Бахтиёр Карим: БИЗНИ КЕЧИР, ЖАМШИДЖОН! — (Адабиёт газетасидан)
БИЗНИ КЕЧИР, ЖАМШИДЖОН!
Эсингдами, ўша йиллари Юлдуз деган санъаткорнинг «Халқим, бугун орзуинг ушалган кун» қўшиғи эртаю кеч радио-телевизордан тушмас, ҳамма жойда, жумладан Сен ўқиган мактаб деворида ҳам ўқловдай ҳарфлар билан “Болалар биздан кўра бахтли яшаши керак”, “Ўзбекистон — келажаги буюк давлат” қабилидаги шиорлар ёзилган эди. Иш кам бўлган юртларда, одатда шиорбозлик кўп бўлади. Жамшиджон!
Нафсиламбирини айтганда Сен, сенинг авлодинг бизлардан ҳам бахтли яшашга ҳақли эдиларинг. Чунки асрлардан буён ўрисларга қул бўлиб мутеъликда яшаган бу ўлкада Аллоҳ таолонинг инояти ила ногаҳон истиқлол қуёши балқиб чиққан эди.
Агар хотирам фаромуш қилмаса сен Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги Муғолон қишлоғида 1977 йилда туғилган эдинг-а! Демак ҳозир 42 ёшдасан. Юртда мустақиллик шабадаси эса бошлаганда ҳали она сути оғзидан кетмаган ўспирин эдинг.
Она тили ва адабиётидан Сизларга дарс берган ўқитувчинг – Замира опа Ғуломхўжаева ёдингдами? У сенинг билимдонлигинг, зукколигинг, намунали хулқинг билан тенгдошларингдан ажралиб турганингни эслади. Замира опа ҳозир нафақадалар. Опа ҳимоячинг Субҳиддин акага ёзиб берган фикрномасида Сенинг ҳатто шеърлар ёзиб ижодкорлар танловида ғолиб чиқққанингни алоҳида таъкидлабди. Жамоат ишларида ҳам фаол қатнашган экансан ўқувчилик даврингда
1992 йили – 15 ёшга тўлган пайтларингни эслайсанми, Жамшиджон! Ўшанда мактабларингга АҚШ Давлат котиби келганди-ку?
Эсласанг керак! Эсингдан чиқмагандир ҳали? Чунки ўшанда сен жаноби олиялари Хиллари Клинтон хоним билан соф инглиз тилида гаплашган эдингда! Бу юксак мартабали мулозим Ўзбекистонга келганда ҳам бекорга Бухорога қадам ранжида қилган эди.
Бухорога келганида уни бекорга сен ўқиган 16-мактабга олиб боришмаган эди.
Чунки бу мактабда сен ўқирдинг.
Сен ўшанда инглиз тили бўйича вилоятда 1-ўринни олган эдинг-да!
Унча-мунчага оғзи ланг очилмайдиган Хиллари билан ўшанда унинг тилида бийрон сўзлашганингда Клинтон хоним ҳангу-манг бўлиб қолганини ўқитувчинг ҳамон кўзда ёш билан эсларкан.
Замира опа сенинг спортга муҳаббатингни, айниқса “кураш” турига алоҳида қизиққанингни ёзган.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Спорт албатта инсоннинг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Айниқса унинг “кураш” тури. Ахир ҳаётнинг ўзи курашлардан иборат-ку. Спортга, курашга қизиқиб чиниққанинг чакки бўлмабди ўзи. Сендай қамоқда 21 йилдан буён ётган бир йигитга бу мусибатларни енгиш учун спорт, унинг кураш тури албатта асқотиши аниқ.
Эсингдами Жамшиджон, оғзи “ланг” очилиб қолган Клинтон хоним сен билан мулоқотдан кейин пешонангдан ўпиб, қучоқлаб Америкага шахсан таклиф қилганлари! Эсингда албатта. Чунки сен сал ўтиб хонимнинг марҳамати ила бир ой дунёдаги энг қудратли давлат – АҚШга бориб келгандинг.
Эслолмаяпсанми? Бунга ҳаққинг бор албатта! Ахир ўшандан буён қанча сувлар оқиб кетдию… 21 йил қамоқда ўтиришнинг ўзи бўладими ахир. Сен ҳақингда кеча отанг қатори бир инсон – Самандар Қўқоновга сўзлаб берганимда, ишонсанг, шундай матонатли инсоннинг ҳам кўзига ёш келди. Ким у киши, дейсанми? Самандар ака Ўзбекистон қамоқхоналарида энг узоқ – 23 йилу 7 ой ўтирган бир инсон. Сен у инсонни танимайсан. Лекин тақдирларингда бир уйқашлик бор – Ўзбекистон қамоқхоналарида 20 йилдан зиёд бегуноҳ ўтирган иккита инсон бор, бири у, иккинчиси Сенсан! Агар Самандар оға ҳам спорт билан шуғулланмаганида ёвузлик исканжасида аллақачон жон таслим қилган бўларди. Фарқи шуки, сен спортнинг кураш турига қизиққан бўлсанг, отахон “йога” билан шуғулланган. Ҳозир ҳам кўз тегмасин, шуғулланадилар.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Ёдимдан кўтарилибди. Адолат барибир бир кун юзага чиқади. Мана бегуноҳ Самандар Қўқонов қанча йил қамоқхоналарда азоб чеккач, янги Президент — Шавкат Мирзиёевнинг шарофати билан озодликка чиқди-ку! Тўғри, сен ҳануз қамоқдасан. Мана 21 йилдан буён. Нега сенга юртбошимизнинг марҳамати етиб бормагани, бормаётганининг сабаби-ю, “сир”ларини сал нарироқда гаплашсак майлими?
Бизни кечир, Жамшиджон!
Ёдингдами, сен Америкага бориб, бу юртдаги демократик тартибларга маҳлиё бўлиб қайтганинг? Кўчаларида биз каби ҳар қадамда мелиса учрамаганига ҳайрон қолганинг? Америка ҳаётини мақтаганингда “сиёсий ҳушёр” муаллимларинг “жим” дегандай оғзингга урганлари-чи?
Улар сенинг тақдирингни ўйлаб тўғри қилгандир эҳтимол. Чунки ўша йиллари “оғзини очган” не-не забардаст инсонлар бугун Ўзбекистондан минглаб чақирим олисларда яшашмоқда. Мустақиллик учун жонини тиккан миллатпарвар бу ватандошларимизнинг Ватанларига сиғмай, унга қайтиш умидлари сўниб, эндиликда бегона юртларда ўзларига хилхона танлаб қўйишганини эшитсанг баданларинг сесканиб кетади.
Ўша йиллари “оғзини очган”ларнинг кўпи энди бу ёруғ дунёда йўқ. Оғзини очиб ҳақиқатни гапиришга бурчли бўлган бу зиёлиларнинг кўплари, қўрқувдан бора-бора спортнинг Ўзбекистонда ривожланган бир “ғаройиб” тури билан шуғулланишни обдон ўрганиб олишди. Бу спорт тананинг орқа қисми қуйироғидаги паллаларни мунтазам равишда қисиш орқали бажарилади.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Ёшлигингда бир шеър бўларди, ёдингдами?
Ўсиб-ўсиб йилдан йил,
Ўн еттига тўламан.
Касблар кўп, хилма-хил,
Менчи, мен ким бўламан?
Албатта сен ҳам бу шеърни эшитгансан. Лекин ундаги саволга жавобни аллақачон тахлаб қўйган эдинг-да.
