А.Орипов: Агар ота бўлсанг, сенга муносиб, Таянч, асо бўлиб турарман, халқим…

Бу шеър Туркияда 2014 йил ёзилган. Отамнинг икки ой даволаниш жараенида, яъни уйдан қатнаб олган радиотерапиясидан сўнг ахволлари ёмонлашгандан кейин, мен қизим Шахризода билан Тошкентдан етиб келган эдим юртимнинг ноз неъматлари, оби нон ва сомсалари билан. Шунда отам рахматли хаяжонланиб, Ўзбекистонни жуда соғиндим, ҳеч қачон шунча узоқ муддатга кетмас эдим юртимдан, деган эдилар. Бу шеър ўша куни ёзила бошланди. Кечга яқин ахволлари ёмонлашиб хастахонага реанимацияга тушиб қолдилар. Суний нафас олиш аппаратига улашдан олдин зудлик билан охирги тўрт қаторини менга ёзиб олишни буюрдилар… Шундан кейин отам уч ой реанимацияда ажал билан курашдилар. Бахорда март ойида Ўзбекистонга тирик қайтиб келдилар. Хозирги халқимизнинг бошига тушган синовли кунларда ушбу шеърни беришимни сўрадилар…
Абдулла Орипов
ХАЛҚИМ
Агар бола бўлсанг, бағримга босиб,
Елкамда кўтариб юрарман, халқим.
Агар ота бўлсанг, сенга муносиб,
Таянч, асо бўлиб турарман, халқим.
Дунёда кўп эрур шаҳри азимлар,
Муҳташам қасрлар, олий базмлар.
Қуршаган чоғда ҳам эъзоз таъзимлар,
Даврамни сен билан қурарман, халқим.
Умр-ку ўтажак, фано муқаррар,
У ёқдан ҳеч кимга келмаган хабар.
Мабодо жаннатга бўлсам муяссар,
Шунда ҳам хаёлинг сурарман, халқим.
Гоҳида ризқингдан қолдинг айрилиб,
Майли, ўтган ўтди, боқма қайрилиб,
Келса балохўрлар, қўлин қайириб,
Бошини тошларга урарман, халқим.
Заминнинг айқирган дарёлари бор,
Тонгги шаббодалар таратар ифор.
Менда бўлиб қолса бир зум ихтиёр,
Барисин сен томон бурарман, халқим.
Сен завол топмадинг, қолмадинг ҳориб,
Сув келса сипқориб, тошни қўпориб.
Мен ким шоир ўғлинг Абдулла Ориф,
Эртан камолинг ҳам кўрарман, халқим.
2014 йил 21 январь Станбул