Мирза Анвар Абдулла Ҳамид: ОЧ ЮЗИМ ҒАССОЛ БУ ДАМ…
ОЧ ЮЗИМ ҒАССОЛ БУ ДАМ…
Гўр оғзини ёпмай туриб, тўкмай туриб устимга ҳок,
Музлаган таним оҳ чекар, аммо лабим асири чок.
Оқ кафанга ниш уриб тиккан қўлингдан ўргилай,
Оч юзим ғассол бу дам, ёруғ жаҳонни бир кўрай.
Сўнгги бора кўзларимга нурларин сочсин қуёш,
Тилка – пора дилгинамни ўртаб юборди қатра ёш,
Кўз ёшим шабнам этиб, киприкларимни тўйдирай,
Оч юзим ғассол бу дам, ёруғ жаҳонни бир кўрай.
Қабрим узра дўст-ёрон бўзлаб турурлар хушлашиб,
Бош эгиб, йиғлаб турурлар, оппоқ рўмоллар ушлашиб,
Шу рўмолга сўнгги бора юзларимни бир сурай,
Оч юзим ғассол бу дам, ёруғ жаҳонни бир кўрай.
Келдиму-кетдим, на чора, тўймадим оламга мен,
Бехишт қолиб, дўзах томон йўл олишдан кўрқамен,
Бу дунёда қарзим қолғон, қолмағонинг мен билай,
Оч юзим ғассол бу дам, ёруғ жаҳонни бир кўрай.
Кимда ким мендан ризо бўлмай қолибди ушбу кун,
Хақ таолодан сўрайман, қолмасин ортимда хун,
Келсин у қабрим ёнига, пойига бошим урай,
Оч юзим ғассол бу дам, ёруғ жаҳонни бир кўрай.
Бир кўрай дўстлар жамолин, армонларимни куйдуруб,
Сўнгра майли тоғ қуринглар гўрим айвонин тўлдириб,
Иншооллоҳ дод демасман, тупроққа киргум тек туруб,
Рози бўл ғассол бу дам, истасанг минг ёлборай,
Оч юзим ғассол бу дам, ёруғ жаҳонни бир кўрай.
2001 йил, Бўка шаҳри