"Дунё ўзбеклари" сайтини энди телефонда, планшетда ва комьютерда ихчам мобиль версияда кўришингиз мумкин: [fdx-switch-link]
  • Асосий
  • Ассалому алайкум!
  • Муаллиф ҳақида
  • МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ

Соҳибжон Алижонов: “Гаҳ!” деганда вертолётни қўндирган одам — ЎзА

Муҳаррир танлови, Муҳокама учун мавзу, Ўзбекистон | 28/04/2020 23:15-     13920 марта ўқилди

“Гаҳ!” деганда вертолётни қўндирган одам…

 “Гаҳ!” деганда вертолётни қўндирган одам...

 
Осмонда учиб кетаётган вертолётни бир ишораси билан “оёғининг тагига” қўндириб қўйган одамни кўрганмисиз? Мен кўрганман. Лоф дейишга бироз шошилманг. Балки уни ўзингиз ҳам танирсиз, суҳбатида ҳам бўлгандирсиз. У ўзимизнинг Тоҳир ака. Ҳа, ўша – фарғоналик таниқли фотожурналист, “Халқ сўзи” газетаси чиқишни бошлагандан то 2011 йилгача, кейинчалик “Правда востока”нинг бир неча вилоятларда махсус мухбири бўлиб ишлаган, “Тоҳир Бағдод” нодавлат телестудиясининг асосчиси ва раҳбари, хайрли ишлари, кутилмаган ташаббуслари, турфа ҳангомалари билан маълуму машҳур Тоҳиржон Ҳамроқулов.
Унинг ғаройиб ишлари кўп. Ёзсангиз, китоб бўлади. Вертолёт ҳангомаси ҳам улардан бири. Гапни бир чеккадан бошласак.
Ўз даврида Тоҳир аканинг Ўзбекистон, ўзбекистонликлар ҳақидаги фото лавҳалари собиқ иттифоқнинг бош газетаси “Правда” саҳифаларида ҳам тез-тез босилиб турган. Шу аснода Тоҳир ака москвалик ҳамкасблари билан анча қадрдонлашиб кетади.
Кунларнинг бирида улардан бир нечтаси айни ёз чилласида Фарғонага келишади. Табиийки, Тоҳир ака уларни кутиб олиб, шаҳару қишлоқларимизни сайр қилдиради, чиройли жойларни кўрсатади. Зиёфатлар ҳам мўл, меҳмонлар хурсанд. Лекин уларни Ўзбекистонга янаям маҳлиё қилиш, ҳайратга солиш учун мезбоннинг бошқа режалари ҳам бор эди.
Сайру саёҳатларнинг бирида қизиқ иш бўлади. Тоҳир ака жигулисида меҳмонларга Марказий Фарғона далаларини кўрсатиб юрганида, бирданига машинанинг “бензини тугаб”, тўхтайди. Тасаввур қилинг, қоқ туш пайти, кун қизиган… катта йўлдан узоқда. Бундай жойда бензин топиб бўладими? Меҳмонларнинг бироз кайфияти бузилиб, “Что, нельзя было заранее посмотреть в бензобак?”, деб яхшигина хафаям бўлишади. Биргина Тоҳир аканинг шашти баланд, парво қилманглар, ҳозир бир иложини қиламиз, деб турибди. Шу пайт осмонда “пат-патлаб” вертолёт ўтиб қолади (у вақтларда экинларга дори сепадиган вертолётлар кўп бўларди). Тоҳир ака учувчига, “Э-э-э-й, Петя ака!”, деб қўл силкийди. Вертолёт аста пастлаб, беш қадам нарига қўнади ва учувчи кабинадан бошини чиқариб, “Что случилось, Тохир ака?”, деб сўрайди. Ака, “Вот, бензин кончился” деса, “Давайте, сюда ведро”, дейди. 
Ана энди манзарани кўринг! Тоҳир ака вертолётдан бензин (авиакеросин) олиб, машинасига қуйяпти. Московдан келган меҳмонларнинг оғзи ланг очиқ, юз-кўзларида “Бу қандай одамки, осмонда учиб кетаётган вертолётни ерга қўндириб, бензин олса”, деган фикр қотиб қолган.
Катта шаҳарда кабинетдан бошқани кўрмаган бу казо-казо меҳмонлар ўзбекнинг қувлигию шумлигини, хоссатан, Тоҳир ака бир кун олдин учувчининг кўнглини топиб, эртага қай вақти, қаердан учиб ўтиш, нима қилиш кераклигини келишиб қўйганини қаердан билсин?!
Муҳими – ўқ нишонга тегди. Меҳмонлар Тоҳир акага, унинг тимсолида ўзбекнинг уддабуронлигига, ҳар қандай оғир вазиятдан кутилмаган йўл билан чиқиб кета олишига қойил қолишди, тан беришди.
Ана шунақа, бизнинг Тоҳир ака! Фурсат бўлди дегунча, юртининг обрўини бир кўтариб қўйишнинг пайидан бўлади.
Яна денг, нуқул биров ўйламаган, кутмаган ишларни бошлаб юради. 90-йиллар бошида вилоятда биринчи бўлиб “Ижодкорлар уйи”ни ташкил қилиб, атроф туманлардаги катта-кичик ижодкорларнинг бошини бирлаштирди. Ишлар гуруллаб кетди. Бу ерда ўтказилган шеърхонликлар, куй-қўшиқ кечалари, маърифий анжуманларнинг довруғи қисқа вақтда бутун Ўзбекистонга таралди. Бу масканга не-не машҳур адибу шоирлар, таниқли ишбилармонлар, донгдор раҳбарларнинг қадами етмади, дейсиз. Устоз Эркин Воҳидовдан Муҳаммад Юсуфгача, Ўш губернаторидан то Кемерово мэригача. Улар иштирок этган китобхонлик байрамлари, танловлар, маърифий учрашувлардан илҳом, куч олган қанчадан қанча ёшлар ўз йўлини топиб кетди.
