Бердиёр Жумаев: Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига!
Бердиёр ЖУМАЕВ,
халқаро журналист.
Иккинчи жаҳон урушида қозонилган
Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига!
20 МИЛЛИОН ҚУРБОН – 20 МИЛЛИОН ФИҒОН?!
Ёхуд умид билан дунёга келганди-ку улар ҳам…
(А Р М О Н Н О М А).
Уруш қирганида миллионларни,
Қурбон бўлди унда минг-минг ўзбек ҳам.
Йўқлаб шаҳид кетган шул ўғлонларни,
Йиллар оша элда тутилди мотам –
Уларни ёд этмоқ бизнинг бурчимиз,
Руҳларин шод этмоқ бизнинг бурчимиз.
Оналар армонда юмдилар кўзни,
Беваларнинг ёстиқдоши ғам бўлди.
Марҳум жангчиларга бағишлаб ўзни,
Не-не гул-чечаклар очилмай сўлди –
Уларни ёд этмоқ бизнинг бурчимиз,
Руҳларин шод этмоқ бизнинг бурчимиз…
Юқоридаги аламкор-ситамкор сатрларни қоғозга туширар эканман, тўсатдан, беихтиёр, барча уруш қурбонларининг ёрқин хотираларига атаб, умумий бир «АРМОННОМА» битиш фикрим-зикримни эгаллаб олди… Ва ушбу эзгу орзу боис ҳамда миллатдошларимиз сингари миллионлаб шаҳидлар олдидаги қарздорлик ҳиссини-ю бурчини туйиш сабабли дунёга келган мазкур бағишловимни сизларнинг ҳукмларингизга ҳавола этаётирман, азизларим!
* * *
Тарихий маълумотларнинг гувоҳлик беришларига қараганда, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаганидан буён ўтган 5 минг йил атрофидаги муддат оралиғида ўн тўрт минг мартадан ортиқ уруш кўрган ва айни эллик аср мобайнида, атиги ўртача 220 минг кунгина тинч-хотиржам яшаган экан.
Турли даврларда кечган турфа қирғин-баротлар ҳамда мужодалалар туфайли ҳозиргача миллиардлаб гуноҳсиз одамлар ўлдирилди (айрим манбаларда ана шундай муҳорабаларда қирилганлар сони ўз ажаллари билан вафот этганлар сонидан анча кўплиги таъкидланади), бутун бошли халқлар-миллатлар, эллар-элатлар, давлатлар-мамлакатлар Ер юзидан мутлақо йўқотиб юборилди, минглаб шаҳарлар ва қишлоқларнинг куллари кўкка совурилди, чордеворларга ҳамда бойўғлихоналарга айлантирилди.
Қиёсан олганда эса, айрим жиҳатларига кўра, ўша ўн тўрт минг жанглар-у жадаллар бир бўлиб ҳам-ки, 1939-1945 йилларда немис-фашизмига қарши олиб борилган урушга тенг келолмайди. Бошқачароқ айтганда, иккинчи жаҳон уруши дунёдаги, деярли барча қитъаларни-ю минтақаларни қамраб олганлиги, ниҳоятда кўп қурбонлар берилганлиги, вайронгарчиликлар, яксонгарчиликлар ҳамда бузғунчиликларнинг ашаддий кенг кўламдорлиги билан башарият бошига солинган мислсиз қиёмат-офат бўлди.
