"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Зебо Мирзо шеърияти: Оқиб бораяпман умрингга, Қўлларимдан ушла, севгилим…

Адабиёт, Маданият ва Санъат, Хотин-қизлар олами | 05/05/2020 02:00-     12808 марта ўқилди

Зебо Мирзо (1964)

 Ziyouz.uz

Зебо Мирзаева 1964 йил 15 декабрда Қашқадарё вилояти, Китоб туманининг Бештерак қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1987). «Тун маликаси» (1990), «Ажр» (1997), «Нур кукунлари» (2004) каби шеърий тўпламлари нашр этилган.

* * *

Саҳролар бағрида адашган,
Илиқ ёмғирлардай ёғсайдинг.
Намиққан тупроқлар кўксида
Маҳфуз гиёҳлардек уйғонсам…
Исминг хуш бўйлари тўкилса,
Руҳинг титроғида оқсайдим,
Оловли уммонни сипқорган
Тунги осмон каби тўлғонсам…
…Соянг тушиб ўтса нигоҳларимга!..
Қўлинг топиб борса қалбимни.
Овозинг сачраган ҳавога
шивирлаб боссайдим лабимни!
…овозинг ўпсайдим, овозинг…
Сукунат бўғрикқан тунлардан
суғуриб олсайди овозинг!
Дилимни ечсайдим беҳадик,
Кўрсайдинг қўлларим парвозин!
Нафасинг ўтидан яралсам,
тушларимдан тушиб келсайдим.
Бир лаҳза ўзимни унутсам,
бир лаҳза ўзимни билсайдим…
Берсайдинг руҳимга тириклик
кўзларинг бир тола нурини,
еллар оғушида чайқалган
беҳуш майсаларнинг умрини…
…йиқилсам, бағрингга йиқилсам,
Юрагингга етарми йўлим?
Оқиб бораяпман умрингта,
Қўлларимдан ушла, севгилим…

* * *

Азизим,
Не учун майса эмасмиз,
Еллар ўпганида суйкалиб ўтган?
Не учун, не учун дарахт бўлмадик,
Илдизи,
Шохлари чирмашиб кетган?
Ариқлар бўйида гиёхдек ўссак,
Сувларда тушимиз эшилармиди?
Адирлар ортида шамол бўлсайдик,
Кўкларда руҳимиз қўшилармиди?
Нечун мавжудмизу, нечун йўкдаймиз?
Бармоқлар учида нозик бир титроқ?
Нафаслар қўшилиб турганда, нечун
Оловлар ичида жим кутиб турмоқ?
Нечун пичоқларга тиралар кўзим?
Кўкка суянгандай суянолмайман?
Нечун қўлингизда лоладек ухлаб,
Кўксингизда тонгдек уйғонолмайман?
Не учун ҳаётим бу қадар саҳро?
Нечун юрагимда бу қадар зорлик?
Қаршимда шовуллаб оқар бир дарё,
Бир томчи сув сўраб ўтинолмайман…
Азизим,
Не учун инсон яралдик,
Кўнглимиз сиғмаса еру самога?
Оҳ, энди шу қадар муҳаббат билан
Биз қандай яшаймиз бу тор дунёда?..
Биз нечун яралдик ёлғон дунёда?
Азизим, не учун майса эмасмиз?..

* * *

Йўқ,
Энди кўнглингдан чиқаролмайсан,
Умрингда қуёшдай порлайвераман.
Минг йиллар қаърига кетганингда ҳам,
Мен сени самодай чорлайвераман.

Исмингни тонгларга ёзаман маҳтал,
Ғунчалар баргида ухлайвераман.
Йўқ, бахтинг менингсиз бўлолмас тугал,
Мен сени ҳар лаҳза йўқлайвераман.

Оташман,
Денгизман,
Самоман,
Нурман,
Жисму жаҳонингни ўрайвераман,
Айт, қандай топасан, қочмоққа имкон —
Мен сени Худодан сўрайвераман.

Мен — сўнгти томчиман,
Ягона нажот.
Фақат сен ичгин деб қистайвераман.
Қўлларимда қолди
Энг сўнгги ҳаёт,
Ўлсам ҳам ишқингни истайвераман!

