Венера Қодирий ижоди: ҚАДИМ ЧЎПЧАГИМДА ҚОЛГАН ЯХШИМСИЗ…
«Дунё ўзбеклари»га
Венера Қодирий:
ҚАДИМ ЧЎПЧАГИМДА ҚОЛГАН ЯХШИМСИЗ…
***
Ёмғир ёғди,
Зор — зорида.
Юрагимнинг
Тор — торида.
Янгажоним
Қанисиз, ай.
Ортингиздан
Аста юрай.
Чимилдиқда
Ёмғир тӯйи.
Гӯшангамда
Ҳижрон куйи.
Янгажоним,
Ёмғир — сийнам.
Ишқ юртимас,
Ёмғирхонам.
Хаёлларим,
Шамолларим.
Ёмғир қийнар
Саволларим.
Шамолим — Сиз,
Хаёлим — Сиз,
Келармисиз?!
Саволим — Сиз.
Ёмғир куйлар
Ниманидир.
Қулоғимда
Ғалат шивир.
Сӯзларингиз
Ғивир — ғивир.
Келаман, дер,
Маним — сиз, дер.
Севишимни
Биласиз, дер.
Ёмғир ёғар,
Сирлар оқар,
Ёмғир кӯксим
Тарс ёрилар.
Қувлар ёмғир,
Сувлар кӯнглим.
Ёр йӯлини
Овлар кӯнглим.
Борган сайин
Тинчимайин,
Ёмғир ёғар
Майин — майин.
Дилим ёқар,
Дилим — соғар.
Сийнамда гул
Сенга боқар.
Янгажоним —
янгражоним,
«Ёр — ёр» айтинг,
Зор — зор айтинг.
Ай, томчи дил,
Сиз — манимсиз,
Манга қайтинг,
Манга қайтинг…
Севишимни
Бориб айтинг…
***
Девонам демам сени,
Асли девона менман.
Куз — ишқимнинг кӯз ёши,
Дарди пинҳона менман.
Сарсонам демам сани,
Васлинг сарсонидурман.
Ишқ айтари кӯзимда,
Ишқнинг маконидурман.
Чавандоздай бел боғлаб,
Кӯзинг сори учарман.
Дурри маржон мӯнчоғим,
Йўлларингга сочарман.
Гавҳар надур?!
Кӯз ёшим,
Денгиз маконидурман.
Гоҳ чӯл, гоҳи дала-туз,
Гулу тиконидурман.
Парвонанг бӯлай десам,
Остонангда йӯлак йӯқ.
Мани кутмоқ истасанг,
Ҳай — ҳай, ҳалак юрак йӯқ.
Ё Раб, манга ишқ тутдинг,
Аммо мани унутдинг…
Гул нақшини сололмай
Ҳайрону лол гӯшангам…
***
Сизни эсламоққа
На бир ҳаддим бор.
Гоҳда кутар бӯлсам,
На бир дардим бор.
Сизга юзланмоққа
На бир муҳаббат,
На бир ҳаловат,
На бир роҳат бор!!!
Қадим чӯпчагимда
Қолган яхшимсиз.
Дӯмбира созимни
Чертар бахшимсиз.
Сизни излаганим
Боғлар қӯйнида.
Севишим айтарим
Гуллар бӯйнида.
Бахтим бӯлишганим,
Сарпосиз хаёл.
Ва мани чорларим,
Ҳилол қиз — аёл!
Сизни излаганим
Ойда доғ қолди.
Сомон йӯлларига
Чангли из солди…
***
Гулларни кулдирасиз,
Бағримни тӯлдирасиз,
Беармон ӯлдирасиз,
Бунча зебо севасиз.
Ошиқи бежолигим,
Ишқимда ошнолигим,
Дили дилосолигим,
Бунча ялло севасиз.
Севилганим — куйганим,
Кӯз қирида туйганим,
Аршдин сарпо кийганим,
Ишқи аъло севасиз.
Зўҳрога бу ишқ сазо,
Ҳамду сано севасиз.
Меҳрим сизга қочаро,
Бу не жазо — севасиз,
Бу не савдо — севасиз…
***
Учрашдик биз тасодиф сабаб.
Сен мендан кечмадинг. Мен сендан.
Орзиқиб кутилди учрашув,
Гул териб келтирдинг осмондан.
Осмоннинг гулисан, дединг энтикиб,
Пойимда йиғлади тупроқ гуллари.
Ҳеч ерга сиғмадим кӯнгилдан бӯлак,
Ишқ бӯлди чиндан ҳам кӯнгил ёзари.
Тасодиф туфайли ёлғон сӯзладинг,
Эртага келаман, дединг келмадинг.
Тасодиф туфайли мен ҳам ишондим,
Эртага келади, дедим, ӯлмадим.
Индин ҳам ӯлмадим,
Йӯлинг пойладим,
Осмон гулларингни ӯпиб сизладим.
Ӯлмадим…ӯлмадим… фақат сен ӯлдинг,
Тупроқдан гул териб қабринг изладим.
Топмадим… топмадим… ҳануз топмадим,
На қилай, қалбимга бӯлдинг қабр тош.
Мен эртак ӯқийман тасодиф эмас,
Ёрил тош, ёрил тош, ёрил «Ёрилтош»…
***
Атрингиз сочилган боғлар кезаман,
Хурсиниб қӯяди биз суянган тол.
Ачомлаб кӯришар йӯқловчим шамол,
Сизни соғинаман.
Қари тол — бағри бол иккимиз қумсар,
Хиргойи бошлайди эгик новдалар,
Кафтимга қӯнади бир жуфт кабутар,
Сизни соғинаман.
Япроқлар бағримга отилиб кирар,
Зангори водийга ӯралар жоним,
Бир четда соғинчим титраниб турар,
Сизни соғинаман.
Хилватдан уялиб чиқар рашкимиз,
Толнинг танасида сизар ашкимиз,
Аммо йӯлимизда вақт қолган тиғиз,
Наҳот бегонамиз.
Ва ноҳос ӯйғонар мудраб қолган туш,
Кӯзларим ичида довдирайди қуш,
Қайтган бу сизмисиз, ё менми беҳуш,
Наҳот девона — Сиз…
Ай, сархуш тол,
Бизни кутиб ол…
___
Россия,
Санкт-Питербург
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