Бош муҳаррир И.Хушевга: Қани Юлдуз, қани Озодбек деганлар ҳам бўлди…
Ассалому алайкум Исмат Маҳмудович!
Аҳволларингиз яхшими, чарчамаяпсизми!
Сизни бугунги ийд-рамазон байрами билан чин қалбдан муборакбод этаман!
Охирги маротаба март ойи охирида сиз билан суҳбат қургандик, мана орадан 2 ой ўтди. Шу икки ойда сизга ёзолмаганим учун мендан ранжиманг, бунинг сабаби шу қургур интернетда!
Сизга бугун шу икки ой ичида кўнглимдаги гапларни сўзлаб бермоқчиман…
Мана юртимизда шу икки ой ичида жуда кўп этиборга арзигулик воқеа ҳодисалар юз берди. Гарчи интернет ёмон бўлсада мен қўлимдан келганча бу воқеаларни шу юртнинг фарзанди сифатида кузатиб келмоқдаман.
Бугун сизга мамлакат ичкарисида бўлаётган воқеаларни бир оддий фуқаро кўзи билан тасвирлаб-сўзлаб беришни ихтиёр айладим…
Мана 2 ойдирки Ўзбекистонимизда карантин, дунёда эса 6 ойдан бери пандемия даври…
Ҳа шу коронавирус балоси эл қатори келган бир офатдир, бунинг ҳайрон қоларли ери йўқ! Этти миллиард инсон қатори халқимиз ҳам аллоҳ таолонинг бир ”миттигина” офатининг синовидан мардонавор ўтиб бормоқда…
Аммо, келинг бу ҳақда эмас, шу икки ой ичида жамиятда содир бўлган воқеалар ҳақида айтсам…
Пандемия даврида икки ойдан бери мен ҳам ҳамма қатори уйдаман!
Лекин афсуски, мамлакатимизда интернет сифати менга ўхшаган кўплаб ёшларни сабрини синаб, ҳатто коронавирусдан ҳам кўпроқ жаҳлини чиқармоқда!
Вилоят марказидан атиги 5-6-километр четда турсамда, узмобиле алоқа оператори икки ой давомида кундан кунга тўлқинларини бизлардан дариғ тутдики, охири ноилож уcэлл сим карта олишга мажбур бўлдим…
Афсус, узмобиледан кўра жимиттек афзал бўлсада бу алоқа оператори ҳам сабрни синамоқда! На илож? Ахир қолганлардан афзали шу экан!!!
Ҳуллас биз томонларда интернет алоқаси яхши эмас Исмат Маҳмудович!
Сиздан илтимос, канадада яхшироқ бўлса, мендек укангизга тўлқинлар кучидан озроқ юборсангиз мамнун бўлардим;)
Ҳа майли, видео, аудио алишиш кучи бўлмасада, ёзишиш учун кучи етаётганидан ҳам мамнунман шу кунларда!
Исмат Маҳмудович!
Мана ҳабарингиз бор, 1-май куни халқимиз, айниқса сирдарёликлар бошига оғир бир фалокат тушди. Бу фалокат гарчи сирдарёда бўлган бўлсада, бутун халқимиз қалбидаги ҳотиржамлик бир зумга бўлсада сардоба сувларида шўнғиб чиқди.
Тўғри, танаси бошқа дард билмас, бу азобни сардоба дахшатини кўзи билан кўрган ва тортган инсонлар олдида бизники ҳеч нарса эмас! Аммо бутун халқимиз билан биргаликда уларнинг дардига шерик бўлдик…
Шу онда ҳаёлимга бир фикр келди. Бу синовлар нега айнан шу йилда бир жойга жамланди… Коронавирус.. Сардоба… Сабаби одамларнинг бир биридан кўнгли бироз йироқлашгани, яратган роббимизнинг йўлидан бироз узоқлашганими?
Аллоҳдан сабр ила бу балолар халқимиз бошидан тезроқ даф бўлишини, бутун инсоният яна ҳаловат билан юзлашишини тилаб дуо қилишдан бошқасига қодир эмасман албатта…
Санъаткор бўлганим учунми, шу воқеалар аторофида бир ҳодиса этиборимни тортди. Сал аввалроқ сиз шу ҳодиса юзасидан чиқиш ҳам қилдингиз…
Бу ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ҳодисаси… Ҳатто сардоба фожеасиданда кўпроқ шов шув бўлган ушбу воқеа… Ҳа тан олиш керак, Юлдуз Усмонова шахсияти, унинг ҳарактери инсон сифатидаги образи унчалик ҳам самимий, мулойим эмас.
