Жаббор Раззоқов ижодидан: ЖУРНАЛИСТ БУРЧИ…
Жаббор РАЗЗОҚОВ: ЖУРНАЛИСТ БУРЧИ

Ҳақиқий журналист байрам нималигини билмайди. У тинимсиз — кечаю кундуз “ҳаёт қозони”да қайнайди. Ҳамма тун оғушида дам олаётганида ҳам унинг қалби, вужуди, фикру хаёли ижод завқи билан банд бўлади. Ёзилажак мақолалар “бўй-басти” аввал хаёллар туғёнида, кейин эса қоғозда, компьютер экранида шаклланади. Ҳозирги кўпгина қалам аҳлини билмадим-у, лекин менинг наздимда илҳом билан ёзиладиган ижод маҳсули ана шундай туғилади.
Ҳамкасбларимни, фидойи журналистларни Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан қутлаб, уларга ижодий парвозлар тилар эканман, шу баҳонада бир қанча фикр-мулоҳазаларимни ҳам айтиб ўтишни лозим топдим.
Аввало, ХХI — ахборот асрида замонавий журналист қандай бўлиши керак? Тараққиёт шиддат билан одимламоқда, унда баъзи қалам аҳли судралиб нега орқада қолмоқда? Айрим газета ва журналларнинг оммалашмай қолаётганида ким айбдор? Интернет олами маҳсули бўлган саноқли ахборот воситалари портал, веб-сайтлар босма нашрлар ўрнини батамом эгаллай оладими? Қалам, ручка, қоғоз варағи каби ижод анжомлари “эскилик сарқити” бўлиб қолдими?!
Бу каби чигал саволлар кўпчиликни мунозарага чорламоқда. Ана шу муаммоли мавзулар юзасидан баҳс-мунозаралар йил бошидан бери тинмаяпти. Журналистикада қалам тебратиб, унинг “иссиқ-совуғи”ни ҳис қилмай, тарих олдидаги масъулиятини унутиб, ҳавойи хаёлларга берилиб, “Босма нашрлар ўз умрини яшаб бўлди”, дея башорат қилувчи валломатлар ҳам ана шундай саволларни янада алангалатиб юборишди. Хаёл бошқа, ҳаёт бошқа деганларидек, матбуот ҳақида бундай енгил-елпи ўйлаш, бу борадаги жаҳон тажрибаси ва ОАВларнинг энг тараққий этган давлатлардаги ҳозирги аҳволи бўйича энг тажрибали журналист-публицистларнинг қарашлари бу долзарб мавзу ечимига бир мунча йўл-йўриқ бўлди.
Ҳақиқатан ҳам мамлакатимизда ОАВларнинг энг ишончли таянчи бўлмиш газета ва журналлар тақдири жар ёқасига келиб қолди. Коронавирус пандемияси муносабати билан эълон қилинган карантин уларнинг аҳволини янада чигаллаштириб, нашрлар чоп этилиши бир неча ой тўхтаб қолиши оқибатида газеталар фаолияти янада мушкул аҳволга тушди. Ҳамма уйда ўтирган бир пайтда босма нашрларнинг деярли йил бошидан тўхтаб қолиши сабабли газеталарнинг жанговорлик, оммавийлик фаолиятига путур етди. Тўғри, айрим нашрлар интернет орқали ўз газеталарини онлайн тарзда оммага ҳавола қилишди. Лекин газета ва журналларни ўқийдиган асосий муштарийлар қишлоқларда бўлгани сабаб, уларнинг кўпчилиги интернетдан ахборот олишни билмайди ёки у ҳудудларга интернет етиб бормаган. Тўғри, бу борада карантин баҳонасида шаҳарларда анча-мунча ўзгаришлар, олдинга интилишлар, янгиликлар юз берди. Таълим соҳасида онлайн тарзда сабоқ беришда бир мунча силжишлар бўлди. Лекин қишлоқ жойларида бу масала муаммолигича қолди.

