онажонлар, мунис опа сингиллар, барно қизлар!
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

1 Comment

  1. Венера Қодирий:
    20/07/2020 в 20:02-

    НУРДАН НУРЛАНИБ…

    («Зўрни зўр, шоирни ошиқ тан олади» сарлавҳали мақолани ўқиб…)

    Ушбу мақолани ӯқишдан олдин фикримни мавзунинг мутаносиб сарлавҳасига қаратдим.
    Шоир деганини бир сатрда ифодалай олибди муаллиф:
    «Зӯрни зӯр, шоирни ошиқ тан олади».

    Шоир Аҳли Расул Муҳаммаддан:

    АННА АХМАТОВАга

    Аннахоним
    мен Сизни суйдим
    суйдим ашъорингиз орқали
    у туфайли эридим куйдим
    дилингизга куйдек оққали
    сиз бағоят дилбар дилнаво
    шеърий қабо кийган фаришта
    Худо дедим
    дедим э Худо
    Ӯзинг қӯлла мени ҳар ишда
    қучдим сизни
    ваҳким минг афсус
    ҳеч ким йӯқдир маним қучоқда
    ашъорингиз турибди маюс
    менга яқин сиздан узоқда.

    Шоир руҳий олами Анна Ахматованинг қалб туғёнлари билан қоришиб кетди. Гӯё Анна Ахматова ўз замонидан руё бӯлиб шоирнинг қалбига сингиб кетди. Ва шоир ҳам унинг руҳий оламини кашф этди. Аммо Аҳли Расул Муҳаммад ӯз — ӯзини шоирликнинг шоҳона супасида кескир камтарлик билан пайдо этди. Сӯз руҳ оламида унга тутилди. Руҳ қудрати сӯз билан бирлашди. Ва шеър пайдо бӯлди. Шунчаки эмас. Хаёл сайли руҳга кучди. Шоирнинг назарига тушган шоира ҳам унингдек кучли. Унингдек исёнкор, унингдек олами серқирра ва жилоли.
    Шоирнинг қалами ӯткир ва фикрлари ғолиб. У енгилмайди. Қалб мағрурлик билан фикр баён этади. У ниманики эътироф этар экан, ҳақ сӯзга таянади. Шоир Анна Ахматова шеъриятидан Ҳақни топади. Унинг қалбини ӯз қалбида Султон этиб, шеър юзида ҳалқоблантиради.
    Шеърнинг юзи очилади. Бу шунчаки айтилмади. Ӯқинг-а:

    Видолаша олмаймиз сира,
    Судраламиз елкама — елка.
    Қош қорайиб кӯк тортар хира,
    Сен ӯйчану мен сассиз кӯлка.

    Калисога кирамиз. Манзар:
    Ҳамду сано, чӯқиниш, никоҳ…
    Ва чиқамиз, солмаймиз назар,
    Бизда бари бошқача, эвоҳ…

    Қабр ёни — қорга тиззалаб
    Енгил нафас оламиз — ёҳу-у-у…
    Сен ҳавога бир уй чизасан,
    Унда икков яшаймиз мангу…

    Бу — 1917 йил Анна Ахматова томонидан фано оламидан абадиятга узатилган ӯлмас шеър. Таржимон Аҳли Расул Муҳаммад. Шеър ӯзбекона туйғулар билан бирлашди, илдизлари томир отди ӯқувчи қалбига. ХХ аср бошланғич давр адабий муҳитининг ёрқин сиймоси бугунги шоиримиз сиймоси билан ХХ1 асрга эскирмай кириб келди. Демак, шоир мақоласи сарлавҳаси ҳам унинг руҳият оламида яралди. Бу бежиз эмас.
    Санобар Меҳмон сӯз оламини руҳ оламига олиб чиққан шоира.
    Унинг шеърлари тоғ чӯққисида қуёшга яқин ва «аналҳақи» Ҳаққа яқин. Шоиранинг шеърларини манга таниттирган Шоир. Яъни кучли, виқорли тоғ Шоири.
    Тоғлар букилмайди. Аммо тоғ гуллари гӯзал. Гӯзалки, мулкини тараннум этадиган туйғуларга бой. У миттигина гулчанинг ҳам, тантигина гулчанинг ҳам ифорини сезади. Уни ӯз бағрида тараннум этади. Маним тоғ Шоирим ҳам худди шундай. Унинг кӯзларига киприкларига, нигоҳига илинган шоира илоҳий олами туйғуларини четлаб ӯтмади.
    Шоира Санобар Меҳмон ӯз чаманининг хукмдор боғбони. У шеър яратади. Шеърларида манзур вазну қофиялар ила зоҳиран сӯз ва руҳ оламида ӯз ботинини яратади.
    Шоир ҳеч кимни камситмоқчи эмас. Шоир борки, унинг ӯзига хос ИЖРОси бор. Ким жаранглатиб, ким ӯхшатиб созини чалади. Ким эса ӯхшаттириб чалади.
    Санобар Меҳмон эса…унинг сози ӯзининг юраги каби. Ӯзининг юрмаги каби. Гӯзал ва мағрур қиз оҳанги, оҳори оқади унинг шеърларида. Баланд — баланд тоғлар (шундай атагим келди) чӯққисига ярашган қорлар каби Кӯз тортар ва қалб тортар бу шеърлар.
    Санобар Меҳмон қалбидан томчилаган ҳар бир ташбеҳ самовий. Уни симириб, ҳузур қилишдан бошқа эҳтиёж йӯқ. Унинг шеърларига кириб кетаверасиз ва ортга қайтгингиз келмайди!
    Менинг Шоирим эса ӯзидек «ЗӮР»ларни тараннум этса, унда на гуноҳ. Ва сӯзда на гуноҳ…
    Шеърким, ишқ изҳоридур, шоирким, ошиқдур, демак, шоирларни фақат ошиқлар тан олишади!..

    Венера Қодирий.
    Хужанд — Санкт-Петербург.

    Ответить

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.