"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Алибой Йўляхши: Ўзбек мухолифатининг кечаги ва бугунги куни ҳақида…

Муносабат, Муҳокама учун мавзу, Редакция почтасидан | 17/05/2020 04:32-     11443 марта ўқилди

Ассалому алайкум Исматбек!

Сизнинг ўқувчиларнгиз мўллигини ҳисобга олиб, кейинги ёзганларимни сизга ҳам жўнатаяпман.

Маъқул кўрсангиз чоп этарсиз деган умиддаман.

Омон бўлинг!

 

Мана тубанда мақола келтирилади:

ОҚИБАТ!
Бисмиллоҳир раҳмонир роҳийм
Қадрли ўқувчилар, қардошлар, дўстлар!

Мен Алибой Йўляхшиман

(Советлар замонида мени Йўляшиев Алибой Йўляхшиевич дея аташарди.)

Яхшиси дўстлар, мени янада дуруст танишни истангиз интернет саҳифасига киришингиз лозим бўлар деб ўйлайман. Чунки у ерда мен ҳақда тўла ва батафсил маълумот топа оласиз.

Шу сабабдан бу ерда ўзим ҳақимда узоқ сўзлашни лозим кўрмасдан, Ўзбекистонда 20-аср сўнгида Совет давлатининг деярли бутун ҳудудида янгидан кўзга кўрина бошлаган мухолиф ҳаракатлар, яъни ҳукуматнинг расмий сиёсий йўлига мухолиф ҳаракатлар, жумладан Ўзбекистондаги шундай ҳаракатнинг фаолияти, улардаги ютуқ ва камчиликлар ҳақида бир-икки оғиз сўз ва фикрларимни сиз азиз мухлислар, Ўзбекистон халқи диққатига ҳавола қилсам дуруст бўлар, балки менинг маълум бир савиядаги граждан шаклига келишимда меҳнати синган ўқитувчи-тарбиячиларим, математика соҳасида фан номзоди даражасига кўтарилишимда бебаҳо меҳнати синган ҳурматли муҳтарам устозларим ва барча-барча танишларим, дўстларим, ҳатто рақибларим олдида ҳам хисоботим бўлар деб ўйладим.

Бундан ташқари буни мен Ватаним олдидаги, бурчимнинг муҳим бир қисми ҳисобладим ва ҳисоблайман. Бундай изоҳни, ҳисоботни тарих- жонажон Ватаним Ўзбекистон тарихи учун ҳам лозимдир, деб биламан албатта.

Менимча, азиз ўқувчи, кўпчилингиз мени Ўзбекстон ҳукуматига, унинг сиёсий усулига мухолиф фикрдаги бир киши сифатида танийсиз. Ҳа, ҳақиқатдан, мен СССР, жумладан Ўзбекистонда расмий ҳукумат фикрига(тўғриси сиёсати, сиёсий қарашларига) фарқли қараш(фикр) ларнинг очиқ(ошкора) айтила ва ёзила бошлаган илк давр (кун)лардан бошлаб расмий ҳукумат(тўғриси ҳукуматнинг сиёсати, сиёсий йўли)га мухолифлар тарафида бўлдим.

Бундай ошкораликнинг, кишиларнинг бундай ошкора ўз фикрларини айта олиши бошланишининг аниқ тарихи эсланадиган бўлса, у ўтган асрнинг 80-йиллари эди дейилиши мумкин. Бизда Ўзбекистонда масалан, бу ошкоралик 1989 йилдан бошлаб очиққа чиқди десак ҳам бўлар. Бу тарихга қадар ҳам ҳукуматнинг расмий фикри, сиёсатига мухолиф ва ҳатто қарши фикрлар ҳам мавжуд эди, албатта. Аммо улар ҳақида очиқ сўзлаш, айниқса омма орасида очиқ сўлаш, оммавий матбуотда ёзиш мумкин эмасди. Чунки ундай сўз айтган, ёзган киши, ўша замоннинг қонунларига асосан жавобгарликка тортиларди.

Хуллас, бир замонлар дунё мамлакатлари сиёсий харитасини СССР( ёки бошқача Совет мамлакати) аталмиш қизил парча ҳам безаб турарди. Хариталарда совет мамлакати қизил буёқларда кўрсатиларди. Чунки советлар бошқача “қизил”лар деб ҳам аталарди.У мамлакатнинг давлат бошқаруви коммунистик якка ҳокимлик (диктатура)дан иборат эди.

Бу СССР дейиладиган атама, Чор Россияси( Россия империяси)да давлат тўнтариши оқибатида ҳукуматни қўлга олган коммунист исёнкор (аниқроғи безори)лар тўдаси тарафидан 1924 йилда қўлланишга киритилган бир янги атама эди, Россия империясини ўша исёнкорлар бошқа исм билан, яъни СССР деб атай бошлаганларди. Бизнинг жонажон ватанимиз Ўзбекистон эса, ўша коммунистик мамлакат (тўғрироғи коммунистик империя)нинг бир қисми, унинг мустамлакаси бўлиб қолаверганди.

