Шоир Соқийнинг Карантинга риоя қилмаётғон айрим қишлоқдошларига даъватлари
Тўлдирилган варианти Боқий Банокантийдан
ШОИР СОҚИЙНИНГ КАРАНТИНҒА РИОЯ ҚИЛМАЁТҒОН АЙРИМ ҚИШЛОҚДОШЛАРИГА ДАЪВАТЛАРИ БУ ТУРУР
(Мухаммаси соний)
— Оқ патирни мойга ботир!
— Мой жўғу!
— Мой жўқ эса сувга ботир,.
Дунё ваҳм қилиб жотир,
Катталарам айтуввотир,
Ликкилламай, уйда ўтир!
Майлига, ким бўлсанг ҳамки,
Ё амаким бўлсанг ҳамки,
Ҳатто, ҳоким бўлсанг ҳамки,
Бешох, бедум бўлсанг ҳамки,
Жиккилламай, уйда ўтир!
Қоронғу тун-кечаларда,
Тайини йўқ нечаларда,
Санғимагин кўчаларда,
Хилват-хилват гўшаларда
Лаққилламай, уйда ўтир!
Тўй-тўй юриб, қилиб базм,
Ҳар хил ҳашам, ҳар хил расм,
Солмай бир оламга разм.
Бўлдингки бирам бадҳазм,
Пўккилламай уйда ўтир.
Қара испон ва итолён
Олмон, фаранг, ҳатто япон
Чорасиздир, қанча қурбон,
Нажот йўлин очсин Осмон,
Мўлқилламай уйда ўтир!
Илм ожиз, фан ҳам ожиз,
Тибни сув қилган ҳам ожиз,
Мол-давлат йиққан ҳам ожиз,
Юқтирсанг руҳ, тан ҳам ожиз.
Шўлқилламай уйда ўтир.
Бу не ҳолким, қиёматму,
Бирникидан тумонатму?
Худойимдан ишоратму?
Канда қилмай ибодатни,
Пиққилламай уйда ўтир!
Нодон кас, эй ақли қосир,
Бало ваҳшат солиб босур.
Калхат каби қанот ёзур,
Барака топ, кетни босиб,
Қимилламай уйда ўтир.
Қара пасту баландингга,
Оиланг асал, қандингга,
Юқтирмагин фарзандингга,
Амал қилиб карантинга,
Селкилламай уйда ўтир.
Сиқилма кўп, сабр яхши,
Қадрин топган қадр яхши.
Ким айтади қабр яхши?
Тирик жон танда бир яхши,
Сўлқилламай уйда ўтир.
Барчамизга қийин бу кун!
Синов, эмас ўйин бу кун!
Мансабинг бир тийин бу кун!
Ошна, эгиб бўйин бу кун,
Тиққилламай уйда ўтир.
Сўзсиз бажар фармонларни,
Топажаксан дармонларни.
Қилмай десанг армонларни,
Суясанг-да осмонларни,
Диккилламай, уйда ўтир!
Ўқи достон, ўқи қисса,
Мағзин чақиб чиқар ҳисса.
Ёмон бўлар дард бир қисса,
Чекмай десанг алам-ғусса,
Лўккилламай, уйда ўтир!
Агар, бемор бўлмай десанг,
Бевақт қуриб, сўлмай десанг,
Беш кун аввал ўлмай десанг,
Паймонаси тўлмай десанг,
Жиққилламай, уйда ўтир!
Бугун вирус қутурибдир,
Остонангда у турибдир.
Соқий ҳам жим ўтирибдир,
Боқий ҳам айтиб журибдир,
Қаққилламай, уйда ўтир!
«Дунё ўзбеклари» редакция почтасидан
МАҚОЛАНИ ДЎСТЛАР БИЛАН БАҲАМЛАШИНГ