Йигирманчи асрнинг охирларигача 1939-1945 йилларда гитлерчи фашистлар билан бўлган ҳаёт-мамот курашларида-сўқишларида жаҳоний қамровда 50 миллион, ўша даврларда Совет Иттифоқи, дея аталган собиқ мамлакатимиз миқёсида эса, жами 20 миллион нафар киши қирилиб кетганлиги айтилиб келинарди. Кейинги пайтларда бўлса: «Урушнинг умумий қурбонлари сони янада кўп, собиқ СССР бўйича – бевосита жангларда ҳалок бўлган аскар-зобитларнинг ўзларигина 20 миллион нафардан анча ортиқни ташкил қилади» мазмунидаги хабарлар пайдо бўлди. Аммо буям тўлиқ ишончли-ю асосли маълумот эмасдир. Одатда, доимо ушбу сингари рақамлар расмий доиралар томонидан, ҳақиқийсига нисбатан, анча-мунча кам даражада кўрсатиб келинган…
Қўлимизда ўзга тасдиқланган ва ҳаққоний далилларимизнинг йўқлиги боисидан, гарчанд мазкур маълумотга таянадиган бўлсак, «иккинчи жаҳон уруши» ёинки «Улуғ Ватан уруши» аталмиш айни мудҳиш ҳарблар-у зарбларнинг, мужодалаларнинг даҳшатлари ва ваҳшатлари янада яққолроқ аёнлашади. 20 миллионликдан зиёдроқ йўқотиш, бу – айни қирғинда жон олиб — жон берган қардош совет халқлари фарзандларининг анча қисми қаҳрамонларча ҳалок бўлди, оғир яраланиб, вафот этди, дом-дараксиз кетди, деганидир. Ўша йилларда, деярли ҳар учта хонадоннинг иккитасига шумқадам қорахатлар оралади, уларнинг совуқ хабарлари оилаларни яксон, кўнгилларни вайрон айлади.
Тўғри, уруш кўпчиликка боққан бало эди. Бошқа бисёр халқлар-миллатлар ҳам унинг ҳалокатли чангалидан-комидан, Совет Иттифоқининг халқларига нисбатан, кам жабрлар-у жафоларни тортмадилар, қочиб-да қутулолмадилар.
Чораги кам бир аср беридан туриб, урушда жонларини фидо этган шаҳидлар ва ундан кейинги вақтларда уруш жароҳатлари туфайли вафот этган жангчи ватандошларимизнинг табаррук номларини доимо ёдга олиш, хотирлаш, уларнинг қутлуғ руҳлари олдида таъзим бажо келтириш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир!
Ахир, бу – йигирма миллиондан кўп хонадон барбод этилди, шунча йигитнинг жони армонда узилди, оталар-оналар уларнинг ғамларида куйиб, адойи тамом бўлдилар, миллионлаб болалар етим, аёллар есир қолдилар, қизлар-қайлиқлар уларнинг йўлларига кўз тикиб, бошлари очиқ ўтиб кетдилар, миллионлаб фарзандлар туғилмади, не-не умидлар билан бир чеккаси тишланган нонлар уйларнинг тўрларида осиқлик қолганича кўмирга айланди, дегани эмасми?!
Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Улуғ Ватан урушининг тугаганига 75 йил тўлаётганига қарамасдан, ҳанузгача юзминглаб шаҳид аскарларимизнинг тақдирлари маълум эмаслиги қалбларимиздаги битмас-йитмас жароҳатдир. Демак, ҳатто, уларнинг қабрлари қаерда эканлигини-да, ҳеч ким билмайди, беадад таассуфлар-ки, бундан кейин ҳам ҳеч қачон билолмайди, улар тўғрисидаги қисқагина маълумотлар ниҳоясига: «бедарак йўқолган» — деган мудҳиш сўзларгина битиб қўйилган, холос.
Мана шу оғриқли-фожиали жумлаларни ёзар эканман, беихтиёр, бутун дунёга маълум-у машҳур чехословакиялик қаҳрамон журналист, ўзиям қирчиллама 40 ёшида немис-фашистлари томонидан Берлиндаги Плётцензей қамоқхонасида қатл этилган Юлиус Фучикнинг Праганинг Панкрац турмасида ёзилиб, ёруғ оламга ниҳоятда қийинчиликлар билан чиқарилган «Дор остидаги сўз» китобидаги қуйидаги васиятнамо гаплари ёдимга тушди:
«Ўзи учун ҳамда сиз учун ширин жонларини фидо қилган инсонлар тўғрисида батафсил маълумотларни тўплангиз ва унутмангиз-ки, номсиз қаҳрамонлар йўқ ва бўлмаслар ҳам. Уруш қурбонларидан ҳар қайсисининг ўз исми, ўз қиёфаси ҳамда ўз дардлари-армонлари-ю орзулари-умидлари мавжуд эди. Улардан энг кўзга ташланмайдиганларининг азоб-изтироблари, азият-уқубатлариям ўзларининг исмлари тарихга кирган ҳамда муҳрланган барча қаҳрамонларникидан зинҳор кам эмасди. Шунга эришингиз-ки, уруш шаҳидларининг номлари ҳар бирингизга яқинларингиз каби, дўстларингиз каби, ўзларингиз каби азиз ҳамда ардоқли бўлсин!».
