Ўзбекистонда 22 апрель соат 23:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 24 нафарга ошиб, 1716 нафарни ташкил этмоқда, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Аввалроқ 22 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, тасдиқланган касалланиш ҳолатлари сони 1692 тага етгани маълум қилинган эди.

Шундай қилиб, 22 апрель куни Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 38 та янги ҳолат тасдиқланди. Таққослаш учун, 13 апрель куни 133 та, 14 апрель куни 167 та, 15 апрель куни 137 та, 16 апрель куни 47 та, 17 апрель куни 56 та, 18 апрель куни 85 та, 19 апрель куни 75 та, 20 апрель куни 62 та, 21 апрель куни эса 51 янги ҳолат тасдиқланганди.

Ўзбекистонда 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг етти нафари вафот этди, 450 нафари эса соғайиб, реабилитацияга олинган. Хорижда камида 73 ўзбекистонликда коронавирус аниқланган (энг кўпи — 42 нафари — Россияда), уларнинг тўрт нафари вафот этгани маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда карантин тартиби 10 майга қадар узайтирилган. Республика махсус комиссияси карантин даври учун янги тартибларни эълон қилди.