Ўша Совет мамлакати дея аталадиган ўлка 15-та иттифоқдош республикалардан тузилган дейиларди. Бу “Иттифоқ”нинг давлат тузими коммунистик диктатура эди. Шукрки, бу коммунистик диктатура режимида бошқарилаётган тузимнинг умри узоқ бўлмади. Тарих, 20-асрнинг сўнгги йилларига етишган бир замонда, Чор Россияси ҳудудида сунъий ўрнатилган Рус коммунистик империяси режими-совет режими тарихан хато усуллар билан майдонга чиққан бўлиб, ўта адолатсиз, золим диктатурадан иборат бўлганлиги сабабли узоқ яшамади, яшай олмасди, ҳақиқатан яшай ҳам олмади.

Натижада, 1991 йилга келиб СССР аталмиш сохта иттифоқ тарқаб(парчаланиб) кетди. Унинг ўрнида дунёда биринчи марта 15-та янги давлат пайдо бўлди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, уларнинг бири бизнинг жонажон ватанимиз, Буюк Туркистоннинг, у замонлар ЎзССР деб атадиган бир қисми Мустақил Ўзбекистон Республикаси деб аталадиган бўлди.

Биз эса, ЎзССР аҳолисининг бирмунча зиёлилар аталадиган қисми БИРЛИК халқ ҳаракати номи билан дунёда янги Мустақил Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг давлат бошқариш усулига, унинг сиёсий йўлига мухолифлар бўлиб, янги тарихга, Мустақил Ўзбекистон Республикаси тарихига кирдик.

Бу ҳалот – БИРЛИК хАЛҚ ҲАРАКАТИ-нинг Ўзбекистон Республикаси мутақиллиги учун самарали курашган бирдан бир, ягона ташкилот шаклида Мустақил Ўзбекистон Республикаси тарихига кирганлиги ҳалоти, бугунлар Ўзбекистонда қандай ва қанақа шаклда талқин қилинаётганлиги дан қатъи назар Мутлақ Ҳақиқатдир. Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати, Мустақил Ўзбекистон Республикасининг дунёга келиши тарихида, у мустақилликнинг реалликка айланиш курашида энг илғор бир қисм-гуруҳ бўлганлиги мутлақ ҳақиқатдир. У тариҳда айнан шундай ном билан ёзилиб қолади.

Мен эса, ана ўшандай шарафли бир ҳаракатда баҳоли қудрат қатнашганимдан фахрланаман. Аммо шу билан бир қаторда Ватанимиз мустақиллиги учун шарафли курашда ташкилотнинг, шунингдек ташкилот раҳбарлари, унинг ҳар бир аъзосининг объектив ва суфъектив анчагина хато ва камчиликлари бўлганлиги ва шулар сабабидан унинг — Ўзбекистоннинг мустақил давлат шаклида яшаш тарихи илк кунларида ва бугунларгача ҳам муносиб даражада қатнаша олмаганлигимиз ҳақида билган ҳамда мен шахсан ўзим муҳим хато-камчиликлар деб ҳисоблаганларим ҳақида очиқ ҳақиқатларни ҳам тарихга ўз номимдан қолдиришни халқим ва ватаним олдидаги бурчим ҳисоблайман.

Қадрли ўқувчи, менинг шахсий интернет блогимда “Бирлик”нинг ҳаракат-ташкилот сифатида таъсис этилиши, унинг бошланғич фаолияти, бир қатор қурултойлари ва ҳаракатнинг, унинг раҳбариятининг йўл қўйган ва шахсан мен ўзим ҳам ҳаракат аъзоси сифатида йўл қўйганим хато-камчиликлар ҳақида бирмунча батафсил ёзганман. Улар ҳақида балки ўқиганларингиз ҳам бордир. Ундан ташқари муҳтарам ўқувчи, менинг шахсий хулоса ва фикрларим саҳифасида бирмунча кенг баён этилган. Хоҳиш билдирган дўстлар мазкур саҳифага киришлари ва бевосита улар билан танишишлари мумкин.

Шундай қилиб тарих 1991 йилни кўрсатаётган бир замонда сохта, аммо кўринишдан ўта баҳайбат СССР (Совет давлати) деб аталадиган мамлакат, унинг давлат системаси тугади ва у 15-та янги давлатчаларга бўлиниб-тарқаб кетди. Айтилгани сингари, ўша 15 янги давлатнинг бири Мустақил Ўзбекистон Республикаси бўлди. Энди бу янги Мустақил Ўзбекистон Республикаси қандай шаклда ва нималар билан, қандай бойликлари, қанақа аҳолиси, қандай ҳукумат тузуми-режими, унинг сиёсий йўналиши қандай шаклда майдонга чиқаётганди ёки чиқди?