Ёинки қуйидаги пандиятга эътибор қаратайлик: «Бедарак йўқолган аскар ўзининг оила аъзолари ҳамда яқинларининг юракларидаги — уруш қурбонларига нисбатан ҳам-ки — икки баробар оғир ҳамда битмас-туганмас жароҳатдир. Биринчи томондан: бу — ўрни тўлмас ва эсдан чиқмас мислсиз йўқотиш — умрбод унутилмайдиган ғам-қайғулар; иккинчи тарафдан: «бедарак кетган» қисматига маҳкум бўлган инсонлар тақдирларининг мавҳумлиги-ю ноаниқлиги — «Қандай ўлдирилди?», «Қаерда ва қай вазиятда вафот этди ва дафн қилинди?», «Ҳалок бўлганмиди, ўзи?!» сингари, тоохир, узлуксиз безовта қилаверадиган бежавоб ва изтиробли саволлар… Беадоқ кутишлар… Беинтиҳо умидлар… Бениҳоя умидсизликлар…».
Энг оғриқли надомат-маломат шулдир-ки, дом-дараксиз кетган юртдошларимизнинг ота-оналари, хотинлари ҳамда фарзандлари, қайлиқлари, севганлари, ака-укалари умрлари давомида уларнинг тириклигига илинж боғлаб яшадилар ва яшамоқдалар. Бедарак йўқолганларнинг ота-оналари эса, уларга аза ҳам очолмасдан ўғилларини кута-кута, йўлларига кўз тута-тута, қонлар-у зардоблар юта-юта, остоналарга-эшикларга интиқ термулганларича ҳадсиз-ададсиз армонлар билан оламдан кўзлари очиқ ўтиб кетдилар.
Илло, урушда ҳалок бўлган ва тақдирлари ноаниқ кечган қаҳрамон жангчиларнинг, эндиликда саноқлигина қолган содиқ бевалари, садоқатли аёлларининг ҳамда уларнинг кўнгли ярим зурёдларининг умид учқунлари ҳали-ҳамон сўнган эмас ва тоохир сўнмас ҳам…
* * *
Меҳнатдан бошқа нарсани билмаган, қўллари қизларнинг сочини силашгаям етмаган-улгурмаган, қурол-яроғ нелигини-да кўрмаган, уруш, ҳатто-ки тушларигаям кирмаган, 20 ёшга тўлиб-тўлмаган, ҳали оилали ҳам бўлмаган йигитларнинг гуноҳлари-ю ёзуқлари не эди, ахир?! Зеро, урушда жон берган ва дараксиз кетган аскарларнинг аксарияти айни ёшда эдилар.
Улардан мингдан бириям ушалмаган армонлардан бошқа, «Ой бориб — омон қайт!» нақлига амал қилингани ҳолда, яхши ният билан бир томони тишлатиб қолинган нонлардан бошқа, сизлар билан бизлар ёдлашимиз, хотирлашимиз, йўқлашимиз даркор бўладиган номлардан бошқа нима қолди, ахир?!
