Ҳамроқул Асқар ЖАНГЧИ (Журналист дўстим “Исмат Хушевнинг юзма — юз”лари)
Ҳамроқул Асқар
ЖАНГЧИ
Журналист дўстим “Исмат Хушевнинг юзма – юз”лари…
Журналист дўстим Исмат Хушевнинг юзма – юзларини тинглаб, беихтиёр устоз Абдулла Ориповнинг “Юзма – юз” китоби ёдимга тушди.
“Юзма – юз” аслида теран илдизли калит сўз. Она тилимизда бу каби калит сўзлар кўп. Йиллар ўтиб Исмат Хушев номи ҳам эркин матбуотни англатувчи калит сўзга айланса не ажаб. Нега йиллар деймиз, ҳазирданоқ унинг “подвалга”, “подвалга.,”деган ҳайқириқлари порахўрлар, коррупцинерларнинг юрагини ларза солувчи калитга айланди. Мен ҳам уни олқишлаб: – калитларинг кўпайсин Хушев., деб ҳайқираман!
Исмат Хушев бу калитини бураганида саботажчилар даҳшатдан инграса, адолат излаган мазлумларнинг дили яйрайди.
Бир пайтлар одоб билан: – “Мен Сизни осмонга улоқтириб., кутиб ўтирмаймайман қачон тушаркин дея., шунчаки қулоғингизга секин шивирлайман – таништириб қўяман ўзингиз билан.,” ёзган эканман.
Тараққиётимиз таназули шу даражага етишдики, одобсизлар билан андишани унутди. Зотан, қонунбузарлик урфга, фоҳишалик тирикчиик воситасига, порахўрлик миллий қадриятга айланиб қолган мамлакатда ислоҳат ўтказиш мушкул. Бу гўё улкан тоғни рандалаб ундан мўъжаз атиргул рамзини яратишдек поёнсиз машаққат.
Юзма – юз мухлисларидан бири: – ҳали ҳаммаси яхши бўлади., деса, бошқаси: – ҳали анча қовун пишиғи бор., деб тўнғиллайди.
Ҳақиқатни баралла айтиш ҳамма замонларда ҳам осон кечмаган. Гоҳ шоир, гоҳ журналист ролини ўйнайвериб чарчаган Исмат Хушев энди росмана жангчига айланди.
Лекин, у кимнинг жангчиси?! У қайси фронтда?! У жангчи бўлса қўмондони ким?!
Кўп сонли лашкарга лашкарбоши зарур, лекин ёлғиз жангчининг қўмондони бўлмайди. Унинг қўмондони – эътиқод, фронти халқ!
Кўриб турипмизки, бу халқ фронти Самандар Қўқонов, Мамаёқуб Ҳамроев, Дадахон Ёқубов, Мавлон Умрзоқов, Кенжабий, Сафо қори Бекхўжа, Шукур Жаббор, Тўра Мирзо, Мавжуда Мирзаева, Аҳмад Турон., Абубакр Худойқулов, Муроджон Маннонов, Ахмед Каримов, Аҳмаджон Отажонов, Тохир Шерматов, Рустам Икромов, Аброр Мавлонов, Отабек Тошев, Башорат Эшова, Мирза Анвар Ҳамидов, Рая Отабоева, Мафтуна Исомиддинова, Холида Баҳодирова, Нормурод Обидов, Хушнудбек Тошматов, Шавкат Қўлдошев, Рустам Ғозиев, Қурбон Соипов, Рустамбек Тоғаев, Жек Кевин, Олимжон Тўхтаназаров, Хуршид Жўраев, Фахриддин Исхоков, Эва Йўлдошева, Акрам Исломов, Хасан Юлдошев, каби кўнгиллилар, ер юзига тариқдай сочилиб кетган миллионлаб ватандошлар ҳисобига кўпайиб бормоқда. Буни минглаб “лайк” ҳам калитлари тасдиқлаб турипти.