1994 йилда 17 ёшга киргандинг. Бу пайтгача Американи кўриб келишга улгурдинг. Бир зарб билан Тошкентдаги “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети”га ўқишга кирганингда қишлоғингда ҳеч ким ажабланмаган. Ахир “қозонда бори чўмичга чиқади”да.
1998 йилда нуфузли бу олий даргоҳни муваффақиятли тамомладинг. Ҳозир онангнинг сандиғида чанг босиб ётган, энди Сенга керак бўлмайдиган дипломингда “сиёсий фанлар бакалаври” рутбасига эришганинг ёзилган. Уни ўша пайтдаги ректоринг – ҳозирги Ташқи Ишлар вазири Абдулазиз Комилов имзолаган экан. Диплом иловасида Сенинг “Мисрдаги сиёсий оқимлар” мавзусида тадқиқот олиб бориб, уни инглиз тилида “аъло” баҳога топширганинг ёзилган.
Ёдингдами ўша ҳаяжонли кунларинг?! Бахтдан энтикиб, орзулар қанотида учиб юрганинг? Ёдимдан чиққан дейсанми? Наҳотки? Ҳа-я, ёдимдан кўтарилаёзибди. Бунга ҳаққинг бор албатта. Чунки сен ўша бахтли кунларингдан беш ой ўтар-ўтмас, “радикал террорчи” сифатида қамоққа олингандинг-ку?! Мана энди ўшандан – 21 йилдан буён қамоқдасан. Сен ўзи “радикал террорчи”мидинг Жамшиджон?! Наҳотки террорчи бўлсангу, мамлакатдаги энг “сиёсий ҳушёр” олий даргоҳ – “дипломатия” университети, Сенга таълим берган, кундалигингга “беш” қўйиб берган устозларинг, сиёсий арбобимиз – “генерал-лейтенант” мақомидаги ректоринг буни пайқашмаган бўлса? Ахир Сен уларнинг кўз ўнгида ўқидингку? Ётоқхонада яшаганингда ҳам уларнинг ҳушёр сиёсий назоратида бўлдинг. Сендан қандай террорчи чиқарди, болагинам! Ахир террорчи эмаслигингни ўқитган домлаларинг ҳам яхши билишарди-ку?! Наҳотки улар Сенинг “террорчи” эмаслигинг ҳақида Судга келиб жар солишмаган бўлса? Жар солишмаган албатта Жамшиджон. Жамиятимизда қўрқув туйғуси ҳали-бери йўқолмаслигига “қутурган итлар” деган бир ташкилот сабабчи бўлган. Шунақаям ташкилот бор эканми, дейсанми? Эҳ содда болам-а! Сени ахир ўшалар қамашганини билмайсанда. майли бу ташкилот ҳақда кейинроқ гаплашамиз. Буни ҳаёт деб қўйибдилар Жамшиджон! Қўрқоқлик биз ўзбекларнинг қон-қонимизга сингиб кетган. Шунга сен кейинчалик ҳам “собиқ талабаси”нинг ҳолига қизиқмаган бу қуёнюрак домлаларингдан ҳафа бўлма. Боя айтганимдай спортнинг ғаройиб турига ишқибоз бўлган “зиёли”ларимиздан улар. Сенинг ноҳақ қамалганингни билганлари ҳолда ҳимоячингга бир варақ қоғозга “тавсифнома” ёзиб беришга журъат этолмаган шўрликлар.
Сен уларга эътибор берма. Сен қушларга эътибор берганмисан? Узр, унутибман. Ахир сен қамоқдасанку?! Осмонда эркин парвоз қиладиган қушларни қаердан ҳам кўрардингки, уларга эътибор берсанг.
Қушлар ҳам ҳар хил бўлади. Учирма қилган полопонига кўз-қулоқ бўладиган сор бургутлар бор. Туғиб ўз ҳолига ташлаб қўядиганлари бор. Пешонанг шўр экан, сенинг устозларинг ўша иикинчи тоифадаги қушлар қавмидан. Акс ҳолда Сени “тақдир ҳукми”га ташлаб қўйишмасди. Биргалашиб, “бу бизнинг аълочи талаба, унинг террорчиларга алоқаси йўқ” дейишса, бор ҳақиқатни айта олишса, нари борса профессор Қозоқбой Йўлдош каби деканликдан афсусланмай кетиши мумкин эди холос.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Сен “Мисрдаги сиёсий оқимлар” мавзуида диплом иши ёқлаётганингда мавзуга оид адабиётлар билан танишаётганингда, китоблар сотиб олганингда кейинчалик улар тақдирингда қандай фожиали оқибатларга олиб келишини ўйлабмидинг?
Ваҳоланки, Сен ўша машъум мавзуни ўз ихтиёринг билан танлаган бўлсанг ҳам, мавзулар рўйхатини “сиёсий ҳушёр” университетинг тасдиқлагани аниқ-ку.
Ўқишни битириб Бухородаги “қимматли қоғозлар бозори”да ишлаётганингда бир пайтлар “диплом иши” баҳона ота-онанг уйидан чиққан ўша китоблар “диний” деб тамға урилиб, устингдан жиноий иш очишга етарли бўлишини хаёлингга ҳам келтирмагансан албатта. Бу китоблар диний мавзуда бўлсада, унда радикал ғоялар “тараннум” этилмаган эди. Мабодо ўшандай ёт ғоялар бўлганида кейинчалик қамалганингдан сўнг ўша китобларни безарарлиги учун ота-онангга қайтариб беришмаган, билъакс, уларни ўтларда ёқишиб, кулини кўкка совуришган, бу ҳақда далолатнома ҳам тузиб қўйишган бўлшарди. Лекин … Энди кеч бўлган, сенга “жиноий иш” очиб қўйилган, поезд, жазо поезди ўз жойидан силжиб бўлган эди.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Сен содда эдинг ўшанда. Қамалишинг арафасида олис Мисрдаги сиёсий жараёнлар билан қизиққансану, ўз юртингда нималар бўлганидан бехабар қолгансан.
Ўзбекистон янги тарихининг ҳали сирлари очилмаган 1999 йил 16 февраль воқеасидан 5 кун ўтибоқ – 21 ёшингда қамоққа олиндинг. Бу машъум воқеага ҳали батафсил тўхталамиз. Ҳозирча чекиниш қилиб ортга – 1998 йилга қайтсак.
Бу йилларда халқимиз ўртасида мусулмончилик кучайиб, мачитларга ўшанда одам сиғмаганидан хабаринг бор Жамшиджон. Исломнинг қуввати – Бухорода ўсган йигитсан. Бутун дунёдаги ривожланган мамлакатлар қатори юртимизга ҳам диний эркинлик кириб келгани, бу ҳол уйида ўрисча гаплашадиган катта амалдоримизнинг ғашига тега бошлагани рост. Ўша амалдоримиз 1998 йили Мисрга расмий ташриф билан боради. Ҳамроҳи – ўша пайтдаги муфтий, бухоролик қўшнинг Мухторжон Абдуллаев эди. Гарчи Мухторжон Абдуллаевнинг мусулмон оламидаги нуфузи ўзидан олдин муфтийлик қилган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфчалик бўлмасада, Мисрнинг ўша пайтдаги Президенти Ҳусни Муборак бу зоти таборакни ҳам иззат-икром билан кутиб олади. Ва… узоқ йиллардан буён ўйлаб юрган ниятидан уни хабардор қилади.