Ўзларининг юртларидан олисларда – ўзга элларнинг ерларида, шаҳарлари-ю қишлоқларида, ўрмонзорларида, ботқоқликларида, тоғлари-ю-тошларида, денгизлари-ю дарёларида, номсиз тепаликларида, чўллари-ю саҳроларида душманларнинг ўқларидан, бомбаларидан, миналаридан, снарядларидан, гранаталаридан, найзаларидан ўлаётган, ҳаётнинг ҳеч бир лаззатини тотиб кўрмаган навқирон жангчиларнинг жон таслим қилишлари олдидан сўнгги лаҳзаларини тасаввур этмоқнинг, кўз олдига келтирмоқнинг ўзи-да даҳшат-у ваҳшатдир. Уларнинг охирги нафаслари олдидан жон ҳолатида айтган: «ОНАЖОН!» — деган бўғиқ нидолари ёхуд ҳайқириқли нолалари ҳанузгача қулоқларимиз остида жаранглаб – мунгли акс садо бермоқда, ҳар қайсимизни огоҳликка-ҳушёрликка ундамоқда ва чорламоқда!
Агар, мана шу манфур-лаънати уруш бўлмаганида эди, унда қурбон бўлган минг-минглаб миллатдошларимиз ҳам ўзларидан кўпайиб, қаторларимизни тўлдирардилар, улар тирик юрганларида эди, қанчалаб ота-оналарнинг кўзлари очиқ кетмасди, ўғил-қизлари етим, аёллари бева, қайлиқлари тул қолмасди. Гарчанд уларнинг умрлари бевақт хазон қилинмаганида эди, қанчадан-қанча хайрли ва саховатли ишларни амалга оширган бўлардилар… Гарчи…
* * *
Иккинчи жаҳон урушининг ибтидосидан 81 йил, унинг интиҳосидан эса, 75 йил берида туриб, мана шу оғриқларни туйганда, кўнгилдан ўтказганда юракни янада аёнсиз-поёнсиз ўкинчлар ўртаб юборади. Илло, 1939-1945 йилларда – немис-фашист босқинчиларига қарши иккинчи жаҳон уруши ҳамда Улуғ Ватан урушининг аёвсиз қирғин-баротларида шаҳид кетган элдошларимиз абадий навқиронлигича қолдилар. Уларнинг амалга ошмаган армонлари эса, бизларнинг ҳам армонли қалбларимиздаги рўёбга чиқмаган, беғоят-бениҳоят таассуфлар-ки, бундан буён ҳам юзага чиқмайдиган мангулик армонларимиздир.
Эндиликда 75 йиллиги нишонланиши арафасида турганимиз Буюк Ғалаба жумлаи-оламдаги ҳамма халқларга ниҳоятда қимматга тушди. Лекин айни ҒОЛИБЛИК одамзоднинг ашаддий кушандаси ҳисобланмиш юҳо – фашизм устидан, ирқчилик устидан қозонилган тимсолсиз тарихий МУЗАФФАРИЯТ эди. Фақат ушбу Буюк Ғалаба туфайлигина бутун дунё халқлари қуллик асоратидан, тутқунлик касофатидан қутулдилар, инсонийлик шон-шарафини сақлай билдилар, тинч-тотув яшаш имкониятини қўлга киритдилар.
Иккинчи жаҳон уруши ҳамда Улуғ Ватан урушининг жароҳатлари-ю асоратлари тоабад битмагай, зотан, улар ҳар бир оилага-ю хонадонга дахл этган, улардан барча алам-ситам кўрган, жабр-жафо тортган эди. Айни машъум муҳорабада-мужодалада кимнингдир жондан азиз фарзанди, кимнингдир отаси, акаси, укаси, кимнингдир эри, ёри, қайлиғи, севиклиси бевақт-бемаҳал ҳалок бўлдилар, дом-дараксиз кетдилар, жисман жароҳатланганликлари ёинки қалбан яраланганликлари сабабли, кейинги тинч йилларда хасталаниб, эртачи вафот этдилар.
Бугунги кунда урушнинг бегуноҳ қурбонлари-ю шаҳидлари бўлган миллатдошларимизнинг порлоқ хотираларини ёдга олар эканмиз, уларнинг табаррук номларини бундан кейин ҳам мутлақо ёдларимиздан чиқармайлик, бизларнинг ўзимизга тинч-осойишта ҳаётни насиб айлаганлиги учун эса, Яратганимизга беадад шукроналар айтайлик.
