Ўқишга қабул қилишдаги имтиёз ҳам, контракт ҳам дискриминацияга олиб келади…
Ўқишга қабулда имтиёз ҳам, контракт ҳам дискриминацияга олиб келади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати Мақсуда Ворисова томонидан халқни, айниқса ота-оналарни узоқ йиллардан буён ўйлантириб, ғашига тегиб, норозилигига сабаб бўлиб келаётган ОТМларга ўқишга киришдаги имтиёзлар муаммосининг кўтарилгани уни ҳал қилиш пайти келганидан далолат беради.
Ўрта махсус ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришда ягона объектив мезон – билим, уни намоён қилиш шарти – барча талабгорлар учун бир хил, тенг шароит ва имконият, очиқ, эркин рақобат муҳити яратиш ҳисобланади.
Бу мезон ва шартга таъсир этиши мумкин бўлган ҳар қандай тадбир, ҳаракат конституциявий тенг ҳуқуқлилик, ижтимоий адолат, эркин рақобатнинг бузилиши ва дискриминацияга олиб келади.
Ўқишга қабул қилишда қандайдир субъектив белгиларга – ота-онаси қаерда ва ким бўлиб ишлаши, бирор ютуққа эришгани ва ҳоказоларга қараб кимларгадир устуворлик бериб, алоҳида, қулай шароитлар яратиб бериш бошқаларни камситиш бўлса керак.
Не орзу-умидлар билан мактабни битириб, олий маълумотли мутахассис бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилаётган ёшлар ва уларнинг ота-оналари бундай камситишларга бефарқ қараб турадими?
Жон Мейжер Англия Бош вазири бўлган пайтида ўғли Тижорат коллежига (бирор нуфузли унверситетга ҳам эмас), ўқишга кирганида қанчалик хурсанд бўлгани ҳақида ўз интервьюсида билдирган эди.
Мана ота-онаси ким бўлишидан қатъий назар ўқишга киришда тенглик ва эркин рақобат намунаси! Ундан ўрнак олиш арзийди.
Ўз билими, ақл-идроки, қобилияти билан фан олимпиадаси ғолиби ёки Зулфия мукофоти совриндори бўлган ёшлар ўз йўналишлари бўйича кириш имтиҳонларини имтиёзсиз ҳам муваффақитли топширишга қодир бўлишлари керак, шундай экан уларга имтиёзнинг нима кераги бор.
Давлатнинг халқ учун бажарадиган бирор иши, унга кўрсатадиган бирор хизмати, шу жумладан таълим хизмати, бепул, текин эмас (айрим ҳолларда шундай туюлсада). У барча ишлари, хизматлари учун тўловни халқдан турли солиқлар ва мажбурий тўловлар шаклида олади ва шунинг билан бирга уларни зарур даражада, сифатли бажариш мажбуриятини ҳам олади.
Шунинг учун давлат таълим муассасаларида контракт тўлови таълим хизматлари учун иккинчи марта тўлов бўлади. Бу эса маданий инсоният жамиятига зид ва ёт бўлган бир нарсага икки марта ҳақ тўлаш демакдир.
Давлатнинг бир хизмати учун аҳолининг қайсидир қисмини яна иккинчи марта ҳақ тўлашга мажбур қилиши уни камситиш, дискриминация эмасми?
Иккинчи марта тўловга қурби етмаган қанчадан-қанча билимли ёшларнинг ўқишга кира олмай, кирганларидан ҳам анчасининг ўқишини давом эттира олмай қолиб кетаётгалари адолатданми?
Қўшни вилоятдан келиб, юқори балл олган ёшлар қолиб, паст балл олган ва билими анча паст бўлганлари ўз вилоятларига грант ажратилгани учун ўқишга рақобатсиз кириб кетишлари кимларнидир камситиш, адолатсизлик эмасми?
Контракт тўлови асосида ўқиш нодавлат таълим муассасаларида бўлиши мумкин.
Ижтимоий йўналтирилган, ривожланган, демократик жамият қураётган Ўзбекистонда бундай дискриминацион иллатларга ўрин бўлмаслиги лозим, энг муҳими эса уларни бартараф этмасдан таълим сифатини ошириш ва рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш бўйича қўйилган мақсадга эришиш амри маҳолдир.
Имтиёз ва грант ёрдамида рақобатсиз ўқишга кирган билими етарли бўлмаган абитуриентлардан рақобатбардош мутахассис чиқармикан?
Олий таълимга оид яна бир мулоҳаза: олий таълимда амалга оширилаётган ислоҳотлардан бири мутахассисни шакллантиришда бевосита иштирок этмайдиган фанларни қисқартириш, ўқув режалари ва дастурларини ихчамлаш ва оптималлаштириш, такрорланишларни бартараф этиш, илғор педагогик ва ахборот технологияларини кенг қўллаш ҳисобланади.
Бундай тадбирлар ўқув жараёнларини жадаллаштириб, ўқиш муддатини қисқартиришга имконият яратади. Шу имконият туфайли педагогика соҳасида айрим бакалавриат таълим йўналишлари бўйича ўқиш муддати тўрт йилдан уч йилга туширилди.
Энди шу имкониятдан фойдаланиб, жуда узоқ давом этадиган тиббий олий таълим муддатини қисқартириш ва мутахассис тайёрлашни тезлаштириб, уни амалий ишга тезроқ киришишига шароит яратиш тўғрисида ўйлаб кўриш лозим.
Ҳамроев Ҳалим Ражаб ўғли,
БухДУ профессори, и.ф.н.
28.06.2020, тел.906126694.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