Ўзбекистон: Муҳаммад Солиҳ нега бугун Мирзиёев истеъфосини талаб қиляпти?
Ўзбекистон: Муҳаммад Солиҳ нега бугун Мирзиёев истеъфосини талаб қиляпти? — O’zbekiston

Ўзбекистоннинг мухолифатдаги «Эрк» партияси ва Ўзбекистон Халқ Ҳаракати лидери Муҳаммад Солиҳ Президент Шавкат Мирзиёeвнинг истеъфосини талаб қилиб чиқди. Би-би-си мухолифат лидери нимага айнан коронавирус инқирози вақтида истеъфо талаб қилди, истеъфо сўрашда Муҳаммад Солиҳнинг Ўзбекистонга қайтарилмагани масаласи қанчалик роль ўйнади каби саволлар билан унга мурожаат қилди.
Би-би-си: Сиз Мирзиёевга «Агар сизга «сиз» деб мурожаат қилаётган бўлсам, бу эгаллаб турганингиз мақом ҳурматидир», дегансиз. Олдинроқ 2016 йил декабрда бўлиб ўтган президентлик сайловларини нолегитим, деб тан олмаган эдингиз. Сўнгги мурожаат фикрингизнинг ўзгарганини англатадими?
Муҳаммад Солиҳ: Йўқ, мен фикримни ўзгартирганим йўқ. Ўша пайтида ҳам мен баёнот бердим, бу сайловлар нолегитим эди. Фикримни ҳалиям ўзгартирганим йўқ. Аммо бугун истаймизми, истамаймизми президентлик лавозимида ўтирган одам. Ўшанинг ҳурмати учун, деб гапирдим мен. Сиз деб мурожаат қилаётган бўлсам, ўша мақомда ўтирганингиз ҳурмати. Акс ҳолда сиз билан гаплашиб ҳам ўтирмасдим.

- Ўзбекистон: Кутганимиз эмас, қўрққанимиз бўлди — мухолифатнинг Мирзиёевдан ҳафсаласи пир бўлдими?
- Ўзбекистон: Аудио ёзувларни ДХХ сиздирган — Муҳаммад Солиҳ
- Ўзбек зиёлилари: «Муҳаммад Солиҳ Ватанга қайтсин»
- Муҳаммад Солиҳ: «Зиндонлардан МХХ маҳбусларини чиқаринг»
Би-би-си: Агар Шавкат Мирзиёев Президент бўлмаганида унга «сен» деб мурожаат қилармидингиз?
Муҳаммад Солиҳ: Йўқ, ундай эмас энди. Бу ерда рамзий маънода гапиряпман. Мен сизни ҳурмат қилиб, Президент Мирзиёев деб айтаяпман, ўртоқ Мирзиёев дедим. Энди сен деб мен ҳеч қачон душманимга ҳам унақа деб мурожаат қилмаганман. У ерда рамзий бир жумла. Ундан у ердаги бўлмаган маънони ахтаришнинг кераги йўқ. Каримовга ҳам мен ҳатто сиз, деб гапирганман. Каримов диктаторлиги учига чиққан эди.
Би-би-си: Мурожаатнинг давомида сиз «Ваъдалардан бошқа, баландпарвоз сўзлардан бошқа сиз нима бердингиз халққа?», деган савол билан бошлагансиз. ШУ саволни сизга ҳам берсак, қарийб ўттиз йил ичида сиз халққа нима бердингиз? Халқнинг ўзингиз айтган ҳолга тушишига ўзингиз ҳам сабабчи эмасмисиз?
Муҳаммад Солиҳ: (кулади) Мен қочиб юриб туриб, ўзбек халқига нима қилишим мумкин эди. Паспортсиз, бошқа ўлкаларда саргардон юрган одам ўзбек халқига, уни севганига қарамай нима қилиши мумкин. Сиз нима қилишингиз мумкин эди? Ёки бошқа саргардон юрган ўзбеклар ўзбек халқига нима қилиши мумкин эди?
Би-би-си: Айни дамда Туркияда минглаб ўзбекистонлик муҳожирлар юрибди. Улар айни дамда коронавирус сабаб жуда ҳам қийин аҳволга тушиб қолган. Мухолифат раиси сифатида ўша жойда уларга қандайдир ёрдам ташкиллаштириш ёки уларни бир жойга йиғиш каби ишлар билан шуғулланишингиз мумкин эди-ку. Бунга сизга Ўзбекистон ҳукумати тўсқинлик қилмаяпти-ку?
Муҳаммад Солиҳ: Йўқ. Унақа иш билан мен шуғулланмайман. «Эрк» партияси хайрия жамияти эмас. Мен қўлимдан келса, йиллар давомида ҳеч ким мендан илтимос қилмаса ҳам қўлимдан келган ёрдамни берганман. Битта ноним бўлса бўлишиб еганман. Буни билган инсонлар бор. Лекин бориб туриб у ерга хайрия тарқатадиган ҳолим йўқ менинг. Агар имконим бўлса табиий бераман. Муҳожирларни бирлаштириш, менинг вазифам эмас. Мен сиёсатчиман. Мен билан сиёсий масалаларда гаплашинг.