Жаноб Ҳусни Муборак ўз юртидаги машҳур таълим даргоҳи — “Ал-ахсар”дек бир мадрасани Бухорода ҳам қуриш ниятини “каттакон” билан маслаҳатлашишни муфтийимизга тавсия қилади. Ҳатто мадраса қуриш билан боғлиқ ҳаражатни – 450 миллион АҚШ долларини эртагаёқ Ўзбекистон ҳисобига беғараз ўтказиб беришга тайёрлигини айтади.
Мухторжон домланинг у пайтдаги қувончи қанчалик чексиз эди. Бироқ-бироқ усиз ҳам Ўзбекистонда диндорларга қарши қандай курашишни билмаётган “каттакон” бу таклифни рад этганида, ғам-андуҳлари ўшанча чексиз бўлади.
Миср сафаридан кейиноқ “идора”дан қувилганига заррача афсус чекмаган Мухторжон домла “ғойибдан келган бир иноят”нинг қабул қилинмагани оқибатида Бухорода катта бир мадраса қурилмай қолиб кетганига афсусланади ва бу сирни “вафот этганимдан кейингина очинглар” деб яқинларига васият қилади.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Биласанми, сенинг фожиаларинг илдизи қаерда?
Сенинг аянчли тақдирингда ҳозир 90 ёшни қоралаб қолган отам – Ўзбекистондаги йирик файласуф олим, фан доктори, профессор Иброҳим Каримовнинг тақдири билан уйқашликни кўраман.
Эҳтимол, тарих дарсликларингда ўқигандирсан. Ўтган асрнинг 30-йилларида СССР деган мамлакатда “қулоқлаштириш” сиёсати бошланган. Яъниким, кимнинг ортиқча мол-мулки бўлса зўравонлик билан тортиб олина бошланган. “Ўз ихтиёри билан мулкини давлатга топширган мулкдор қулоқ қилинмайди” деган сафсатани эшитган бобом – Каримжон Амин собиқ қароли, эндиликда амалдор Йўлдош Охунбобо ўғлининг ҳам маслаҳатига кириб бор мол-мулкини давлатга топширадида, яна эски чориғини судраб юраверади. Бироқ “қулоқ плани” тўлмагани учун барибир сургун қилинади. 1931 йилда эндигина бир яшар бўлган отам ҳам – насиба экан — 1946 йилгача Украинанинг Херсон вилоятида сургунда бўладилар.
Энди Сенинг тақдиринг отамникига уйқашлиги нимада?
1999 йил 16 февраль фожиалари ортида “диндорларни жиловлаш” спектакли турар, “Бош режиссёр” қўл остидаги “қутурган идоралар”дан фалонча миқдордаги “қурбонлик”ни талаб қиларди.
Афсуски, Жамшиджон, сенинг ўша йиллари намозхон бўлганинг, боз устига билиб-билмай ёт ғояларга ўралашиб қолган синфдош дўстларинг билан тасодифан учрашиб қолганинг уларга қўшилиб “қамоқ”қа кириб кетишингга етарли асос бўлган. Яъни, бобом қулоқлар планини қўшимча тўлдирган бўлса, сен қамалиши лозим бўлган диндорлар планини тўлдиргансан холос.
Бўлмаса 1999 йилда Бўстонлиқ жиноят судида сенга ҳукм чиқарган судья ҳам сенинг айбсизлигингни яхши билган.
Чунки ҳукмда сенинг биронта айбловларга иқрор бўлмаганинг “оқ, қора” ҳарфларда кўрсатилган.
Ўшанда Сен 11 (ўн бир) йилга қамалдинг. Республикадаги энг тажрибали адвокатлардан саналадиган ҳимоячинг – Субҳиддин Эгамовнинг тасдиғича сенга нисбатан қонунбузарлик ўша йилдаёқ бошланган. Доимий рўйхатда Тошкентда турганинг ҳолда, қонун талаб қилганидек уйинг тинтув қилиниб ҳеч вақо топилмагач, ота-онангникидан бир пайтлар диплом иши учун сотиб олган ўша китобларинг чиққан. Шунинг ўзи сенга нисбатан “жиноий иш” очишга етарли бўлган. Ҳолбуки, юқорида таъкидлаганимдек, китобларда “радикал ғоялар” бўлмагани важидан китобларинг ота-онангга кейинчалик қайтариб берилган, лекин ғишт қолипдан кўчган, энди сени қамашиб бўлган… буёғига жазо механизмини тўхтатиб бўлмасди.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Пешонанг бунча шўр бўлмаса-я. Ўн бир йилга қамалган бўлсанг, намунали хулқинг билан лоақал шу муддатнинг учдан икки қисмини, яъни етти йилни панжарада ўтказиб, қонунда кўзда тутилганидек 2006 йилда озодликка чиқишинг керак эди-ку?! Нега ўшанда ҳам, лоақал муддатинг тугаганида – 2010 йилда ҳам “адолатпеша” судьяларимиз сени озодликка чиқаришмади?! Бу саволларга яқинда Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев идораси жавоб берди. Маълум бўлишича, ўша йиллари “қора рўйхат”га тушганлар амнистияга тушмаган.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Сен наинки амнистияга тушмадинг – 2006 йилда озодликка чиқмадинг, сен ҳатто муддатинг тугаганда – 2010 йилдан сўнг ҳам ҳануз саноқли панжара ортидасан.
Мана, бир ҳафтадан сўнг 2020 йил кириб келади. Сенинг қамоқда ётганингга ҳам эвоҳ, 21 йил тўлади. Сиқилмай тур, буёғи оз қолди. Сенинг 21 йилдан буён бегуноҳ ётганингни билиб ҳам қамоқда қолдираётган судья, прокурорларга Худонинг ажри бордир.
Шукур қил, Жамшиджон!
Чунки сенинг “статья”нг билан қамалган синфдошларингнинг бири аллақачон “арши-аъло”да, иккинчиси яқинда турмадан бир умрга ногирон бўлиб чиқди.
Сен гарчи 21 йилдан буён қамоқда бўлсанг ҳам ота-онанг, бизнинг бахтимизга ҳартугул тириксан. Агар “кечирим” сўраганингда сен 2006 йили ёки нари борса ўн йил аввал озодликка чиқардинг.
Айбим бўлмаса нега “кечирим” сўрашим керак, дейсанми? Умуман сен ҳақсан. Самандар оға ҳам айбдор бўлмагани учун “кечирим” сўрамаган. Бола-чақалари, “Отажон, бир оғиз, номига бўлса-да, кечирим сўраб қўйинг, ичингизда ўша падарлаънати Каримовни қарғасангиз ҳам, чеккан азобларингиз етарди-ку ахир?” деб фарёд қилишганда ҳам. “Мен айбим бўлмаса нега ўша жаллоддан узр сўрашим керак. Хоҳламасаларинг олдимга келмасаларинг ҳам майли. Шу ерда ўлсам-ўламан. Лекин кечирим сўрамайман”, деган у.
Сен ҳам кечирим сўрамадинг, Жамшид.
Аслида жамиятимизни ялоқхўр, юмшоқсупургилар эмас, Сизлар каби сўзида мардона турадиган эркаклар кўтариб туради.
Узр, бу гапим билан матонатли Онангни камситдим.
Кел, аввал отанг ҳақида икки оғиз сўзлашайлик.
Отанг – Жаббор Васиев 45 йилдан буён Бухоро вилояти Болалар касалхонасида “қўли гул” жарроҳ бўлиб ишлар экан-а? Вилоятларингдаги минглаб оила фарзандлари унинг “наштари”дан соғлом ҳаётга йўлланма олганини айтишди менга.