Бу жанговар кўнгиллилар оломони ёлғиз жангчи Исмат Хушев қўмондонга айлантирди. Бу кўнгиллилар сафига мени ҳам қўшиб қўй дўстим!
Эй, генералларни танқид қилавериб, генералга айланиб қолган дўстим! Ҳақиқат сўзининг ўзаги – Ҳақ! Ҳидоят йўлинг – адолат бўлсин!
Қонунбузарликга қарши отлансанг, лўттивоз қонунбузарлардан олис бўл. Дўстлар ачитиб айтса ранжима. Олимнинг ортидан келгайдир олим, Золимнинг ортидан келгайдир золим. Золимлар даф бўлсин, йўқолсин зулм, биз кетгач янада ёришсин жаҳон. Зулмга қарши курашиб ўзинг золимлашиб кетма!
Ҳақиқатни шу қадар кўп айтгинки, то уни таъқиб қилишларига ҳожат қолмасин.
Ҳеч қачон дилингда умид сўнмасин, қиличинг занг босмасин, эй менинг соддагина жангчи дўстгинам! Ушбу шеър ҳам аслида сенга ўхшаган ҳақиқатни Ҳақ деб англаган марду майдон жангчиларга аталган.
Ҳ А Қ И Қ А Т
О, Ҳақиқат! Сени деб кўп ёндику юрагим,
Ҳатто яқин дўстларга бўлмай қолди керагим.
Офтобга яқин юрса куяр қушнинг қаноти,
Гоҳо, бир ширин сўзга боғлиқ инсон ҳаёти.
Ҳақ дея, Ҳақиқат деб йиғлаб ўтди Хайём ҳам,
Келмади-ку, охир ул кун Хайём кутган айём ҳам!
Оқил ўғлон унутмас аждодлар хатосини,
Фарзанд қандоқ юпатгай йиғлаган отасини.
Кеча номи қоралар, бул кун оқдан оқроқдир,
Оқга ҳам қизилга ҳам макон ушбу тупроқдир.
Тожу-тахт деб бир-бирин қирган бола-оталар,
Энг ҳаққоний тарихга ҳам ёзилмаган хатолар.
Гоҳо, кун ботмай туриб чодра илар зулумот,
Гоҳо, буюк донишманд ёш гўдакдан олур мот.
Эрксиз қулнинг мусиқадан юраклари қақшайди,
Озод бўлсанг қора тун нақ қўшиққа ўхшайди.
Зоти паст мунофиқлар элга сира бош бўлмас,
Шундай сирлар бор минг йилда ҳам фош бўлмас.
Гоҳида, ҳаром билан ҳалол кетар қоришиб,
Гоҳо, кичик тирқишдан зиндон кетар ёришиб.
Дард дориса оғриқдан ололмайсан белингни,
Ёлғон босса қандайин қутқарасан элингни?
Ёлғонлардан дод дея., қабрларда оҳ тинмас,
Шоҳу гадо безовта, кўзларга уйқу инмас.
Олсаю, бермаса ҳеч одамзотнинг феъли шул,
Шоирлар гултож деган ер юзининг эли шул.
Биз эшитган ёлғондан Ернинг ўқи букчайган,
Ишсиз қолиб Шайтон ҳам қоматлари чукчайган…
О, Ҳақиқат! Сени деб адо бўлди юрагим,
Илдиз бўлсанг агар сен шудгор бўлсин кўкрагим.
Аслида, сен мукаррам Яратганнинг сўзисан,
Сўзисанми, демакки, бамисоли ўзисан!
Сочилгансан ҳар тараф, томирдаги қонимга,
Сенга малол етганда тиғлар ботар жонимга.
Ҳақ дея, Ҳақиқат деб йиғлаб ўтди Хайём ҳам,
Келмади-ку, охир бул кун Хайём кутган айём ҳам!
Золимларнинг наздида ёмон бўлгин Ҳақиқат,
Қайда бўлсанг майлига омон бўлгин Ҳақиқат!
2000 й.
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