Бу саволларга у замонларда жўяли, бутун таҳлиллари билан жавоб берадиган ҳеч ким ва ҳеч қандай бир гуруҳ, ташкилот — ҳаракат, жафҳа, ҳеч бир шахс, олим-сиёсатшунос, йўқ эди. Фикримча, бугун ҳам ундайлар йўқ, улар ҳали ҳам ўртага чиқмадилар ёки чиқа олмаяптилар. Бу масала ҳам келажак авлодга қоладиган кўринади. Биз эса Бирлик халқ ҳаракати кўринишида ана шундай жавобини топиш жуда ҳам жўн бўлмаган, саволларга, ҳатто муаммоларга жавоблар, жавоблар бўлганида ҳам жуда аниқ, ўта конкрет жавоблар кутаётган янги бир Ўзбекистон Республикаси ҳукуматига мухолифлар бўлиб қолган эдик. Балки бу олдимизга чиққан савол ва муаммоларга аниқ ва тўғри жавоб топадиган ташкилот, гуруҳ бизнинг халқ ҳаракатимиз бўлиши керак эдими??? Яъни биз ҳаракат сифатида юқоридаги саволларга жавоб ва муаммоларга ечим топадиган кадрларга эга бўлишимиз лозим бўлган бир муассаса бўлишимиз керак эдими?

Хуллас, СССР тарқаб кетиши муносабати билан биз (ҳаракатимиз)нинг, ўзбек халқининг ихтиёрига аслида мутлақо яп-янги Ўзбекистон, аммо яп-ёланғоч, фақат пахта экиладиган кенг далаларга эга Ўзбекистон берилаётганди. Аслида ҳақиқатан барча тарафли, бутун икир-чикирлари билан яп-янги бўлмаса-да, назарий қаралганда, халқаро тартиб ва қонуниятлар жиҳатидан энди Ўзбекистон, яп-янги мамлакат-Мустақил Ўзбекистон Республикаси бўлган эди. Аммо унинг ичида, унинг мазмунида нималар бор, нималар мавжуд эди? Бу Янги Мустақил Ўзбекистон Республикаси учун ҳа, ана шулар, Республиканинг бизга берилаётганидаги вазияти, ички мазмуни масаласи жуда буюк муаммони ташкил этарди.

Ана шундай бизга берилган, бизнинг олдимизда кўндаланг бўлган янги Мустақил Ўзбекистон Ркспубликасининг мазмуни-мағзи ўша замонларда нималарни ўзида сақлаб, тутиб турган эди? Менимча(фақат менимча эмас), улар :

Биринчидан, энг аввал бу Республикада энди, Ўзбекистоннинг Россиядан, рус мустамлакаси, ҳатто унинг бутун халқи ўз қуллигини, айниқса тўла ва батамом пахта қулларига айлантирилган вазиятдан қутулишни бир сония ҳам ўйлаб кўрмаган, ўйлашни ҳеч бир замон истамаган ва энг муҳими, мустақил яшашни, мустақил давлат, ҳукумат қанақа бўлишини хаёлидан ҳам кечирмаган, бу каби масалаларни ҳатто мутлақо тушунмайдиган, мустақил (Москванинг кўрсатмаси бўлмасдан бирорта ҳожатхона қурилиши ҳақида ҳам қарор ололмайдиган) ЎзССР, унинг коммунистик маҳаллий ҳукумати, бу ҳукуматнинг қип-қизил коммунист раҳбарлари бор эди.

Иккинчидан, бу Республкада энди, умуман мустақиликни, мустақил Ўзбекистон давлати бўлиши мумкинлигини тушида ҳам кўрмаган Ўзбекистон мавжуд аҳолисининг энг камида 40-50%, мустақилликни, яъни Ўзбекистоннинг Россиядан айри яшашини ҳеч ҳам истамаган ўзбекистон маҳаллий-миллий(ўзбек, қирғиз-қозоқ, тожик, туркман, озорбойжон каби) ва унинг камида 20%, балки ундан ҳам кўпроғини ташкил қилган маҳаллий бўлмаган (рус, армани, гурузин, украин, белорус каби ирқ вакиллари) нуфусдан ташкил этилган Республиканинг аҳолиси бор эди.

Учинчидан, бизлар, яъни Бирлик номини тошиган ҳаракат, унинг аъзолари ҳам Янги Ўзбекистоннинг мазмунини ташкил этадиган унсурлар қаторига кирар эдик. Бу унсурлар-бизнинг орамизда мустақиллик, озодлик, озод Ўзбекистон каби тушунчаларни, Ўзбекистоннинг мустамлака мамлакатлигини бирмунча дурустроқ тасаввур қила оладиган кишилар ҳам йўқ эмасди, ҳар ҳолда.