Энди онаизоринг Озода опа ҳақида алоҳида гаплашсак. Илло айни Онанг туфайли Ўзбекистондаги кўп собиқ маҳбуслар тирик, соғ-саломат қолишганини билишмайди ҳали.
Нега дейсанми? Ҳайрон қолдинг-а?! Тўғри, ажабланишга ҳаққинг бор.
Ахир сен турмада ётибсанку, кўп гаплардан бехабарсан.
Онанг – Озода Рафиқова сен қамалгунга қадар ўз соҳасининг етук билимдони, ташкилотчиси бўлганини эшитдим. Уч йил Бухоро шаҳар Бош шифокорининг 1-ўринбосари, уч йил вилоят “оналик ва болаликни муҳофаза қилиш” мудири, уч йил вилоят бош шифокорининг ўринбосари бўлиб ҳам хизмат қилган эканлар.
То сен қамалгунча, яъни 1999 йил февраль ойига қадар.
Матонатли онанг ҳаётини мен шартли равишда иккига бўлган бўлардим.
Унинг биринчисини сен 21 ёшга кириб, қамалгунинггача бўлган давр ташкил қилган бўлса, иккинчисини сен қамоқда ўтказаётган 21 йил, ойма-ой ҳисоблаганда 250, қамоқда бегуноҳ азобланганингни билиб, мижжа қоқмаган тунларини санасак 7. 665 (етти минг олти юз олтмиш беш) кеча-кундузлар ташкил қилади.
Онаизоринг ўз умрини Сенинг озодлигинг йўлига бағишлади. Озода опа сен қамоқда ётган шу 21 йил давомида бош урмаган идоралардан Ўзбекистонда фақат Кўрлар ва Кар-соқовлар жамиятигина қолди холос.
Фуқарорлик жамиятини шакллантиряпмиз, деб дунёга неча замонлардан буён айюҳаннос солаётган, ҳатто шу номда журнал ҳам чиқараётган КАТТА ЖАМИЯТ эса онаизорингни кўришни истамади, фарёдларига соқов бўлиб тураверди.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Қаердадир ўқиган эдим. Дунёдаги энг паҳлавон эркак ҳам даст кўтарганида нари борса 200-300 килони кўтараркан. Ваҳоланки, боласи машина тагига тушганини кўрган бир япон она фарзандини қутқариш учун салкам тонналик автомобилни кўтариб юборган. Аллоҳ таоло фарзандини асраш учун ўша онаизорга шундай матонатни ғойибдан ато қилган.
Онанг бечора, муштипар, йиғлайвериб кўзларида ёшлари қолмаган Озода опагина эса сенинг озодлигинг йўлида 21 йил давомида кўтарган юкнинг залвори япониялик қавмидан кам бўлмади!
Онанг ўша йиллари ҳар куни “Халқим, бугун, орзуинг ушалган кун” деб тараннум қилинган “бахтлар водийси” – жонажон юртидан тополмаган адолатни қидириб жар солгани дунёга чиқиб кетди. У бормаган халқаро ташкилотлар орасида БМТ ҳам, Лондондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари ҳам қолмади.
Фойдаси бўлмади-ку, дейсанми? Фойдаси бўлди. Наинки сенга, балки Ўзбекистондаги бошқа маҳбусларга ҳам. Сенга фойдаси шу бўлдики, озодликка чиқмаган бўлсангда, ҳайтовур тириксан болам.
21 йил давомида қанча азоб чекканинг етмагандек сенга ҳатто тирикликни раво кўрмаган “ғўддайган погонлилар”, эҳ-ҳе қанча! “Шуми фойдаси” дейдиган газетхонлар ўзларини Ўзбекистондаги энг бахтли инсонлар қаторига қўшишлари мумкин. Сабаб, улар Ўзбекистонда мустақиллик йилларида қамоқхоналарда минглаб (булар орасида ҳатто Олий Кенгаш депутатлари, ёзувчилар, санъаткорлар ҳам бор) одамлар бегуноҳ ётишганини билишмайди. Ўзбекистоннинг янги тарихи бу ҳақда ҳозирча чурқ этишга қўрқади.
Юқорида онаизорингнинг жаҳон ҳамжамиятига бош урганининг бошқа маҳбусларга ҳам фойдаси бўлганини айтдим.
Онаизоринг 2003 йил охирида Лондонга боради. Сенинг ноҳақ қамалганингни, қамоқҳонада наинки сенга, балки бошқа маҳбусларга ҳам тазйиқ ўтказилаётганини айтади. Ёлвориб улардан ёрдам сўрайди. Айни онанг кабиларнинг дод-фарёдидан кейин ЕҲҲТ (Европа ҳавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) махсус комиссия тузиб, Ўзбекистонга келади. Қамоқхоналардаги қийноқлар, судлардаги адолатсизлик борасида ўз ваколати доирасида шу тизимни яратган Каримовни сўроққа тутади.
“Ўзига хон, ўзига султон” – зиёлиларнинг аксари учун маъбуд — “улуғ ва муҳтарам юртбоши”га айланган “зот” бу дашномларни эшитгиси келмай, қулоғидаги аппарат (таъналар инглиз тилида айтилгани учун таржима қилиб берадиган асбоб)ни ечиб отиб юборади.
“Менинг мамлакатим – Осиё, Европа ташкилотига унинг алоқаси йўқ” деб биратўла халқаро молия ташкилотларининг ёрдамидан воз кечиб қўя қолади. Каримовга гап кор қилмаганини кўрган халқаро ташкилотлар Ўзбекистондаги фаолиятларини тўхтатадилар.
Бироқ босим барибир натижа беради: қамоқхонадаги қийноқлар, сирли ўлимлар нисбатан камаяди.
Ҳа, шундай Жамшиджон! Ҳануз қамоқхонада бўлсангда онанг сенинг ҳаётингни лоақал сақлаб қолишга эришади. Буни таъкидлашимнинг боиси, боя айтганимдек сен билан бирга “групповой” қамалган уч синфдошингдан бири аллақачон қамоқхонада бандаликни бажо келтирган бўлса, иккинчиси бир умрга нотавон бўлиб қолди.
Ўзбекистонда қоғоз тахчил, сабаби биринчидан бу маҳсулот асосан Россиядан импорт қилинади. Иккинчидан бизнинг бюрократик тизимимиз қоғозни ямламай ютадиган аждаҳонинг ўзгинаси. Биз ишни битта қилган жойда гапни юзта қилиб дўндирадиган халқмиз. Амалий ишни эплолмасакда, мақтанишга, бюджет ҳисобидан йилига фалон миллион доллар сарфлаб олиб келинган қоғозларни, жумладан, аризачиларнинг оғзига қопқоқ қилишга устамиз. (Бунинг яққол намунасини мазкур сонда эълон қилаётганимиз – устоз Шароф Убайдуллаевнинг “Қоғозқопқоқ” мақоласини ўқигач, яна бир марта ишонч ҳосил қилиши мумкин газетхонлар).
