Абулқосим Мамарасулов: Исмат Хушевга мактуб…
Ҳақиқий журналистга қилич ҳам, автомат ҳам, атом бомбаси ҳам керак эмас.
(Исмат Хушевга мактуб)
Мазкур мактубни мен бир неча йиллар бурун ёзган эдим. Бугун Исматнинг туғилган куни муносабати билан уни қайтадан эълон қилсам бўлар экан.
Олға, Исмат Хушев!
Ўтган йили Исмат Хушев ўз сайтида Канададан АҚШга саёҳати тафсилотларини баён қилган, саёҳатномада сафар пайтида йўл ёқасида яратилган қулайликларга алоҳида тўхталган эди.
Жумладан, агар хотирам панд бермаётган бўлса, қадам сайин йўл ёқасидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш нуқталари, улар ёнида эса емакхоналар ва шунингдек, йўловчилар учун зарур бўлган бошқа қулайликлар ҳақида алоҳида тўхталган, ва ана шу шароитларни Ўзбекистон билан солиштирган, “қани эди, бизда ҳам шунақа бўлса”, дея эзгу ниятлар қилган эди.
Кейин биз Исмат Хушевнинг Тошкентдан Қашқадарё (Китоб)га саёҳати билан танишдик ва яна бир бор ана шу мавзу – йўл ёқасида йўловчиларга яратилган (ва яратилмаган) қулайликлар ҳақида журналистнинг ҳайратларию, хоҳиш-истакларига ошно бўлдик.
Булар энди бир йил бурунги ва олти ой бурунги ҳангомалар.
Янгилари эса…
Бир ой бурун Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Жиззах ва Сирдарё вилоятларига ташриф буюрди, аммо вертолетда. Демак, бизнинг йўлларимиз Президент бемалол юрадиган даражада эмасди.
Шунингдек, бутун Ўзбекистон халқи ўз телевизорлари орқали кўрдики, Президентимиз Ислом Каримов ҳам Исмат Хушев айтаётган Канада ва АҚШ да қурилган йўллар ўзимизда ҳам қурилишини, худди ўшанақа равон йўлларда йўловчиларга АҚШ ва Канададаги каби шароитлар яратилишини истайди.
Ва керак бўлса, бу хусусда зарур кўрсатмалар ҳам бериб улгурди.
Биз Туркманистонга илтимос қилмай, Сурхондарёга борадиган темир йўл қурдик.
Биз Туркманистонга қуллуқ қилмай, Хоразмга тўғри борадиган темир йўл қурдик.
Мана энди Тожикистонсиз Фарғона водийсига уланадиган темир йўл қуриш ишларини бошлаш арафасидамиз.
Ана шу Камчиқ довонини кесиб ўтадиган улкан лойиҳа амалга ошиши арафасида Гулнора Каримованинг Қўқонга саёҳати ва сафар давомида йўловчиларга яратилган (ва яратилмаган) йўл ёқасидаги шароитлар ҳақидаги фикрлари билан интернет саҳифалари орқали танишдик.
Ҳаммаси тўғри. Бу ёғи ўзбекчилик. Биз ҳожатхоналар ҳақида гапиришга уяламиз. Ҳатто данғиллама ошхоналар, чойхоналар қурамизу, улар ёнида оддийгина, камтарингина ҳожатхона қуриб қўйишга ҳам уяламиз, гўёки…
Ҳатто бу ҳаётий зарурат эканини гапиришга-да, уяламиз…
Аслида мен бошқа нарса ҳақида, журналист масъулияти, журналист маҳорати, журналистнинг Ватанга меҳр-муҳаббати ҳақида гапирмоқчи эдим.
Мен айтмоқчи эдимки, агар журналист ҳақиқий журналист бўлса, у ўзининг матбуотда ёритилган фикрлари билан дунёни маълум йўлга сола олади, керак бўлса, йирик шахслар фикрига таъсир ўтказа олади, керак бўлса, ҳақиқий журналист дунёни бошқара олади.
Ҳақиқий журналист қалами билан дунёни бошқара олади.
Ҳақиқий журналистга қилич ҳам, автомат ҳам, атом бомбаси ҳам керак эмас. Ҳақиқий журналистнинг қалами омон бўлса бас.
Айнан ҳақиқий журналистлиги боис Исмат Хушев яратган сайт бир ёшга тўлмасдан бутун дунёни забт этди, забт этишда давом этяпти.
Ҳолбуки, ўн йиллаб, йигирма йиллаб яшаётган хорижий “мухолифат” ўзбекча сайтларимиз бор, уларнинг ўқувчилари бармоқ билан санарли, чунки…
афсуски… ўша сайтларнинг муаллифлари айбни ўзларидан изламайдилар.
Чунки, улар “ҳаммасига Ўзбекистон раҳбари айбдор десак, биз очко ютаверамиз”, дея хато ўйлайдилар.
Мен минг йиллардан бери айтиб келаман: исталган одамга айбни ағдариш мумкин, лекин айбни ағдариш учун асос бўлиши керак. Биз эса… бақир-чақирдан нарига ўтмаймиз . Фақат бизнинг гапимиз тўғри деб ўйлаймиз, ва кимки бизнинг фикримизга тўғри келмайдиган фикр айтса, дарҳол уни душманга, мххчига чиқарамиз. Ва ўзимизча, яна очко ютган киши бўлиб, ўзимиздан ўзимиз мамнун бўлиб юрамиз.
Бизга ҳеч ким, на АҚШ, на Туркия, на Россия, на Хитой ёрдам бермайди. Биз ўзимизга ўзимиз ёрдам беришимиз керак.
