"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Холниса Раҳмонқулова: ВИҚОР (Ҳикоя)

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Хотин-қизлар олами | 01/07/2020 11:10-     12976 марта ўқилди

ВИҚОР

(ҳикоя)

Эломонсой одамга тўлди. Эшитган борки, шу ерга йиғилиб келаверди. Қизиқишдан бурнини дуч келган жойга тиқувчи болакайлару қизиққон ўсмирлардан тортиб, катта ёшлилар, ҳатто мункиллаб қолсада, ҳамон қони қайноқ қарияларгача тўпланди. Ким яёв, ким машинада, кимдир эшагу хачирда, чавандозлар эса отда келди.

Бугун олтмиш беш ёши, яна кичик неварасининг суннат тўйи муносабати билан Нурулла ота от-кўпкари беради. Эломон тоғ дарасига эломонликлар, олтисойликлар, қорақия-ю арватинликлар келишди, бу ёғи Қизилтутдан Абдулла чавандозу Абдусалом домла, Саврукдан Жабборқул полвонлар йиғилди. Солим ҳам шунга яраша катта бўлди: машина-ю, новвос, қимматбаҳо гиламлар дейсизми, хуллас, олишув қизиқ бўладиганга ўхшайди!

Кўпкари бошланди… Чопқир отларнинг пишқиргани, чопағонлар наъраси минг йиллик бу сойни бир пасда жонлантириб юборди. Не не номдор чавандозлар учқур тулпорларни бошлаб келмаган дейсиз! От ишқибозларининг кўзлари чатнаб кетди. Улар ҳар ёқдан туриб бир бирига “мана бу қорабайирни қара!”, “войву самантойни кўр!”, “эҳҳее Жабборқулнинг тулпорини!”, дея хитоб қилишарди. Ур ур, сур сур билан бир зумда “солим кетди, солим кетди!” деган қичқириқлар эшитилиб қоларди. Кўпкари қизигандан қизиди. Олғирроқ полвонлар солимни қўлма қўл қилишар, охир оқибат ўлжа яна ўзларига қайтиб келарди. Майдонда мардлик, жасорат ва маҳорат бўй кўрсатарди.

Бугун ҳам Полвон оти билан хўп томоша кўрсатди. Солимнинг каттаси уники бўлди. Ҳамма келиб отни силаб кетар, Полвон виқор билан от устида қутловларни қабул қиларди.

У уйига келиб, ниҳоятда чарчаганини ҳис этди. Ҳовлидан югуриб чиққан кенжатойи, супрақоқдисига тизгинни узатиб, тап этиб ўзини тўшакка ташлади. Орадан бир оз вақт ўтгач, яна отни боғлаб қўйиш учун ҳовлига чиқишга чоғланди. Ўғилчаси отнинг пешанасидан силар, бу жониворга хуш ёқиб пишқирарди. Болакай Виқорнинг тумшуғига иягини тираганча унга меҳр билан тикиларди. Бир маҳал терлаб, чанқаган от яқинидан оқиб ўтаётган ариққа узалди. Болакай эса отнинг яғринини силаш билан овора эди. Чавандоз айвондан чиқа солиб, “Торт!” дея бақирди. Болакай шошганидан тизгинни қўлдан чиқариб юборди. От ўзини сувга урди. Полвон етиб келгунча жонивор сувдан обдон симириб бўлган эди.

  • Отнинг бошини едингку, аҳмоқ бола! Энди чополмайди бу! – бақирди Полвон ва кела солиб ғазаб билан отнинг тизгинидан тортди. Бола отасининг жаҳли чиққанидан чўчиб, тисарилмоқчи бўлдию ариққа шалоп этиб тушиб кетди. Асабийлашиб турган Полвон ўғлини кийимидан ушлаб ҳовлига, майса устига нақ отиб юборди. Бола чинқириб йиғлашга тушди. Чавандознинг қаҳри келди, ерда ётган қамчини олиб, аламидан отини қаттиқ савалай кетди. Боласи чириллаб отга ёпишди. Кўзи қонга тўлган Полвон болакайга ташланиб, жон аччиғида унга ҳам бир-икки қамчи тушириб қолди. Боланинг нафаси ичига тушиб, кўкариб кетди.

Шунда… от чавандозни тумшуғи билан бир туртди. Эгаси силтаниб тушди. Унинг болани ҳимоя қилаётганидан Полвоннинг баттар жаҳли чиқиб, жониворнинг тумшуғига қамчида аёвсиз ура кетди. От тўлғонар, эгасининг қўлидан қочиб чиқишга уринар, аянчли пишқирарди. Чавандоз тутақиб тулпорни обдон савалади. Қамчи зарби жонидан ўтгач, от пишқириб, ҳовли бўйлаб қоча бошлади. Бир айланиб, отхона олдида бироз бошини қуйи солиб турди. Бўйни, оёқлари дир дир титрарди. У туйқус бошини кўтарди, кўзлари бежо боқди, сўнг чавандознинг устига тик бостириб кела бошлади! Полвоннинг ранги оқариб, ортга тисарилди. “От қутурдимикин?..” дея хавотир билан ортига қаради, хотини аллақачон болани ичкарига олиб кирган экан. Уларнинг хавфсизлигини кўриб тинчланди-ю, тулпорнинг тап тортмай келаётгани уни бир муддат шошириб қўйди. Ўзи томон югуриб келаётган отининг жиловидан тутмоқчи бўлди, аммо от икки оёғини баланд кўтариб, пишқириб юборди. Полвонга ўзини четга олишдан ўзга чора қолмади. От шиддат билан унга қараб чопарди. Полвоннинг эсхонаси чиқиб кетди. У ҳовлидан қочиб чиқиб, қир бўйлаб жон-жаҳди билан югура кетди. Ҳансираб қочган кўйи Полвоннинг хаёлидан отни боқиб катта қилган дамлари бир-бир ўта бошлади… Ўшанда у мана шу хушрўйгина тулпорчани бир кўришда ёқтириб қолганди. Ҳатто жониворнинг қадам ташлаши, виқор билан бошини мағрур кўтариб, катта отларга тақлидан пишқириб қўйишидан кулгиси қистаганди. Ўшанда унга “Виқор” номини беришга жазм қилган.