Онанг ёзган шикоятларига ҳар турли идоралардан олган “олди-қочди” жавобларни – “Қоғозқопқоқ”ларни макулатурага топширса пулига ўртача оиланинг рўзғорини бир йил тебратиши мумкин.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Кечирим сўрамаганинг сабабини ўзингни айбдор деб ҳис қилмаганингдан эканини тушуниб турибман. Сен яхши билмайсан Жамшид, мустақиллигимиздан кейин бир ғаддор тузум яратилди юртимизда. Мухбир ака, айбсиз бўлсам мени ким, нима учун қамади, деб сўрамоқчилигингни билиб турибман. Бизда бир ташкилот бор эди. Сен туғилган Бухоро вилояти фаоллари билан учрашувда янги Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўша ташкилотга шундай таъриф берган:
“Бу ташкилот қутурган ит эди. Хоҳлаган одамни нима қилса қиларди, керак бўлса столбани ҳам олиб бориб қамарди”.
Бизни кечир, Жамшиджон! Ҳафа бўлма, сен ўша “қутурган итлар”га бир “столба” бўлдинг холос.
Мени ортиқча қийнама. Яна битта саволимга жавоб беринг, дейсанми?
Қандай савол экан у? Нега 2010 йилда муддатим тугаган бўлсада қамоқхонадан ҳануз чиқмаяпман, деб сўрамоқчисанда, тўғрими?
“Қонун устиворлиги ҳақида қадамда сайрайдиган, мамлакатни қўғирчоққа айлантирган бир зот бўларди. Қўғирчоқ театрининг ёнида унга ҳайкал ҳам қўйганмиз. Ўша зот Ўзбекистонда 17 минг одамни қора рўйхатга тиркаган жамият бунёдкори ҳам ҳисобланади. Рўйхатда, “радикал террорчи” сифатида Сенинг ҳам номинг бўлган, шунинг учун муддатинг тугаган бўлсада, қамоқдан чиқарилмагансан.
Шукрлар бўлсинким, Худонинг ўзи у зотни “савол-жавоб”га ҳузурига чақирганига, мана уч йилдан ошди. Сен билмайсан, жамиятда кўп янгиланишлар бошланди ундан кейин. Янги Президент эски “қора рўйхат”ларни асосан йўқ қилди. Фақат яна бир журъатли қадамга ботинолмай турибди. Иншооллоҳ унинг ҳам мавриди келиб қолар. Айни шу раҳбар шарофати билан Самандар оғамиз озодликка чиқди.
Нега шунча олижаноб ишларни қилаётган муҳтарам Президентнинг марҳаматидан сен ҳануз бебаҳра қолаётганинг масаласини сал кейинроқ муҳокама қилсак майлими, ҳозирча бояги саволингга жавоб берсам.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Сен ҳақсан! Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг VII бобини варақлаб кўрайлиг-а! Унда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари қайд этилган. Жумладан 25-моддада Ўзбекистон Республикаси фуқароси, “эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмаслиги” алоҳида таъкидланган.
Ўзбекистон Республикаси жиноят-процессуал кодексининг 18-моддасида ҳам “фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш шартлиги” қайд этилиб, суд ва прокурор қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум этилган ёки қонун ёки суд ҳукмида назарда тутилганидан ортиқ муддат ҳибсда ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган ёҳуд уй қамоғида сақланаётган маҳбусларни озод қилишни таъминлаши шартлиги кўрсатилган.
Донишмандлардан бири бундан минг йил бурун ушбу ҳикматни айтиб кетган:
“Қонунлар ўргимчак тўрига ўхшайди. Кучлилар уни ёриб ўтади, кучсизлар илашиб қолаверади”.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Биз ҳозирча кучсизмиз. “Қўлдан келганча” партиясига ҳам аъзо эмасмиз. Ишонганимиз – матбуот, таянганимиз – Конституция ва унинг кафолатчиси Президент Шавкат Мирзиёев! Негадир мен мақола чиққандан сўнг унинг шов-шуви Президентга ҳам етиб боради-ю, сен дарҳол озодликка чиқишингга ишонгим келади.
Айбдорлар жазоланишига эса, рости, ишонмайман.
Сен “сиёсий фанлар бакалаври” эдинг. Кел энди озгина сиёсатдан гаплашайлик.
Ўзбекистон қамоқхоналарида “йил қўшиб бериш амалиёти” бўлганми? Бўлган. Республика Ички ишлар вазирлиги “Жазони ижро этиш Бош Бошқармаси бошлиғи Б. Одилов ҳам “буни инкор этиб бўлмаслиги”ни яқинда тан олди.
Қонунларимиз нима дейди?
Янги сайланган депутатларимиз-чи?
Ахир Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 8-моддасидаги “Одиллик принципи”да “жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қўлланиладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси одилона бўлиши, ҳеч ким айнан битта жиноят учун икки маротаба жазоланиши мумкин эмаслиги қайд этилган.
Ҳуқуқшунослик факультети домлалари қонунчиликдан сабоқ бераётганларида талабаларга чет элда бўлиб ўтган бир воқеани такрорлашни хуш кўришади.
Бир одамни “фалончини ўлдирди” деб ноҳақдан узоқ йилга қамаб юборишади. 15 йил қамоқда ўтириб чиққан бояги шўрлик тасодифан ўша фалончини бир куни кўчада кўриб қолади. Стресс ҳолатида шунча мусибатларининг сабабчиси бўлган ўша фалончини бўғиб ўлдиради. Ва… айбини тан олиб судга боради.
Суд эса уни қамамайди. Боиси у ўша одамнинг қотили сифатида қамоқ муддатини ўтаб бўлган экан. Яъни, бир жиноят тури бўйича одамни икки марта судлаш мумкин эмас.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Сен эса 221-модда билан (“жазони ижро этиш муассасасида интизомни бузиш”) бир эмас, икки эмас, 4 (тўрт) марта судландинг-а! Шунақа “интизом”сизмисан Жамшид?
Худо ҳаққи ёлғон бу гаплар. Бари уйдирма! 21 йилдан буён қон бўлиб кетдимку, ака! Чиқишимга озгина вақт қолганда қоғозларга мажбуран қўл қўйдириб олишади. Танла бу жазодарнинг бирини, дейишади. Қайси қонунда ёзилган булар?! Ўзимни судга чақиришмайди. Ёлғондан терговни расмийлаштиришади.
Эҳ, Жамшид! Керак бўлса тупуриб қўяди қонунларимизга бизнинг судья, прокурор, терговчилар.
Ҳатто Асосий қонунимиз варақлари ҳам улар учун “ҳожатхона қоғози”дай қадрли эмас. Кел сенинг охирги судинг ҳақида гаплашайлик. У 2017 йил 16 май куни бўлиб ўтган эди, адашмасам.
Ўшанда Навоий вилояти ИИББга қарашли № 64\48 сонли жазони ижро этиш муассасаси бошлиғи подполковник А. Т. Субҳонов (эҳтимол у бугун полковникдир, эртага қараб турибсан, салобатли генерал ҳам бўлади) муассасада 18 йилдан буён жазо муддатини ўтаб келаётганингга қарамай сенинг 537254-сонли ишингни тўплади. Сенга мажбуран имзо қўйдириб олгач, Навоий вилояти махсус прокурори, адлия маслаҳатчиси Р. Р. Махамов умуман тергов ҳаракати ўтказмай, “сайёр суд ўтказилди” деб қайд этиб, ҳужжатларни сохталаштирди.
Сайёр суд одатда колониядан ташқарида ўтказилмайдими, деб сўрамоқчисанда. “Эҳ содда Жамшиджон, ахир биз 27 йил Ўзбекистонда “босқичма-босқич”, “ўзига хос, ўзига мос” жамиятни қуриб келдик-ку?!
Лозим топсак биз мана шундай – колонияда ҳам сайёр суд ўтказаверамиз.
“Сайёр суд”да маҳкумнинг ота-онаси, жамоатчилик қатнашиши шартку, дейсанми?