Аммо аччиқ афсуслар билан тан олишим лозимки, бизнинг аъзоларимиз орасида ҳам миқдори умумий аъзоларимиз нисбатида оз бўлмаган бир миқдор кишиларимиз мустамлакачиликни, бизнинг-ўзбекларнинг қуллигини, мустақилликни, мустақил Ўзбекистон давлати каби тушунчаларни дурустроқ ҳазм қила олмасдилар, ҳақиқатида ҳам ҳазм қила олмадилар. Ундай тушунчаларнинг моҳиятини англай ололмадилар. Булар ҳам аҳолининг қолган 40-50% сингари Россиядан айри яшашни ҳеч ҳам истамасдилар. Ўша замонлар биз Бирлик аъзолари ўлароқ, фақат бир масалада — ўзбек тилининг давлат тили бўлиши масаласида бир фикрда якдил эдик десам ҳақиқат бўлар, деб ўйлайман.

Тўртинчидан, ўша коммунистик рус империясидан бизга юлиб берилган Республиканинг иқтисодий аҳволини фақатгина хароб эди, деб таърифлаш етарли бўлмас деган андишадаман. Ҳақиқатан ўлкада иқтисодий аҳвол баттарнинг батари, харобнинг хароби ҳолида эди. Унинг устига СССР тарқатиб юборилар экан Республикага мутлақо ҳеч вақо берилмади, Республика ҳақи эл қатори бўлишини талаб қиладиган ва уни ундириб оладиган маҳаллий ҳукумат ёки бир миллий, ижтимоий ташкилот каби муассаса, қисқаси ҳеч кимса йўқ эди.

Ваҳоланки, Республиканинг мустақил яшашини давом қилдиришида бу фактор, иқтисод фактори ўта муҳим масала, ҳатто масалаларнинг асосийси эди. Ҳали бугунгача ўзбекистонликларнинг дунё бўйлаб нон излаб юришлари, дунёда бузуқилар бозорлари ўзбекистониликлар билан тўлдиралаётганлигининг асосий сабабларидан бири рус ипериалистларнинг Ўзбекистонимизни бизга ана ўшандай харобдан баттар ҳолда қолдиришларидир.

Шундай қилиб, жонажон Мустақил Ўзбекистон Республикаисини, бу янги йўлда, янги вазиятда ким -ЎзССР эски маҳаллий коммунистик ҳукумати раҳбарларими ёки ҳақиқий янгиликларни, янги хилдаги илоҳотларни бошалайдиган, мамлакатни янги мустақил Ўзбекистонни янги, бугунги дунёни яхши биладиган, етук, замон сиёсатини, иқтисодини, ижтимоий ҳаётни замон даражасида тушунадиган янги турдаги илғор кишиларми бошқариши керак эди? Ёки масалан, Бирлик халқ ҳаракатими бошқариши лозимми эди? — каби масала ўртага чиққанди.

Мустақилликнинг бошланғич йилларида, ЎзССР коммунистик ҳукумати, Россиясиз қандай яшаши ҳақида чуқур ўйга, саросимага тушиб қолган қисқа вақт-он ҳам бўлди. Аммо биз тажрибасизлигимиз оқибатида ўша қисқа ондан унумли фойдалана олмадик, у онни бой бердик. Улар эса, ЎзССР коммунистик ҳукумати ўзларини тезда ўнглаб ола билдилар.

Чунки Ўзбекистонда тузум ва режимнинг кескин ўзгаришини истамаган халқаро ташкилотлар(айниқса масонлар), масонлардан ҳам аввалроқ қолдиқ Россия коммунистик империяси каби қора кучлар фурсатни бой бермасдан, ундан унумли фойдаландилар. Ана шулар ЎзССР коммунистик ҳукуматига ёрдамга чопдилар ва тезда уларга ёрдам бериш ҳаракатига тушдилар ва қоп-қора ниятли ёрдам аталмиш қўлларини(панжаларини) узатишга улгурдилар.

Оқибатда, ҳаммамиз гувоҳ бўлганиимиз каби, Мустақил Ўзбекистон Республикаси расман мустақил деб қабул қилинган бўлишига қарамасдан шаклан БМТ аъзоси Мустақил Республика, мазмунан эса Россиянинг мустамлакаси ЎзССР сифатида узоқ йиллар яшади. Ҳатто бугун ҳам, СССР йўқ бўлишидан 30 йилдан кўпроқ замон ўтганидан сўнгра ҳам Ўзбекистон Республикасида давлат режими, ундаги иқтисодий система ва ижтимоий ҳаёт ЎзССР даври-замони, тарзидан мазмунан узоқлашганини сезиш мураккаб бўлиб турибди.

Биз, яъни Ўзбекистоннинг мустақиллиги масаласида анчагина фаол ҳаракатда бўлган “Бирлик” халқ ҳаракати бу замонда, Мустақилликнинг бошланғич йилларида қандай вазиятда қолдик ёки бўлдик? Нималар қилдик ёки қилишга уриндик? Энг муҳими ўша критик (ўта танг) замонларда қандай ишлар бажаришга, амалга оширга ҳаракат қилдик ёки уларни амалга оширдик, ошира олдик?

