Сайфулло ҚУЛАЕВ: ҲИКОЯНИНГ КАШТАСИ
ҲИКОЯНИНГ КАШТАСИ
Ёхуд жавондаги икки китоб орасидаги оқчил китобча хусусида
Уззукун олов пуркаган ёзнинг тунги салқин эпкинлари руҳ ва танга ҳаловат бағишлай бошлаган, ойнинг олтин ўроғи тиккага келган ғанимат дамларда бадимга уриб кетган интернет ва зангори экран номли дардисар электрон ускуналарни туйқус ўчириб ташлаб, Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча “ романи ва Нурали Қобулнинг “Унутилган соҳиллари” орасидаги оқчил бир китобча—Ёқубжон Абдуманноннинг “Сукунат ҳайқириғи”ни қўлга олиб варақлай бошладим.
Илк кўзим тушгани бир абзацда Ёқубжон: “дилгир оқшомларнинг бирида кимсасиз соҳилда Ниёз чолни пичоқлаб кетишибди аблаҳлар.”, деб ёзибди. Нишонрас гап. Абдулла Қаҳҳорнинг “Сотиболдининг хотини оғриб қолди” қабилидаги жуда қисқа, жуда лўнда ва жуда тежалган гап. Қуруқ баён эмас,тасвир воситасида англатилган гап.
Ёзувчи, айни пайтда ҳикоядаги ҳикоя қилувчи йигит атайлаб “Ниёз чолни пичоқлаб кетишибди”деган мудҳиш хабар гапдан кейин нуқта қўймайди, балки жумлага даҳшатли ранг-тус бериш ва чолни пичоқлаб кетган авбошлар ва безориларга нисбатан чексиз нафрати ва қаҳр ғазаби жўшиб кетганлигини билдириш учун “ аблаҳлар” деган сўзни алоҳида урғу билан илова қилиб қўяди.
“Аблаҳлар…” дедим мен ҳам ичимда ва ҳикоянинг анчайин дедектив оҳанг омихта бўлган бошқа парчаларини мутолаа қилишда давом этдим. Ҳикоя қилувчи— қандайдир қўли қинғир, товламачи бир бошлиқнинг танга-тиллодан ясалган қафасига тушиб қолган ва худди шу нопок кимса ташкил қилган жинояткор дастага ипсиз боғланиб қолган бир йигит. У жинояткор бу дастанинг кичик бир”мурвати” .
(Яна шу туришда худобезор нашажаллобларнинг ичига тушиб қолган шўрлик Авдийнинг ўзгинасига ўхшайди.)
Бу жинояткор даста аъзолари фожиадан бир неча кун олдин ярим бурда нон билан бир пиёла чой ичиш илинжида ошхонага кириб келган Ниёз чолни қаттиқ таҳқирлайдилар. Унинг юз –кўзига ароқ сепиб ҳафсаласини пир қилишади. Жилла қурса ёши ва ижтимоий мавқеига (чол бозорда ҳаммоллик қилади) жиндак мурувват истаган чолнинг ўша лаҳзадаги аянчли аҳволи ҳикоя қилувчи йигитнинг ички дунёсини буткул ағдар-тўнтар қилиб ташлайди. Йигитнинг кўнглида “ёр-жўралар”ига нисбатан норозилик ҳисси куртак ота бошлайди. У тарвуз тушириб қўйгган ўсал кишининг аҳволига тушади.
Айни пайтда чолга нисбатан меҳри орта боради. Пайт топиб унга яхшилик қилмоқчи бўлади. Чунончи ёзувчи бу меҳр мурувват лаҳзасини қуйидагича, анчайин қалтис ва зиддиятли тасвирлайди:
“….Ўзим ҳам зимдан хилват жой ахтариб, у билан(Ниёз чол билан.Таъкид авторники) суҳбатлашиш иштиёқида эдим.Ёнига яқин келдим-да, қоғозпораларни чиқиндилар қутисига ташлаб,унга бир ҳовуч танга узатдим.
—Ма, ол, тезроқ ол, бирорта кўриб қолмасин,—дедим меҳрим ийиб.
Унинг уккиқараш қилиб тикилганидан юрагим қинидан чиқаёзди.
—Мен сенга тиланчиманми? Ўзингга насиб қилсин ҳаром бисотинг.
—Вўй, аблаҳей,— аччиғим чиқиб,—яхшиликка ёмонликми?—дедим-да, тангаларни чўнтагимга солдим.
—Сенлар мени соқов, жинни ,деб ўйлайсанлару вақти келиб итдек ўлиб кетишларингдан бехабарсизлар.
Унинг кўпни кўрган одамларга хос босиқ,насиҳатомез, хаста ва айни пайтда дарғазаб гаплари асабимга зарангдай урилди…”
Ҳикоянинг мана шу парчаси бояқиш йигитнинг одамшаванда бир оилада тарбия топганлигини, шарқона ахлоқ-одоб эгаси эканлигини, қолаверса унинг наҳс ва иснод ботқоғига бутунлай ботиб кетмаганлигини ифода қилиб турибди. Хулласи калом, ёзувчи ҳикоя қилувчи йигит образи орқали шарқона одоб-ахлоқ мотивларини лейтмотив чизиқ даражасига кўтаришга муяссар бўлган.