Сен айтган гаплар қонуний давлатга хос. “Ҳаммамиз учун муҳтарам Биринчи юртбошимиз” бизга ўзидан бадбўй жамият мерос қилиб қолдириб кетдики, унинг тизимларга уриб кетган ахлатини тозалашга Мирзиёевнинг ҳам умри етмаса кераг-ов деб қўрқаман.
Ўша суд тўртинчи марта Сенинг тўғри қамалганинг ҳақида ҳукм чиқарганидан хабаринг бор, албатта.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Процессуал кодексининг 23-моддасидаги “Айбсизлик презиумпцияси”да “гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунча ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади” дейилган.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Кел энди вақтимиз зиқ. Янги йил яқинлашиб қолди. Ишга борадиган вақтинг бўлгандир? 2-сменада ишлайсанми?
Мен сени 1-сменада ишлайсан деб ўтирибман. Адашмасам Олмалиқ колониясидаги оҳак цехида ишлайсан-а?!
Майли, яна озгина сиёсатдан гаплашайлик.
“Нега” деб сен ўсмоқчиламагин, Жамшидбек.
Бир ҳақиқат аён. Бизнинг қонунлар энг адолатли деб дунёга жар солган Каримовнинг собиқ мулозими Акмал Саидовга сенинг аччиқ, аянчли тақдиринг сабоқ бўлармикан энди. Ким у дейсанми? У республикамиздаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича даҳоларимиздан. Чет элдаги халқаро ташкилотлар дўстлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётганини айтганда столни муштлаб уларга раддия берадиган муҳтарам зот.
Ўз пайтида юридик институтнинг ректори бўлган, ҳозир ҳам юксак лавозимларни “буюк мослашувчанлик истеъдоди” билан қўлдан бой бермай келаётган мулозимга аён бўлган бир ҳақиқат бор. Айбланувчи, маҳбус, маҳкум то суд терговига тортилмагунича суд адолатли ўтган ҳисобланмайди.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Мен тўрт марта судланган бўлсам акс, бирон марта ҳам жисмонан судда қатнашмадим. Охирги марта Зарафшондаги УЯ 64\48 сонли ЖИЭМ раҳбари кабинетига шунчаки, олиб киришди. Негадир кабинетдаги бу суд ҳужжатларда “очиқ сайёр суд” деб номланибди.
Унда на биронта қариндошим, на адвокатим қатнашмади. Кабинетга киришим билан судья, сенга яна 3 йилу 5 кун жазо муддати қўшилди, – дедию гапни калта қилиб чой ичишга ўтди.
Музокара сўзи, охирги сўз ҳақида эса гап ҳам бўлмади.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Фожиа шундаки, бечора ҳимоячинг қанча қоғозларни қоралаб кассация, Олий Суд судьяси, ҳайъатига шу адолатсизлик, яъни бир марта бўлса ҳам судда ўзингни олиб гапингни эшитиш ҳақида фарёд қилмасин, унинг “оҳу зорлари” эшакнинг қулоғига танбур чертгандек бўлаверди.
Эшакнинг қулоғига танбур чертилганда нима бўлишини биласанми, Жамшид?
Танбур ноласини эшитган эшак лоақал бир зум бўлса-да қулоғини “динг” қилади.
Лекин сени қонунсиз 21 йилдан буён қамоқда ушлаб ўтирганлар онаизоринг, ҳимоячинг фарёдларига қулоқларини қимирлатиб ҳам қўйишмади. Эркак судьялар бунақа ишларни кўравериб, без бўлиб кетгани тушунарли. Лекин Олий суд судьяси У Имомова ҳам (боласи бормикан унинг) онангга қараб раҳми келмади-я?
Олий судни циркка қиёсласак хафа бўладиган ҳуқуқшунос дўстларим бор, Жамшиджон!
Мен сени олиб келишлари лозим бўлган ўша охирги Олий Судга бордим. Ўшанда 2019 йил октябрь ойи эди. Олий суд биносига адвокат Эгамов, онанг Озода опа ва бошқа қариндошларинг билан бирга кирдик. Бу даврда сен аллақачон жазо муддатингдан 20 йилу 8 ой ўтириб бўлган эдинг. Лоақал энди шу судда адолат бўлади, деган юпанч кўнглимда зоҳир эди. Кўпни кўрган адвокатинг эса навбатдаги адолатсизликка юз келишини сезган чоғи, негадир безовта бўлаверди.
Олтинчи сезгиси алдамаган экан. Унинг ўнлаб масъул идораларга 21 йилдан буён қамоқда ноҳақ ўтирган бир инсон – Жамшид Васиев, яъни сени лоақал бир марта суд терговига тортишни сўраб ёзган илтимосномалари яна инобатга олинмади. Ҳолбуки, ЖПКнинг 479-моддасида, Олий Суд Пленумининг шу йил 25 майда чиқарган қарорида “маҳкумларнинг назорат– инстанция судида шахсан иштирок этиш ҳуқуқини таъминлаш” судлар учун мажбурий шарт деб кўрсатилган эди.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Олий Суд масхарабозлик томошаси кўрсатишни бас қилмаяпти. Бўлмаса ўзи чиқарган Пленум қарорини ўзи бажармасмиди?
Нега сени судга чақиришмаяпти? Ахир ҳақиқат судда аён бўлади-ку? Сени олиб келишга йўл узоқ десак, давлат жарақ-жарақ маблағларни адолат йўлида суд тизимига тикиб юбораётган бўлса? Қолаверса Олмалиқ ҳам унча узоқ эмас. Борингки, бензин қиммат, газга навбат ҳам турнақатор дейлик. Лекин ҳозирги техника асрида маҳкумни, яъни сени колониянинг ўзида видеоселектор орқали суд терговига тортиш мумкин эди-ку?!
Олий Суд судьяси Т. Мелибоев, ҳайъат судьялари Ш. Ражабов ва А. Жалилов, Бош Прокуратуранинг бошқарма прокурори Х. Файзиевлар сенинг судга нимага олиб келинмаганинг сабабини очиқламадилар. Лоақал ҳатто, видеоселектор орқали ҳам сен билан адвокат, судьянинг “мулоқот” қилинмаслиги сабаблари ойдинлашмади.
Мана 21 йилдан буён Ўзбекистоннинг “адолатпеша”лар ниқобидаги адолатбузарлар, адолаттоптарлар халқ ҳисобидан отнинг калласидай маошлар олиб, халқнинг сендай бегуноҳ бир боласини судда гапиртирмай азоб бермоқдалар! “Онангни судья урса, додингни кимга айтасан” дегани шу бўлса, керак-да!
Шахсан менга қолса, бутун судьяларни дов-дастгоҳи билан кўчага ҳайдаб, Худодан қўрқадиган қозиёт тизимини тиклаган бўлардим.
Ахир, бизда асрлар давомида қозиёт тизими ишлаган-ку?!
Суд, прокуратурадаги ислоҳотларни амалга ошириш учун “велосипед” ихтиро қилиш шарт эмас. Ҳамма нарсани кадрлар ҳал қилади.
Суд ислоҳотини ўтказиш учун Каримов даврида шу тизимни ислоҳ қилишга уринган Абдусамат Полвонзодани, прокуратура тизимида эса юксак нуфузга эга бўлган собиқ Бош Прокурор ўринбосари Тоҳир Мирзаев (у ҳақда газетамизнинг шу йилги 1-2 сонларида ёзганмиз) номзодини ўйлаб кўриш керак.
