"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Дилором: Кўзингиз офтоби уйғотсин мени, Агар ухлаб қолсам юрагингизда…

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Хотин-қизлар олами | 25/05/2020 00:58-     13039 марта ўқилди

Дилором Исмоилова (1965)

Чоп этилган27.03.2014МуаллифZiyouz.uz

1965 йилда туғилган. СамДУнинг ўзбек-тожик филологиясини тугатган. “Юрагимда гул шивири”, “Райҳон исли кунлар”, “Соғиниб кетдим”, “Меҳрибоним, қайдасиз” тўпламлар муаллифи. “Шуҳрат” медали соҳибаси.

Юзинг оқ тонгмиди

Юзинг оқ тонгмиди, субҳидам чоғи,
Муҳаббат насими қўзғалиб елди?
Мен севиб қолдимми, умрим шомида,
Бориб гул лабингни ҳидлагим келди.

Шодланиб уйғондим уйқуларимдан,
Кўзимдан бир нафас кетмади кўзинг.
Қалбим ўртаганда васлинг ҳижрони,
Худойим, сабримга бер ўзинг тўзим.

Узоқдан кўрсайдим, майли, товушинг
Эшитиб турсайдим гоҳи-гоҳида.
Дил чамани ичра ўзинг булбулдек
Қўниб турсанг эди жоним шохида.

Васлинг умидини узма кўнглимдан,
Қалбинг меҳробида илтижом елди.
Шу лаҳза туриб мен ибодатимдан
Бориб гул лабингни ҳидлагим келди.

Ўтинч

Юраксимон баргни лабимга босдим,
Тўкилиб боряпман япроқдек бир-бир.
Энди оғзимдагин тил деб атаманг,
У дилдаги гапни айтмади, ахир!

Худойим, тил берса ҳарсанг тошларга,
Ундан бошларимга етса зарбалар,
Зулайҳо Юсуфни севгандек севгум,
Тош диллар қалбимни таласа талар.

Шу битта тош зарбин кўтаролмаган
Каслар орамизда юрибди нетиб?
Биргина ўтинчим, сўнгги дамда ҳам
Оғзим япроқ билан қўйма беркитиб.

Кўзингиз офтоби уйғотсин

Поёни бормикан бу ҳижронларнинг
У мисли чаёндек дилни чақяпти?
Йиғламай дейману эплаёлмайман,
Соғинчлар кўзимга дурлар тақяпти.

Атрофда рангларнинг яшил жаранги,
Товушингиз келар совуқ симлардан.
Шу совуқ симчалик бўлолмадим, мен,
Сизни қизғаняпман аллакимлардан.

Ҳижронлар ташрифи чарчатди мени,
Мен яшагим келар тилагингизда.
Кўзингиз офтоби уйғотсин мени,
Агар ухлаб қолсам юрагингизда.

Илтижо

Куртак ёзгандан то хазон бўлгунча,
Умрни бошидан кечирган боғлар.
Кўнглимдек ёнгувчи кўнгил бормикан,
Айтинг, юрагимда қолмасин доғлар?

Қорлар ёғса ҳамки шохлар қошига,
Йўлакда шивирлаб юрган хазонлар,
Сиз каби эзилган бағирлар борми
Айтинг, олдингизга келдим азонлаб?

Гарчанд, атрофимда одамлар кўпдир,
Бироқ, баъзан ўзни ёлғиз сезаман.
Мен ҳам худди сизга ўхшайман боғлар,
Мен ҳам бу ҳаётни жуда севаман.

Дарахтлар юраги тўкилмасин ҳеч,
Баҳорлар безасин бутун оламни.
Менга ҳам топиб бер, айланай, ўзинг,
Кўнгли меникига ўхшаш одамни.

Кўнглимга қўлинг сол

Юрагимни сила, қўлларингни қўй,
Кўзларимни артгин, қон бўб йиғлаган.
Содпоралар қилди уни қайси ғам,
Қайси бедил уни бунча тиғлаган,
Сўрамайсанми?

Ҳижрон карвонлари юрди устидан,
Томиридан оқди армонлар мудом.
Тилиб-тилиб кетди айрилиқ тиғи,
Чидадим, бардошлар айтди эҳтиром,
Қарамайсанми?

Юрагимни сила, бағрингга босгин,
Бир умр сўроқлар келди олишиб.
Кўнглимга қўлинг сол, Дилор эмасман,
Ундан сен чиқмасанг дилга қоришиб…

https://ziyouz.uz/

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Худойбердиева: Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб, У отган ўқлардан кўксим ярадор…
  2. Сиз севган шоиралар — Ҳалима Худойбердиева: Ҳар кимни ўзимга пир қилмасман мен…
  3. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  4. Янги номлар: Танишинг — жиззахлик истеъдодли ижодкор Гулноз Мамарасулова!
  5. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  6. Танишинг: Қўқонлик истеъдодли шоира Гулбаҳор Саидғаниева!
  7. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  8. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Ҳалима Аҳмад: Қўшни аёл каби чақирар мени Боғдаги райҳонлар хушбўй нафасда…
  9. Кенжабий: КЎКДАН ТУШГАН САТРЛАР (Фарида Афрўз ижодига чизгилар)
  10. БИТТАДИР ДУНЁДА ОНА ДЕГАН НОМ («Онажон» шеърий тўплами ҳақида)
  11. Ҳамроқул Асқардан Фарида Бўтаевага байрам табриги
  12. Ҳалима Худойбердиева: ВАТАН БАЙРОҒИ…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.