“Миллий тикланиш” ДП айтаверадиям, қайтаверадиям…ми?! — ЎзА
“Миллий тикланиш” ДП айтаверадиям, қайтаверадиям…ми?!
OʻzLiDeP ва “Миллий тикланиш” ДП мутасаддиларининг пандемиядан кейинги инқироз шароитига озиқ-овқат захираларини яратиш мақсадида томорқалардан унумли фойдаланиш, имконият бўла туриб ернинг умрини бекор ўтказаётган фуқароларни эса жаримага тортиш хусусидаги тортишуви маддалаб бормоқда. Айниқса, кейинги чиқишлардан бирида нафақат журналистика этикаси, айни пайтда умум эътироф этилган одоб-ахлоқ қоидалари ҳам қўпол равишда бузилди. Атайин шахсиятга тегиш мақсадида қалтис сўз ўйини қўлланилгани эса қонун нормаларига ҳам тўғри келмайди.
Гапнинг индаллоси, “Миллий тикланиш” демократик партиясининг жамоатчилик билан алоқалар ва оммавий ахборот воситалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Дониёр Тошбоевнинг “Ноқобил сиёсатчиларгина ҳақиқатни яширмоқчи бўладилар” сарлавҳали мақоласи холис баҳсдан кўра ўз ҳамкасбини ёмонотлиқ қилиш муддаосида битилгани кундек равшан. Доим шундай бўлади ўзи: баҳсда қайси томоннинг қўлида ишонарли далиллар тугаса, ноҳақлигини ва енгилаётганини ҳис қила бошласа, рақибини дарҳол ҳақоратлашга ўтилади, шаллақилик йўли билан ғолибдек кўрингиси келади.
Мунозара мавзуси томорқадан оқилона ва унумли фойдаланмаганлик, бу борадаги масъулиятсизлик ва лоқайдликка нисбатан маъмурий чоралар кўриш хусусида бораётганда кимнинг қандай унвонга эгалиги билан боғлиқ маълумотларни зўрлаб киритиш, энг қизиғи, Президент фармони билан берилган ушбу рутбага нолойиқликка шаъма қилишнинг ўзи маъмурий жавобгарликка сабаб бўлишини жаноб Тошбоев наҳот англаб етмаган бўлса?! Маслаҳатимиз шуки, бошга тушмасидан бурун Жиноят кодексининг “Ҳақорат қилиш” деб номланган 140-моддасига бир қараб қўйиш зарар қилмайди.
Пандемия сабаб барча бирлашаётган вақтда (раисингиз қалбан биргамиз деб турган пайтда) Алишер Навоийнинг дўстликка, аҳилликка чорловчи ҳикматига жавобан Уинстон Черчилль ва яна бир ғарб сиёсатдонининг ёлғон мадҳ этилган гапларини келтиришингиз, юмшоқ қилиб айтганда, ажабланарли. “Ҳақиқат тугмаларини қадагунча, ёлғон дунёнинг ярмини айланиб чиқади”, “Ёлғон сиз ўйлаганчалик ёмон нарса эмас. Тўғри, баъзи-баъзида зиён етказишини ҳисобга олмаганда у керак ва сиёсатда ҳатто фойдали ҳамдир” деган иқтибосларни ўқиб, “Миллий тикланиш” демократик партияси ўз фаолиятининг асосий принципларини ошкор қилмоқдами, деган хаёл келаркан дабдурустдан.
Сайлов кампанияси чоғи ва ундан кейин ҳам шошма-шошарлик билан “дунёнинг ярмини айланиб чиқиш”га, “сиёсатда ҳатто фойдали” воситалардан унумли фойдаланишга бир неча муваффақиятсиз уринишлар, наҳотки, ёлғоннинг миси чиқиши ҳақидаги халқ мақолларини ёдга солмаса?! (Номи “Миллий…” мақоми билан бошланадиган партиянинг маънавий таянч нуқталари ҳақида иштибоҳга бориш ножоиз, албатта.) Иқтисодий иттифоққа қўшилиш-қўшилмаслик, Бош вазир номзодини кўрсатиш ва бошқа “айтавераман ҳам, қайтавераман ҳам” услубидаги ажаб воқеалар ҳали халқнинг хотирасидан кўтарилганича йўқ. Томорқа борасида ҳам ўша эски тарих жамоатчиликнинг кўз ўнгида яна такрорланди! “Миллий тикланиш” демократик партияси охиригача мард туриб, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекси 65-моддасига қўшимча киритмасликка эришганида ҳам майли эди. Ҳар қанча кўкракка уриб керилса ярашарди. Сизлар эса, аксинча, асли аввалдан маълум бўлган қоидаларни такрорлаб томоқ йиртмоқдасизлар.
Ҳеч замонда қонунчиликка томорқачиман деганни таппа-таппа жаримага тортиш керак, деган норма киритилиши мумкинми? Йўқ, албатта. Шундай экан, “дунёнинг ярмини айланиб чиқиш”га ошиқиб, “сиёсатда ҳатто фойдали” воситалардан фойдаланиш орқали оммани чалғитиш кимга ва нима учун керак бўлиб қолди? “Миллий тикланиш” демократик партияси қош қўяман деб доимгидек кўз чиқарганини яқин орада англармикан ё ҳеч кимга нафи йўқ бу баҳсни давом эттираверармикан? Йиқилган курашга тўймас, деб шуни айтсалар керак-да.
OʻzLiDeP мамлакатдаги етакчи партия сифатида “Миллий тикланиш” ДПнинг халқ кўз ўнгида гўёки мухолифатдек таассурот қолдиришга тиришишларини, жамоатчилик орасида обрўсини тиклашга, балки кўтаришга уринишларини тўғри тушунади. Лекин фойдасиз тортишувларни деб асосий фаолиятдан чалғишни истамайди.
Акбар МУЗАФФАРОВ,
OʻzLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси бўлим мудири
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