"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Ҳалима Аҳмад: Қўшни аёл каби чақирар мени Боғдаги райҳонлар хушбўй нафасда…

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Хотин-қизлар олами | 01/07/2020 09:52-     13057 марта ўқилди

Ҳалима Аҳмад...   

 

Ҳалима АҲМАД

 

ИШҚ ТОНГИНИНГ ҲОШИЯСИ

 

               * * *

 

Куннинг томирига қонини қуйиб,

Қуёш пайпаслайди кўнглимни аста.

Қўшни аёл каби чақирар мени

Боғдаги райҳонлар хушбўй нафасда.

 

Деразамни нозик бармоқларида

Оҳиста чертади нозиктаъб насим.

Само ойнасидан тушган шуълада

Саробдек ўйнайди бахтиёр аксим.

 

Юрак қафасини синдириб шартта

Озод нурлар каби яйрагим келар.

Ариқлар кўнглини тўлдириб оққан

Ошиқ сувлар каби сайрагим келар.

 

Бегона кунларга афсунлаб мени,

Тилингнинг учида тутасан новвот.

Энди сенга қандай ишонай, ахир,

Кунимни кўрсатиб бўлгансан, ҳаёт.

 

* * *

 

Қўшни аёл жуда моҳир каштадўз,

Учиб юрган қушдан нусха олади.

Каштасига гуллар кулгусинию

Шабнамларнинг титроғини солади.

 

У олам ҳуснидан андоза олар

Нурлар эшиб берган рангин ипакда.

Каштаси орзунинг нафаси билан

Бахтни тирилтирар ҳатто юракда.

 

Мен ундан тинглайман, йиллар ортида

Қолиб кетган ёшлик таронасини.

Рангин ипакларга қамаб қўйгандай

Дунёнинг энг гўзал афсонасини.

 

Ҳаётни ҳаётга севдирар чунон,

Бир сўз тополмайсан ҳеч қиёсига.

Тикиб қўйса эди кўнглимни, кошки,

Ишқ тонгининг нафис ҳошиясига.

 

* * *

 

Туним, қаро тун сайин

Қамарни келтир менга,

Ишқ париси йўқотган

Гавҳарни келтир менга.

 

Жонимга келди малол

Таъна гули тутган бол,

Бахтим лаблари теккан

Армонни келтир менга.

 

Бунча бўм-бўш нигоҳлар,

Дилни ранжга никоҳлар,

Тўққиз фалак ортидан,

Назарни келтир менга.

 

Келдим, кетдим, шуми йўл,

Шодлигим оз, ғамим мўл?!

Ҳаёт хазинасидан

Самарни келтир менга.

 

Яшадимми ёки йўқ,

Кўнгил тўла ўжар чўғ?!

У бор эди, деган хуш

Хабарни келтир менга.

 

Эй дўст, жуда чарчадим,

Кунларим ғижим-ғижим,

Булбул кўзидан томган

Саҳарни келтир менга.

 

* * *

 

Атир сепиб чиққан танноз боғларнинг

Димоғим тўлдирар муаттар бўйи.

Ёмғирлар чилдирма чалар гўёки,

Бошланар замину осмоннинг тўйи.

 

Ялпизнинг мастона хаёли билан

Қулоғимни ўпар сув таронаси

Ва сочим тарайди тонг тароғида

Шаббода – гулларнинг дилкаш онаси.

 

Шафақ атласидан кўйлак тикади,

Энг сўнгги услубда, мен учун ҳавво,

Билқис сурмасидан ўғирлаб менинг

Кўзларимга суртар нури ҳувайдо.

 

Уфқлар ортида, Семурғ патида

Гўзал кунлар мени кўриб ётар туш,

Барча йилим равон, ҳамма нарсам бор,

Фақат кўнглим бўм-бўш,

о, кўнглим бўм-бўш!

 

* * *

 

Кўзимда тинди дарёлар,

Дилим-ловуллаган саҳро.

Ўзга дард бирладир Мажнун,

Жонимда йиғлагай Лайло.

 

Бу тун ишқимни ўлдирдим,

Менга термулма парвона.

Вужудимдан чиқиб кетган

Кўнгил бегона-бегона.

 

Гуноҳим гулда барқ урди,

Юз ўгирди худо мандан.

Бу олам танидаману

Нечун олам жудо мандан?

 

Хазондан бахт изин излаб,

Кетиб қолдим сабрлардан.

Нажот топгаймикин руҳим

Бу саргардон абрлардан?

 

Юракни бунча тортгайдир,

Ҳаёт-сувсиз, синиқ коса?

Рубобингни чал-ей ёмғир

Юрак – раққоса – раққоса.

 

 

 

* * *

 

Бугун умидим бетоб,

Ет унинг ноласига.

Бир гул экиб бер офтоб

Жонимнинг даласига.

 

Руҳимни кўтар баланд,

Ҳаёт билан баробар.

Дилимни этгил пайванд

Нурларга бўлиб заргар.

 

Чўкиб кетмай, токи, мен,

Зулмат деган дарёга.

Ё адашиб кетдимми

Бевақт келиб дунёга?

 

Ўзимдан ўзга эдим,

Дил қонидан ичиб май.

Йўл кўрсатгин, офтобим,

Ўзимга қандай қайтай?!

 

 «Шарқ Юлдузи»дан

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
  2. 5 март шоира Гулжамол Асқарова туғилган кун. Чин дилдан табриклаймиз!
  3. Баҳор мушоираси: Ҳалима Худойбердиева…
  4. Одил Ёқубов рафиқасининг хотиралари (2)
  5. 21 март — Севимли шоиримиз Абдулла Орипов туғилган кун: «Биринчи муҳаббатим»
  6. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  7. 27 март — истеъдодли шоира Фароғат Камолова туғилган кун…
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
  9. Хосият Рустамова: Кел, кўзимнинг очиқлигида — Сенга тўйиб олайин осмон…
  10. Ҳалима Худойбердиева: Бир кун дарвозада беражакман жон…
  11. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (19-20)
  12. Сергей Есенин: Зеленая прическа, Девическая грудь, О тонкая березка, Что загляделась в пруд?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.