Журналист Исмат Хушевга — Аҳли Расул Муҳаммаддан
ас-Салому алайкум, дўсти азиз Исмат Хушев!
Соғ-омонмисиз?
Илоҳим, ҳамиша бардам-бардавом бўлиб юринг.
Бу ўткинчи маймунваш қўтир дунёнинг гапларию ишларидан асло ранжиманг.
Мерганликнинг эмас, номардликнинг, қўрқоқликнинг, писмиқликнинг, заифликнинг асосий белгиларидир кўринмаслик!
Сиз ҳамиша бор бўйингиз билан кўриниб юрувчи мард Инсонсиз!
Ушбу шеърим Сизга бўлсин:
ҲАҚГЎЙ
Ҳақ эдинг-ку, аммо не бўлди,
Сўз тополмай қолдинг рақибга?
Кўзинг намчил туманга тўлди,
Дуч келганда айёр таъқибга.
Кетдинг сўзсиз топшириб наҳот
Ҳақиқатнинг улуғвор тахтин?
Ўзинг эдинг ўзингга нажот,
Ўзинг билан эди-ку бахтинг?!.
Юрагингда муз гулхан ёқиб
Банд этмасин сени совуқ руҳ.
Рақибларинг кўзингга боқиб,
Кўрсин фақат унда ўт, шукуҳ.
Сен қуш эмас жаладан қочиб
Танг катакка ўзини урган.
Туравергил кўксингни очиб,
Сен бу қаттол азобга ўрган.
Эшитасан ҳали кўп замон
Маъқулланган ёлғон сўзларни.
Кўп кўрасан айёр, беомон
Таъқиб этган совуқ кўзларни.
«Тамом!» – дема, ўзинг ҳақ бўлсанг,
Сўзинг сенинг ҳақ бўлса мудом.
Ҳақлигингга ишонмай қўйсанг,
Шунда чиндан ҳаммаси тамом!
Тожикистон Республикасидан
———