Агар чиндан ҳам ислоҳотни ўйласак.
Гарчи мақтовга муҳтож бўлмасаларда, улар ҳақида икки оғиз сўз:
Абдусамат ака 90-йиллар бошида суд тизими раҳбарларидан бири сифатида “пахта иши” жабрдийдаларини оқлашда кўп хизматлари сингган арбобларимиздан. Қонунгагина итоат қиладиган саноқли, мустақил фикрли судья. Аллоҳ таоло у кишини бошқа қўғирчоқ ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ ШАХС даражасига етказган.
Тоҳир Қамбарович эса ўз пайтида Бош Прокурор Усатовга қарши тура олган мард, миллатпарвар арбобларимиздан. Яна бир фазилати – мустақил фикрида собит тура оладиган ШАХС. Мисол: “Ўзи хон, ўзи султон” имиз бир кун Мирзаевга Қодир Ғуломов (собиқ мудофаа Вазири)ни 20 йилга “қамаш”ни буюради. Тоҳир Мирзаев ИАК “жаноби олий”ларига, “Ғуломовнинг ҳаракатларида жиноят таркиби йўқ”, деб жавоб қила олган ИНСОН. Агар ИАК шу топшириқни биронта “бўри” сига топширганда бугун биз Қодир Ғуломовнинг ноҳақ 20 йил ўтиргани ҳақида мақола ёзиб ўтирган бўлармидик. Ишонаманки, тизимда Полвонзода ва Мирзаевлар бўлганида сендай бир бечора йигит 21 йилдан буён қамоқда ўтирмасди.
Халқимизда “иштони йўқнинг ҳадиги — чўпдан” деган мақол бор.
Сенинг охирги судда ҳам шахсан иштирокингга рухсат беришмаётганининг ўзи айбсизлигингни, судлар ниманидир яшираётганини, “жиноят ишинг” бошдан-оёқ тўқиб чиқарилганини исботлайдиган далил аслида.
Монитор ёқилди. Видеоселектор бошланди. Сенинг ўрнингга судга негадир “тарбиявий бўлим” туркум бошлиғи лейтинант Т. Тотлибоев чақирилибди.
Адвокат Т. Тотлибоевдан салкам 20 йилдан буён қамоқхоналарда ноҳақ азоб чекаётган бир инсон, яъни қамоқдан чиқаришларига бир ой қолганида қандай “гуноҳ” лари эвазига яна 3 йилу 5 кун қўшиб берилганига қизиқди.
Гувоҳ Т. Тотлибоев сенинг 2017 йил 5 апрель куни соат 11. 10 лар чамасида муассаса ишлаб чиқариш саҳнининг “оҳак ишлаб чиқариш цехи” дан иш қуролини (ҳойнаҳой кетмон бўлса керак, таъкид меники — БК) ташлаб “ғишт цехи” га берухсат ўтганингни, уни ҳақоратлаганингни асосий важ қилиб кўрсатди.
Адвокатинг анойи эмас экан, Тотлибоевдан бунга видеодалил сўради. Тотлибоев аввал довдираб қолиб, кейин видеодалиллар бир ойдан сўнг йўқ қилинганини айтди.
Ана холос! Одамлар, айниқса сен каби 20 йилдан зиёд умри ноҳақ қамоқхоналарда азоблансада, яна шунча йил қўшиб берилишини асослайдиган видеодалил негадир (ўзи бормиди) йўқ қилинса?!
Бизни кечир, Жамшиджон!
Қонунларимиз мукаммал, бироқ судья, прокурорларимизнинг кўпини худо уриб қўйган холос.
Адвокат сен келмаганингга яраша судда ёлғон кўрсатма бераётган Т. Тотлибоевни тергов қилишда давом этарди.
– Воқеа қачон содир бўлди? — сўради у ўсмоқчилаб.
Тотлибоев воқеанинг тушдан олдин содир бўлганини айтади.
“Шўрлик” лейтенант Тотлибоевга ҳам осон эмас эди. Негаки у сенга тўртинчи маротаба (!) қўшиб берилаётган жазо муддатининг “асосли” эканини исботлаш “спектакли” да “бош қаҳрамон” ролини ижро этишга чақирилгани довдираганидан сезилиб турарди.
Адвокатнинг (нечанчи марта) ёзган илтимосномалари қаноатлантирилмай сенинг суд терговига олиб келинмаганинг, лоақал видеоселектор орқали суд тергови ўтказилмаганидан таассуф билдириб, чўнтагидаги энг катта кузур – далилни судга тақдим қилди.
Бу ҳужжат сенинг шу йиллар давомида фақат 2-сменада ишга олиб чиқилганинг, бинобарин Т. Тотлибоевнинг “воқеа соат 11 ларда содир бўлган эди”, деган уйдирмасини фош қилиб қўйди.
Очиғи мен бундай далиллардан кейин судьянинг адолатпарварлиги тутиб, ёлғон кўрсатма бергани учун лейтенантга ажрим чиқаришини, сен шўрликни эса ниҳоят 21 йил деганда озод қилишини кутгандим.
Қаёқда?!
Яна спектакль!
Яна ўша аянчли манзара!!!
Прокурор Х. Файзиев одатдагидек жазо тўғри тайинланганини айтди. Олий Суд судьяси Т. Мелибоев кўриниб турган важларга қарамасдан сенгина шўрликни қамоқда яна номаълум муддатга қолдирилиши тўғри бўлгани тўғрисида одатдагидек ажрим чиқарди.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Буёғига чидамадим. Суд якунланганида қўл кўтариб ўзимни таништирдим. Судья Т. Мелибоев аввалига текширмай “шундай мўътабар даргоҳ” га бир мухбирни ўтказиб юборгани учун ёрдамчисига ўқрайди.
Вақт зиқ, қонун поймол бўлаётганини бу “одил” судьяга тушунтиришнинг имкони ҳам, маъниси ҳам йўқ эди, шунга гапни калта қилдим.
“Раҳмингиз келмайдими 21 йилдан буён бегуноҳ қамоқда ўтирган бир инсонга” деб сўз қотдим.
Судья бунақа лиро-романтик иддаоларни кўп эшитган шекилли, менга норози томоннинг ҳуқуқларини яна бир марта ижикилаб тушунтирди.
– Бу кеча яхши ухлай оласизми? – деган саволимга эса жавоб бермай эшикка йўналди.
Олий Суд судьяси Т. Мелибоев ўша кеча яхши ухламаган бўлиши мумкин. Ўшанда ҳам ўзи каби “одил” судьялар туфайли 1999 йилда 11 йилга кесилган, шу муддатни 2010 йилда ўтаб бўлганига қарамай, мана 21 йилдан буён ҳануз қамоқда азобланаётган бир Ўзбекистон фуқаросини ўйлаб эмас, шартаки мухбир мабодо навбатдаги суд томошасини ёзиб юборса нима бўлишини тусмол қилиб бир-икки соат камроқ ухлаган бўлиши мумкин.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Ана энди сенинг нега ҳануз марҳаматли Шавкат Мирзиёев томонидан оқланмаётганинг ҳақидаги ўринли саволингга жавоб бериш вақти келди.
Светлана Ортиқованинг виждони
Бизда шундай мулозим бор. У бугунги кунда Республика Бош Прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлайди. Ҳаётини Акмал Саидов каби республикамизда қонун устиворлигини таъминлашга тиккан. Бир ҳафтача олдин у “Кун уз”га интервью берибди. Кел, Жамшид, зора сенинг саволингга шу суҳбат орқали жавоб топсак.