Иккинчи жаҳон урушининг, 1941-1945 йиллардаги немис-фашизми билан бўлган манфур муҳорабанинг, шунингдек, ҳозир ҳам Ер куррасининг турли жойларида давом этаётган ва тўхтамаётган турли урушларнинг ҳамда янгилари пайдо бўлаётган турфа ҳарб ўчоқларининг, шулар туфайли ўлдириб юборилаётган минг-минглаб беайб тинч аҳоли вакиллари: кексалар, аёллар ҳамда болалар қирғинларининг аччиқ сабоқларидан тегишли сабоқлар олайлик ҳамда зарур хулосалар чиқарайлик!
Шунингдек, айнан ҳозирги пайтда саноқлиларигина тирик бўлган, бироқ кун сайин, соат сайин сафлари сийраклашиб бораётган уруш фахрийлари-ногиронлари – қаҳрамон отахонларимизни, фронторти фидойиларини бошларимизга кўтарайлик, уларни ҳар томонлама эъзозлайлик ҳамда қадрлайлик, қимматли насиҳатлари-ю маслаҳатларига қулоқ тутайлик, йўл-йўриқларига амал қилайлик.
Ана шундагина шаҳид кетган аскарларимизнинг руҳлари, қандайдир маънода, бизлардан рози бўлади, жумладан, ўзимиз ҳам-ки, уларнинг олдидаги бурчларимизни, қисман эса-да, адо этган бўламиз.
* * *
Зотан, иккинчи жаҳон уруши қурбонларининг ҳамда шаҳидларининг тилларидан ёзилган ушбу шеъримниям айни қутлуғ санагача етиб келолмаган ўша азизларимизнинг эъзозли ёдларига — эҳтиромли хотираларига бағишладим:
Умид билан дунёга келгандик-ку бизлар ҳам,
Умримизни тинч-омон яшаш-чун чоғлагандик.
Беғубор қалбимизга яхши ниятлар ҳамдам,
Эл-у юрт хизматига белларни боғлагандик.
Чекимизга урушнинг тушишини билмабмиз,
Йигит ёшда бегуноҳ ўлишимиз билмабмиз,
На оила — на фарзанд қолмади кўпимиздан,
Қирчинимиз қийилиб — сўлишимиз билмабмиз.
Севган қизимиз эмас, совуқ қуролни қучдик,
Ёвуз-манфур душманнинг бомба-ўқига учдик.
Ҳаётимиз озодлик йўлларига тикилди,
Эркин-ҳур яшангиз деб, ширин жонлардан кечдик.
Бедарак йўқолганмиз неча-нечаларимиз,
Қанча йиллар эшикка кўзни тутиб кутдилар.
Билмайин қаерларда ўлганмиз-кўмилганмиз,
Оналар азамизни очолмайин ўтдилар.
Ушалмаган орзулар — беадад армонимиз,
Бевалар ва қайлиқлар — беадоқ армонимиз.
Бемозор-у бекафан — кўзимиз очиқ кетди,
Туғилмаган болалар — бесаноқ армонимиз…
Эҳ, азизлар, бизлардан номдан бошқа не қолди,
Бир чеккаси тишланган нондан бошқа не қолди.
Руҳимизни шод айлаб, ёдлаб-йўқламасангиз,
«Шунчаси қурбон…» деган сондан бошқа не қолди?!
Шаҳидлармиз: тилаймиз дунёда тинчлик бўлсин,
Биз кўрмаган авлодлар доимо ўйнаб-кулсин.
Истиқлол ўзимизга, афсус, насиб этмади,
Элнинг бағри, ё насиб, эзгулик-бахтга тўлсин!
* * *
Илоҳо, отинг-зотинг ўчсин, уруш! Қанийди, тафаккуримиздан-у турмушимиздан буткуллайин йўқолсанг… Кошкийди, фақатгина урушларнинг олдини олишга, уларни бартараф этишга доимий ундаб юргувчи, бандаи башарни қирғинлардан мудомий огоҳ айлаб тургувчи аччиқ хотира бўлиб ёдларимиздагина сақланиб қолсанг…
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