Би-би-си: Мурожаатнинг биринчи нуқтасида «Иқтидорга келиб, сўз берган бутун ислоҳотлардан воз кечдингиз», деган жумлани ишлатгансиз. Лекин биз билан гаплашган кузатувчиларнинг айтишича, айнан Шавкат Мирзиёев даврида Ислом Каримов даврида рўй бермаган ислоҳотлар амалга ошганини айтишади. Валюта конвертацияси йўлга қўйилди. Бизнес ва сармоя учун муҳит яхшиланаётганини халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда…Қўшнилар билан алоқалар яхшиланди. Мана шундай ҳолатда сиз ишлатган жумлалар асоссиздек туюлмаяптими?
Муҳаммад Солиҳ: Мирзиёев эътирофга арзирли нима қилган бўлса, шу кунгача ўтган 4 йил ичида эътироф қилиб келдим. Аммо Мирзиёевдан радикал сиёсий ислоҳотлар кутдик. Уларнинг ҳеч бири бўлгани йўқ. Бугунгача эркин матбуот йўқ. Бугунгача сўз эркинлиги йўқ. Яъни Facebook дан чиқиб гапириши мумкин. Лекин Ўзбекистоннинг матбуоти ҳали ҳам Каримов матбуоти турибди. У ерда одамлар чиқиб ўзининг фикрини айтиб, ҳокимиятни танқид қилиб фикр билдира оладими, ҳукуматнинг нашрлари? Билдиролмайди. Яъни сўз эркинлиги борасида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ.
Би-би-си: Kun.uz, xabar.uz каби муқобил вариантлари пайдо бўлди-ку?
Муҳаммад Солиҳ: Албатта, аммо муқобил вариантлари бу Мирзиёевнинг хизмати эмас. Умуман интернетнинг ривожланиши Facebook ва шунга ўхшаган муқобил каналлар пайдо бўлди ва бунда гапиришяпти. Аммо бунинг Мирзиёев ислоҳотига алоқаси йўқ.
Би-би-си: «Танқид этган журналистларни «авария» туси бериб, ўлдирдингиз», дегансиз. Бу ерда хоразмлик журналист Давлатназар Рўзметовни назарда тутаётган бўлишингиз мумкин. Бунга исбот далил борми? Тергов ёки текширув ўтказилдими сизнинг партиянгиз томонингиздан?
Муҳаммад Солиҳ: Далил шу — бу журналист, яъни Давлатназар ўлимига бир ҳафта, 10 кун қолганда шубҳали одамлар келиб, унга таҳдид қилган, телефонда таҳдид қилган. Ҳатто Хоразмнинг баъзи бошлиқлари унга имо-ишора қилган, тек юр бола, деб. Мен буларни назарда тутиб айтдим. Бу эски КГБнинг усули бугун ҳам давом этаётганидан менинг ҳеч шубҳам йўқ.
Би-би-си: Яъни мустақил равишда суриштирув ўтказганларингиз йўқ?
Муҳаммад Солиҳ: Йўқ, шу маънода ўтказдик. Ёнидаги атрофидаги юрган одамлардан сўрадик. Ҳа, ҳаммаси тасдиқлади. Шундай таҳлика бор эди, унинг ўлдирилиш хавфини, таҳликасини биз ҳам кутган эдик, деб.
Би-би-си: Мурожаатда Сардоба мавзусини кўтаргансиз. «Сардоба» сув омборини халқнинг бошига ағдардингиз. Бу фожиада Ўзбекистон ва Қозоғистонда жами 100 000 минг одам хонавайрон бўлди», дейилган. 100 минг одам эвакуация қилинганди. Лекин уларнинг қарийб 70 фоизи уйига қайтди. Бу борада мустақил тадқиқот ўтказганмисиз? Нимага асосланиб 100 минг одам хонавайрон бўлди, деяпсиз?
Муҳаммад Солиҳ: Мен сизга бу рақамни қаерда олганимни айтишга мажбуриятим йўқ. Мен бу рақамни Ўзбекистондан олдим ва Қозоғистондан ҳам олдим. Ўзимнинг манбаларим бор.
Би-би-си: Рақамларни Ўзингизнинг мақсадингизда бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилмаяпсизми? Одамларнинг 70 % уйига қайтган.
Муҳаммад Солиҳ: Ўша тарафдан олган рақамларимни айтаяпман. Бўрттириб кўрсатишга ҳеч иштиёқим бўлмаган.
Би-би-си: «Қурилиш сметасида кўрсатилган 404 (тўрт юз тўрт) миллион долларни Хитойдан олиб, пулни ҳам, омбор қурилишини ҳам яқин кишиларингизга топширганингизни ҳамма билади», деяпсиз. Бу «ҳамма» ким?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳамма ўша атрофидаги мансабдорлар ва у ерда умуман бу ишга алоқадор бўлган ва унинг атрофидаги одамлар ва амалдорлар ҳаммаси билади. Мен ҳам бу рақамни ва қандай топширилган ҳаммасини Ўзбекистондан ва унинг атрофидан олганман. Мен буни ўйлаб топганим йўқ.
Би-би-си: Сизда исбот, ҳужжат-далиллар борми?
Муҳаммад Солиҳ: Далилларни биз истасак беришади.
Би-би-си: Бизга уларни тақдим қила оласизми?
Муҳаммад Солиҳ: Йўқ, ҳозир унақа менинг қўлимда йўқ. Лекин менга ишончли одамлар 404 миллион рақами билан айтишган ва бу менинг ишончли манбаларим. Мен уларни тилга келтирдим. Керак бўлса, мен табиий сўраб оламан.
Суҳбатнинг давомини BBCUZBEK.COM нинг YouTube каналида томоша қилинг.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek