Амир Худойберди: Соғ-омон ўтайлик синовларингдан…
Амир ХУДОЙБЕРДИ
ТАВАЛЛО
Тангрим, сабр бергин, куч бер, тоқат бер,
Қувват бер, идрок бер, гўзал тоат бер,
Иймон фароғатин бер, саодат бер,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
Бас энди тарқоқлик, парокандалик,
Ким Шошлик, ким Кеш, ким Мароқандалик,
Бизга олий мақом сенга бандалик,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
Аҳиллик, иноқлик, тотувлик аҳди
Аслида мўминнинг иқболи, бахти.
Шиғил ҳосил берсин дўстлик дарахти,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
Бирлашсак писандмас не тўсиқ, не ғов,
Олий мақсадларга тикажакмиз дов.
Фитна оловини ёқолмайди ёв,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
Бугун хуруж қилар кўринмас офат,
Тошқин, бўронлардан кўрдик талофат,
Бемаҳал ёққан қор, сел бир фалокат,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
Жипслашса, қувватдир одам одамга,
Тарқоқлик сабабдир ғамга, мотамга.
Сен ўзинг подшосан икки оламга,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
Тангрим, саҳар туриб қилдим ибодат,
Сендан ҳар не ҳукм, биздан итоат,
Шояд дуоларим бўлгай ижобат,
Соғ-омон ўтайлик синовларингдан.
2.05.2020
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