Бу инсон ҳарактерида исёнкорлик, ўзига ҳос қайсарлик, қўполлик ва шу билан бирга ҳақиқатгўйлик ҳам мужассамлашган! Мен кимнингдир тарафини олмайман албатта! Юлдуз Усмонова менинг ҳолам, аммам ёки опам эмас!
Лекин бир нарса мени ўйга солди. Санъаткор ҳилқати қачондан бери қилган ижоди, истедоди, меҳнати билан эмас, ҳарактери билан ҳулосаланадиган бўлди???
Агар Юлдуз Усмонова ҳарактери устидан унга ҳукм ўқиладиган бўлса, бундай санъаткорлар шунчалик ланатга дучор қилинса, унда сиз томонлардан бўлган, ғарб халқларининг ҳозирга қадар тилидан ва дилидан тушмайдиган Майкл Жексон, Фредди Меркюри, Уитни Хюстон каби афсоналарга ҳам ланат айтиш керакми?
Мен Юлдуз Усмоновани улар билан тенглаштирмайман албатта, лекин ҳоҳлаймизми йўқми Юлдуз Усмонова ҳам шу кичиккина 5 та мамлакатнинг атоқли санъаткорику! Гарчи ҳарактери шундай бўлсада ўзининг обрўсига ярашадиган, 3 кун тинмай халқ билан ташаббус кўрсатиб эҳсон йиғдику!
Сал олдин ”санаткорлар пулини уйда босиб ўтирипти, қани бу машҳурлар, қани Юлдуз, қани Озодбек” деганлар ҳам бўлди.
Ўзбек санъаткорлари миллиардлаб маблағларни ҳайрия қилишди! Агар Юлдуз шу ташаббусни қилмаганда бази бировлар ”Юлдуз бўла туриб ҳеч нима қилмадия” дейишарди аниқ! Аммо бу санъаткорнинг 3кунлик ҳайрияси давомида юзага келган тушунмовчилик, унинг ИИБ ҳодимларини ҳақорат қилгани…
Шахсан мен ушбу 3 кунлик жонли эфирни кузатдим ва Юлдуз Усмонова одамлар ҳайрияси жуда кўплиги, уларни эсон омон манзилига етқизишлик учун ИИБдан ёрдам сўрагани, аммо ИИБ Юлдуз Усмоновага вазиятни вақтида бафуржа тушунтираолмагани учун тушунмовчилик келиб чиққанини гувоҳи бўлдим!
Тушунаман, ҳозирги мураккаб кунларда ИИБнинг ҳам вазифалари талай, уларга ҳам осонмас!
Лекин шу арзимаган тушунмовчилик юзасидан халқ артистини нотўғри тушуниб, уни нотўғри талқин қилганлар бисёр бўлди! Ҳатто сизга ҳам бази бир ИИБ амалдорлари қўнғироқ қилиб халқ артистидан ранжиганини айтишибди!
Исмат Маҳмудович!
Ҳеч замонда санъаткор ҳарактери билан сифатланмайди! Агар ҳарактер билан сифатланса у актёр ёки актриса этиб талқин этилиши керак эди! Аммо Юлдуз Усмонова қўшиқчи. Унинг қўшиқларида мана сал кам 40 йилдирки халқ дарди жўшиб келди!
Бу дардни кўтара олмаган бази бир шахслар Усмоновани, нафақат уни балки кўплаб машхур санъаткорларни ”ҳарактерини” қурол қилишиб сиёсатдан, жамиятдан ва ҳатто ватандан бадарға қилишди!
Шу ўринда сизни ҳам Исмат Маҳмудович!
Мени бир нарса кулгимни қистатди, сизга қўнғироқ қилган ИИБ расмийлари, сизга ўз дардини айтиб сиздан халқ артистини озроқ эфирда койиш кераклигини айтган бу казо-казо ИИБчилар, сиз ўзбекистондан оғир вазиятда қолиб чиқиб кетганингизда қаерда эдилар?
Шерали, Юлдуз, Ортиқ, Бобомурод ва бошқа кўплаб зиёлилар тақиқланганда улар қаэрда эдилар??? Сизга ўхшаган мард-жасур журналистлар ўз Ватанидан қувилганида улар қаэрда эдилар?
Бу катта савол!!!