Полвон қир этагидаги баландликка қараб қочди. Шу ерда бир кичик қоя бор эди, зора нафас олишга улгурса. Қутуриб кетган от таъқиби энди қўрқувга сола бошлади, у яқингинасида эди. Чавандоз чарчаб қолди. Не-не майдонларда жон бермаган, курашларда кураги ерга тегмаган полвон ўзи боқиб катта қилган тулпорнинг туёғи остида жон берса-я, бу қандай бедодлик?! Ҳайвон барибир ҳайвонлигини қиларкан-да!..

Виқорнинг уни неча марталаб бегона тулпорлар туёғидан асрагани, тош ўпирилганида ҳаммани донг қолдириб, ҳаётини қутқариб қолгани кино тасмасидек хаёлидан бир бир ўта бошлади…

У болалигидан отга ишқибоз ўсди, отасига эргашиб кўпкари-ю, мусобақалардан қолмади. Ўғлинг бўлса, Полвондек бўлса-да, дерди ҳамма. Чайир, чаққон ва бақувват бу йигитнинг изидан қанча қоракўз қизлар термулиб қолардилар. Полвон не-не бедов отларни кўрган, аммо ҳеч бири ўз Виқоридек эмасди. Бунақаси ҳеч қаерда йўқ. Уни сотгин дея келганлар, ўрнига машина бераман, деган қозоқ оғайлар қанча бўлди. Полвон отини ҳеч нарсага алишмади. Жонивор унга биродаридек суюмли бўлиб қолган эди...

Полвон бирдан қоқилиб тушди. Йўқ, у энди ўрнидан тура олмайди… Отнинг туёқлари унинг боши устида чақнади. Полвон жон ҳолатда қўллари билан бошини бекитди. Бир зумда болалиги, айвонда йўл қараб, термулиб ўтирган муштипар онаси, ўйноқлаб турган от устида мағрур ўтирган отаси кўз ўнгида гавдаланди. Шу он гурсиллаган овоз эшитилиб, дунё кўзига қоронғи кўринди, танига титроқ кирди! Юраги отнинг калласидек бўлган чавандоз асло ўлимдан қўрқмаётган эди. Шу тобда унга бошқа туйғу азоб бераётганди…

От эгасининг устидан сакраб ўтиб, шиддат билан ўзини қоятошга урди. Гурсиллаган овоз эшитилди. Тулпорнинг гўзал тани қонига бўялди…

Чавандоз ўзига келиб, атрофга аланглаганида аянчли манзарани кўрди. Қоятош қип-қизил қонга бўялганди…

Мастлардек чайқалиб, тош олдига судралиб келган Полвон отнинг қонга беланган калласини қучоғига олди-ю… ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборди. У узоқ вақт ўкраб йиғлади…

Шу-шу Полвон чавандозликни буткул ташлади, от ҳам боқмай қўйди. Унинг қоятошга отасидан қолган, этигидан туширмай юрадиган қамчисини кўмиб келганини болалар кўришибди. Оқсоқоллар унинг бирдан кексайиб қолганини, сочлари оқариб кетганини кўп гапиришди. Полвоннинг оқибатли тулпори ҳақида эслашаркан, ҳали ҳамон “Жониворлар ҳам одамдек бўларкан-да…” деб ёқа ушлашади.

Холниса РАҲМОНҚУЛОВА

2009 йил, май.

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Худойбердиева: Юрагимда ётар бир йўлбарс…
  2. 5 март шоира Гулжамол Асқарова туғилган кун. Чин дилдан табриклаймиз!
  3. 21 март — Севимли шоиримиз Абдулла Орипов туғилган кун: «Биринчи муҳаббатим»
  4. Ҳоҳ ишонинг, ҳоҳ ишонманг: Илонга айланган йигит ёрининг тўйига қаршилик қилди…
  5. Баҳром Рўзимуҳаммад: Хосият юмронқозиқ эмас, бахт қуши…
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (11-12)
  7. Ҳалима Худойбердиева: Бир кун дарвозада беражакман жон…
  8. 22 aprel — O’zbekiston xalq shoirasi Oydin Hojiyeva tavalludi kuni.
  9. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (26-27)
  10. Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА — Сиз барибир муқаддассиз!!! (Шоира билан суҳбат)
  11. Ўзбек мухолифатининг таниқли шоираси Гулчеҳра Нуруллаева ижодидан намуналар
  12. Хосият Рустамова: Боши очиқмикан хаёлларимнинг, Нега қўрқмай кириб келаверасан?
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.