Бу қўйилган саволларга ҳеч бир истиноларга йўл қўйилмасдан тўғри-ҳақиқий жавоб бериладиган бўлса, ўша бир тарафда СССР каби бир буюк давлатнинг қулаб-битаётганидек ташвишли, мураккаб, алғов-далғовлар бўлиб турган, бошқа тарафдан дунё ҳамжамиятига муносиб кўринишда киришини, янги тўғри бир йўналишда бошқарилишни кутаётган ҳозиргина ифодалаганимиз иқтисоди хароб Ўзбекистонимиз туришига қарамасдан ўша критик замонда биз ҳаракат ўлароқ мутлақо ҳеч нарса қилмадик, тўғриси қила олмадик.

Энг ачинарлиси эса, келажагимиз учун ўшандай ўта бир нозик вазиятда, эски ва ёмон ЎзССР ўрнида яхши янги Республика тузумига ўтиш вазиятида ҳаракатимизнинг раҳбар аталмишлари (Адураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳ (Мадамин Бекжонов)лар) Ҳаракатнинг раҳбарлигини, яъни Бирлик халқ Ҳаракати Марказий Комитетини ким эгаллаши ҳақида “буюк жанг” бошлаб юборишдилар.

Бу ҳол саросимада нима қиларини билолмай, уни тушуниб ета олмай турган ЎзССР коммунистик ҳукумати раҳбарларига жуда қулай келди ва уларга жуда яхши бир туртки, мадад бўлди. Аммо шуни таъкидлашим керакки, бизнинг, Бирлик Ҳаракати шаклида Ўзбекистон Мустақиллигига эга чиқа олмаганлигимизнинг, дунёга келган Янги Республикамиз янги ҳукуматини қуриш-тузишда қатнаша олмаганлигимизнинг асосий сабаби бу, бунда эмас эди. Бу ҳол жуда хусусий, фақат бир оддий субъектив сабаб бўлиб, ҳали навбатда сўзлашим лозим бўлган объектив сабабларнинг биргина кўриниши эди, холос.

Биз, ҳаракат сифатида Ватанимизнинг мустақиллиги учун курашганларнинг узагини ташкил этишимизга қарамасдан янги Мустақил Ўзбекистон ҳукуматига яқинлаша олмай қолишимизнинг, уни ташкил этишда қатнаша олмаганлигимизнинг, унинг келажак йўналишини белгилашда рол ололмаслигимизнинг асосий-фудаментал сабаблари эса батамом бошқа ва бошқа турдаги объектив сабаблардир.

Уларни, ўша объектив сабабларни ўзимнинг шахсий тушунчам даражасида, узоқ йиллар муҳожирлик ҳаёт тажрибам асосида санашга уринаман:

Улар, биринчидан, ҳаракатимиз Миллий озодлик ҳаракати бўлишига, рус мустамлакасидан озод бўлишга киришган ҳаракат бўлишимизга қарамасдан, биз миллий озод Республика қандай бўлишлигини, миллий озодлик ҳаракати ўз ичига нималарни, қандай унсурларни қамраб олиши кераклигини билмасдик.

Биз, ватанимизнинг миллий мустақиллигини талаб қилардик, аммо унинг қанақа бўлиши ҳақида яхши, кескин ихчам таърифу тавсифимиз, тасаввуримиз йўқ эди. Биз, дунёда бўлиб ўтган ва давом этиб турган миллий мустақиллик курашлари, уларнинг ташкилотчиларининг тарихини ҳам деярли билмасдик. Улар ҳақида ўқимаган ва ўрганмагандик, ҳатто уларни ўрганишни хаёлимиздан ҳам ўтказмагандик.

Ана шулар бизнинг озодлик, миллий озодлик курашимиз фаолиятидаги биринчи жуда муҳим объектив камчилигимиз, хатомиз эди. Чунки нима учундир курашардик, унинг нима эканлигини, шаклу шамойилини яхши билмасдик. Бу жуда катта хато ва камчилик эди, албатта. Ана айнан шу сабабдан ҳам биз курашимизнинг натижасини хулосалай олмадик, “ҳосил”нинг эгаси бўла олмадик.

Ватанимиз расмий ўлароқ Мустақил, Озод Республика номини олди, аммо минг афсуслар бўлсинки унда эски диктатурага мукасидан ботган коммунистик режим, ўз коммунист раҳбарлари билан сақланиб қолиши мумкин бўлди.

Иккинчидан, ҳали Ўзбекистон коммунистик Россиянинг мустамлакаси мақомида турган бир вақтда ёзилган Бирлик ҳаракатининг дастуридан бошқа, мақсадлар жуда очиқ-ойдин, аниқ, ипидан игнасигача кўрсатилган, яхшилаб ифодаланган дастуру амалимиз ҳам тайёрланмаган ва йўқ эди.