Баҳарнав, йигит Ниёз чолни қотиллар тааддисидан эсон-омон сақлаб қолишга уриниб кўради. Бироқ кейин. Кейин йигитнинг ўз таъбири билан айтганда, кўз кўриб қулоқ эшитмаган фожиа рўй беради. Осмонига оққушлар тўш урган дарё соҳилида Ниёз чолнинг мурдасини кўрган бояқиш йигитнинг юраги товонига тушиб кетади.
Ёзувчи бу ерда йигитнинг чолга ачиниб,раҳми келиб унга меҳрибонлик кўрсатишини таъкидлаб ўтган.
Йигит бу— қоронғи кирдикорлари билан чўнтак қаппайтирган дастага гумроҳлиги орқасида тушиб қолганлигини фаҳмлай бошлайди ва оёқ қўлларини ипсиз боғлаб олган, борлиқ оламини симтикандек чирмаб олган бу одамсифат қашқирлар гуруҳидан қочиб қутулиш чораларини ўйлай бошлайди.
Ёзувчи ҳикояни мана шу нуқтада—Ниёз чолнинг мурдаси ётган қўрқинчли лавҳа тасвир этилган нуқтада узил –кесил тугатади. Тамом. Ҳикоя тугайди. Тамом ва салом. Ҳикоя шу ерда анжомига етган. Лекин мен кўнгли ойнадек пок, бозорда ҳамоллик қилиб кун кечириб юрган беозор қадди дол Ниёз чолни ким ўлдирди?- деган даҳшатли саволга жавоб топиш учун ҳикояни иккинчи марта ўқишга,иккинчи марта “тушуниб”, “ҳазм қилиб” ўқишга мажбур бўлдим.
Одатда чинакам проза усталари ҳикоя композициясини шундай бир йўсинда қуришадики , “қани охири нима бўлар экан? деган савол орқасида биз уни охиригача ёхуд такрор ўқишга мажбур бўламиз. Ёзувчининг ёзувчилик интригаси бизни шунга мажбур қилади.
Зотан, ёзувчининг ёзувчилик истеъдод ва маҳорати ҳам баайни ана шу “мажбур қилиш”да намоён бўлиши даркор ва лозим. Йигитнинг қалбида ҳали шарқона қадриятлар ўлмаган, ориятига путур етмаган.
Ёзувчининг ўйлаб қўйган ниятига кўра у шарқ фарзанди.Рости гап, ҳикоянинг шарқона, миллий каштаси ҳам мана шу нуқтада яққол ва теран кўриниш берган.Ёқубжон қаҳрамоннинг , бу ерда ҳикоячи йигитнинг яхши ёки ёмон хислатли одам эканлигини унинг хатти-ҳаракатлари , шарқона андишалари воситасида кўрсатишга тиришган ва бунга маълум даражада эришган десак хато қилмаган бўламиз.
Дастадан қочиб қутулиб Ниёз чолнинг таънаомез ўгитлари йўриғида юришга қарор қилган йигитнинг андишалари ва ҳикоя тафсилотлари давомида “ Бу даҳшатли қотилликни ўша дастанинг даҳшатли ур-йиқит киноларни кўриб кўзи пишган бирор аъзоси содир этганлигига зиғирча шак-шубҳа қолмайди”.
Юқорида бир қўр таъкид қилганим “Ниёз чолни ким ўлдирди? деган саволга ҳам ўрин қолмайди. Яни,ёзувчи қотилнинг кимлигини айтмасдан айтган.Таъбир жоиз бўлса айтмасдан айтиш усул услубини моҳирона ишлатганининг гувоҳи бўламиз. Ёқубжон бу ерда ҳикояга “Тугалланмаган қисса”деган сарлавҳа қўйиб келажакда кенгроқ бир қисса ёзиш нияти борлигини шама қилаётган бўлса ажаб эмас.
Менингча бу кичик психологик ҳикоя келажакда ёзиладиган худди ўша қиссага зуваласи тўнғиб бўлган ва обдон туз еган хамиртуруш бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Ёқубжоннинг келгусида ёзадиган асарлари мавзу,мазмун ва моҳияти жиҳатидан янада мароқли ва теранроқ, ҳажм жиҳатидан янада йирикроқ бўлишига тилакдошман. Яна нима дейиш мумкин? Яна? Яна сўнгги бир абзац гап.
Ёқубжон Минбад, ҳозирги ҳикояларида ярқ этиб кўзга ташланган истеъдоди ва ижодий энергиясини” ўтин ёриш”га эмас, балки қўлдан қўймай, бир ўтириш ва бир нафасда ўқиладиган чинакам проза асарлар, кутилмаган интригаларга мўл-кўл ҳикоялар яратишга сарфлашига қаттиқ умидворлик билдираман.
P.S. Азбаройи савоб ишонинг: мен ҳам ҳикоядаги йигитга ўхшаб Ниёз чолга боғланиб қолдим.
Чунончи қуйидаги саккизлик мисралар ана шу боғланиш таъсири остида бир нафасда қоғоз устига тушдилар:
Ниёз чолни ердан излама
У қуёшни тож қилди бошга.
Ва кўришни бунда кўзлама,
Бунда уни кўрмайсан бошқа.
У осмонни бошпана этди,
Ёмғир бўлди унинг ичгани.
У моҳтобни ўпгани кетди,
Юлдузларни кетди қучгани.
Сайфулло ҚУЛАЕВ,
Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи аъзоси.
Душанбе, Тожикистон.
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