“Президентни алдаган ватан хоини бўлади-ку!” деди ўз интервьюсида Светлана Ортиқова авф этилувчилар рўйхати тузилиши ҳақида Светлана хоним нима учун йилдан-йилга авф этилаётганлар сони камайиб бораётгани, авф этилувчилар рўйхатини шакллантириш жараёнида таниш-билишчилик, коррупция бор-йўқлиги ҳақида алоҳида тўхталиб.
“Президент ҳузуридаги Авф этиш масалалари бўйича комиссия аъзоси сифатида айтаманки, нега илгари кўплаб одамлар авф этилган, чунки илгари авф этишга лойиқлар кўпчилик бўлган. Улар ҳозир озодликка чиқди.
Энди оддий тилда айтганда жазони ижро этиш муассасаларида оғир-оғир жиноятларни, масалан, ўлимга, кўпчиликнинг ўлимига сабаб бўлган жиноятларни содир этган ёки жуда катта ҳажмдаги гиёҳванд моддалар истеъмол қилган (?), бошқаларга ўтказиш, одам савдоси билан шуғулланган, қотиллик қилган ёхуд террорчилик ҳаракатларида қатнашган, қўли қонга беланган шахслар қоляпти-да.
Комиссия аъзолариям шунақа тоифадаги шахсларни президентга тақдим қилишда саросимада қолади. Чунки комиссиянинг ҳар бир ҳатти-ҳаракати ва президент фармони орқасида ижтимоий оқибат бўлади.
Бундай тоифадаги шахслар авф қилинадиган бўлса, жамоатчилик ўртасида “шунақа жиноят қилсаям уни президент авф этди-я” деган гап-сўз кўпаяди. Шунинг учун ҳам кундан-кунга авф этишга лойиқ шахслар камайиб бормоқда. Баъзиларида шунақа оғир жиноятларни содир қилган шахслар учрайдики, президентга биз унинг ҳужжатларини тақдим қила олмаймиз, виждон йўл қўймайди”, – дейди Светлана Ортиқова.
“Ватан фарзанди сифатида комиссия аъзолари шу йўналишда ишлайдиган ишчи гуруҳ аъзолари ҳеч қанақасига коррупцияга қўл уриши мумкин эмас. Чунки бу Президентимизни алдаш бўлади. Президентни алдаган ватаннинг хоини бўлади-ку?!”
… Қандай қилиб ўз мансабимни суиистеъмол қиламан?! Кафолат бераман, комиссия аъзолари, ишчи гуруҳ аъзолари, шу йўналишда ишлайдиган мансабдор шахслар қонун, Конституция доирасида, Президент талаби доирасида фаолиятини амалга оширади ва итоат қилади, – дейди Светлана Ортиқова.
Сал пастроқ тушинг, Светлана хоним! Ҳуқуқ-тартибот тизимида Каримов даврида ҳам “Конституция доирасида, Президент талаби доирасида итоат қилиб” ишлаган кўпгина Сиз каби мулозимларнинг фаолияти ҳали жамоатчиликнинг ёдидан чиққани йўқ. “Конституция доирасида” ўтган чорак асрда минглаб бегуноҳ одамлар маҳв этилди. Ўша пайтдаги Президент талаби доирасида ҳатто депутатлик мақомига ҳам қарамай Мавлон Умурзоқов, Самандар Қўқоновлар қамалди.
Ўтган аср бошидаги машҳур бир шеърнинг икки қатори ёдимда қолган:
“Ленин деганимиз партия демак,
Партия деганимиз Лениндир демак!”
27 йиллик “Мустақиллик” даврида кўп амалдорлар бу шеърни қуйидагича ўзгартирдилар.
“Ватан деганимиз Каримовдир демак, Каримов деганимиз Ватандир демак!…”
Президентларга итоат қилиб ишлашингизни писанда қилаётган бўлсангиз, Светлана хоним, менимча Шавкат Мирзиёев сизнинг бундай илтифотингизга муҳтож эмас!
Сизнинг интервьюнгиздан сўнг нега лоақал Конституция арафасида авф этилган маҳкумлар орасида 21 ёшида 11 йилга қамалган “Сиёсий фанлар бакалаври” Жамшид Васиев жазо муддатини 2010 йилда тугатган бўлса-да, ҳануз авф этилмаётганининг сабабини тушундим.
Бизни кечир, Жамшиджон!
Сен бечорагинамга қарши қандай “виждонли” кучлар турибдики, уларнинг узун қўли марҳаматли Мирзиёев имзолайдиган авф актига ҳам исмингни киритмасликка қодир!
Эҳтимол, янгиланаётган Парламентда эски “ошкоралик комиссияси”ни тиклаб, ногаҳон виждон ҳақида гапира бошлаган, усиз ҳам иши бошидан ошиб-тошиб ётган Светлана хонимни бу “ташвиш”лардан озод қилиш вақти келгандир.
Светлана Ортиқова “Ватан хоини” иборасини ишлатганда беихтиёр одамнинг энсаси қотади.
“Каримов деганимиз Ватандир демак, Ватан деганимиз Каримов демак”, “байт”ига амал қилиб, Каримовнинг душманларини Ватан душманлари, “Ватан хоинлари” деб дунёга жар солганлар ким эди кеча?
Оқибатда мустақилликка энг кўп хизмат қилиб, жабрини энг кўп тортган миллат ойдинлари “Ватан хоинлари” тамғаси билан хорижларда юрибдилар.
Ёпқич сўз:
Жамшид Васиевнинг аянчли тақдири ҳақида комиссия (мабодо) тузилса, мен ундан аввало қуйидаги фактларни текшириб кўришни сўраган бўлардим:
1) Нега Авф этиш комиссияси Жамшид Васиевнинг ҳужжатларини шу йиллар давомида янги Президентимизга тақдим қилмаган? (Агар тақдим қилганида олижаноб Ш.Мирзиёев уни авф этмаслиги мумкин эмас эди.)
2) 2018 йилда жазо муассасасининг Ж. Васиевнинг онаси Озода опага “агар шикоятбозликни тўхтатмасанг, ўғлингнинг бошига тасодифан ғишт тушиб кетиши мумкин” деб таҳдид қилган мулозимига чора кўриладими?
3) Авф этиш комиссиясининг фаолияти нега “жамоатчилик назорати”дан четда қолмоқда… Бундан коррупциянинг ҳиди келмайдими?
… Олий Суднинг навбатдаги масхарабозлик томошасидан чиқар эканман, юрагининг қони кўзларига сизиб чиққан Озода опадан кўзларимни олиб қочаман. “Судьяни билмадиму, мен уч-тўрт кун энди ухлолмайман. ” – дейди адвокат. Шундай ҳимояси остидаги жабрдийдалар тақдир учун курашадиган, уларнинг аячли тақдирини ўйлаб ухламайдиган ва биз журналистларни ҳам жиддий муаммолардан огоҳ қиладиган шундай адвокатларимиз қанийди кўп бўлса. (Афсуски уларнинг кўпчилиги судья-прокурор ҳамда мижоз ўртасида тирикчилик қиладиган даллоллардан фарқ қилмайдиган тирикчилик бандаларига айланиб қолган.
… Онаизор унсиз йиғларди.
Мен негадир унга қўшилиб жамиятимиз, янгиланаётган бутун Ўзбекистон йиғлашини истардим…
Бахтиёр КАРИМ.
2019 йил декабрь. Тошкент
«Адабиёт» газетасидан