Учинчидан, ўшандай дастуру амални тайёрлайдиган ва ана шу дастурга уйғун иш ва амалиётлар олиб борадиган, ишининг — миллий озодлик ғояси, ҳаракатининг савдоиси бўлган, бу курашда жонини ҳам ўртага қўя оладиган ва қўйган кишилар-курашчилар юзага чиқмаган эди. Улар ҳали миллатнинг ичида пишиб етишмаганди. Уларни етиштира ва тайёрлай олмагандик, уларни юзага, майдонга чиқара олмагандик. Биз миллат ўлароқ миллий озодлик масаласида менимча жуда ғўра-хом эдик.

Тўртинчидан, яна бир муҳим масала-объектив сабаб, балки олдинги учтасидан ҳам аҳамиятлиси, балки уларнинг ҳаммасидан ҳам муҳими молиявий имкониятларимиз оз, пул маблағимиз йўқ эди. Ҳаракатимиз бошланғич йилларида миллат-халқдан ҳаракат номига, унинг Марказий органига бирмунча пул маблағи тушган ва йиғилган каби бўлганди.

Аммо бугун ўша маблағлар қандай, қаерда ва нималарга харжланганлиги хусусида ҳеч ким тарафидан бирон маълумот, ҳисобот берилгани йўқ. Мен ҳаракатнинг энг кексаларидан бўлишимга қарамасдан ўшандай бир ҳисобот мавжудлигидан хабарим йўқ.

Минг афсуслар бўлсинки, мана шу саналганларнинг барчаси Ўзбекистоннинг, яп-янги Мустақил Ўзбекистон Республикасининг шаклланишида, унинг ҳукуматининг тузилиши, қурилишида сезиларли, жуда аҳамиятли ўрин эгаллаши зарурий шартлардан бўлишига қарамасдан, биз ҳаракат ўлароқ уларнинг ҳеч бирига эга эмас эдик. Ана шулар барчаси бизнинг ҳаракат сифатида Янгидан туғилган Мустақил Ўзбекистон Республикаси янги ҳукуматининг тузилиши жараёнидан ташқарида қолиб кетишимизнинг муҳим ва асосий объектив сабаблари эди.

Булардан ташқари, камчиликларимизнинг асосийларидан яна бири, бизнинг ҳаракат шаклида, ҳукумат системасига кириш, ҳукуматга келиш ва уни бошқариш усуллари ҳақида тўла қонли тушунчага эга бўлган бизда аъзоларимиз ёки раҳбариятимиз, ходиму хизматчиларимиз, қисқаси кадромиз ҳам мутлақо йўқлиги эди.

Бизнинг Бирлик халқ Ҳаракатига ўша замонларда кимлар аъзо бўлишгандилар? Улар, қишлоқ мактаблари ўқитувчи-ўқувчилари, олий мактаблар талабалари, уларнинг баъзи педагок-олимлари ва аҳолининг шуларга эргашганлардан ташкил топишганларди. Уларнинг барчаси ҳатто оддий маҳаллий ҳукумат идораларини бошқаришлари учун ҳам, албатта бирмунча замон бир махсус мактаб кўришлари лозим бўлган кишилар эди.

Шундай қилиб, Янги Ўзбекистон, ЎзССР эски коммунитик ҳукумати билан яшашни бошлаб юборди. Бу ҳукумат, бизни, озодлик учун курашганларни, жон куйдирганларни на фақат ватандош сифатида қабул қилиш, аксинча ўзларига душман қабул қилди. Шу сабабдан тарих 1995-йилни бошлаган бир вақтда Янги Мустақил ва Озод Ўзбекистоннинг мазмунан ва моҳиятан эски коммунистик ҳукумати, ҳаракатимизнинг раҳбариятини ташкил қилган кадронинг Ўзбекистонни тарк этишларига атайлаб шароит туғдирди.

Қадрли ватандошларим! Биз Бирлик халқ ҳаракати шаклида ватанимизнинг озодлиги учун имкон даражасида курашишга уриндик. Аммо юқорида тушунтиришга уринганимдек, миллий озодлик кураши олиб бориш ҳаракатида кўп нарсаларни билмаганимиз, ўрганмаганимиз, умуман бу хусусда ҳали хом-пишмаган бўлганлигимиз, тажрибасизгимиз оқибатида, унинг натижасига эга чиқа олмадик, янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин олишини таъминлай олмадик. Натижани эса, мана 30 йилдан ортиқ замон ичида афсус яшадик, яшаётганга ҳам ўхшаймиз. Бу ҳол Ўзбекистонда яна узоқ давом этадими каби қўрқувдан қутила олмаяпман.

Хуллас, ҳақиқатида ҳам Мустақил Ўзбекистон Республикаси деб аталиши ва яшаши лозим бўлган жонажон ватанимиз ЎзССР бўлиб қолаверди ва унинг коммунистик ҳукумати ярим феодал — коммунистик яшаш ва ишлашда давом қилди. Ҳа-да, нима бўлганда ҳам улар -ЎзССР коммунистик ҳукумати бизга кўра давлатчиликда бирмунча тажрибали эдилар.