Орадан кўп ўтмай, ҳеч кимнинг хаёлига келмаган яна бир иш – Бағдодда телестудия ташкил қилишга бел боғлаганида биров кулди, яна биров “Тоҳир аканинг фантазияси яна жўшибди-да”, деб истеҳзо қилди. Тоҳир ака бу гапларга парво қилмади, унга, ғояларига ишонган дўстлари, ёшларни атрофига тўплаб, енг шимариб ишга киришди. Ярим йилга бориб-бормай яп-янги бино битди, ҳамма ускуналар жо-бажо бўлиб, “Бағдоддан кўрсатамиз…”, деб бошланадиган кўрсатувлар эфирга чиқа бошлагач, кулганлару истеҳзо қилганлар тилини тишлаб қолди. 
Тоҳир ака шу билан тинчирмиди? Қаёқда. 1999 йилда Олий Мажлис депутатлигига номзодини қўйди. Бағдодликлар уни яхши билгани, муҳими, яхши кўргани учун ишонч билдирди, сайлади. Тоҳир ака ҳам, одамлар уни танлаб хато қилишмаганини, кўп ўтмай исботлади. Бу воқеа ҳам каттагина шов-шув бўлди.
Шу ўринда, ҳозирги депутатлар анча эркин эканини айтиб ўтиш керак. У пайтларда эса Тоҳир ака Олий Мажлис минбаридан айтган гапни унча-мунча депутат юрак ютиб айтиши амри маҳол эди. 
Ўшанда Олий Мажлис йиғинларидан бирида қатнашаётган давлат раҳбари депутатларга юзланиб, “Кимда қандай фикр бор?”, деб сўради. Одатдагидек, ҳамма жим. Бир… икки… дақиқа ўтяпти, сукунат… Шунда Тоҳир ака ўрнидан шарт туриб, минбарга чиқади ва ўша йилларнинг катта муаммоси – кўп жойларда, хусусан, Фарғона вилоятида бюджет ташкилотлари, айниқса, ўқитувчилар, тиббиёт ходимларининг маошлари ойлаб берилмаётганини дадиллик билан кўтаради. 
Ана энди, залда ўтирган вазиру вузаролар, вилоят катталарининг аҳволини тасаввур қилаверинг. Танаффус бўлиши билан уларнинг ҳаммаси бир бўлиб, “бебош” депутатга ташланишади. “Нима ҳаққинг бор… мақсад нима?” ва ҳоказо гаплар. Тоҳир ака жим турадиган одамми?! Шу ернинг ўзида уларнинг гапига яраша жавоб қайтаради. Вазият анча таранг тус олади. Ҳар тугул, ўша ерда бўлганлар ўртага тушиб, иккала томонниям тинчитган бўлишади. Лекин муҳими шундаки, эртасигаёқ фарғоналик муаллимлар, шифокорларнинг бир неча ойдан буён берилмай ётган маоши тўлаб берилади.
Булар анча аввалги гаплар. Бироқ Тоҳир ака бугун ҳам эл хизматидан бир дақиқа тингани йўқ. Ҳозир “Тоҳир-Бағдод ТВ” дастурлари рақамли форматга ўтиб, водийнинг каттагина ҳудудини қамраб олган. Айрим хусусий телеканаллардан фарқли равишда бу ерда асосан маънавий-маърифий, мазмуни ва мағзи тўқ кўрсатувлар намойишига эътибор қаратилади. Телевидение қошидаги “Ҳазиний издошлари” адабиёт тўгараги ижодга иштиёқманд ёшлар билан эртаю кеч гавжум. Хуллас, иш етарли-ортарли. Яна кунда-кунора бу ёғи Андижону Наманган, у ёғи Хоразму Сурхондан меҳмонларнинг қадами узилмайди. Тоҳир ака уларни изззат-икром билан кутиб олишдан, кўп йиллик тажрибалари билан ўртоқлашишдан чарчамайди, зерикмайди. 
Йўлингиз тушса, сиз ҳам Фарғонанинг Бағдод тумани марказидаги “Ижодкорлар уйи”га бир кириб ўтинг. Тоҳир аканинг йиллар давомида машаққатларга тик бориб қилган яхши ишлари элга наф келтираётганини ўз кўзингиз билан кўрасиз, ишонч ҳосил қиласиз. Дарвоқе, кафолат бераманки, яна икки нарсадан баҳраманд бўласиз. Бири: Тоҳир аканинг шахсий рецепти бўйича (қора товуқнинг тухумидан) пишириладиган ўша машҳур тухум кабобдан татиб кўрасиз, иккинчиси: қайтаётганингизда устоз сизни, албатта, “Худо ёр бўлсин!”, дея кузатиб қўяди. Менимча, иккинчиси биринчисидан кўра тотлироқ ва қадрли. Чунки, шу хайрли тилакда устознинг ҳаётга, элу юртга, дўсту қадрдонларга меҳру муҳаббати, ҳамма-ҳаммаси мужассам. 
Бугун Тоҳир аканинг туғилган куни. Биз нима ҳам дердик: устоз ўзи айтгани каби, сизга ҳам Худо ёр бўлсин!
Соҳибжон АЛИЖОНОВ,
ЎзА