Одамлар орасида, сўрашганларида: “ўзинг ётиб, ўзинг тураяпсанми?”, деган ибора бор. Ўйлаб кўрилса, бу сўрашишнинг маъноси жуда катта.
Ва яна биз ўйлаб кўришимиз керак: нима учун Исмат Хушев бир йилга етар-етмас фурсатда бу қадар оммабоп сайт ярата олди?
Ҳолбуки, Исмат Хушев оппозиционер эмас. Ватанга қарши эмас. Ватандаги лидерларга ҳам қарши эмас. У шунчаки профессионал журналист, керак бўлса, профессионал тадбиркор журналист.
Профессионал журналист сифатида ҳатто давлат раҳбарининг, унинг атрофидаги мулозимларнинг ютуқлари ва камчиликларини баралла айтаяпти.
Исмат Хушев чин дилдан Ўзбекистон АҚШ ва Канада каби дунёнинг етакчи давлатлари сафига қўшилишини истаяпти. Шу йўналишда ўз фикрларини баралла айтаяпти…
Бу фикрлар Исмат Хушевники. Бу фикрлар кимгадир ёқиши, кимгадир ёқмаслиги табиий. Энг асосийси, у ўз фикрларини айтаяпти. Ва унинг айтилаётган фикрлари, керак бўлса, жамоатчиликка ўз таъсирини ўтказаяпти.
Инсоф билан айтганда, битта журналист Ўзбекистон учун бундан ортиқ нима қилиб берсин?
Ҳолбуки… қанча хорижий сайтларимиз неча йиллардан бери тутаб ётибди, Ўзбекистон бошига мағзава ағдаришаяпти, нуқул Ғарбга қўл чўзиб, тиланаяпти. Гўёки, Ғарб бизга беш-тўрт сўм, кечирасиз, доллар садақа берса, аҳволимиз ўнгланиб қоладигандай.
Ҳолбуки… Мен айтмоқчиманки, ўша хорижий сайтларимиз… аниқлаштириб айтадиган бўлсак, “дунё ўзбеклари”дан ташқари деярли барча ўзбекча сайтларимиз уларнинг эгаларидаги профессионал журналистлик даражаси ниҳоятда паст бўлгани туфайли оммалашмаяпти, ўқимишлилик даражаси ниҳоятда паст. Ёзилаётган мақолалар саъвияси ниҳоятда саёз…
Ҳолбуки,… масалан… Фахриддин Худойқулов бир пайтлар “Эрк” газетаси асосчиларидан бири бўлган. Муҳаммад Солиҳ ойдай шоир эди. Ака-ука Бобожонлар ҳам ўзларини Ўзбекистонннинг етакчи ижодкорлари санаб юришарди. Абдураҳим Пўлатов “Бирлик” раҳбари эди. Юсуф Расулга эса кўз тегди… Кимнинг кўзи тегди, бу энди бошқа масала…
Ҳай, Насрулло Саййид, Муътабар Тожибоева, Толиб Ёқубов, Боходир Чориев, Муҳиддин Қурбонов каби бир қатор шахслар ўз сайтларига эга бўлсалар-да, улар профессионал журналистлар эмас, дейлик.
Яхшики, профессионал журналист эмаслигини уларнинг ўзлари ҳам биладилар ва тан оладилар.
Ҳолбуки,.. билиб туриб билмасликка олганлардан қўрқиш керак.
Ҳолбуки, ўз даражасини тан олмаганлардан қўрқиш керак.
Яъни бу хил журналистлар яхшигина журналист бўлсалар-да, уларда яратиш қобилияти йўқ. Улар фақат яратадиганларга тош отишга ярайдилар, холос.
Ҳолбуки, журналист фақат тош отишга эмас, балки, Исмат Хушев каби халқни, жамиятни етаклашга ҳам яраши керак. Агар журналист жамиятни эзгулик сари, тараққиёт сари етаклай олса, ундай журналистнинг этагини ўпсанг арзийди. Шундагина журналист том маънодаги ватанпарвар журналистга айлана олади. Шундагина унинг ёзганлари, унинг сайти ўқимишли бўлади.
Тўғри,.. биз яхши биламиз, “би-би-си” Исмат Хушевнинг анча-мунча дадил фикрларини қирқиб ташлади. Айтмоқчимизки, Исмат Хушев бундан ўксимаса ҳам бўлаверади. Чунки унинг ўз минбари бор. Ўз минбари, “дунё ўзбеклари” даражаси, керак бўлса, бугун “би-би-си” ўзбекча вариантидан кам эмас. Бугунча… балки эртага ортда қолдириб кетиши ҳам мумкин.
Қолаверса, “би-би-си” ўзбекчасида ишлаётганлар осмондан тушган эмас. Улар кечагина Ўзбекистонда яшаган ўзимизнинг ўзбеклар. Ўзбекча цензура, ўзбекчилик, минг ёғини ўйлаб иш кўриш уларга бегона эмас.
Ана шу юз-хотирчилик, кимнингдир райини бузиб қўймасдан ўз ишимни битириб олай деган андиша каби “хислатлар” боис улар Исмат Хушевни “қирқиб” ташлашди.
Аммо Исмат Хушев қирқилмайди.
Исмат Хушев сувга чўкмайди, ўтда ёнмайди.
Исмат Хушев бугун Ўзбекистон журналистикасининг байроқдорига айланиб боряпти.
Исмат Хушев бугун Ўзбекистон виждонига айланиб боряпти.
Олға, Исмат Хушев!!!
Абулқосим Мамарасулов,
Жиззах вилояти, Барлос қишлоғи…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