Энди эса сизга арзимаган бир майда гап юзасидан аслида халқ фойдасига эмас, шунчаки ўз ”ИМИЖ” ларига доғ тегмаслиги йўлида қўнғироқ қилган шу орган расмийларини бир кўз олдингизга келтиринг…
Улар оғир кунларингизда қаэрда эдилар? Нима Юлдуз Усмонова юқорида такидлаганимдек ғарб юлдузлари Майкл Жексонга ўхшаб ажабтовур қилиқлар қиляптими? Юлдуз Усмонова Фредди Меркюрига ўхшаб бир жинслилик қиляптими? Ёки Уитни Хюстонга ўхшаб наркоман бўлиб юриптими?…
Яқинда шу мавзуда ҳамкасбингиз Улуғбек Ашур кўрсатувини кўрдим. Шу кўрсатувда Муҳтарам президентимизнинг яқин қариндоши исми адашмасам Шоҳрух Мирзиёевнинг видеоси ҳам бор эди. Бу йигитча Улуғбек Ашурга видео йўллаб Юлдуз Усмоновани жазолашни сўрабди, мурожаатида ”ушбу кимсани жазолаш керак” дея қатият билан гапирибди.
Лекин қачондан бери бизнинг обрўйимизни дунёларга танитган санъаткорларимиз бундай ёш авлод учун, ҳусусан Шоҳрух Мирзиёев учун ”КИМСА” бўлиб қолди? Ва мени лол қолдирган нарса Шоҳрух Мирзиёев мурожаатида «оиламиз номидан илтимос қиламан» деб Муҳтарам президентимизга ишора қилгани ғалати…
Шоҳрух Мирзиёев ҳозирда юридик коллежида ўқиркан, аммо юридик саводи юқори бўлганда ўзбекистон халқ артистининг бу ҳолати ҳарактери жиҳатдан қўпол бўлса ҳам, аслида ҳеч қандай жиноят аломатлари йўқлигини тушунган бўларди. Бундан ташқари биз ёш авлод 40 йилдан бери санъатимиз обрўсини кўтариб келаётган шахсларни обрўсини, уларнинг қилган меҳнатларини қадрлаб, уларни қандай эзозлашни биламиз…
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова то шу кунга қадар халқи дардини куйлаб, доимо халқини алқаган инсондир, тўғри базида сиёсат уни бир қанча йўрғалашга маҳбур қилган бўлса ҳам, у даврларда унинг олдида йўрғаланишдан бошқа йўл йўқ эканлигини биз тушунишимиз керак.
Юлдузнинг ўрнида бошқа биров бўлганда аллақачон сизга қўнғироқ қилиб жаҳлини бўлишган казо-казоларнинг қурбонига айланган бўлар эди, жисмонан йўқ қилинарди!
Юлдуз Усмонованинг бугунги кунга қадар синовлардан омон чиққанининг сабаби ҳам шу, халқ меҳри, халқ дардини куйлаганида! Ҳеч бир замонда санъаткор ҳарактери билан эмас, халқига қолдирган меросида сифатланган!
Исмат Маҳмудович!
Албатта мен сизни Юлдузни койиганингиз учун қораламоқчи эмасман! Сиз нима бўлганда ҳам фойдани кўзлаб гапирасиз. Юлдуз Усмоновага ҳам фойда бўлсин, бошқа бундай ҳолатга тушмасин дея чиқиш қилганингизни ҳаммамиз кўрдик.
Усмонова ҳам ўзига тегишли ҳулосани чиқарди албатта.
Исмат Маҳмудович!
Ҳозирча жамиятимизда шундай ҳолатлар рўй бермоқда, бундан кейин ҳам кузатаман… Тез-тез сиз билан бўлишаман… Илоҳим юртимиздан бу синовлар бу балолар тезроқ даф бўлишини сўраб қоламан…
Айтганча, МТРКдаги масала ҳусусида ҳам ҳали сизга ўз фикримни билдираман, жуда ҳуник ҳолат бўлибди, умид қиламанки Юлдуз Усмоновани танқидидан чўчиб имижини яхшилаш учун сизга қўнғироқ қилган ИИБ расмийлари зора шу икки бегуноҳ журналист ишига ҳам этибор бериб, жаноб МТРК раисига қўнғироқ қилишса…
Балким раис шундай мард жасур ва адолатсизликка чидаб тура олмайдиган, ноҳақликни кўрган заҳоти олис канададаги журналистга қўнғироқ қилиб адолатсизликдан жаҳли чиққанини айта оладиган ИИБчилардан қўрқса ажабмас…
Умид қиламиз…
Сизни яна бир бора байрам билан табриклаб у
зоқ сурхондарёлик укангиз Алижон…
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