* * *

Сизни тушларимда кўрсам, сиғинсам,
Оғир ботмасмикан? Озор етмасми?
Тунлар ўзим билмай сизни соғинсам,
Бу гуноҳдан ерлар ютмасми?
Ёнингизга хаёлан борсам,
Қувмайсизми,
ҳайдамайсизми?
Ҳисларимни сизга ишонсам,
кулмайсизми,
алдамайсизми?
Ишқ — бор, деб тунларга эртаклар айтсам,
Лаънатламайсизми,
йиғлатмайсизми?..
Нега индамайсиз,
Нимага жимсиз?
Ишона оласизми?
Сўрагум…
Ахир, қон ютиб зор қарғамоққамас,
Севмоққа яралган юрагим!..
Ахир, никоҳландим нигоҳингизга,
Билмайсиз, бу сирни кимдан ўргандим.
Азизим,
Ишқ — менинг тушимда олган
Битта бўсангиздан
кўрган фарзандим!..

* * *

Умримни ўткинчи сабога бердим,
Энг сўнгги чақамни гадога бердим,
Бу телба руҳимни Худога бердим…

Сабо олиб борди, гадога берди,
Гадо йиғлаб борди, Худога берди.
Худо мени сенга хатога берди,

Сен мени кимларга бердинг, Азизим?

* * *

Бошимдан муҳаббат нурларини соч,
Қонимда сезайин аланга кучин.
Оллоҳ бизни берган ёруғ дунёга
Севилмоқлик учун,
Севмоқлик учун…

Бармоғим учида — Осмон эшигин
Очиб, кўрсатаман муқаддас Кўкни!
Агар ишонмаса,
ҳамма ўқисин:
«Бизнинг ёрлигимиз Худонинг ҳукми!»

Мен — балки Ҳавоман,
Сен — Одам Ато,
Жаннат боғларидан тушганим ҳақдир.
Бизнинг дийдоримиз — энг буюк ато,
Бизнинг дийдоримиз — илоҳий тақдир…

Сир ошкор этганни севмайди Худо,
Сен дилга қулоқ тут,
ўйланмоқ нечун?
Ахир иккимизга зор эди дунё
Севги нималигин билмоқлик учун!..

* * *

Нигоҳингни ўпиб, уйғонар олам,
Исмингдан гуркираб яшайди дунё.
Сен менинг самога чўзган қўлимсан,
Умидим тонгида порлаган зиё…
Сенинг кўнглинг — осмон,
Сенинг руҳинг — Нур.
Орзум — юлдузларинг қўярсан ёқиб,
Мен эса юксалиб бораман мағрур,
Осмонлардай ўтган умрингга боқиб…

https://ziyouz.uz/

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ҳалима Аҳмедова билан Нигора Умарова суҳбати…
  2. Ҳалима Худойбердиева: Ой деб ўйлаганим ёй бўлиб чиқиб, У отган ўқлардан кўксим ярадор…
  3. Сиз севган шоиралар — Ҳалима Худойбердиева: Ҳар кимни ўзимга пир қилмасман мен…
  4. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (21-23)
  5. Янги номлар: Танишинг — жиззахлик истеъдодли ижодкор Гулноз Мамарасулова!
  6. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдоши Марям ая хотираларидан (30-31)
  7. Танишинг: Қўқонлик истеъдодли шоира Гулбаҳор Саидғаниева!
  8. Улуғ ёзувчи Одил Ёқубов умр йўлдошининг хотиралари (32-33)
  9. «Дунё ўзбеклари» тақдим этади — Ҳалима Аҳмад: Қўшни аёл каби чақирар мени Боғдаги райҳонлар хушбўй нафасда…
  10. БИТТАДИР ДУНЁДА ОНА ДЕГАН НОМ («Онажон» шеърий тўплами ҳақида)
  11. Ҳамроқул Асқардан Ҳалима Худойбердиевага байрам табриги
  12. Ҳамроқул Асқардан Саломат Вафога байрам табриги
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.