Шу ўринда газета ва журналларнинг асосий хўжайини бўлмиш муассисларга айтадиган сўзимиз бор. Улар Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунини яна бир карра ўқиб, бу борадаги ўзларининг мажбуриятларини чуқур англаб олишларини истардим. Дунёдаги ҳеч бир давлатда ғоявий қуроли — ахборот воситасисиз кўзланган тараққиётга, асл мақсадга эришиб бўлмайди. Партиялар ҳам ўз органи бўлмиш газеталарга суяниб, мақсад ва вазифаларини кенг оммага етказадилар. Ўз газетасини мутолаа қилмаган ва унинг манфаатларини ҳимоя қилмаган қайси партия раҳбари ёки аъзоси жонкуяр, фидойи бўла олади?!
Тўғри, кейинги даврларда газеталар журналистлари тезкор, шов-шувли ахборотларни етказишда интернет ахборот воситаларидан анча орқада қолишмоқда. Блогерлар бу кемтикни тўлдириб, аҳолининг кўпчилик қисмини ўзларига ром қилиб қўймоқдалар. Улар қолипга тушмаган, ўзгача, ҳатто журналистикага хос бўлмаган услубларни қўллашмоқда. Айрим ҳолларда бу хабарлар ўз тасдиғини топмаяпти ҳам. Шундай бўлса ҳам ахборот оламида блогерлар ижодкор шахс сифатида шаклланиб боришмоқда. Уларда дадиллик бор-у, лекин журналистларга хос пишиқ-пухталик, касбий этика, ахлоқ-одоб, ижодий ёндошувлар етишмаяпти. Саводхонлик, сўз бойлиги даражаси ҳам етарли эмас.
Эндиликда газета-журналлар ижодий ходимлари ўз фаолиятларини батамом янгидан қуришлари лозим. Улар токи мазмунли, ўқувчига кўпроқ маълумот берадиган, дунёқараши ва қизиқишларини оширадиган, ўқишли репортаж ва лавҳалар, фельетон ва танқидий-таҳлилий мақолалар, очерклар беришлари лозим. Интернетга “ёпишиб” олиб, газета тайёрлаш услубидан воз кечишлари, ўз қаҳрамонларининг “ичига” кириб боришлари керак.
Кейинги йилларда пойтахтда ва республикамизнинг барча ҳудудларида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз бермоқда. Тошкентнинг ўзидаги улкан бунёдкорлик ишлари — Сергели туманидаги ажабтовур замонавий мактаблар, болалар ўйингоҳлари, ер усти метро йўллари ҳақида фақат хабарларни ўқиймиз. Уларни кимлар лойиҳалаштиргани, кимлар қургани ҳақида батафсил маълумотларни жуда кам биламиз. Ҳатто кўпчилик пойтахт аҳолиси телевидение орқали жуда кўп реклама қилинаётган “Акай Сити” билан “Тошкент Сити”нинг фарқига бормай ҳам қолди.
Ҳаммамизга маълум, шу йил баҳор ойлари бошларида Сардоба сув омборида фожиа юз бериб, дамбани бузди ва анча жойларни сув босди. Бу фалокат оқибатида фақат Сирдарё вилоятида юз мингга яқин аҳоли уй-жойсиз қолди. Қўшни Қозоғистоннинг Пахтаорол туманида ҳам анча-мунча оилаларнинг уйларини сув босди. Бу фожиадан сўнг фалокат юз берган жойга Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу куни етиб борди, аҳоли билан учрашди, сув омборини ўз кўзи билан кўрди. Аҳолининг кўнглини кўтарадиган, келажакка ишончини уйғота оладиган қарорлар қабул қилди, масъул ташкилотларга тегишли кўрсатмалар берди.

Лекин мени чуқур ўйга толдирадиган бир-иккита масалалар бор. Бу ерларда, яъни Мирзачўлни ўзлаштириш бошланган кезларда ва 60-йиллар ўрталарида шахсан ўзим мухбир сифатида чўлқуварлар ишларини ёритиш мақсадида кечалари дашт-биёбонларни кезганман. Ёшлар Иттифоқининг ташаббуслари, зарбдор қурилиш отрядлари фаолиятлари, машҳур чўлқувар, Меҳнат Қаҳрамони Қувондиқ Абдураззоқов ва унинг сафдошлари ҳақида ёшлар газетаси мухбири сифатида туркум мақолалар ёзганман. Мени ўйлантирган нарса шуки, шундай фалокат юз бериб турибдики, на Ёшлар Иттифоқи, на унинг газеталари мухбирлари ҳанузгача юз берган фалокатни бартараф этиш борасида дадил ҳаракатлар қилганлари йўқ. Ўша жойларда, вилоятлардан келиб ишлаётган кўнгилли қурувчилар ҳақида туркум мақолалар берилса, айни муддао бўларди.
Бу фикрларни таъкидлашдан мақсад, бугунги газета ва журналлар мухбирлари мамлакатимиздаги улкан ўзгаришларни ёритишда юзаки ёндошувларга йўл қўймоқдалар. Қорақалпоғистоннинг Борса-келмас деган чўлларида барпо этилаётган улкан корхоналар, нефть-газ конларини излаётган ва ишга тушираётганлар ҳақида газетхон ҳеч нима билмайди.
Эндиликда газеталар телевидение ва интернет ахборот воситаларидан тубдан фарқ қиладиган, ўзига хос, чуқур мазмунли, таҳлилий мақолаларни кўпроқ эълон қилишлари лозим. Газета — мамлакат тарихи солномаси. Тадқиқотчилар унинг саҳифаларини бир асрдан сўнг ҳам варақлаб, мамлакатда юз берган воқеа ва ҳодисаларни билиб олишлари керак.
Бугунги журналист Ватан ва халқ олдидаги ўз бурчини ҳис қилсин, ўз касбига сидқидилдан ёндашсин. Бу замон ва давр талаби!
Жаббор РАЗЗОҚОВ,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист
Бизни кузатиб боринг:👇👇👇
@Gazeta_Adolat