Унинг устига, уларни дарҳол халқаро ислом душманлари, қолдиқ рус коммунистик империалистлари “оталик”ка олишди. Чунки ана шулар Ўзбекистонда, бир замонлар Ислом дунёсининг, балки (жаҳоннинг дейилиши керакдир) буюк олимларини етиштирган Туркистон ўлкасининг марказида ҳақиқий ижобий, халқчил ўзгаришлар бўлишини, Буюк Туркистоннинг тикланиши мумкингини ҳеч истамасдилар.

Оқибатда, Республикада И.Каримов исмли кимса бошлиқ ярим феодал-мустабид авторитар золим ҳукумат режими яшаб қолиши мумкин бўлди. Афсуслар бўлсинки, 2016 йилда Ўзбекистоннинг коммунистик ярим феодал режими раҳбарлиги ўрнига келган “янги ҳукумат” раҳбари “ўрганган кўнгул ўртанса қўймас” қабулида иш тутишдан бошқа йўл топмади ёки топа олмади(топишга йўл бемадилар шекилли).

Сўзнинг лўндасини айтсам, энди мен, келажакка умид қилиб, ундан умидларда бўлиб, жонажон мамлакатимда яхшиликлар, хайрли, ижобий самарали эзгу ишлар амалга оширилишини тилаб Аллоҳу таолога дуо қилишдан бошқа йўлимизни кўра олмаяпман.

Аллоҳга шукр, ижтимоий матбуот саҳифаларида кўнгулга хуш келадиган ёшлар ҳам кўриниб турибди. ИншоАллоҳ келажак ўзбек халқи, Ўзбекистон учун ҳам порлоқ бўлажакдир. Халқимизнинг дилдан истагани, зориқиб кутаётгани ҳақиқатан ижобий, ўзгаришлар-ислоҳотларнинг бошланиш замони иншоАллоҳ яқиндир. Ўзбекистон яқинда ҳақиқатан Қуёшли Ўзбекистон бўлжакдир.

Азизлар!

Юқорида қоралаганларимга қўшимча яна бир-икки дона сўзлар қўшишни лозим ҳисобладим:

1. Табиий бир сабаб оқибатида 2016 йили Ўзбекистонда ҳукумат ўзгарадиган вазият майдонга чиқди. Натижада у ерда муҳтарам Ш.М. Мирзиёев бошлиқ аввал вақтинчалик вазифа бажарадиган ҳукумат ва ундан кўп ўтмай сайловлар натижасида президентликка сайланган президент Шавкат Миромонвич Мирзиёев бошлиқ Ўзбекистон Ревпубликасининг ҳукумати вазифа бажара бошлади. Мен бир ўзбекистонлик сифатида бу воқеаларни баҳоли қудрат кузатиб бордим ва ўша замонларда содир бўла бошлаган воқеаларга муносабатларим билдирилган иккита мақола ҳам ёздим.

Уларнинг бири “Каримовсиз Ўзбекистон” (интернет адареси: http://samarqanduz.com/?p=8134

Иккинчиси, “Ш.М. Мирзиёев сайланган бош раҳбар” (интернет адреси: http://samarqanduz.com/?

У мақолаларда ўз тушунчаларим доирасида мамлакатнинг келажаги, унда ўтказилиши мумкин бўлган ислоҳотлар ва Республика янги ҳукумати хусусида бир-икки тезкор фикрларимни ифодалангандим. Аммо янги ҳукумат ҳақиқатан кескин ислоҳотлар бошлайди, энг аввал ҳеч бир асосга, далилга таянмаган ҳолда ватанни тарк этишга мажбур қилинган бир қатор ўзбекистонликлар ватанларига сўзсиз қайтиш имконларига эга бўладилар ва яна мамлакат тақдири учун қимматли ислоҳотлар бошланар каби жуда катта умидим бор эди …

2. Ўзбекистонда ўтказилиши зарур ва шарт бўлган ислоҳотларнинг хиллари ҳақида узундан узун ёзаверишим мумкин бўлган фикрларим, таклифларим бор, албатта. Уларниг бир қисми ҳозиргина номлари келтирилган мақолаларда ҳам келтирилган. Қуйида ҳам улардан бир-иккита энг муҳимларини санайман:

а) Мамлакат-Ўзбекистон ҳудудий маъмурий бўлиниши коммунистик бошқарув режимига уйғун(мослаб) ташкил этилганича сақланиб қолмоқда. Шунинг учун энг аввал маммлакатнинг ҳудудий-маъмурий тузилишини(Сиёсий харитасини батамом янги шаклда чизиш) тубдан ўзгартириш;

б) барча(катта-кичик) ҳукумат бошқарув идораларининг (қишлоқ, туман-район, шаҳар, шахар ичи районлар, маҳалла) каби ҳақ-ҳуқуқ ва вазифалари жуда аниқ белгиланган (рўйҳати тузилган) қонун қабул қилиш;

в) маҳаллий ҳокимиятлар раҳбарлигига ва кенгашларига тезда эркин, алтернатив номзодлар қатнашадиган сайловлар ўтказиш лозим.