Ўхшаш мақолалар:

  1. Ўзбекистон: Марказий Осиë қўриқ ерларини ўзлаштирган Нажим Ҳамроев 80 ёшда!
  2. О хлопке, языковом вопросе в Узбекистане и преемнике И.Каримова
  3. Гулнора Каримова ўзига қарши танқидларга илк бор Ғарб матбуотида жавоб қайтарди
  4. Рустам Азимов нега Гулнора Каримова танқиди нишонига айланди?
  5. Гулнора Каримова Президент маслаҳатчиси Хайриддин Султоновни танқид қилди
  6. Бир гуруҳ арздорлар Президент қароргоҳига тўсиқсиз етиб борганлар
  7. Янгийўл ҳокимиятида дўппосланган фермер оламдан ўтган
  8. Давлат бюджети ҳақида ўйлар — Карим Баҳриев мулоҳазаси — ЎзА
  9. Озодбек Назарбеков «қарсакни сўраб олишидан» нолиди
  10. Бугун таниқли ўзбек журналисти Фахриддин Худойқулов туғилган кун!
  11. И.Хушевга Камбоджадан: Президент хамма нарсани узгартираяпти, лекин…
  12. Исмат Хушев: “Юзма юз” (1) Россия фойдасига жосуслик қилган генерал 17.04.2020
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ

Leave a Comment

Фақат 500 белгигача рухсат этилади. Мақола ёки хабарларни МАҚОЛА ВА ФОТОСУРАТЛАР ЖЎНАТИШ ёки Биз билан алоқа шакли орқали жўнатинг.

Нажмите, чтобы отменить ответ.