3. Иқтисодий ислоҳотлар (Мулк масаласи). Бугунгача коммунистларнинг халқдан, уларнинг хусусий ва шахсий мулклари босқинчи-безориларча тортиб олиш йўли билан ташкил этилган советларнинг “давлат мулки” қоидаси сақланиб турибди. Ниҳоят ўша қонунсизликлар тан олиниб, хусусий мулкчиликни қайта тиклайдиган жиддий иқтисодий ислоҳотларни бошлаш ва уни адолатли ўтказиш зарур.

Биламизки, совет давлат мулки Чор Россияси фуқаро(гражданлари)сидан шахсий ва хусусий мулклари босқинчилар усулида тортиб олиш йўли билан ташкил қилинган, яъни совет давлат мулки дейилган мулк мавжуд эмас. У, совет замонида ”давлат мулки” аталаган мулк халқ (фуқаро)нинг шахсий ва хусусий мулкидир. Шу сабабдан совет замонида коммунистлар тарафидан йўл қўйилган безорилик, қонунсизликни тан олиб, янгидан Мулк қонунини қайта қабул қилиш, мамлакатда қадама-қадам ҳақиқатан хусусий мулкчиликни тиклаш, яъни ҳақиқий иқтисодий ислоҳотларни бошлаш(ер илоҳоти, сонаотда хусусий мулкчиликка кўчиш, умуман халқ хўжалигининг барча тормоқларида хусусий мулкчиликни тиклаш каби)ислоҳотларни ўтказиш.

Бундай иқтисодий ислоҳотлар лозим бўлгани шаклда, қонуний асосларга суянган шаклда ўтказилса, яъни хусусий мулкчилик жаҳонда амал қилинаётган шаклда тикланса, порахўрликни жиловлашнинг биринчи ва муҳим қадами қўйилгани аниқ бўлади. Бироқ бизда порахўрликка қарши кураш ҳали бугунгача сўзларда, фақат умидлар шаклида қолмоқда.

4. Маориф — мактаб системасида кескин ва тубдан ислоҳотлар ўтказиш. Мана шу мактаб системасида ўтказиладиган тубдан, кескин, дуруст ислоҳотлар ўтказилиши натижасида майдонга келадиган Ўзбекистон, ҳақиқатан серқуёш Ўзбекистон бўлишига ишонаман.

Рўйхатни узун давом қилиш мумкин, мақола китобга айланиб қолмаслиги учун келтирилганларини кифоя ҳисобладим.

Хулоса шулки, ноумид шайтон, биз эса Аллоҳдан умидимизни узмаймиз, иншоАллоҳ Республиканинг муҳтарам Ш.М. Мирзиёев бошлиқ ҳукумати ҳам Ўзбекистоннинг келажаги порлоқ бўлиши учун зарур бўлган тадбиру чораларни кўради, яхшиликлар, ижобий ўзгаришлар жуда яқинларда бошланади сингари умидда қоламан.

Менинг бу қоралаганларимни ўқишга қимматли вақтларини ажратган ва уларни зирикмай ўқиган дўстларнинг ҳаммасига миннатдорлигимни билдириб қоламан.

Менинг фикрларимни ёқтиргану ёқтирмаган барчангизга хайрли рамазонлар, гўзал рамазон байрами насиб бўлишини дуолар ила тилаб қоламан.

Алибой Йўляхши,

Бирлик халқ ҳаракати Самарқанд бўлими ветеран ташкилотчиларидан бири.

«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан

Ўхшаш мақолалар:

  1. БИЗ МУҲАММАД СОЛИҲ ТАРАФДОРИ ЭДИК…
  2. Намоз Нормўмин: Яхшилик деворига ғишт ташиш…
  3. «Дунё ўзбеклари» Бош муҳарририга Япониядан мактуб…
  4. Нуқтаи назар: Ўзбекистон ва қари «Дирежёр» қиссаси
  5. Дилмурод ЖУМАБОЕВ: НАМАНГАНДАН АБДУЛЛОҲ НУСРАТГА ОЧИҚ ХАТ
  6. Намоз НОРМЎМИН: МУСУЛМОН ОЛАМИНИНГ МУАММО ВА МАҚСАДЛАРИ
  7. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Намоз НОРМЎМИН: ШИАЛАР НИМА ИСТАЙДИ?
  8. ИЛОНЛАР ЭМАС ҒАНИМ – ГАРЧИ ОТЛАРИ ВАҲИМ…
  9. Тангричилар ёзаётган мақолаларни нега текширмасдан эълон қиласиз?
  10. И.Каримов ҳақида мен билган айрим факт ва ҳақиқатлар
  11. Муҳаммад Солиҳ Президентдан қасам ичиб, узр сўрасин…
  12. Карим Баҳриевнинг ЕОИИ ҳақидаги мақоласини ўқиб…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.